Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Сентябр, 2026   |   4 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:43
Қуёш
06:03
Пешин
12:18
Аср
16:43
Шом
18:37
Хуфтон
19:52
Bismillah
15 Сентябр, 2026, 4 Рабиъус сони, 1448

Ҳожиларга 30 тавсия

13.06.2024   2991   4 min.
Ҳожиларга 30 тавсия

 Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.

Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

Ҳаж сафарини бошлашдан олдин гуноҳлардан астойдил тавба қилиш лозим. Зеро, ҳаж сафаридан энг муҳим ва асл мақсад ҳам гуноҳларлан тавба қилишдир.

Тавбанинг қабул бўлиши учун эса тавба қилувчи кишининг зиммасида ҳеч бир банданинг ҳаққи қолмаслиги керак. Бирор кишига жисмоний, молиявий ёки маънавий зарар етказган бўлса, унинг ҳаққини адо этсин, ундан кечирим сўрасин, розилигини олсин. Агар зиммасида бирор кишининг омонати бўлса, уни ҳам кайтарсин.

Шундан сўнггина дил ва фикрни бир жойга жамлаб, Аллоҳга астойдил тавба қилсин, шунда тавба хақиқий ҳисобланиб, унинг қабул бўлишига умид боғласа бўлади.

Ҳаж сафарини ният қилган кишига қуйидаги тавсиялар берилади:

  1. Ҳажга кетаётган киши кимлардан норизо бўлса, улар билан учрашиб, уларнинг ҳам, ўзининг ҳам кўнглини соф қилиб олсин.
  2. Бирор кишига зулм қилган бўлса, ундан кечирим сўраб олсин.
  3. Бирор кишининг молини ноҳақ еган бўлса, ўша нарсанинг мислини у кишининг ўзига ёки у вафот этган бўлса, меросхўрларига берсин.
  4. Ҳамма гуноҳлардан тавба қилсин.
  5. Ота-онасининг розилигини олиб, кейин сафар қилсин.
  6. Хотини ва бола-чақасини хотиржам қилиб, сўнг сафарга чиқсин.
  7. Зиммасида кимнингдир қарзи бўлса, уни адо қилиб, кейин сафар қилсин.
  8. Яхши ва солиҳ инсонлар билан сафарга чиксин.
  9. Ҳажнинг зарурий масалаларини ўрганиб ва тушуниб олсин.
  10. Ҳаж амаллари ҳақидаги китобни ўзи билан бирга олиб кетсин.
  11. Ҳаж сафарини холис ибодат жиҳатидан қилсин, токи унда бирор тижорат асосий мақсад бўлмасин.
  12. Ўзидан риёкорлик ва шуҳратни узоқ қилсин.
  13. Бутун сафар бўйи камтарлик ва хоксорлик билан юрсин.
  14. Зарурий нарсаларни сотиб олишда нархини зиёда тортишмасин.
  15. Сафар давомида пулини сарф қилишга зиқналик қилмасин.
  16. Ҳамроҳларига пул сарф қилишда ҳам бағрикенг ва сахий бўлсин.
  17. Уйдан чиқиб кетиш вақтида муҳтож кишиларга садақа қилсин.
  18. Сафар мобайнида заруратманд кишиларга харж қилиш ниятида пулни кўпроқ олсин.
  19. Уйда икки раъкат намоз ўқиб, сўнг йўлга чиқсин.
  20. Кетиш вақтида дўстлар билан қўл бериб хайрлашсин ва улардан дуо олсин.
  21. Одамлар ҳам ҳажга кетаётган кишидан дуо қилишини сўрасинлар.
  22. Сўнг сафар дуосини ўқисин.
  23. Сафар мобайнида қаерга тушса, ўша ерда икки раъкат намоз ўқиб олиш мустаҳабдир (фазилатлидир). Шунинг учун ҳожи ватани, Жидда ёки Мадина аэропортларида имконият бўлса икки раъкатдан намоз ўқиб олсин.
  24. Сафар чоғида Аллоҳни кўпроқ зикр қилиб, ўзи, ота-онаси, фарзандлари, аҳли оиласи ҳамда барча мусулмонлар ҳаққига кўпдан-кўп дуолар қилсин.
  25. Сафар давомида уришиб-тортишиш, зиён етказиш, тил билан озор бериш ва бошқа шу каби салбий одатлардан қаттиқ сақлансин.
  26. Ҳар кимни муҳаббат ва юмшоқлик билан қаршиласин.
  27. Намозларни жамоат билан ўқишга аҳамият берсин.
  28. Баъзи мамлакат одамлари хуфтон намозини шом вақтида ўқиб олишса, уларга эътибор қилмасдан намозларни ўз вақтида ўқисин.
  29. Имкон қадар суннат ва нафл намозларни ҳам ўқишга ғайрат қилсин.
  30. Самолётда ҳам намоз ўқиш учун жой топилади. Намоз вақти кириб, ерга қўнгунча унинг қазо бўлиш эҳтимоли туғилса, одамларга озор бермасдан ўқиб олсин.

Ғунятун-носик китобидан

Ҳилол журналининг 6(39) сонидан олинди.

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Тарихни бузиб кўрсатмаслик учун

15.09.2026   7517   2 min.
Тарихни бузиб кўрсатмаслик учун

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида "Ислом маърифати, ҳадис илми ва Имом Бухорий мероси" ўқув курси ўтказилди. Мутахассислар томонидан ёдгорлик мажмуаси гид-экскурсоводлари учун ўтказилган машғулотлар доирасида экскурсия фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқий, назарий ва амалий масалалар кўриб чиқилди, хабар бермоқда “Самаркандский вестник” нашри.

- Бу ерга ташриф буюрган ҳар бир зиёратчи фақат ибодат қилиш учун эмас, балки маънавий "озиқ" олиш учун ҳам бориши керак, - дейди Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Зиёдов. - Бу ерда фаолият юритаётган гидларнинг малакасини ошириш тизимини йўлга қўяр эканмиз, уларга Имом Бухорийнинг бизга қолдирган меросини, бу мероснинг тарихий манбаларини чуқур ўргатишимиз шарт.

Курс доирасида мажмуага биринчи марта ташриф буюрган меҳмонлар билан мулоқотнинг ўзига хос хусусиятлари муҳокама қилинди. Хорижлик зиёратчиларга нафақат Имом ал-Бухорий ҳаётидаги фактлар ва диний қадриятларимизни етказиш, балки бой маданий меросимизни асраб-авайлаш ва етказиш каби долзарб масалалар кўтарилди.

Гид-экскурсоводлар ҳам ўз тажрибалари билан ўртоқлашиб, келгусидаги ишларни ташкил этиш бўйича таклифлар бердилар. Бу бевосита экскурсияларни ўтказиш пайтида юзага келадиган масалаларни муҳокама қилиш имконини берди.

Курс Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Диний таълим соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, вилоят ҳокимлиги ҳамда Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини сақлаш ва унинг атрофини ободонлаштириш департаменти томонидан ташкил этилди.

Тарихий обидалар ва зиёратгоҳлар туризм салоҳиятининг муҳим қисми бўлган Самарқанд вилояти учун малакали мутахассисларни тайёрлаш алоҳида аҳамиятга эга. Меҳмонга ташриф буюриладиган жойнинг тарихи қанчалик тўлиқ ва тушунарли очиб берилиши гиднинг профессионаллигига боғлиқ. Шунинг учун ҳам гид-экскурсоводларнинг малакасини мунтазам ошириб бориш, уларнинг касбий билим ва кўникмаларини такомиллаштириш ҳамда замонавий хизмат кўрсатиш стандартларини жорий этиш Самарқандда туризм хизматлари сифатини оширишда устувор йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари