Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Август, 2026   |   10 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:15
Қуёш
05:40
Пешин
12:26
Аср
17:12
Шом
19:15
Хуфтон
20:36
Bismillah
23 Август, 2026, 10 Рабиъул аввал, 1448

Такфирчилик – энг оғриқли муаммо

17.05.2021   3171   6 min.
Такфирчилик – энг оғриқли муаммо

Мазҳаббошимиз Имоми Аъзам раҳимаҳуллоҳнинг “Фиқҳул акбар” китобида бундай ёзилган: “Бирор мусулмонни қилган гуноҳи сабабли кофирга чиқармаймиз, гарчи у кабира гуноҳ бўлса ҳам, башарти уни ҳалол деб эътиқод қилмаган бўлса, ундан имон исмини олиб таш­ламаймиз, уни ҳақиқий мўмин деб атайверамиз, уни фосиқ мўмин деб аташ мумкин, фақат кофир эмас”.

«Куфр» сўзи луғатда «ўраш», «тўсиш» каби маъноларни билдиради. Истилоҳда эса икки хил маънода келади: бири динда, яъни, Аллоҳ ва Унинг расулига итоатсизлик, иккинчиси, инъом этилган неъматни менсимай, инкор этишни англатади. Масалан, Қуръони каримда «куфр» лафзи бир неча ўринларда келган бўлиб, баъзи оятларда «мутлақ куфр» зикр этилиб, Ислом динидан чиқишгача бўлган ҳолатлар назарда тутилса, баъзи ўринларда шунчаки чеклов ёки тўхтамларни ўз ичига олади.

Шу боис олимлар куфрни иккига, яъни катта ва кичик турга бўлганлар. Кичик куфр амалий ҳисобланиб, Китоб ва суннатда «куфр» деб номланган гуноҳларни ўз ичига олади. Бироқ улар диндан чиқарувчи ҳақиқий куфр даражасига етмайди, балки куфрони неъмат, ношукр­ликни назарда тутади. Масалан, Иброҳим сурасининг 34-оятида “куфр” сўзидан “ношукрлик” маъноси ирода қилинган: «…Ҳақиқатан, инсон (ўзига) ўта золим ва (Раббига) жуда ношукрдир».

Кичик куфр ҳадиси шарифда ҳам келган: «Мендан кейин бир-бирингизни бўйнингизга қилич солувчи кофир бўлманглар». Уламолар кичик куфр диндан чиқармайди ва амалларни бекор (ҳабата) қилмайди, лекин амалларни нуқсонли қилади ҳамда у орқали банда азобга дучор бўлади, деганлар.

Катта куфр эса истилоҳда ҳақни беркитиш, яъни имоннинг зиддини билдиради. Жумладан, имон келтириш шарт бўлган нарсалардан бирини инкор этиш катта куфрдир. Катта куфр кишини диндан чиқаради.

Такфир эса асоссиз сабаблар билан мўмин-мусулмон кишини кофирга чиқаришдир. Мусулмонни кофир дейиш жуда хатарли масала бўлиб, оқибати ёмон ишдир. Уламолар ижмоси билан куфр ҳисобланган сўз мутлақ «куфр»дир. Мўмин имон асосларини инкор этиш билангина диндан чиқади. Куфр калимасини айтган кишига «кофир» ҳукмини беришнинг шартлари бор. Диндан чиққан мусулмон кофир саналади ва у «муртад» деб аталади. Муртадлик қуйидагилардан бирортасини қасддан бажариш орқали юзага келади: куфр калимасини билиб туриб, ўзи хоҳлаб талаффуз қилиш; ботил ақидага эътиқод қилиш; сўз ёки амали билан кофир бўлишни ният қилиш; Исломдаги қатъий, мутавотир йўл билан фарз қилинган амаллардан бирини инкор қилиш.

Имом Абу Мансур Мотуридийнинг қарашлари карромийлар, жаҳмийлар, муътазилийлар, қадарийлар ва рофизийларнинг айнан мазкур масала ёки у билан боғлиқ бўлган имон ва амал, гуноҳ ва гуноҳкорнинг ҳолати, мўминлик ва кофирлик билан боғлиқ қарашларига берган раддияларида намоён бўлади. Жумладан, «Китобут тавҳид» асарида Имом Мотуридий «аслида соф диний эътиқоддаги таълимотни билиш осон иш эмас» эканини уқтиради. Аллома такфир масаласида муътазилийларнинг гуноҳ боис имоннинг завол топиши, шунинг учун осий мўмин кофир бўлиб, дўзахда абадий қолиши ҳақидаги қарашларини рад этади ва аҳли суннанинг ушбу масала юзасидан фикрларини баён қилади.

Асарда мазкур масалалар кенг ёритилган. Аллома мусулмонга кофир ҳукмини беришда ҳаддан ошган фирқаларнинг қарашларига раддиялар берган ва аҳли суннанинг ушбу масала юзасидан қарашларини Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифлар билан далиллаган. Жумладан, асарда қуйидагилар баён қилинган: «Гуноҳи кабира қилган киши тўғрисида муржиалар: “Мўминнинг имонига гуноҳи кабира зарар қилмайди”, десалар, хорижийлар: “гуноҳи кабира қилган мусулмон имондан чиқади, кофир бўлади”, дейдилар». Имом Мотуридий эса уларни рад этиб, Юсуф сурасининг: «Зеро, Аллоҳнинг раҳматидан фақат кофир қавмгина ноумид бўлур», (87-оят) оятини далил қилиб келтиради. Гуноҳи кабира борасида Имом Мотуридий аҳли суннанинг эътиқодини баён қилиб айтадики: «Мўмин фосиқ бўлса, унга тавба вожиб бўлади. Қуръони каримда: “(Эй Муҳаммад!) Ўз жонларига (гуноҳ билан) зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. Албатта, Унинг ўзи Мағфиратли ва Раҳмлидир”, дейилган» (Зумар сураси, 53) оятни ҳужжат қилиб келтиради.

Аҳли сунна уламолари иттифоқига кўра, катта (кабира) гуноҳ содир этган киши қилган ишини ҳалол санамас экан, ҳаргиз кофир бўлмайди ва у банда дўзахда абадий қолмайди.

Юқорида санаб ўтилганлар оқимлар даъво қилаётган сохта ғоялар аҳли сунна вал жамоа эътиқодига мутлақо зиддир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қибла аҳлидан бирор кишини, гарчи гуноҳи кабира қилса ҳам, кофирга чиқармасликка буюрганлар. Саҳобаи киромлар ҳам қибла аҳлининг ҳеч бирини кофирга чиқармаганлар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қачон киши ўз биродарига “Эй, кофир” деса, икковларидан бири ўшандоқ бўлади», деганлар (Имом Бухорий ривояти). Яъни, ҳалиги одам кофир бўлмаса, уни кофир деган одамнинг ўзи кофир бўлади.

Ҳанафий уламолар эса кишининг кофирлигига тўқсон тўққизта далил бўлиб, ундай эмаслигига битта далил топилса, ўша битта далил олиниши лозимлигини айтадилар.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ эса: “Асҳобларимиздан ҳеч ким қибла аҳлидан бўлган аҳли ҳавони кофирга чиқаришни айтмаган. Бир нарсани вожиб ёки ҳаром дейиш, бировга савоб ёки азоб бериш, бировни кофир ёки фосиқ деб ҳукм қилиш Аллоҳнинг ишидир», деганлар.

Хулоса қилиб айтганда, хорижийлар, муътазилийлар каби фирқалар томонидан такфир масаласи аҳли сунна вал жамоа эътиқодига зид тарзда талқин қилинган. Ҳозирги кунда Ислом ниқоби остида фаолият олиб бораётган турли оқимлар мусулмонларни қилган амали боис ко­фирга чиқариш орқали ўзларининг жиноятларини оқламоқдалар. Бироқ буларнинг бари динимиз таълимотига зиддир.

Рауфжон РАШИДОВ

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Академия ректори «Дўстлик», Ислом цивилизацияси маркази директори «Фидокорона хизматлари учун», академия профессори «Имом Бухорий» орденлари ва «Зиё» медиа маркази раҳбари «Шуҳрат» медали билан тақдирландилар

22.08.2026   3645   1 min.
Академия ректори «Дўстлик», Ислом цивилизацияси маркази директори «Фидокорона хизматлари учун», академия профессори «Имом Бухорий» орденлари ва «Зиё» медиа маркази раҳбари «Шуҳрат» медали билан тақдирландилар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги муносабати билан турли соҳалар вакиллари фахрий унвонлар, орденлар ва медаллар билан мукофотландилар.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг диний-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори Камилов Музаффар Муратович "Дўстлик" ордени билан, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Абдухаликов Фирдавс Фридунович «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан, мазкур академиянинг "Араб тили ва адабиёти ал-Азҳар" кафедраси профессори Исломов Зоҳиджон Маҳмудович «Имом Бухорий» ордени билан ва академия ҳузуридаги "Зиё" медиа маркази директори Мухтаров Абдухамид Абдуахатович "Шуҳрат" медали билан тақдирландилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси доимий ҳамкор ташкилотларимиз раҳбарлари ва устозларни мазкур юксак мукофотлар билан муборакбод этиб, Аллоҳ таолодан мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги ва муборак динимиз ривожи йўлидаги фаолиятларида янгидан-янги муваффақиятлар тилаймиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари