Кунларнинг бирида Қози Шурайҳ раҳимаҳуллоҳ ўзининг дўсти Фузайл раҳмутуллоҳи алайҳни учратиб қолди. Ҳол-аҳвол сўраб: "Уйинг тинчми?" деди. Шурайҳ унга: "Аллоҳга қасамки, қарийб 20 йилдан бери аёлим бирор марта кўнглимга ёқмайдиган иш қилгани йўқ", деди. Фузайл бундан ажабланиб: "Қандай қилиб, эй Шурайҳ", деди.
Солиҳ оилага совчи қўйдим. Никоҳ кечаси аёлимнинг солиҳа ва гўзал хулқли эканини кўрдим. Аллоҳ таолога солиҳа жуфт ҳалол ато этгани учун икки ракат шукр намозини ўқидим. Намозимни тугатиб ортимга қарасам, аёлим ҳам намозни тугатиб, Аллоҳга дуо қилаётган экан.
Уйдаги меҳмонлар, яқин қариндошлар кетишди. Иккимиз ёлғиз қолдик. Шунда аёлимга секин қўлимни узатдим. Аёлим: "Шошилманг!" деди-да, ўрнидан туриб сўзлай бошлади. "Эй Абу Умайя мен сизни яқиндан яхши танимасам, сизга нима ёқишини ва ёқмаслигини билмасам. Сиз менга нимани яхши кўришингизни айтинг, уларни муҳайё қилай ва нималарни ёқтирмаслигингизни ҳам айтинг, улардан узоқ бўлай. Эй Абу Умайя сизга муносиб бўлган қизлар кўп эди ва менга ҳам муносиб умр йўлдошлар кўп эди. Аммо Аллоҳнинг тақдири албатта амалга ошади. Аллоҳнинг хоҳиши ила сизнинг аёлингиз бўлдим. Аллоҳнинг Китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мувофиқ менинг ҳаққим борасида Аллоҳдан қўрқинг! Аллоҳ таолонинг Қуръони каримдаги "...яхшиликча ушлаб қолиш ёки яхшиликча қўйиб юбориш" деган оятига амал қилинг!" деди-да ўрнига ўтирди.
Шунда Қози Шурайҳ айтади: "Аёлимнинг нутқидан сўнг бироз ўйланиб қолдим. Аёлим ҳам ваъз-насиҳат қилишимни кутарди". Ўрнимдан турдим-да, "Агар айтган сўзларингизга амал қилсангиз, берган ваъдангизни бажарсангиз фойдангизга ҳужжат бўлади. Агар амал қилмасангиз икки дунёда ҳам ўзингизга қарши далил бўлади. Мен фалон, фалон нарсаларни яхши кўраман. Ва фалон, фалон нарсаларни хушламайман. Агар менинг бирор яхши томонимни кўрсангиз, уни кенг ошкор қилинг, борди-ю бирор ёмонлик жиҳатимни кўрсангиз уни яширинг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Солиҳа аёл беркитувчи, ёмон аёл ошкор қилувчидир” деганлар.
Аёлим: "Ўзимнинг ва сизнинг аъзоларингизни қачон зиёрат қиламиз?" деди. Мен: “Улар малолланиб қолмаслиги учун вақти-вақти билан зиёрат қиламиз. Ҳадиси шарифда ҳам “Вақти-вақти билан (орасини узиб-узиб) зиёрат қилинг, янада кўпроқ муҳаббатлигини қозонасиз”, дейилган дедим.
Айтингчи, қўшниларимиздан қайси бирини уйимизга киритишга рози бўласиз, қайси бирларини эса киритишимни хоҳламайсиз. Яхши оилаларни киритамиз, ёмонларини эса йўқ.
Шу тариқа, орадан йиллар ўтди. Кунларнинг бирида уйга келсам аёлимнинг онаси аёлимга гўзал панд-насиҳатлар қилаётган экан. Чиройли тарзда кўришдим. Қизи онасига жуда бахтли ҳаёт кечираётгани ҳақида айтибди. Аёлимниг онаси: "Эй Абу Умайя, аёлинг яхшими?" деб сўради. "Ҳа, Аллоҳга қасамки, энг яхши аёл", дедим. "Эй Абу Умайя ҳар қандай эркак учун ҳаддидан ошган, инжиқ аёлдан ҳам ёмонроқ нарса йўқ. Аёлингни қандай бўлишини истасанг шундай тарбиялагин, ундаги айб-камчиликларни ҳам тўғрилаб тургин", деди. Кейин қизига бурилиб қараб, менга итоат этишга ва қулоқ солишга буюрди.
Шу тарзда йигирма йилдан бери тинч-тотув, бахтли яшаб келмоқдамиз. Аёлим бирор марта менга ёқмайдиган ёки жаҳлимни чиқарадиган иш қилгани йўқ.
Ушбу ривоятдан қуйидаги ҳақиқатни билиб олишимиз мумкин. Агар оила Аллоҳ таолога ва Унинг буйруқларига итоат этишга асосланса, Аллоҳнинг Ўзи эр-хотин орасида бир-бирига яқинлик ва муҳаббатни пайдо қилади. Борди-ю, оила Аллоҳга итоатсизлик қилиш устига қурилса, шайтон эр-хотин орасини бузади.
Доктор Муҳаммад Ротиб Нобулсий ҳафизаҳуллоҳнинг маърузаларидан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси
Шу йилнинг 7–11 ноябрь кунлари Ўзбекистоннинг делегацияси Саудия Арабистонида бўлиб ўтадиган Ҳаж хизматлари халқаро кўргазмаси ва конференциясида қатнашади. Шунингдек, муборак сафарни юқори даражада ўтказиш билан боғлиқ вазифалар юзасидан икки томонлама музокаралар олиб борилади.
Мазкур делегация таркибидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг диний-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчиси Музаффар Камилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Вазирлар Маҳкамаси масъул ходими Орифхон Закиров, “Ҳаж” ва “Умра” бўйича атташе Шуҳрат Амоний ҳамда бир қатор соҳа мутахассислари ўрин олган.
Ушбу анжуманнинг асосий ўзига хослиги — зиёратчиларга хизмат кўрсатиш сифатини янги босқичга олиб чиқишдир. Хусусан, тадбирда ҳаж сафарини ташкил этишда рақамли технологиялар, сунъий интеллект имкониятлари ва илғор инновацион лойиҳалар тақдимоти ўтказилиши кутилмоқда.
Сафар давомида «Ҳаж–2027» мавсумини юқори савияда ва кўтаринки руҳда ўтказиш мақсадида делегациямиз томонидан бир қатор муҳим вазифалар амалга оширилади:
Саудия Арабистони Ҳаж ва умра вазирлиги раҳбарияти билан бўлажак мавсумга пухта ҳозирлик кўриш юзасидан музокаралар олиб бориш;
Бўлғуси ҳожиларимиз учун мўлжалланган меҳмонхоналар ва транспорт хизматларининг сифатини бевосита кўздан кечириш;
Мино, Арафот ва Муздалифа водийларида зиёратчиларга яратиладиган шарт-шароитлар ва хизмат кўрсатиш ҳолатини ўрганиш;
Ҳаж жараёнларига масъул бўлган бошқа ҳамкор идоралар билан ўзаро алоқаларни муҳокама қилиш ва мустаҳкамлаш;
Ҳаж сафарини ташкил этишдаги муҳим йўналишлар бўйича ўқув-семинарларида иштирок этиш.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати