Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
26 Феврал, 2026   |   9 Рамазон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:44
Қуёш
07:03
Пешин
12:41
Аср
16:26
Шом
18:14
Хуфтон
19:26
Bismillah
26 Феврал, 2026, 9 Рамазон, 1447

Копия Сахийлик – инсонийлик мезони

18.05.2019   3268   8 min.
Копия Сахийлик – инсонийлик  мезони

Аллоҳ таоло карами кенг, саховати чексиз Зотдир. У Ўз хазинасидан бандаларига ҳар қанча инъом қилса ҳам, ундан ҳеч бир нарса камайиб қолмайди. Роббимиз бандаларини доимо саховатли бўлишга буюради. Аллоҳ таоло муҳсин бандаларини севишини баён этиб, “Оли Имрон” сурасининг 134-оятида: “Улар (тақводорлар) фаровонлик ва танглик кунларида ҳам хайр-cадақа қиладиган, ғазабларини ютадиган, одамларни (хато ва камчиликларини) кечирадиганлардир. Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар”, деб марҳамат қилган бўлса, шу суранинг 92 – оятида шундай марҳамат қилади:  “Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача, сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар. Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир”.

Мўъмин банда саховат билан ризқим камайиб қолмайди, балки барака киради, деб ишонган ҳолда саховат кўрсатиши шарт. Чунки,   Аллоҳ таоло ва расули (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ваъдаларига ишонади. Аллоҳ таоло айтади: Бирор нарсани (муҳтожларга холис) эҳсон қилсангиз, бас, (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур. У ризқлантирувчиларнинг яхшисидир (Сабаъ сураси, 39 оят). Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) эса: “Жоним измида бўлган Зотга қасам, садақа билан мол камаймайди”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

Қолаверса, саховатнинг фазилати унинг кўп ёки озлиги билан белгиланмайди. Бой садақа қилган юз минг сўм пулнинг савоби билан камбағал берган минг сўм пулнинг савоби бир хил бўлиши мумкин. Чунки ҳар иккиси ўз имкониятидан келиб чиқяпти. Эҳсоннинг савоби ихлос-эътиқодга кўрадир.

Ҳазрат Жобир (разияллоҳу анҳу) айтадилар: “Бизга Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) хутба қилиб айтдилар: “Эй инсонлар! Ўлишингиздан олдин Аллоҳга тавба қилингиз, машғул бўлиб қолишдан олдин яхши амалларни қилишга шошилинглар, сизларнинг ва Раббиларингизнинг орасидаги нарсани (яъни, мағфиратни) у зотни кўп зикр қилиш билан ўзларингизга васила қилинглар! Ошкор ва пинҳон садақа беришни кўпайтиринглар, шунда сизлар ризқланасизлар, музаффар бўласизлар ва қувватланасизлар” (Ибн Можа ривояти).

Биз яхши билишимиз керакки, саховат дунёда ҳам барака келтиради, охиратда ҳам улкан ажрларга сабаб бўлади. Ойиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Сахийлик бир дарахтдир, унинг томирлари жаннатда, шохлари эса дунёга тушгандир. Ким унинг бир шохига осилса, уни жаннатга олиб боради. Бахиллик ҳам бир дарахтдир, унинг томирлари дўзахда ва шохлари дунёга тушган. Ким унинг бир шохига осилса, уни дўзахга олиб боради" дедилар.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: Бандалар тонг оттирган кун борки, унда икки фаришта тушиб, улардан бири: “Аллоҳим! Инфоқ қилувчига эваз бергин” дейди, иккинчиси: “Аллоҳим! Мумсикка (баднафс, бахилга) талафот бергин”, дейди”.

Саховатпеша бўлиш энг олий фазилатдир. Зеро, банданинг ризқига барака кириши, зиён-заҳматлардан омонда бўлиши ва ризқининг ҳамда умрининг зиёда бўлишида айнан унинг ўрни беқиёс. Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло: “Эй одам боласи, эҳсон қил! Шунда Мен ҳам сенга эҳсон қиламан”, – деб марҳамат қилган. Демак, инсон аслида еганинг эмас, берганинг сеники бўлади. Чунки, қиёмат кунида Аллоҳ садақа қилинган молнинг ажрини зиёда қилиб қайтаради. Бермай ўзи еган мол-мулкни эса ҳисоб китобини қилади”, деган ақидага кўра ҳаёт кечириши шарт.

Абу Зарр Ғифорий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан энг афзал садақа ҳақида сўрашди. Шунда у зот: “Муҳтожга махфий қилинганидир”, – дедилар ва қуйидаги оятни ўқидилар: “Садақаларингизни ошкора берсангиз, қандоқ ҳам яхши. Агар камбағалларга пинҳона берсангиз, ўзингиз учун янада яхшироқдир ва (У) гуноҳларингиздан ўтар. Аллоҳ қилаётган (барча) ишларингиздан хабардордир”(Бақара сураси, 271 - оят) (Имом Аҳмад ривояти).

Хайру саховат инсонлар ўртасида меҳр-муҳаббат ва оқибат ришталарини боғлашга, ўзаро ҳурмат ва тотувлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Қилинадиган хайру эҳсоннинг кўпи ва озида чегара йўқ. Бор борича, йўқ ҳолича эҳсон қилса, унинг ҳимматига яраша Яратган ўз хазинасидан ажр-мукофот ато этади. Зеро, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:  “Ўзларингиз ва ўликларингиз учун бир қултум сув билан бўлса ҳам садақа қилинглар! Агар бунга қодир бўлмасангиз, Аллоҳнинг Китобидан бўлган бир оят билан, яъни, уни ўқинглар, унга амал қилинглар, бошқаларга ҳам етказинглар. Бас, агар бунга ҳам қодир бўлмасангиз, раҳмат ва мағфират сўраб, Аллоҳга дуо қилинглар! Чунки У зот дуони ижобат қилишга ваъда бeргандир.

Сахийлик — ҳаммага маълумки, хасислик иллатининг акси, аниқроғи, кишининг ўзида борини бировдан аямаслигига асосланган фазилат. Зубайр ибн Аввом ривоят қилади: Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Эй Зубайр! Аллоҳ таоло айтади: “Инфоқ-эҳсон қилсанг, Мен ҳам сенга эҳсон қиламан; берсанг, Мен ҳам сенга бераман; қиссанг, Мен ҳам сенга қисаман. Тилантирсанг (ялинтирсанг), Мен ҳам сени тилантираман (ялинтираман). Ризқ эшиги етти осмондан Аршга қадар очиқдир, кечаю кундуз ёпилмайди”. Аллоҳ таоло ризқни ҳар бир кишига унинг нияти, берган ҳадяси, садақаси ва инфоқ-эҳсонига яраша туширади, ким кўпайтирса, кўпайтиради, ким озайтирса, озайтиради, ким қисса, қисади. Эй Зубайр, еб-ич ва бошқаларни ҳам едириб-ичир... Аллоҳ таоло инфоқни яхши кўради, хасисликни ёмон кўради. Саховат аниқ ишончдан, бахиллик гумон (ишончсизлик)­дан бўлади, ишончи комил (имонли) одам дўзахга кирмайди, гумон қилган эса жаннатга кирмайди. Эй Зубайр, Аллоҳ таоло сахийлик қилишни, бир бўлак хурмо билан бўлса ҳам саховат кўрсатишни яхши кўради...” (Ҳаким Термизий, “Наводирул усул”).

Тотувликнинг асосий омилларидан бири сахийликдир. Кимгадир мурувват кўрсатиш, шу йўл билан савоб олиш инсонийликнинг бош мезонларидандир. Ҳақиқий обрў учун бойлик асос бўлолмайди. Аксинча, инсоннинг мартабасини сахийлик улуғ қилади, охиратда юқори даражага етишига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло бундай инсонларнинг гуноҳларини кечиши ҳадисда айтилган. Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳадисларидан бирида айтилади: “Кимки бир мўминни шу дунёдаги бирор ташвишидан халос этса, Аллоҳ уни охиратдаги ташвишларидан халос этади. Кимки бечораҳол кишига ёрдам берса, Аллоҳ унга икки дунёда ёрдам беради. Кимки бир мўминнинг айбини ёпса, Аллоҳ унинг икки дунёдаги айбларини ёпади. Банда бировнинг ёрдами учун ҳаракат қилар экан, Аллоҳ ҳам унинг ёрдамида бўлаверади” (Имом Муслим ва Имом Аҳмад ривояти).

Шу ўринда саховат кўрсатишнинг шу дунёдаги фойдалари ниҳоятда кўп бўлишлиги билан бирга биз улардан баъзиларини мисол тариқасида келтириб ўтамиз: Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:  “Албатта, садақа Парвардигорнинг ғазабини ўчиради ва ёмон ўлимни даф қилади”, − деганлар.

Ибн Абу Жаъд: “Садақа етмишта ёмонлик эшикларини ёпади. Ошкор садақадан кўра махфийси яна етмиш марта зиёдадир”, – деган.

Одатда сахийликни кўпроқ бадавлат одамлардан кутамиз. Аслида, ҳар биримизнинг қурбимиз етганича, имконият даражасида саховат кўрсатишимиз - бизнинг инсоний бурчимиздир. 

