Cавол: Иситма чиқса, Аллоҳ таоло гуноҳларни кечираётган бўлади, дейишади. Шу гап ростми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Ҳа, шу гап рост. Бу маънода келган ҳадисларни бир неча муҳаддислар ривоят қилишган. Жумладан, Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ “Саҳиҳи Муслим” китобида Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Соибнинг (ёки Умму Мусайябнинг) ҳузурига кириб: “Сизга нима бўлди эй Умму Соиб, (ёки Умму Мусайяб) қалтираяпсиз?” дедилар. У: “Қуриб кетгур иситма”, деди. У зот алайҳиссалом: “Иситмани сўкманг, чунки у одамзотнинг гуноҳларини худди темирчининг босқони темирнинг зангини кетказганидек кетказади”, дедилар (Имом Муслим ривояти). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази
Мадина шаҳри Ислом тарихида бир нечта номлар билан аталган. Улардан энг машҳурларидан бири “Тоййиба”дир.
Исломдан олдин шаҳар Ясриб деб аталган. Бу ном “айблаш” ва “ёмонлаш” каби маъноларни англатади.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳарга ҳижрат қилганларида, унга янги ном бердилар. У зот алайҳиссалом шаҳарни “гўзал” ва “покланган” маъносини англатувчи “Тоййиба” деб атадилар.
Шунингдек, Тоййибага яқин бўлган ва ўхшаш маънони англатувчи “Тоба” номи ҳам ушбу шаҳар учун ишлатилган.
Мадинада топилган VIII асрга оид қоятош ёзувида шаҳар Тоййиба номи билан аталган. Бу эса ушбу ном Исломнинг илк асрлариданоқ қўлланиб келинганини кўрсатади.
Тоййиба билан бир қаторда, шаҳар муайян тарихий жиҳатларини акс эттирувчи яна бир неча номлар билан ҳам танилган:
| Номи | Маъноси |
| Мадина | Шаҳар |
| Мадинату Набий | Пайғамбар шаҳри |
| Мадинаи Мунаввара | Мунаввар шаҳар |
| Дорул Ҳижра | Ҳижрат диёри |
Пўлатхон Каттаев,
Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси