Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Сентябр, 2026   |   13 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:53
Қуёш
06:12
Пешин
12:15
Аср
16:30
Шом
18:21
Хуфтон
19:36
Bismillah
24 Сентябр, 2026, 13 Рабиъус сони, 1448

Нусайба бинти Каъб Ансорийя (Умму Уммора)

03.07.2017   14453   4 min.
Нусайба бинти Каъб Ансорийя (Умму Уммора)

Умму Уморанинг асл исми Насиба (Нусайба) бинти Каъб ибн Амр ибн Авф ибн Мабзул Нажжорийя Маданийядир. У ҳаммага ибрат кўрсатган ва яхшилик қилиш борасида намуна бўлган улуғ саҳобия аёлларнинг биридир.

Имом Заҳабий ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Бугун Нусайба бинти Каъбнинг ўрни фалончи ва фалончининг ўрнидан яхшидир”, деганларини эшитдим”.

Нусайба бинти Каъб саховати билан танилган, ислом ва мусулмонлар хизматида улкан ишларни қилган оилада улғайди. Акаси Абдуллоҳ ибн Каъб Мозиний Бадр жангида қатнашган саҳобийлардан эди. Яна бир акаси Абдураҳмон эса, Табук ғазотидан олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига йиғлаб келган етти саҳобийнинг бири бўлди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб, жангга бориш учун бирорта улов топиб беришларини сўраган эдилар. Расулуллоҳ уларга улов топиб бера олмадилар. Ноилож орқаларига қайтар эканлар, кўзлари ёшланди. Одамлар уларни “Кўз ёши тўкувчилар” деб атаган эди. Шунда улар ҳақида ушбу оят нозил бўлди: Шунингдeк, сизнинг ҳузурингизгa улaрни улoвли қилиб қўйишингиз учун кeлгaнлaридa, "сизлaрни улoвли қилишгa нaрсa тoпa oлмaймaн", – дeдингиз. Улaр эсa сaрф қилишгa нaрсa тoпa oлмaгaнлaри учун ғaмгин бўлиб, кўзлaридaн ёш oқиб қaйтиб кeтдилaр. Улaргa ҳaм (тaънa йўқ) (Тавба, 92).  

Турмуш ўртоғи Зайд ибн Осим ибн Амр Мозиний Нажжорий Исломга биринчилардан бўлиб кирган, икки ўғли Ҳабиб ва Абдуллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари бўлиш бахтига эришган эди. Умму Умора розияллоҳу анҳо кейинчалик Ғозийя ибн Амр ибн Атийя Мозиний Нажжорийга турмушга чиқди. Ундан икки фарзанд Тамим ва Хавла дунёга келди. Аллоҳ таоло ҳар иккисига ҳам ҳидоят ва ихлос неъматини берди.

Уҳуд жангида Умму Умора розияллоҳу анҳо бир неча жойидан жароҳатланди. Бу жароҳатларнинг энг каттаси елкасидаги Ибн Қомиа жароҳатлаган оғир жароҳат эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг жароҳатини кўриб ўғли Абдуллоҳга онасининг жароҳатини боғлаб қўйишни буюрдилар ва: “Сиздек оилага Аллоҳ таолонинг баракаси бўлсин! Онангнинг мақоми фалончи ва фалончиларнинг мақомидан яхши, отангнинг (ўгай ота) мақоми фалончи ва фалончининг мақомидан яхши, сенинг мақоминг фалончи ва фалончининг мақомидан яхши, Аллоҳ таоло сиздек оилага раҳм қилсин!” дедилар. Бу гапларни эшитган Умму Умора розияллоҳу анҳо: “Аллоҳ таолодан дуо қилиб сўрасангиз, жаннатда мени сизга ҳамроҳ қилса!” деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Аллоҳ, уларни жаннатда менга ҳамроҳ қилгин!” деб дуо қилдилар. Бу дуони эшитган Умму Умора розияллоҳу анҳо: “Энди менга дунёда нима етса ҳам парво қилмайман” деди.

Бу саҳобия аёл сабр қилиш борасида ҳам улуғ мартабаларга эришган. Ўғли Ҳабиб ўлдирилганида Аллоҳ таолодан савоб умидида сабр қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни Ямомада пайғамбарлик даъвоси билан чиққан Мусайлама каззобнинг олдига юборган эдилар. Мусайлама ундан: “Муҳаммаднинг (с.а.в.) расул эканига гувоҳлик берасанми?” деб сўради. Ҳабиб: “Ҳа” деди. Мусайлама: “Менинг расул эканимга гувоҳлик берасанми?” деб сўради. Ҳабиб: “Гапингни эшитмадим!” деди. Бир неча бор сўраганда ҳам шу жавобни олгач, Мусайлама унинг аъзоларини бирма-бир кесиб ташлади.

Умму Умора розияллоҳу анҳо Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг олдиларига келиб Мусайлама каззобга қарши жанга кетаётганлар билан бирга боришга изн сўради. У зот Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу билан маслаҳатлашиб, унга изн бердилар. Ўша вақтда олтмиш ёшни қоралаб қўйган бўлса ҳам унинг қасду иродаси кучсизланмаган эди. Ушбу кундаги жангда ўн бир жойидан жароҳатланса ҳам ғайрати сусаймади. Улар зафар қучдилар. Умму Умора розияллоҳу анҳо халифалар даврида ўзига лойиқ мартабада ҳаёт кечирди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу бу аёлнинг зиёратига келар ва баъзи масалаларда маслаҳатлашиб турардилар. Умар розияллоҳу анҳу ҳам бу аёлнинг ҳурматини жойига қўяр эдилар. Саҳобия ҳижратнинг ўн учинчи йили Умар розияллоҳу анҳунинг халифалик даврида вафот этди. Аллоҳ ундан рози бўлсин!

Манбалар асосида Дилфуза РАҲИМОВА тайёрлади.

 

 

Сийрат ва ислом тарихи
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Имом-хатиблар Ислом цивилизацияси марказини очиқ илмий платформа сифатида эътироф этдилар

24.09.2026   10136   3 min.
Имом-хатиблар Ислом цивилизацияси марказини очиқ илмий платформа сифатида эътироф этдилар

Жамиятда соғлом маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, аҳолини, айниқса, ёшларни ишончли манбаларга асосланган билим билан таъминлашда имом-хатибларнинг ўрни муҳим. Минбарда айтилган ҳар бир сўз илмий асос ва ишончли манбага таяниши учун эса диний соҳа вакилларининг мунтазам равишда билимларини бойитиб бориши талаб этилади. Ана шу мақсадда Наманган вилоятидан келган имом-хатиблар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрдилар, хабар бермоқда iccu.uz.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилган Марказ бугун уч минг йиллик тарихимизни намойиш этувчи музей сифатидагина эмас, балки кенг қамровли илмий-тадқиқот маскани сифатида ҳам фаолият юритмоқда. Бу ерда Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази иш олиб бормоқда. Шунингдек, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Шу кунга қадар илмий ва инновацион йўналишда 810 та лойиҳа амалга оширилиб, уларда 2 мингга яқин маҳаллий ва хорижий олимлар иштирок этган. Бу кўрсаткичлар Марказнинг илмий-тадқиқот салоҳиятини намоён этади.

Ташриф Марказ кутубхонасидан бошланди. Меҳмонлар бу ерда жамланган мумтоз манбалар, ислом тарихи, ақида, фиқҳ, ҳадис ва тафсир илмларига оид нашрлар, табиий ва аниқ фанлар тарихига оид тадқиқотлар ҳамда электрон ресурслар билан танишдилар. Тадқиқотчилар учун яратилган замонавий шароитлар ҳам уларда катта қизиқиш уйғотди.

Шундан сўнг имом-хатиблар Исломдан аввалги давр, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс ҳамда Янги Ўзбекистон даврига бағишланган экспозицияларни томоша қилдилар. Улар орқали юртимиз ҳудудида асрлар давомида шаклланган илмий, маънавий ва маданий мероснинг яхлит манзараси билан танишдилар.

Наманган вилояти Норин тумани бош имом-хатиби Зикрилло қори Умурзоқов экспозицияларда аждодларимизнинг илмий ва маънавий мероси турли йўналишларда яхлит ҳолда намоён этилганига алоҳида эътибор қаратди.

«Бу масканга қадам қўйган ҳар бир инсон Марказий Осиё халқлари, хусусан, ўзбек миллати тарих давомида қандай юксак марраларни эгаллаганини ўз кўзи билан кўради. Аждодларимиз нафақат математика, астрономия, тиббиёт каби дунёвий илмлар, балки диний-маърифий ва илмий йўналишларда ҳам бутун жаҳон тамаддунига беқиёс ҳисса қўшган. Бу ерда ана шу меросни кўриб, ўз тарихимиз билан ҳақли равишда фахрланиш туйғуси янада кучаяди», — деди у.

Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани «Исҳоқхон Тўра Ибрат» жоме масжиди имом-хатиби Жафархон Сўфиев эса Марказни мамлакатимизда диний-маърифий соҳага қаратилаётган эътиборнинг амалий натижаларидан бири сифатида қайд этди.

«Бугун юртимизда муқаддас динимизга, цивилизациялар тарихига ва умуман, умуминсоний меросга бўлган эътибор юксак даражага кўтарилди. Мана шундай улкан маскан бунёд этилгани бунинг ёрқин исботидир. Бу ерда ислом тарихи бошқа цивилизациялардан ажратилган ҳолда эмас, балки бутун инсоният тараққиётининг узвий қисми сифатида кўрсатилган. Бундай ёндашув ҳар бир ташриф буюрувчига тарихимизни кенгроқ англаш, бошқа халқлар маданиятини ҳурмат қилиш ва бағрикенгликни қадрлаш имконини беради», — деди у.

Ташриф якунида имом-хатиблар Марказда олган билим ва таассуротларини ўз ҳудудларидаги жамоатчиликка, айниқса, ёшларга етказиш муҳимлигини таъкидладилар. Илмий ресурслардан диний-маърифий фаолиятда кенг фойдаланиш, аждодларимиз меросини ишончли манбалар асосида тарғиб этиш ёш авлоднинг тарихий онги ва маънавий дунёқарашини бойитишга хизмат қилиши қайд этилди.

Зеро, тарихий ва илмий меросни чуқур ўрганиш, уни ишончли манбалар асосида кенг жамоатчиликка етказиш ҳамда янги авлодга муносиб тарзда мерос қолдириш Учинчи Ренессанс пойдеворини мустаҳкамлашнинг муҳим омилларидан биридир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари