بسم الله الرحمن الرحيم
اَلْحَمْدُ للهِ وَكَفَى، وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى رَسُولِهِ الْمُصْطَفَى، وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ أجْمَعِينَ، أَمَّا بَعْدُ.
ИСЛОМДА ВАТАНПАРВАРЛИК ТУШУНЧАСИ
Муҳтарам жамоат! Исломда Ватанга муҳаббат бу – туғилиб ўсган юртини эъзозлаш, унинг равнақи учун бор имкониятини сарф қилишдир! Мусулмон киши Ватанини севади! Унинг иқболи учун ҳаракат қилади, уни ҳимоя қилади, хурсанд бўлса – хурсанд, хафалик етса – қайғуради.
Шунинг учун ҳам киши ўз юртидан узоқлашганда, уни қумсайди ва соғинади. Ислом тарихидан маълумки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ватанлари Маккаи мукаррамани яхши кўрар эдилар. У Зот ёлғиз Аллоҳга имон келтиришга даъват қила бошлаганларидан сўнг Макка мушрикларининг зулмлари ҳаддан ошиб, Расулуллоҳнинг жонларига қасд қилиш даражасига борганларидан сўнгина Аллоҳнинг буйруғига биноан, Маккадан чиқиб кетишга мажбур бўлдилар. Чиқиш вақти келганида, кўзларига ёш олдилар, кўнгиллари бўшаб, Маккага қараб шундай дедилар:
﴿مَا أَطْيَبَكِ مِنْ بَلَدٍ، وَأَحَبَّكِ إِلَيَّ! وَلَوْلاَ أَنَّ قَوْمِي أَخْرَجُونِيْ مِنْكِ مَا سَكَنْتُ غَيْرَكِ﴾
(رواه الإمامُ الترمذي عَنْ عَبْدِ اللهِ بن عباسٍ رضي الله عنهما).
яъни: “(Эй Макка), сендан кўра менга севимлироқ ва суюклироқ шаҳар йўқ! Агар қавмим мени сендан чиқармаганида, асло сендан бошқа жойни макон тутмасдим” (Имом Термизий ривоятлари).
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан узоқлашганлари сари унга бўлган иштиёқлари зиёдалашиб борарди. Шунда Аллоҳ таоло Расулуллоҳнинг кўнгилларини кўтариб, Маккага қайтиб келишларини башоратини бериб, Қуръони каримдаги қуйидаги ояти каримани нозил қилди:
إِنَّ الَّذِي فَرَضَ عَلَيْكَ الْقُرْآَنَ لَرَادُّكَ إِلَى مَعَادٍ ...
яъни: “(Эй, Муҳаммад!) Албатта, Сизга (ушбу) Қуръонни фарз қилган зот, шак-шубҳасиз, Сизни қайтиш жойига (Маккага) қайтарувчидир...” (Қасос сураси 85-оят).
Шундан кейин Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам хотиржам сафарларини давом эттирдилар.
Инсоннинг ўз Ватани олдида бир неча вазифалари бўлиб, уларнинг энг муҳимлари учтадир:
وَإِذْ قَالَ إِبْرَاهِيمُ رَبِّ اجْعَلْ هَذَا بَلَدًا آَمِنًا وَارْزُقْ أَهْلَهُ مِنَ الثَّمَرَاتِ مَنْ آَمَنَ مِنْهُمْ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الْآَخِرِ قَالَ وَمَنْ كَفَرَ فَأُمَتِّعُهُ قَلِيلًا ثُمَّ أَضْطَرُّهُ إِلَى عَذَابِ النَّارِ وَبِئْسَ الْمَصِيرُ
яъни: “Эсланг, Иброҳим: “Эй, Раббим, буни (Маккани) тинчлик шаҳри қилгин ва унинг аҳолисидан Аллоҳга ва охират кунига ишонувчиларига (турли) мевалардан ризқ қилиб бергин!”, – деганида, Аллоҳ: “(Улардан) кофир бўлганларини эса, бироз ризқлантириб, сўнгра дўзах азобига мубтало этурман. Бу ўта ёмон оқибатдир”, – деди” (Бақара сураси 126-оят).
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Мадинаи мунавварага борганларида, унинг ҳаққига қуйидагича дуо қилдилар:
﴿اللَّهُمَّ حَبِّبْ إلَيْنَا المَدِينَةَ كَحُبِّنَا مَكَّةَ أوْ أشَدَّ، اللَّهُمَّ بَارِكْ لَنَا في صَاعِنَا وفي مُدِّنَا...﴾
(رواه الإمامُ البخاري والإمام مسلم عن عائشة رضي الله عنها).
яъни: “Эй Аллоҳ! Мадинани бизга Маккани суйганимиздек ёки унданда зиёдароқ суюкли қилгин! Ва уни тошу тарозусига – соъу муддига баракот бергин!” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
Кўриниб турибдики, пайғамбар алайҳиссаломлар яшаб турган юртларига тинчлик ва ризқ сўрадилар. Зеро бу икки неъмат – Ватан фаровонлиги омилларидандир! У иккиси ёки бири топилмаса, бахт саодат йўқолади.
هُوَ أَنْشَأَكُمْ مِنَ الْأَرْضِ وَاسْتَعْمَرَكُمْ فِيهَا
яъни: “У (Аллоҳ) сизларни ердан пайдо қилиб, сизларни уни обод этувчи этди” (Ҳуд сураси 61-оят). Демак, инсон ер юзини, хусусан яшаб турган юртини, ўз Ватанини обод қилиши – унинг бурчи ҳисобланади.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
﴿إِنْ قَامَتِ السَّاعَةُ وَفِي يَدِ أَحَدِكُمْ فَسِيلَةٌ، فَإِنِ اسْتَطَاعَ أَنْ لاَ تَقُومَ السَّاعَةُ حَتَّى يَغْرِسَهَا، فَلْيَغْرِسْها﴾
(رواه الإمام البخاري عَنْ أَنَسٍ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ الله عَنْهُ)
яъни: “Қиёмат қоим бўлиб қолса-ю, бирингизнинг қўлида кўчат бўлса, у қоим бўлгунича экишга улгурса, экиб қўйсин” (Имом Бухорий ривоятлари).
Ҳадиси шарифда инсон ўз ҳаётининг охирги лаҳзасини ҳам ғанимат билиб, яшаб турган жойини обод қилиш, уни гуллаб-яшнатишга тарғиб қилинмоқда.
وَلَا تُفْسِدُوا فِي الْأَرْضِ بَعْدَ إِصْلَاحِهَا وَادْعُوهُ خَوْفًا وَطَمَعًا إِنَّ رَحْمَةَ اللَّهِ قَرِيبٌ مِنَ الْمُحْسِنِينَ
яъни: “Ерни (Аллоҳ хайрли ишларга) яроқли қилиб қўйгандан кейин (унда) бузғунчилик қилмангиз! Унга (Аллоҳга) ҳам қўрқинч ва ҳам умид билан дуо қилингиз! Аллоҳнинг раҳмати эзгу иш қилувчиларга яқиндир” (Аъроф сураси 56-оят).
Ҳар бир шахс ўзи яшаб турган жойини ардоқлаб, уни ҳимоя қилиши – ўз жони, моли, ота-онаси ва фарзандларини ҳимоя қилиш ҳисобланади. Бу иш улкан савоб экани ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
﴿مَنْ قُتِلَ دُونَ مَالِهِ فَهُوَ شَهِيدٌ وَمَنْ قُتِلَ دُونَ نَفْسِهِ فَهُوَ شَهِيدٌ وَمَنْ قُتِلَ دُونَ دِينِهِ فَهُوَ شَهِيدٌ وَمَنْ قُتِلَ دُونَ أَهْلِهِ فَهُوَ شَهِيدٌ﴾ (رواه الإمام الترمذى عن سعيد بن زيد رضي الله عنه).
яъни: “Моли, жони, дини ва аҳли аёлини ҳимоя қилиш йўлида ҳалок бўлган киши шаҳидлик мақомини топади” (Имом Термизий ривоятлари).
Киши Ватанига хиёнат қилиши, ундаги ота-онаси, фарзандлари ва халқининг қадрига етмаслиги, уларни ўйламасдан Ватанга қарши қурол кўтариши – исломдаги энг оғир гуноҳ ва жуда катта жиноятдир!
Ватанни севишимизга бир қанча сабаблар бор. Жумладан, Аллоҳ таоло тақдиримизни шу ерга битди. Шу Ватанда туғилиб ўсдик, тарбия топдик. Бу Ватанда энг севимли қариндошларимиз, яқинларимиз яшашади. Бунинг зиёдасига бу заминни сон-саноқсиз улуғ зотлар, Аллоҳнинг дўстлари ватан тутишган.
Афсуски, айрим Ватан қадрига етмаган кимсалар, гўёки “ҳижрат қилиш фарз” деган сохта даъволарни қилиб, оиласи бағрида тинч, осуда ҳаёт кечираётган мусулмонларни ўзга юртларга чиқиб кетишга даъват қилмоқда. Аммо бугунги кунда турли сиёсий кучларнинг қўлида қўғирчоқ бўлаётганлар дунёнинг нотинчлик ҳукм сурган ва ўзлари қўним топган минтақаларига таассубга берилган шахсларни бир жойга жамлаш ва шу орқали хомийларининг режалаштирилган сиёсий мақсадлари йўлида ҳаракатланишмоқда.
Хусусан, улар илм-маърифатдан йироқ, жоҳил кимсаларни ўз атрофларига тўплашга интилиб, ислом диёри бўлган, азон айтиладиган, жума ва ҳайит намозлари бемалол ўқиладиган, хуллас, исломнинг беш арконлари эмин-эркин адо этилиб, мусулмончилик амалда бўлган ва ўзлари тинчлик-хотиржамликда ҳаёт кечираётган ватанларини тарк этишга тарғиб қилмоқдалар.
Бунинг оқибатлари эса ҳаммамизга аён. Шундай экан, ҳар биримиз Ватанимиз тинчлигини қадрига етиб, унинг ободлиги ва ривожланиши йўлида ўз ҳиссамизни қўшишимиз, кундан-кунга кўпайиб бораётган ислоҳот ва ютуқларига шукр қилиб, ҳар хил ёвуз ниятдаги кимсалардан уни кўз қорачиғимиздек асраб-авайлашимиз, Ватан равнақи йўлида хизмат қилаётган раҳбар ва юртдошларимизнинг ҳақларига дуолар қилиб, ибодатларимизни ўз вақтида бажариб, умргузаронлик қилишимиз мақсадга мувофиқдир.
Азизлар! Шуни ҳам таъкидлаш керакки, инсон ўзи туғилиб ўсган ватанини қадрига етиши, ҳаққига дуо қилиши ва ободлигига ҳисса қўшиши билан бирга биринчи ватани бўлмиш – жаннатга бориш сабаб ва омилларини бажариб, уларни унутмаслиги зарур. Чунки Мулла Али Қори раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг “Мирқотул мафотиҳ” китобларида: “Инсоннинг биринчи ватани – жаннат” деганлар. Зеро, Одам алайҳиссалом ва Ҳавво онамиз биринчи жаннатда яшаганлар ва ундан маълум сабабларга кўра тушурилганлар.
Демак, биз ҳаётимиз давомида дунёдаги Ватанимизни обод қилиш билан бирга, охиратдаги ватанимизга ҳам захира қилиб боришимиз даркор. Уламоларимиз айтадиларки, киши қуйидаги амалларни қилиши билан жаннатга кириши мумкин:
وَالَّذِينَ آَمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ أُولَئِكَ أَصْحَابُ الْجَنَّةِ هُمْ فِيهَا خَالِدُونَ
яъни: “Имон келтириб, солиҳ амалларни қилганлар эса, айнан улар жаннат аҳлидирлар ва улар у ерда абадий қолувчилардир” (Бақара сураси 82-оят).
قَالَ اللَّهُ هَذَا يَوْمُ يَنْفَعُ الصَّادِقِينَ صِدْقُهُمْ لَهُمْ جَنَّاتٌ تَجْرِي مِنْ تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ خَالِدِينَ فِيهَا أَبَدًا
яъни: “Аллоҳ деди: “Бу кун содиқ (мўмин)ларга содиқлиги фойда берадиган кундир”. Улар учун остидан анҳорлар оқиб турадиган жаннат боғлари бордир. (Улар) у ерда абадий бўлурлар” (Моида сураси 119-оят).
﴿ تَقوى الله، وحُسن الخُلق ﴾) رواه الإمام الترمذي (
яъни: “Аллоҳдан қўрқиш ва ҳусни хулқ – кишини жаннатга киришига сабабдир”(Имом Термизий ривоятлари).
إِلَّا مَنْ تَابَ وَآَمَنَ وَعَمِلَ صَالِحًا فَأُولَئِكَ يَدْخُلُونَ الْجَنَّةَ وَلَا يُظْلَمُونَ شَيْئًا
яъни: “Илло, имон келтириб, эзгу ишларни қилган зотларгина (бундан мустаснодир). Бас, улар жаннатга кирурлар ва уларга бирор нарсада ноҳақлик қилинмас” (Марям сурваси 60-оят).
Аллоҳ таоло барчамизни жаннат аҳлларидан айлаб, туғилиб ўсган азиз ва мўътабар Ватанимизни бунданда фаровон, осмонини мусаффо қилиб, халқимизни тинч ва осуда айлаб, икки дунё саодатига мушарраф айласин! Омин!
Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “Фарзанд тарбияси, ёшларнинг эътиборини илм-маърифатга қаратиш” мавзусида бўлади, иншааллоҳ.
Инсон зиммасида бир нечта омонатлар борки, буларни қадрлаш зарур ҳисобланади. Ўз жонига ўзи қасд қилиш эса ана шу омонатга хиёнат қилишдир. Бинобарин, Қурони карим Нисо сураси 29-оятида Ҳақ таоло хитоб қилган: "Бир-бирларингизни ўлдирмангиз".
Жундаб ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: "Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "Сизлардан илгари ўтганлардан бир киши жароҳатланди. Бесабрлик қилиб пичоқ олди-да, қўлни кесиб ташлади ва кўп ўтмай, қон йўқотиб вафот этди. Аллоҳ: "Бандам жонига қасд этди, унга жаннатни ҳаром қилдим", деди" (Муттафақун алайҳ).
Яна бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "Кимки тоғдан ўзини ташлаб, жонига қасд қилса, у жаҳаннам оловида абадулабад ўзини пастга ташлайди. Кимки заҳар ичиб жонига қасд қилса, у қўлида заҳарини тутиб, жаҳаннам оловида абадулабад ўзини заҳарлайди. Кимки ўзини темир билан ўлдирса, у қўлида темирини тутиб, жаҳаннам оловида абадулабад у билан ўзини уради" (Имом Бухорий, Муслим ва бошқалар ривояти).
Мўътабар фатво китобларимиздан “Фатавои Сирожия”да: “Қачон кема ёна бошласа, ундагиларнинг агар ўзларини денгизга ташлашса, сузиш билан халос бўлиб кетишга гумонлари ғолиб бўлса, шундай қилишлари вожиб бўлади. Агар ўзларини денгизга ташласалар ҳам ғарқ бўлишлари ёки ташлашмаса, куйиб кетишлари эҳтимоли бўлса, у ҳолда кемада қолиш ва денгизга ўзларини отиш орасида ихтиёрлидирлар. Кимки ўзини ўлдирса, унинг гуноҳи бошқа бировни қатл қилгандан кўра қаттиқроқдир!”
Юқорида келтирилган манбалардан кўриниб турибдики динимиз инсон ўз жонига қасд қилишга эмас, балки бу омонатни асрашга қадрлашга чақиради. Лекин, жамиятда баъзи инсонлар борки, ўз жонига қасд қилишга, худкушликка рағбат қиладилар. Аслини олганда ўзини-ўзи ўлдириш Аллоҳ берган неъматни мутлақо менсимасликдир. Шу билан бирга бундай ҳолат ўша жамиятга ҳам мусибат ҳисобланади.
Ўзини-ўзи ўлдиришнинг гуноҳи бировни ўлдиришдан кўра оғирроқ ва каттароқ ҳисобланади. Энди, салгина ҳаёт ташвиши деб, озгина ғам ва алам деб ўзини ўлдираётганларнинг гуноҳи бировни ўлдиришдан кўра оғирроқ эканлигини билдик. Бироқ, бундан ҳам энг ачинарлиси, бировларнинг ёлғон-яшиқ гапларига учиб, “фатво”ларига алданиб, бегуноҳ мўмин-мусулмонларни ўлдиришга қасд қилиб ўзини ўлдиришнинг гуноҳи бундан неча баробар оғирроқ ҳисобланади. Бу шаҳидлик эмас, бу қаҳрамонлик ҳам эмас, балки худкушликдир.
Уйчи тумани "Девона бобо" жоме масжиди имом-хатиби
Абдуфаттоҳ Мусаханов
Манба: @Softalimotlar