Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Октябр, 2026   |   3 Жумадул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:15
Қуёш
06:33
Пешин
12:09
Аср
16:00
Шом
17:48
Хуфтон
19:03
Bismillah
14 Октябр, 2026, 3 Жумадул аввал, 1448

Менинг билганимни билганингизда эди...

11.07.2023   884   4 min.
Менинг билганимни билганингизда эди...

Абу Зар розияллоҳу анҳу­дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ал­батта, мен сиз кўрмаган нарсаларни кўраман ва сиз эшитмаган нарсалар­ни эшитаман. Осмон ингради ва унинг инграши ҳақ эди. Унда тўрт панжа сиғадиган ҳар бир жойда битта фаришта Аллоҳга сажда қилиб пешонасини қўйган. Аллоҳга қасам, агар менинг билганимни билганингизда эди, албатта, оз кулиб, кўп йиғлаган бўлардингиз. Тўшакларда аёллар билан ишрат қилмаган бўлардингиз. Дашту саҳроларга чиқиб, Аллоҳга зорланган бўлардингиз! Қани эди, кесилиб ташланадиган дарахт бўлсам”, дедилар» (Имом Термизий ривояти). 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шу ва бошқа бир неча ҳа­дисларида кўпчилик инсонлар кўра олмайдиган нарсаларни кўриб, аксарият одамлар эшита олмайдиган нарсаларни эшитишларини таъкидлаганлар. Набий алайҳиссаломга берилган бу хислат Аллоҳнинг у зотга улуғ инъомидир. Ана шу инъом туфайли Расулуллоҳ кўплаб инсонларнинг иймон билан шарафланишига сабабчи бўлганлар.

Мазкур ҳадис тўлиғича тақво, зуҳд, вараъ ҳақидадир. Уни ўқиб, англаб, Набий алайҳиссалом биз эшита олмаган, кўра олмаган, билмаган нарсаларимизни билишини англаш орқали у зотга меҳримиз, муҳаббатимиз янада ошиб бораверади. Тақводор ва зоҳид бўлиш учун инсон ўта ҳассос, кўпчилик ҳис қилмайдиган нарсаларни ҳис қилиши керак.

Шу билан бирга, “Ҳақиқатан, Биз Қуръонни зикр (эслатма) учун осон қилиб қўйдик. Бас, эслатма олувчи борми?!” (Қамар сураси, 17-, 22-, 32- ва 40-оятлар) оятига мувофиқ Қуръони каримни тадаббур қилишимиз, Рабби­миз яратган махлуқотларни тафаккур қили­шимиз лозим. Ана шу йўлни тутган баъзи кишилар ўз ибодатлари ва саъй-ҳаракатлари билан муайян даражага эришиши мумкин.

Набий алайҳиссалом: “Албатта, мен сиз кўрмаган нарсаларни кўраман ва сиз эшитмаган нарсаларни эшита­ман”, деб ўша нарсалар нима эканини ҳам баён қилмоқдалар: “Осмон ингради ва унинг инграши ҳақ эди”. Осмон худди уловга оғир юк юкланганда, уни кўтаришда қийналиб кучаниб овоз чиқаргандек овоз чиқарди. Осмоннинг инграшига сабаб шуки, “Унга фаришталар тўрт панжа сиғадиган жой ҳам қолдирмай тўлдилар. Ҳаммалари Аллоҳга сажда қилиб пешоналарини қўйдилар”. Шу издиҳом ва оғирлик осмоннинг инграшига сабаб бўлди.

“...Аллоҳга қасам, агар менинг билганимни билганингизда эди, албатта, оз кулиб, кўп йиғлар эдингиз...” Биз Ислом уммати кўп нарсаларни билмаганимиз учун кўп кулиб, оз йиғлаймиз. Аллоҳ таоло Қуръони каримда огоҳлантиради: “Бас, қилган касблари туфайли оз кулиб, кўп йиғласинлар” (Тавба сураси, 82-оят). 

“Тўшакларда аёллар билан ишрат қилмаган бўлар эдингиз”. Чунки бил­маган нарсаларимизнинг даҳшати бизни бошқача қилиб қўяди. Шу боис ҳою ҳавасни йиғиштириб қўйиб, ҳар бир нарсани меъёрида бажариш лозим. Шундагина “...дашту саҳроларга чиқиб Аллоҳга зорланган бўлардингиз...” сўзига риоя қилиб, Аллоҳ таолодан ўзга паноҳ йўқлигини англаб етамиз.

Фатҳ сурасининг 2-: “(Бу фатҳ) Сиз учун Аллоҳнинг олдинги ва кейинги гуноҳларингизни кечиши... учундир” оятига мувофиқ олдинги ва кейинги гуноҳлари афв этилган бўлса-да, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қани эди, кесилиб ташланадиган дарахт бўлсам”, деб орзу қилганлар.

Бундан Пайғамбаримиз алай­ҳиссалом кўрган ва билган нарсалар жуда даҳ­шатли экани аёнлашади. Биз буни унутмаслигимиз лозим. Чунки мўмин киши хавф (қўрқув) ва ражо (умид) орасида бўлиши керак. Шун­да Аллоҳ таоло ният ва ихлосимизга яраша мақом ва даражаларимизни кўтаради, иншоаллоҳ.

Манбалар асосида

Толибжон НИЗОМ тайёрлади.

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Болалар хавфсизлиги кафолатланди

14.10.2026   9301   1 min.
Болалар хавфсизлиги кафолатланди

Ёш болага нисбатан зўравонликка асло тоқат қилиб бўлмайди, жазо эса муқаррар ва муросасиз бўлиши шарт. Ўзбекистон Президенти бирданига 5 та кодекс ва 6 та қонунга ўзгартиришлар киритишни назарда тутувчи қонунни имзолади.

Болага зулм қилган, унга жисмоний ёки руҳий азоб берган ҳар бир кимса — у хоҳ таълим муассасаси ходими бўлсин, хоҳ яқин қариндоши — жавобгарликка тортилади. Боланинг ўлимига сабаб бўлган жиноятлар учун берилган жазо асло енгиллаштирилмайди.

Бундан буён 14 ёшга тўлмаган болага нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахсларга 25 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод қамоқ жазоси тайинланади. Бундай оғир жиноятлар бўйича жавобгарликка тортиш муддатида чеклов бўлмайди.

Ёш боланинг хавфсизлиги шарт-шароит ёки вазиятларга боғлиқ бўлиши мумкин эмас. Болалар ҳаёти, соғлиғи, ор-номусига тажовуз қилган ҳар қандай кимса қатъий жазодан қочиб қутула олмаслигини билиши шарт.

https://t.me/SShMirziyoyeva/4418 

Ўзбекистон янгиликлари