Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак равзаларини зиёрат қилаётган кишининг димоғига жуда ёқимли ҳид урилди. У зиёратдан чиқиб дўконга борди ва атторга: «Менга муборак равзада димоғимга урилган атирдан беринг», деди. Сотувчи ҳайрон бўлиб, харидорга қаради ва: «Сиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши танимас экансиз. Димоғингизга урилган ҳид бирор дўконда сотиладиган атир ҳиди эмас. У ҳид Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрларидан чиқади. Аллоҳ таоло ўша ҳидни оламларга раҳмат қилиб юборган Пайғамбарининг муборак баданидан тараладиган қилиб қўйган. Ҳаётлик чоғларида қайси кўчадан ўтсалар, ўша кўчада ҳидлари қолар, кимнинг бошини силасалар, ўша кишининг бошидан анча вақтгача ўша ифор таралиб турарди. Мана, вафотларига неча асрлар бўлганига қарамай, ўша ҳид қабрларидан таралиб турибди» деб жавоб берди.
Аллоҳумма солли ва саллим ва баарик ала Муҳаммад ва ала олиҳи ва асҳабиҳи ажмаъийн.
Нозимжон Иминжонов тайёрлади.
ЎМИ матбуот хизмати
1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан «Вақф» хайрия жамоат фонди Хоразм вилоят филиали томонидан «Имом Фахриддин ар-Розий» ўрта махсус ислом таълим муассасасида байрам тадбири ташкил этилди.
Тадбирда таълим муассасасида фаолият юритаётган устоз ва мураббийларнинг илм-маърифат йўлидаги шарафли меҳнати эътироф этилиб, уларга самимий тилаклар билдирилди. Байрам муносабати билан 8 нафар устозга 5 миллион сўмдан, жами 40 миллион сўм миқдорида пул мукофотлари топширилди.
Шунингдек, бошқа ўқитувчи ва мураббийларга озиқ-овқат маҳсулотларидан ташкил топган жамланмалар ҳамда маиший техника воситалари байрам совғаси сифатида тақдим этилди.
Байрам тадбири давомида устоз ва мураббийларга эзгу тилаклар билдирилиб, уларнинг масъулиятли ва шарафли фаолиятларига муваффақиятлар тиланди. Зеро, устозга кўрсатилган эҳтиром — илмга, маърифатга ва келажак авлодга кўрсатилган эҳтиромдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати