Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Май, 2026   |   24 Зулқаъда, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:34
Қуёш
05:08
Пешин
12:24
Аср
17:23
Шом
19:36
Хуфтон
21:02
Bismillah
12 Май, 2026, 24 Зулқаъда, 1447

7 саволга 7 жавоб: Қазо рўзаси

27.04.2020   8190   4 min.
7 саволга 7 жавоб: Қазо рўзаси

1-савол: Рўзадор кишининг тоби қочса, унга укол қилиш мумкинми? 

Жавоб: Аллоҳ таоло бандалари зиммасига тоқатидан ортиқ нарсаларни юкламайди. 

Имоми Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ) ҳазратлари танага бир нарса кириши билан рўза бузилади, деганлар. Шунинг учун рўзадор укол олса рўзаси бузилади. 

Агар ўта зарурат бўлмаса, уколни ифторликдан кейин ёки саҳарликдан олдин қилдириб олгани маъқул. Лекин рўза тутганида соғлиги ёмонлашгани туфайли укол олмаса, ҳаёти хавф остида бўлса, укол олиб, рўзасининг қазосини Рамазон тугаганидан кейин тутиб беради. 

2-савол: Ўтмишда қолдирган рўзаларим учун фидя берсам бўладими? 

Жавоб: Йўқ. Қари кишилар, яъни кундан-кун мадори кетаётган чол ёки кампир Рамазон рўзасининг ҳар бир куни учун фидя (бир мискинга икки кило буғдой ё унинг баҳосини) беради (“Ҳидоя”, “Фатовойи Ҳиндия”). 

Сиз ўтмишда қолдирган рўзаларингизнинг ҳар бир куни учун қазосини тутиб берасиз. 

3-савол: Рамазон кунларидан бирида ёққан ёмғирда юрган одамнинг оғзига бир-икки томчи ёмғир суви кириб кетса, рўзаси бузиладими? 

Жавоб: Агар ўша одамнинг ихтиёридан ташқари, бехосдан сув кириб кетса, рўзаси бузилади ва қазо (бир кунга бир кун) тутиб беради. Бордию, ёмғир сувини қасддан ютса, унга ҳам қазо, ҳам каффорат лозим бўлади. Яъни, бу одам бузилган рўзаси учун бир кун тутиб беришдан ташқари, жарима сифатида икки ой кетма-кет рўза тутиб бериши, бунга қурби етмаса, олтмишта мискиннинг бир кунлик таомини садақа қилиши керак бўлади (“Фатовойи Ҳиндия”). 

4-савол: Рамазон ойида тиши оғриб қолган одам муолажа ва оғриқ қолдириш мақсадида укол олса, рўзаси бузиладими? 

Жавоб: Киши ана шундай ноқулай вазиятда қолмаслиги учун рамазон ойи киришидан олдин ўзига бир қараб, керакли муолажаларни олиши керак. То бу баракотли ой шарофатидан тўлиқ баҳраманд бўлсин, унинг ибодат қилиш завқига ҳеч қандай қийинчилик халақит бермасин. Шундай бўлса ҳам, рамазон ойида бирдан тиши оғриб, укол олган кишининг рўзаси бузилади ва кейин ўша кун учун бир кун қазо тутиб беради (“Фатовойи Ҳиндия”). 

5-савол: Қазо рўза тутиш қандай ният қилинади?

Жавоб: Қазо рўза тутиш учун субҳ содиқ киришдан олдин ният қилинади.“Зиммамдаги қазо рўзани тутишни ният қилдим”деб ният қилинади. 

6-савол: Пайғамбаримиз (с.а.в.): Кимки Жумодул охир ойининг 13, 14, 15 кунлари рўза тутса бир ой рўза тутган билан баробардир деганлар. Шу бир ой деб қабул қилинадиган рўза Рамазоннинг бир ойлик қазосига ўтадими? 

Жавоб: Рамазон рўзасининг қазоси “Рамозон рўзасини қазосини ният қилдим” – деб, бир кун учун бир кун тутилади. Яъни ҳар бир қазо қилинган рамазон рўзаси учун бир кун рўза тутилади. Ушбу зикр қилинган кунларда рўза тутиш савобда бир ойлик рўзага баробар дейилади. Амалда ёки ададда бу қазо рўзалар ўрнига ўтмайди. 

7-савол: Менинг қазо рўзаларим бор. Неча йиллигини аниқ билмайман, шунинг учун душанба, пайшанба кунлари қазо рўзаларимни тутиб бермоқчиман. Қандай ният қилиш керак? 

Жавоб: Мазкур тутмаган қазо рўзаларни ният қиласиз. Агар қайси йил ва қайси куннинг рўзасини тутаётганингиз аниқ бўлса, шуни ният қиласиз. Агар қайси йил ва қайси куннинг рўзаси экани аниқ бўлмаса, аввалги рўза деб ният қиласиз. Шунда аввалгилари бирин-кетин соқит бўлиб бораверади.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Рамазон-2020
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Бу бир кам дунёдир!

12.05.2026   2750   1 min.
Бу бир кам дунёдир!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Роббимиз зикри бирла ғамларингни қув,
Дард
оловин устига қуйгин ундан сув.

Агар сиз ҳаётни юз фоиз мукаммал, ҳеч қандай камчиликсиз бўлиши керак деб ўйласангиз хато қиласиз. Бундай мукаммаллик фақатгина жаннатда бўлади. Бу дунёдаги ишлар эса нисбий бўлиб, сиз ўйлаган барча нарса ҳам рўёбга чиқавермайди. Унда сиз турли хил бало ва офатлар, мусибат ва имтиҳонларга дуч келишингиз мумкин. Шундай вақтларда борига шукр қиладиган, йўғига сабр қила оладиган инсон бўлишингиз керак.

Умуман касал бўлмай яшаш, ҳеч қандай қийинчиликсиз бой бўлиш, оғирлиги йўқ саодат, салбий жиҳатлари йўқ эр ва камчиликсиз дўст излаб хаёлингизда идеал оламни орзу қилманг. Барча нарсада камчилик бўлади. Бунинг ўрнига сиз салбий жиҳатлар ва хатолардан кўз юминг, ижобий ва гўзал нарсаларни кўра олинг. Доимо чиройли гумон қилинг, хатоларга узр топишга интилинг. Фақатгина Аллоҳга суянинг, инсонларга суянманг. Улар суянишингиз ва ишингизни топшириб қўйишингизга лойиқ эмас, чунки улар сизга ёрдам қила олишмайди. Аллоҳ таоло айтади:

﴿إِنَّهُمْ لَنْ يُغْنُوا عَنْكَ مِنَ اللَّهِ شَيْئًا﴾

“Албатта, улар сендан Аллоҳ томонидан бўладиган ҳеч бир нарсани арита олмаслар” (Жосия сураси, 19-оят).

Шуъла: Ҳаётингиз зулматли бўлишига асло рози бўлманг. Нур мавжуд, фақат сиз унинг порлаши учун ёқиш тугмасини босишингиз керак.

Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан

Мақолалар