Cавол: Фарзандимнинг ақиқа куни Қурбон ҳайитидан 2 кун олдинга тўғри келди. Ақиқа ва ҳайитнинг қурбонлигини битта қилиб қурбонлик қилсам бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Битта қўйни ҳам қурбонликдан, ҳам ақиқадан сўйиб бўлмайди. Чунки қўйнинг ўзи фақат бир ҳиссадир. Бундай ҳолатда албатта, қурбонликни ният қилиб сўйилади.Ақиқа қилиш вожиб амаллардан эмас, балки мустаҳабдир.
Ақиқа қилмаган киши гуноҳкор бўлмайди. Аммо, қурбонлик вожиб бўлса, уни албатта бажариш лозимдир.
Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, қурбонликда туя ва қора молда етти кишигача шерик бўлиб сўйиш мумкин. Шу эътибордан қора мол ва туяга ўхшаш ҳайвонларда бир ҳиссаси қурбонлик икки ҳиссаси (қиз бола бўлса бир ҳиссаси) ақиқадан деб сўйиш ҳам мумкин.
“Бадоиъус саноиъ” китобида бундай дейилади: “Шунингдек, туя ва молда етти киши шерик бўлиб, улардан бири туғилган фарзандига ақиқа қилишни ирода қилиши ҳам жоиз”.
Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида "Ислом маърифати, ҳадис илми ва Имом Бухорий мероси" ўқув курси ўтказилди. Мутахассислар томонидан ёдгорлик мажмуаси гид-экскурсоводлари учун ўтказилган машғулотлар доирасида экскурсия фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқий, назарий ва амалий масалалар кўриб чиқилди, хабар бермоқда “Самаркандский вестник” нашри.
- Бу ерга ташриф буюрган ҳар бир зиёратчи фақат ибодат қилиш учун эмас, балки маънавий "озиқ" олиш учун ҳам бориши керак, - дейди Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Зиёдов. - Бу ерда фаолият юритаётган гидларнинг малакасини ошириш тизимини йўлга қўяр эканмиз, уларга Имом Бухорийнинг бизга қолдирган меросини, бу мероснинг тарихий манбаларини чуқур ўргатишимиз шарт.
Курс доирасида мажмуага биринчи марта ташриф буюрган меҳмонлар билан мулоқотнинг ўзига хос хусусиятлари муҳокама қилинди. Хорижлик зиёратчиларга нафақат Имом ал-Бухорий ҳаётидаги фактлар ва диний қадриятларимизни етказиш, балки бой маданий меросимизни асраб-авайлаш ва етказиш каби долзарб масалалар кўтарилди.
Гид-экскурсоводлар ҳам ўз тажрибалари билан ўртоқлашиб, келгусидаги ишларни ташкил этиш бўйича таклифлар бердилар. Бу бевосита экскурсияларни ўтказиш пайтида юзага келадиган масалаларни муҳокама қилиш имконини берди.
Курс Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Диний таълим соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, вилоят ҳокимлиги ҳамда Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини сақлаш ва унинг атрофини ободонлаштириш департаменти томонидан ташкил этилди.
Тарихий обидалар ва зиёратгоҳлар туризм салоҳиятининг муҳим қисми бўлган Самарқанд вилояти учун малакали мутахассисларни тайёрлаш алоҳида аҳамиятга эга. Меҳмонга ташриф буюриладиган жойнинг тарихи қанчалик тўлиқ ва тушунарли очиб берилиши гиднинг профессионаллигига боғлиқ. Шунинг учун ҳам гид-экскурсоводларнинг малакасини мунтазам ошириб бориш, уларнинг касбий билим ва кўникмаларини такомиллаштириш ҳамда замонавий хизмат кўрсатиш стандартларини жорий этиш Самарқандда туризм хизматлари сифатини оширишда устувор йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати