Рамазон ойи келиши сабабли жаннат эшиклари очилиб, дўзах эшиклари беркитилар экан. Шайтонлар кишанбанд қилиниб, Аллоҳ таолонинг раҳмат фаришталари ер юзига тушар экан. Рамазон ойининг бошқа фазилатлари ҳам кўп бўлиб, улардан яна бири рўза ўз соҳибини дўзах ўтидан асрашлигидир. Инсон рўза тутиш билан гуноҳ ишлардан ўзини сақлашга ҳаракат қилади, шу жумладан рўза инсондаги шаҳвоний ҳирсларни бўғиб туради. Рўза бизларга бу дунёда гуноҳ ишлардан сақлагувчи бир қўрғон бўлса, охиратда дўзахдан тўсиб тўсиб турувчи бир қўрғон кабидир. Шунинг учун Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам рўза ибодатини дўзахдан асровчи восита дедилар.
Рўза тутмоқлик фақат еб ичиш ва шаҳвоний ҳирсни жиловлаш каби моддийликдан иборат нарсалардан сақланиш эмас. Балки, рўза фарз қилинишининг асосий ҳикмати бандаларда тақво ҳосил қилиш, мусулмонларнинг маънавий-руҳий дунёсини шакллантириш эканлигини Аллоҳ таоло “Бақара” сурасининг 183-оятида маълум қилган. Инсоннинг руҳий ва маънавий дунёсини шакллантириб, унинг хулқини олийларга кўтарадиган ишлардан бири бемаъни сўзлар, ҳақорат қилиш, масхаралаш, беҳуда гап сотиш, ғийбат, бўҳтонлардан ўзини тийишдир. Рўза тутган киши эса ўзини мана шундай қабиҳ ишлардан сақлаш кераклигини Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам таъкидлаганлар. Тилни бундай беъмани нарсалардан сақламаслик рўзанинг асл моҳиятига путур етказиб, уни савобидан маҳрум бўлишга олиб келади.
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ҳадисларида рўза ва унинг фазилатлари, рўзадорнинг зиммасидаги бурчлари ва унга бўлган ҳисобсиз ажр-савобларни бирма-бир баён қилдилар. Дарҳақиқат, муборак Рамазон ойи келиши билан бандаларга мана шундай фазилатлар, улкан савобу ажрлар ёғилади.
Рамазон ойларнинг саййиди, хожасидир. Унинг бошқа ойлардан фазилатли жиҳатлари бор. Улар қуйидагилар:
1) Рамазонда Қуръони карим нозил бўлди.
У Рамазонда, хусусан, Лайлат ул-қадрда Лавҳ ул-маҳфуздан Байт ул-иззатга бир дафъада эндирилди. Кейинчалик Қуръони карим Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи васалламга 23 йил давомида бўлиб-бўлиб нозил этилди. Аллоҳ таоло деган:
شهر رمضان الّذي أنزل فيه القرآن هدًى للنّاس وبيّناتٍ من الهدى والفرقان
“Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир”. (Бақара сураси, 185-оят).
2) Рамазон ойининг рўзаси Исломнинг бешта арконлардан биридир.
Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Ҳазрати Ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда бундай дейилади: “Ислом бешта устун тепасига бино бўлгандир: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига, Муҳаммад Аллоҳнинг элчиси эканлигига гувоҳлик бериш; намозни барпо қилиш; закотни бериш; Байтуллоҳни тавоф қилиш; Рамазон рўзасини тутишдир”.
3) Рамазон ойида қилинган садақалар, хайр-эҳсонлар бошқа ойлардан кўра афзалдир.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари табиатан сахий эдилар, Рамазон кириши билан эса саховатлари, яхшиликлари оммавий, узлуксиз бўлиб кетар эди. Рамазон ойида қилинган яхшиликлар бошқа ойлардагидан етмиш баробар ортиқ бўлиши ҳақидаги ҳадиси шариф (Байҳақий ривоятида) ворид бўлган. Иброҳим Нахаъийдек тобиъин: “Рамазонда бир марта тасбиҳ айтиш бошқа ойларда минг марта айтишдан яхшироқдир”, деган эканлар.
4) Рамазонда минг ойдан яхшироқ бўлган бир кеча бор.
У Лайлат ул-қадр, яъни Қадр кечасидир. Мазкур кечанинг минг ойдан яхшироқ эканлигини Аллоҳ таолонинг ўзи ҳам, Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳам таъкидлаганлар.
5) Рамазонда бошқа ойлардан фарқли ўлароқ кечалари намоз билан қоим бўлиш суннат қилинган.
Таровеҳ намозлари масжидларда омматан ўқилиши, жамоат бўлиб дуо қилишлар файзу футуҳини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди!
6) Рамазоннинг охирги ўн кунлигида масжидларда эътикоф ўтиришлар суннати муаккададир.
Жаноби Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам, аҳли аёллари ва асҳоблари билан эътикоф ўтиришни канда қилмаганлар. Ҳатто ул зоти шариф умрларининг охирги йилида йигирма кун эътикоф ўтирганлари нақл қилинган. Эътикоф эса ибодатларга шўнғиш, Аллоҳга астойдил бандалик қилиш демакдир!
7) Рамазон Қуръон ойидир.
Қуръони каримни ўқиш ва ўрганиш ойидир. Қуръон ўқишни кўпайтириш, Қуръон дарсларини зиёда қилиш бу ойда мустаҳабдир. Зотан, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Жаброил алайҳиссалом билан Қуръон дарсларини Рамазони шарифда ҳамманинг кўз ўнгида қилар, кўпайтирар эдилар. Ўтган салафи солиҳийн, ота-боболаримиз ҳатто мадраса дарсларини, ўзларининг илмий ишларини Рамазонда тўхтатиб, фақатгина Қуръони карим билан шуғулланганлари маълум.
8) Рамазонда бошқа ойларда бўлмайдиган ифторликлар бор.
Бу хурсандчилик, каттаю кичикнинг дили шод бўладиган бир тадбирдир. “Кимки бир рўзадорни ифтор қилдириб, қорнини тўйдирса, унинг савобидан камайтирилмасдан унга ҳам берилади”, деган маънодаги ҳадиси шариф ворид бўлган.
9) Рамазонда қилинган умра ибодати бошқа вақтда қилинганидан савоби ортиқдир.
Рамазонда қилинган умра фарз ҳаж амали билан тенглиги айтилган ҳадис ҳам бор.
Сафватулло Қаюмов,
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси
Асрлар оша бизгача етиб келган ҳар бир қўлёзма ва тарихий буюм ўз даврининг билими, санъати ва хотирасини сақлайди. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази мутахассислари ана шу меросни илмий асосда ўрганиш, муҳофаза қилиш ва келажак авлодларга етказиш устида иш олиб бормоқда. Ушбу материалда реставрация ва консервация ишлари қандай олиб борилаётгани, жумладан, Ҳазрати Усмон мусҳафи қандай муҳофаза қилинаётгани ҳақида сўз боради, хабар бермоқда iccu.uz.
Тарихий мерос намунасини асраш — фақат ёдгорликни сақлаб қолиш эмас, балки унинг тарихий ва илмий қийматини кейинги авлодларга етказиш демакдир. Айниқса, вақт ва ташқи муҳит таъсирига сезгир бўлган нодир қўлёзмалар, пергаментга битилган манбалар, сопол, шиша ва металл буюмлар билан ишлаш чуқур билим, аниқ таҳлил ва юксак масъулиятни талаб этади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг реставрация-консервация лабораториясида тарихий-маданий мерос намуналарини илмий ўрганиш, уларнинг физик-техник ҳолатини баҳолаш, узоқ муддатли сақланишини таъминлаш ҳамда зарур ҳолларда илмий реставрация ва консервация ишларини амалга ошириш бўйича тизимли фаолият йўлга қўйилган.
Марказ коллекцияси материал ва тарихий хусусиятлари жиҳатидан ранг-баранг. Унда керамика, шиша ва металлдан ишланган археологик ҳамда этнографик буюмлар билан бир қаторда қўлёзма китоблар, тарихий ҳужжатлар, қоғоз, пергамент ва бошқа органик материаллар асосидаги нодир манбалар ҳам мавжуд. Бир турдаги материал учун мақбул бўлган муҳит бошқа ашё учун мос келмаслиги мумкин, шу боис ҳар бир экспонатнинг материали, тузилиши ва сақланиш ҳолати алоҳида ўрганилади.
Ҳар бир нодир қўлёзма, тарихий мато, керамика ёки металл буюмнинг нодирлиги — тарихий ва моддий асллигида, беқиёслиги эса йўқолган тақдирда айнан ўша ҳолича қайта яратиб бўлмаслигидадир.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Музей ва экспонатлар илмий бўлими катта илмий ходими Гулноза Матчанова бундай ашёларни асраш заруратини шундай изоҳлайди:
«Бугунгача етиб келган қўлёзмалар, тарихий матолар, либослар, гиламлар, керамика буюмлари, олтин-кумуш ашёлар, тангалар ва бошқа мерос намуналари асрлар давомида турли табиий, ижтимоий ва антропоген таъсирларга қарамай сақланиб келган. Тарихий мероснинг бизгача етиб келган қисми жуда чекланган. Бу ҳолат ҳар бир асл ашёнинг қанчалик нодир ва муҳофазага муҳтож эканини кўрсатади».
Шу маънода замонавий консервация ва реставрация оддий таъмирлаш жараёни эмас. У материалшунослик, кимё, биология, тарих, санъатшунослик ва музейшунослик каби соҳалар билан узвий боғлиқ илмий-амалий фаолиятдир.
Реставрация ва консервация ишлари, энг аввало, ашёни ҳар томонлама ўрганишдан бошланади. Экспонатнинг мавжуд ҳолати ҳужжатлаштирилади, визуал кўрикдан ўтказилади, зарур ҳолларда микроскопик ва чуқурлаштирилган техник таҳлиллар амалга оширилади. Олинган маълумотлар асосида уни сақлаш, консервация қилиш ёки реставрациядан ўтказиш бўйича кейинги ишлар белгиланади.
Мутахассислар бунда фақат кўзга кўриниб турган шикастни эмас, балки унга сабаб бўлаётган жараёнларни ҳам ўрганади: металлдаги коррозия, қоғознинг мўртлашуви ёки пергаментдаги деформация турли омиллар таъсирида юзага келади ва ҳар бир ҳолат ўзига мос ёндашувни талаб қилади. Гулноза Матчанованинг таъкидлашича, илмий ҳужжатлаштириш ҳам муҳим босқичлардан бири: экспонатнинг дастлабки ҳолати, амалга оширилган ишлар ва қўлланган усулларнинг қайд этилиши келгусида унинг ҳолатини кузатиш ва илмий асосланган қарорлар қабул қилиш имконини беради.
«Ҳар бир экспонат билан ишлашдан олдин унинг материали, тузилиши ва сақланиш ҳолати чуқур ўрганилади. Чунки турли материаллар — металл, керамика, ёғоч, текстиль ёки қўлёзмалар — ўзига хос хусусиятларга эга бўлиб, улар билан ишлашда алоҳида ёндашув талаб этилади. Реставрациянинг мақсади буюмни янгилаш эмас, балки унинг тарихийлиги, асллиги ва илмий қийматини имкон қадар сақлаб қолишдир» — дейди Гулноза Матчанова.
Ҳарорат, нисбий намлик, ёруғлик миқдори, чанг, биологик зараркунандалар, шунингдек, ашёни кўчириш ва ундан фойдаланиш тартиби Музей ашёсининг узоқ муддат сақланиши, унинг ҳолатига таъсир кўрсатади. Шу сабабли превентив консервация — яъни ашёга зарар етказиши мумкин бўлган омилларни олдиндан назорат қилиш ва уларнинг таъсирини камайтириш муҳим ўрин тутади.
Марказ реставратори Шухратилло Пўлатов бу борадаги превентив чораларнинг аҳамияти катта эканини таъкидлайди:
«Реставрация амалиёти кўп ҳолларда шикастланган ёки функционал ва эстетик хусусиятларини қисман йўқотган музей ашёсини тиклаш билан боғланади. Бироқ замонавий консервация амалиётида асосий устувор йўналишлардан бири — превентив консервациядир. Унинг вазифаси ашёда қайтариб бўлмайдиган ўзгаришлар бошланишидан олдин хавф омилларини аниқлаш ва назорат қилиш, ҳарорат, нисбий намлик ва ёруғлик кўрсаткичларини меъёрда ушлаш, шунингдек, сақлаш, намойиш этиш ва фойдаланиш жараёнларида экспонатга тушадиган таъсирни минимал даражага туширишдан иборат».
Агар ашёда емирилиш бошланган бўлса, унинг ҳолатини барқарорлаштиришга қаратилган консервация тадбирлари амалга оширилади. Масалан, қоғоз ва целлюлоза асосидаги манбаларда биологик зарарланиш, кислота-ишқор мувозанатининг бузилиши ёки материалнинг заифлашуви, металл буюмларда эса коррозия жараёнлари кузатилиши мумкин. Бундай ҳолатларда асосий вазифа зарарланиш жараёнининг ривожланишини тўхтатиш ёки имкон қадар секинлаштириш ва ашёнинг ҳолатини барқарорлаштиришдан иборат.
Реставрация зарур бўлганда ҳам тарихий ёдгорликнинг асл хусусиятлари ва яхлитлигини сақлаш асосий мезон бўлиб қолади. Қадимий буюмда вақт давомида пайдо бўлган ҳар бир из бартараф этилиши лозим бўлган нуқсон эмас: айрим ўзгаришлар ашёнинг қандай яратилгани, ундан қай тарзда фойдаланилгани ёки у қандай тарихий даврларни бошдан кечиргани ҳақида муҳим маълумот беради. Шу боис реставраторнинг вазифаси ашёнинг тарихий қиёфасини ўзгартириш эмас, балки унинг сақланиб қолишига хавф туғдираётган омилларни бартараф этишдир.
«Реставрацияда энг муҳим тамойиллардан бири — тарихий ёдгорликнинг ўзига хослигини сақлаб қолиш ва унга имкон қадар кам аралашиш. Ҳар бир амал чуқур ўрганилган ва илмий жиҳатдан асосланган бўлиши керак»,— дейди Шухратилло Пўлатов.
Агар қўлланаётган усул кутилган натижани бермаса ёки ашё учун қўшимча хавф туғдириши аниқланса, муолажа тўхтатилади. Экспонат барқарорлаштирилиб, янада хавфсиз усул ёки янги технологик ечим пайдо бўлгунига қадар тегишли шароитда сақланади. Бундай эҳтиёткорлик бежиз эмас: нотўғри аралашув айрим ҳолларда қайтариб бўлмайдиган ўзгаришларга олиб келиши мумкин.
Консерватор-реставраторларнинг вазифаси лабораториядаги ишлар билан чекланмайди. Марказ мутахассислари экспозицияда намойиш этилаётган ашёларнинг сақланиш ҳолатини ҳам мунтазам кузатиб боради. Агар шакл ўзгариши, материалнинг заифлашуви, рангдаги ўзгариш ёки бошқа хавф белгиси аниқланса, экспонатнинг ҳолати қайта ўрганилади, зарур ҳолларда у вақтинча экспозициядан олиниб, тегишли консервация чоралари кўрилади.
Айниқса, қадимий китоб ва қўлёзмаларни намойиш этишда бир қатор талаблар ҳисобга олинади. Ташрифчи витринада очиқ турган қўлёзмани кўради, мутахассис эса унинг очилиш бурчаги, варақларга тушадиган босим, муқова ва чарм қисмларига тушадиган юклама, ёруғлик миқдори ҳамда микроиқлим кўрсаткичларини назорат қилади. Қўлёзмани нотўғри ҳолатда намойиш этиш вақт ўтиши билан унинг тикишлари, муқоваси ёки варақларига зарар етказиши мумкин, шу сабабли бундай ашёлар тузилиши ва ҳолатига мос махсус таянч мосламаларида намойиш этилади.
Марказда олиб борилаётган консервация ишларининг нақадар катта масъулият талаб қилишини Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу номи билан боғлиқ қадимий Қуръон қўлёзмаси — Ҳазрати Усмон мусҳафи мисолида ҳам кўриш мумкин. Ушбу нодир ёдгорликнинг тарихий ва маънавий қиймати беқиёс бўлиши билан бирга, унинг моддий ҳолатини асраш ҳам алоҳида профессионал ёндашувни талаб қилади.
Мусҳаф пергаментга битилган. Пергамент гигроскопик материал, яъни ҳаводаги намликни сингдириш ва ташқи муҳит намлигидаги ўзгаришларга сезгирлик хусусиятига эга. Шухратилло Пўлатов буни шундай тушунтиради:
«Пергамент ташқи муҳитдаги намлик ўзгаришларига жуда сезгир. Ҳарорат ва намлик кўрсаткичларининг кескин ўзгариши унинг шакли ва ҳолатига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин».
Шу боис мусҳафнинг сақланиш ҳолати Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонаси ходимлари ҳамда Ислом цивилизацияси маркази реставраторлари томонидан мунтазам назорат қилиб борилмоқда. Бунда ҳарорат ва нисбий намликнинг барқарорлиги, шунингдек, қўлёзмага тушадиган ёруғлик миқдорига алоҳида эътибор қаратилади.
Нодир қўлёзмани келажак авлодларга етказиш мақсадида халқаро мутахассислар билан ҳамкорликда ҳам ишлар амалга оширилмоқда. Буюк Британия, Туркия ва Франциядан жалб этилган мутахассислар иштирокида мусҳафнинг ҳар бир варағи синчиклаб кўздан кечирилиб, унинг сақланиш ҳолати батафсил ҳужжатлаштирилган. Аниқланган нуқсонлар, деформациялар ва бошқа ўзгаришлар ёзма қайдлар ҳамда фотосуратлар орқали қайд этилган.
Бу маълумотлар кейинги консервация ва реставрация ишларини илмий асосда режалаштириш учун муҳим манба бўлиб хизмат қилади: қайси ҳолатда бевосита консервация зарурлиги, қаерда реставрацияга эҳтиёж борлиги ёки қайси қисмни барқарор шароитда кузатишда давом этиш мақсадга мувофиқлиги айнан шундай тадқиқотлар асосида белгиланади.
Тарихий ёдгорликнинг қиймати фақат унинг ташқи кўриниши билан белгиланмайди. Қўлёзманинг ҳар бир варағи, сиёҳ қатлами, пергаментнинг тузилиши ва асрлар давомида унда юз берган ўзгаришлар ҳам илмий маълумот манбаидир. Шу маънода ёдгорликни асраш — унинг моддий қиёфаси билан бирга ўзида сақлаб келаётган тарихий маълумотни ҳам муҳофаза қилиш демакдир.
Ўзбекистон музейларида реставрация ва консервация ишлари аввалдан мавжуд бўлиб, бу соҳада муайян тажриба ва амалий мактаб шаклланган. Гулноза Матчанованинг таъкидлашича, Марказнинг фарқли жиҳати — турли материаллар бўйича ихтисослашган, хорижда малака оширган ва илмий-тадқиқот тажрибасига эга мутахассисларни бир профессионал муҳитда жамлаётганида. Қўлёзма ва нодир асарлар, тўқимачилик, металл, керамика ва бошқа ашёлар бўйича мутахассисларнинг бир тизимда ишлаши ҳар бир объект учун унинг материал таркиби, физик-кимёвий ҳолати, бузилиш сабаблари ва тарихий хусусиятларига мос индивидуал стратегия ишлаб чиқиш имконини беради.
«Марказни Ўзбекистонда реставрация соҳаси энди бошланаётган жой сифатида баҳолаш тўғри эмас. Бу ерда аввалдан мавжуд тажриба ва анъаналар замонавий халқаро консервация амалиёти, илмий методология ва ихтисослашган кадрлар салоҳияти билан бир тизимга бирлаштирилмоқда. Бизда қўлёзма, текстиль, металл ва керамика каби йўналишлар бўйича мутахассисларнинг бир профессионал муҳитда ишлаши комплекс ёндашувни шакллантиряпти. Бу нафақат алоҳида экспонатни реставрация қилиш, балки фонд ва экспозиция ашёларининг ҳолатини мониторинг қилиш, профилактик консервация чораларини белгилаш ва узоқ муддатли сақлаш стратегиясини ишлаб чиқиш имконини беради»,— деди Гулноза Матчанова.
Коллекция янги ашёлар билан бойиб боргани сари уларни ўрганиш, муҳофаза қилиш ва тўғри намойиш этишга хизмат қиладиган профессионал инфратузилманинг аҳамияти ҳам ортиб боради. Лабораторияни замонавий аналитик ускуналар билан жиҳозлаш, ашёларнинг таркиби ва сақланиш ҳолатини юқори аниқликда ўрганиш имкониятларини кенгайтириш шу йўналишдаги муҳим вазифалардан ҳисобланади. Шунингдек, консервация амалиётида экологик хавфсиз материаллардан фойдаланиш ва халқаро тажрибани маҳаллий амалиёт билан уйғунлаштиришга эътибор қаратилмоқда.
Замонавий технологиялар билан бир қаторда малакали кадрлар тайёрлаш ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Марказда шаклланаётган ёш реставраторлар жамоасининг касбий билим ва амалий кўникмаларини ривожлантириш, уларнинг халқаро тажрибани ўрганиши ва замонавий усулларни амалиётда қўллай олишига шароит яратиш муҳим вазифалардан бири бўлиб қолмоқда. Шухратилло Пўлатов таъкидлаганидек, Марказ коллекциясининг ўзига хослиги ва келгусида янада бойиб бориши реставрация-консервация хизматининг масъулиятини оширади, бугун шаклланаётган мутахассислар жамоаси эса келажакда янада кенг ва ранг-баранг коллекция билан илмий асосда ишлаш салоҳиятига эга профессионал мактабни шакллантиришга хизмат қилади.
Музей залида ташрифчи тарихий мероснинг бугунги қиёфасини кўради. Реставрация-консервация лабораториясида эса шу мероснинг эртанги куни учун илмий асос яратилади. Бу ерда олиб борилаётган тадқиқот, кузатув ва консервация ишлари асрлар давомида бизгача етиб келган тарихий меросни унинг асл хусусиятлари ва илмий қийматини сақлаган ҳолда келажак авлодларга етказишга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати