Муаллиф: Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда сунъий обуначи, сунъий ёқтиришлар (лайк), сунъий изоҳ (комментария) кабиларга ўхшаш сохта кўринишлар орқали даромад қилиш қанчалик тўғри? Бу саволга жавоб шу соҳада даромад қилаётган кўплаб блогерлар учун жуда зарур.
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Бугунги кунда ушбу мавзу энг долзарб масалалардан бўлиб қолди. Агар кимдир сохта обуначилар, сохта лайклар, сохта изоҳлар ёрдамида ўзини машҳур қилиб кўрсатмоқчи бўлса ёки шу асосда реклама қабул қилмоқчи ёки бирор шартнома тузмоқчи бўлса, бу одамларни алдаш, ёлғончилик бўлади.
Масалан, кимдир 100 минг ёки 200 минг обуначим бор дейди ва шу орқали реклама хизматини таклиф қилади, аслида эса бунча миқдорда ҳақиқий обуначи унда мавжуд бўлмайди. Яна кимдир фалон миқдордаги обуначиси бор профиль ёки канал сотилади дейди, ҳақиқатда эса унинг обуначилари реал мавжуд бўлмаган сохта профиллар ёки ботлардан иборат бўлади. Яна бир бошқаси эса ўз маҳсулотини мақтаб, сохта шарҳлар ёздиради.
Шунингдек, улар орасида юқорида айтганимиз каби, шунчаки машҳур бўлиш ва обрў-эътибор учун қиладиганлари ҳам топилади. Қайси бири бўлишидан қатъий назар, бу ишларнинг бирортаси ҳам жоиз эмас. Зеро, Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасининг 188-оятида бундай дейди: “Қилмаган нарсаларига мақталишни суядиганларни азобдан нажотда деб ҳисобламанг. Уларга аламли азоб бор”.
Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бизни алдаса, биздан (мусулмонлардан) эмас”, деганлар.
Сохта обуначилар, сохта шарҳлар ва сохта лайклар туфайли, интернет оламида ҳалол рақобат муҳитига путур етади, фойдали контент тайёрлайдиган блогерларга зарар бўлади, реклама берувчилар ва мижозлар алданади. Буларнинг ҳаммаси эса зулмдир, зулм эса шариатимизда энг катта гуноҳлардан саналади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.