 

Хожа    Бухорий    ўрта   махсус   ислом   билим  юрти

маънавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари 

Қораев Муҳаммади

 

 

 

 

 

Рамазон-2018
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Расулуллоҳ ﷺнинг Рамазонда Аллоҳ билан бирга бўлган ҳолатлари

03.03.2025   14314   4 min.
Расулуллоҳ ﷺнинг Рамазонда Аллоҳ билан бирга бўлган ҳолатлари

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳидоят элчиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга мавжудотлар ичида Аллоҳни энг кўп билувчи ва Унинг буйруқларини бажо келтиришда энг пешқадами бўлганлар. У зот Аллоҳга бандалик қилиш поғонасидан шу даражада юқори кўтарилганки, бу мақомнинг энг чўққисигача етиб, ҳеч қайси мавжудот етиб бора олмаган мартаба ва манзилларни забт этганлар. Яъни, Аллоҳ таоло у зотнинг олдингию кейинги гуноҳларини мағфират қилган.

Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шу даражада бўлишларига қарамасдан тунларини ибодат билан ўтказар, ҳатто намозда кўп тик турганларидан оёқлари шишиб кетар эди. Оиша розияллоҳу анҳо бу ҳолатдан ажабланар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса мулойимлик билан: «Шукр қилувчи банда бўлишни ёқтираман-да!» дер эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йиғиларида қўрқинч, дуоларида эса мусибатли инсонларнинг ўтинчлари каби эди.

Абдуллоҳ ибн аш Шахир розияллоҳу анҳу бу ҳақда бундай деган: «Мен Расулуллоҳнинг намоз ўқиётганларини кўрдим. У зотнинг кўкрагидан тегирмон тошининг шовқинига ўхшаш йиғи шовқини эшитилиб турар эди» (Имом Абу Довуд ривояти, 904-ҳадис. Бу саҳиҳ ҳадис).

Мўминлар онаси Оиша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг ҳайратланарли ҳолатлари ҳақида бундай ҳикоя қилади: «Тунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Оиша, менга рухсат беринг, Роббимга ибодат қиламан», дедилар. Мен: «Аллоҳга қасамки, мен сизга яқин (сиз билан бирга) бўлишни ёқтираман ва сизни хурсанд қилган нарсани яхши кўраман», дедим. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўринларидан туриб, таҳорат олдилар, сўнг намоз ўқишга киришдилар. У зот тўхтамай йиғладилар, ҳатто этаклари ҳўл бўлди. Сўнг яна тўхтовсиз йиғладилар, ҳатто соқоллари нам бўлди. Сўнг яна тўхтовсиз йиғладилар, ҳатто ер ҳам нам бўлиб кетди. Шунда Билол намозга чақириш учун келди. Билол Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йиғлаб турганларини кўриб: «Ё Расулуллоҳ! Нима учун йиғлаяпсиз? Ахир, Аллоҳ Сизнинг олдингию кейинги гуноҳларингизни мағфират қилган-ку!», деди. Шунда Расулуллоҳ: «Шукр қилувчи банда бўлмайми?! Зеро, бу кеча менга бир оят нозил бўлди. Бу оятни ўқиб, уни тафаккур қилмаганга вайл бўлсин!», дедилар ва оятни ўқидилар: Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: «Албатта, осмонлару ернинг яратилишида ҳамда кеча ва кундузнинг алмашиб туришида ақл эгалари учун оят(белги)лар бор» (Оли Имрон сураси, 190-оят).

Ибн Ҳиббон ривояти, исноди Имом Муслим шартига кўра.

Эй тавфиқли дўстим! Бу Аллоҳнинг амрини бажо келтиришнинг энг комил кўринишидир. Одам фарзандининг саййиди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Иллиййинда эканликларини аниқ билсалар-да, бор кучлари ва токати билан Аллоҳнинг розилиги учун ҳаракат қилар, шунчалар умидсиз бўлар, муҳаббат, хавф ва ражони шу қадар гўзал тарзда жамлар эдилар!

Биз-чи?! Биз ибодатларга бепарво бўлиб, кўплаб гуноҳларни содир этамиз ёки шу гуноҳлар атрофида айланиб юрамиз, Аллоҳга бўлган тавозелик ва итоатимиз кам ва заиф ҳолда ҳаёт кечирамиз. Ҳатто ғафлат зулматига ғарқ бўлиб ҳам, Аллоҳнинг мағфиратини умид қиламиз, ўзимизни Унинг макридан омонда деб ўйлаймиз. Ҳатто айрим ҳолатларда шунчалик хатокорлигимизни унутиб, Аллоҳнинг ғазабидан қўрқмаймиз, балки ўзимизни худди жаннатий одамдек тутамиз!

Бизнинг бу ҳолатимиз билан: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳолатлари орасида тупроқ билан сурайё юлдузича - ер билан осмонча фарқ бор.

Ё Аллоҳ! Ё Маннон! Ё Карим! Бизларга лутф қил! Бизларни афв эт!

Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Рамазондаги Аллоҳ билан бирга бўлиш ҳолатлари барча мусулмонларга абадий ўрнак бўла оладиган даражада мукаммал бўлган.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазонда»
китоби асосида тайёрланди

Рамазон