بسم الله الرحمن الرحيم
Муҳтарам жамоат! Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятининг ташаббуси билан бу йил апрель ойи масжидларимизда буюк ватандошимиз, ҳадис илмининг султони Имом Бухорий ойлиги деб эълон қилинди. Бу бежизга эмас. Муҳаддислар султони, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг «табиби», набавий ҳадисларнинг саҳиҳларини ажратиб, улардан Қуръони каримдан кейинги иккинчи ишончли манба саналмиш «Саҳиҳи Бухорий» номли ҳадислар тўпламини тузган бу улуғ аллома, имомуд-дунё, олимлар пешвосининг номи бутун дунёда машҳур ва маълум.
Ҳадис илмида “мўминлар амири” унвонини олган улуғ муҳаддис Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн Муғийра ибн Аҳнаф ибн Бардазбиҳ ал-Жўъфий ал-Бухорий Мовароуннаҳрнинг энг кўҳна ва гўзал шаҳарларидан Бухорои шарифда, ҳижрий 194 (милодий 810) йил рамазон ойининг ўн учинчисида, жума куни таваллуд топдилар.
Имом Бухорий бутун ҳаётларини, интилиш ва ҳаракатларини ҳадис илмига бахшида этган эдилар. Жуда оз ухлар, уйқудан ташқари пайтларда эса атрофдагилар у кишини ё устозлардан ҳадис эшитаётган ёхуд ёзиб олаётган, ё ўзлари шогирдларга ҳадис айтаётган, ё ёлғиз ўтириб, қўлда қалам билан жамлаган ҳадисларининг нодир жойларини қайд этиб ўтирган ҳолда кўрар эди. У кишининг ҳар бир куни илм олувчи, таълим берувчи ва китоб таълиф қилувчи мақомида ўтарди. Буларнинг гувоҳи бўлган шогирдлари Ибн Абу Ҳотим бундай дейди: “Бухорий билан сафарда бирга бўлиб, бир уйда тунашга тўғри келди. Ўшанда шунинг гувоҳи бўлдимки, у киши бир кечанинг ўзида ўн беш мартадан йигирма мартагача уйғониб, ҳар гал чақмоқ тошни ишлатиб чироғини ёқар, тўплаган ҳадисларининг саҳиҳларини ажратиб, белгилаб қўяр эди. Сўнг чироқни ўчириб, бошини ёстиққа қўяр эди”.
Имом Бухорийнинг ҳадис ёдлаш қобилиятлари, зеҳнларининг ўткирлиги тилларда достон бўлиб кетган эди. У киши ўзларининг шоҳ асарлари бўлмиш “Жомеъус-саҳиҳ”ни таълиф қилиш олдидан жами олти юз минг, шундан юз минг саҳиҳ (ишончли) ва икки юз минг ғайри саҳиҳ ҳадисни ёд олганларини зикр этган эдилар. У киши “Саҳиҳ”га бирор ҳадис қўшиш олдидан ғусл қилиб, сўнг ҳадисни ёзар эдилар. Ҳадис илми равнақи йўлидаги буюк хизматлари учун “Имомуд-дунё” (Дунё имоми) мақомига мушарраф бўлган эдилар.
Ислом дунёсида Қуръони каримдан кейинги энг катта эътиборни имом Бухорийнинг "ал-Жомеъ ас-саҳиҳ" китоблари қозонган. Ҳадисларнинг диққат билан танлангани, мукаммал тартибга эга экани эътибор қозонишига сабаб бўлгандир. Ҳофиз Шамсиддин Заҳабий "Тарихул Ислом" китобида қуйидагиларни ёзади: "Бухорийнинг "ал-Жомеъ ас-саҳиҳ"и Аллоҳ таолонинг китобидан кейинги Исломнинг энг улуғ ва афзал китобидир. Ҳозирги кунда бу китоб одамлар учун энг олий санаддир.
Имом Бухорий нафс риёзати, тўғрилик ва ҳалоллик билан зийнатланган ва танилган эдилар. Ҳалоллик йўлида ҳар қандай машаққатни зиммага олардилар. Ҳаётларининг энг оғир дамларида ҳам бировдан бир нарса сўрамас, одамлар миннатидан юзларини сарғайтирмас эдилар. Очликнинг қийноқларига чидаб, кўкат ейиш ёки сув ичиш билан чора топардилар. Ваҳоланки, Абу Абдуллоҳ ҳаётда бой одам эдилар, оталаридан жуда катта мол-давлат мерос қолган эди. Аммо у киши охиратдаги ҳисоб-китобда масъул бўлмаслик учун дунё неъматларидан воз кечган эдилар. Бухорийнинг ўзлари айтишларича, ҳар ойда беш юз дирҳам фойда олганлар ва ҳаммасини илм йўлида сарфлаб юборганлар. “Чунки бу сарфиёт Аллоҳ йўлида бўлгани учун яхши ва боқий қолувчи сарфиётдир”, деганлар.
Имом ал-Бухорий ўз шахсий ҳаётида, ейиш-ичишда ва кийинишда сира ҳам дабдаба ва беҳуда сарфу-ҳаражатларга йўл қўймасди, сабр-тоқат ва қаноат, чидамлилик унинг учун одат тусидаги бир ҳол эди.
Имом ал-Бухорий ғоятда беғубор, ҳалол-покиза, диёнатли инсон бўлиб, ғийбату ноҳақликдан узоқ бир киши бўлган. У доимо: “Ғийбат қилиш ҳаром эканини билганимдан бошлаб, ҳеч қачон бирор киши ҳақида ғийбат гапирмаганман”- деб таъкидларди.
Имом ал-Бухорий энг улуғ фазилатларидан яна бири у таассуб (мутаассиблик)нинг ҳар қандай кўринишларидан узоқ бўлганидир. Унинг шоҳ асари “Саҳиҳ ал-Бухорий” билан чуқурроқ танишилса, ал-Бухорийнинг ўз китобидаги маълумотларга ниҳоятда катта синчиковлик ва эҳтиёткорлик билан ёндашганини кўрамиз. Қанчадан-қанча машаққатлар билан тўпланган ҳадисларининг саҳиҳлигига тўла ишонч ҳосил қилиб, обдон текширгандан кейингина ўз асарига киритганлиги бу фикрни яна бир карра тасдиқлайди.
Имом Бухорийнинг Аллоҳ таолога бўлган имон-ишончлари ботину зоҳирларидан яққол кўриниб турар эди. Ибодатда бутун қалблари, ҳар бир аъзолари билан хушуъ-хузуъда, ихлос билан Аллоҳнинг Ўзига юзланар эдилар. Доимо Қуръони каримни тиловат қилардилар.
Имом Бухорий ҳазратлари ўзларидан улкан илмий мерос қолдирдилар. Ёш бўлатуриб, дунёга машҳур асарларни ёздилар. Хатиб Бағдодий Имом Бухорийнинг шундай деганларини ривоят қилган: “Ўн саккиз ёшга етганимда саҳоба ва тобеинларнинг масала ва қавлларини тасниф қила бошладим... Ўша пайтда “Китобут-тарих”ни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрлари ёнида ойдин кечаларда тасниф этганман”. Имом Бухорийнинг жами асарлари йигирмадан ошади. Улар орасида “Китобут-тарих”дан ташқари одобга оид бир минг уч юздан ортиқ ҳадисни жамлаган “Адабул-муфрад” (Одоблар хазинаси) алоҳида ўрин тутади. “Жомеъус-саҳиҳ” китоби бу асарларнинг гултожи, ҳадис китобларининг энг аълоси ва мукаммали, Имомнинг шоҳ асарларидир.
Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг вафотлари ҳижрий 256 (милодий 870) йил рамазон ҳайити кечасида бўлди, ҳайит куни пешин намозидан сўнг дафн этилди. Фано дунёсида ўн уч куни кам олтмиш икки йил умр кечирдилар. Аллоҳ таоло у зотни раҳмати ва ризвони билан ўраб олсин ҳамда набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳларнинг ёнидан жой берсин!
Муҳтарам жамоат! Мустақиллик йилларида миллий қадриятларимизга чинакам эътибор ва иззат-эъзоз бошланиб, юртимиздан етишиб чиққан ўнлаб улуғ олимлар қаторида ҳадис илмининг султони Имом Бухорий ҳазратларининг ҳаётлари ва бой илмий меросларини қизғин ўрганишга киришилди. 1998 йили Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ таваллудининг 1225 йиллик тўйи мамлакатимизда кенг нишонланди. У кишининг “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”, “Ал-адаб ал-муфрад” каби асарлари ўзбек тилига ўгирилиб, катта нусхада нашр қилинди. Мамлакатимизнинг энг катта Ислом ўқув юрти бўлмиш Ислом маъҳади, бир неча жомеъ масжидлари Имом Бухорий номлари билан аталади. 2008 йили биринчи Президентимиз фармони билан Самарқанднинг Хартанг қишлоғида Имом Бухорий меросини илмий асосда чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш мақсадида Имом Бухорий халқаро Маркази ташкил этилди. Халқимизнинг у зотга бўлган энг улкан эҳтироми ва миннатдорлиги Имом Бухорий дафн этилган гўшада муҳташам мажмуанинг барпо этилиши бўлди. Мажмуа таркибида Имом Бухорийнинг мақбаралари, катта жоме масжиди, музей ва бошқа иншоотлар барпо этилди. Мажмуанинг лойиҳасидан тортиб унинг қуриб битказилишигача бўлган барча ишлар Биринчи Юртбошимизнинг эътиборларида ва диққат марказларида бўлди. Мана шунинг ўзиёқ мамлакат раҳбарининг Имом Бухорийга бўлган чуқур эҳтироми ва эъзоз-иззатини кўрсатиб турибди. Ҳозирги пайтда дунёнинг ҳамма жойидан Имом Бухорий зиёратига келган мухлисларнинг кети узилмайди. Бир вақтлар бировга кўрсатишга ҳам хижолат бўлинган хароба жойлар бугун бутун Ислом оламининг машҳур зиёратгоҳига айланди. Буларнинг ҳаммаси буюк ватандошларига миннатдор авлодларнинг улуғ эҳтироми ва муҳаббати самарасидир. Имом ал-Бухорий раҳматуллоҳ алайҳнинг “ал-Жоме ас-Саҳиҳ” асарларидаги бир ҳадисни келтириш билан суҳбатимизни якунлаймиз.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ آيَةُ الْمُنَافِقِ ثَلَاثٌ إِذَا حَدَّثَ كَذَبَ وَإِذَا وَعَدَ أَخْلَفَ وَإِذَا اؤْتُمِنَ خَانَ زاد في رواية لمسلم: وإن صام وصلى وزعم أنه مسلم
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Пайғамбар саллолоҳу алайҳи вассаламдан ривоят қиладилар. У зот “Мунофиқнинг аломати учта; гапирса ёлғон гапиради, ваъда берса ваъдасида турмайди, ишонч билдирилса хиёнат қилади” дедилар. Имом Муслим ривоятида келтирилган ҳадисда “Ўзини мусулмон деб ўйлаб рўза тутса ҳам, намоз ўқиса ҳам” дейилган. Демак, мусулмон ҳеч қачон ёлғон гапирмаслиги, омонатга хиёнат қилмаслиги, бир нарсага ваъда қилган бўлса, албатта, уни бажармоқлиги шарт бўлади.
Дарҳақиқат, биз ҳам кундалик ҳаётда бир-биримизга ёлғон сўзлаймиз. Бир биримизга ваъдалашган ишларни бажармаймиз. Аллоҳ бизга Ўзбекистондай жаннатмакон юртни Ватан қилиб берган экан, унга хиёнат қилмаслик, боғийлар каби ватанфуруш хоинлар қаторида бўлишликдан Аллоҳ ўзи асрасин.
Аллоҳ таоло буюк ватандошимизни Ўзининг раҳмат ва мағфиратига олсин ва илм йўлидаги улуғ хизматларини охиратда ўзларига захира айласин, омин!
(2026 йил 28 август, Тошкент ш.)
Ассалому алайкум, қадрли ватандошлар!
Ҳурматли меҳмонлар!
Бугун муқаддас Ватанимиз мустақиллигининг қутлуғ ўттиз беш йиллик байрамини катта ифтихор ва тантана билан нишонлаяпмиз.
Азиз халқимиз, жумладан, муҳтарам нуронийларимиз, шижоатли ёшларимиз, мўътабар аёлларимизни, юртимиздаги барча миллат ва элат вакилларини, хориждаги ватандошларимизни ушбу айём билан чин юракдан самимий табриклайман.
Энг улуғ байрамимиз Янги Тошкентда ўтказилаётгани тантана шукуҳини янада оширмоқда.
Келгусида илм-фан, таълим ва маданият маркази бўладиган ушбу ҳудудда куни кеча Янги Ўзбекистон университети, Низомий Ганжавий номидаги Ўзбекистон Миллий педагогика университети, Ўзбекистон миллий кутубхонасининг муҳташам биноларини ишга туширдик.
Бугун сизларнинг иштирокингизда очиладиган фаввора дунёдаги энг баланд мусиқали фаввора сифатида Гиннеснинг рекордлар китобидан жой олгани ҳам байрам кайфиятига янада баланд руҳ бағишлайди.
Бир неча юз йиллик орзулар рўёбга чиқаётган бу бетакрор маконда бутун халқимиз билан ҳали яна кўплаб қувончли ва тарихий воқеаларга гувоҳ бўламиз.
Аминманки, Янги Тошкент пойтахтимизнинг кўркига кўрк қўшиб, биз барпо этаётган Янги Ўзбекистоннинг куч-қудратини намоён этадиган чинакам тараққиёт марказига айланади!
Қадрли дўстлар!
Биз 1991 йилда халқимизнинг хоҳиш-иродаси ва қатъияти билан ўз давлат мустақиллигимизни қўлга киритдик. Аслида буюк истиқлолимиз илдизлари уч минг йилдан зиёд бўлган давлатчилик анъаналаримиз ва қадимий цивилизациямиз тарихига бориб тақалади.
Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврида Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Мир Алишер Навоий каби буюк алломаларимиз башарият тафаккури хазинасини бойитган.
Соҳибқирон Амир Темур бобомиз барпо этган давлат эса адолат ва бунёдкорлик тимсоли сифатида тарих зарварақларидан муносиб ўрин олган.
Ватан озодлиги ва миллий истиқлол йўлида жонини фидо қилган Беҳбудий, Мунавварқори, Фитрат, Қодирий, Чўлпон каби жадид боболаримизнинг ҳуррият ҳақидаги орзу-ниятлари бугун Янги Ўзбекистонда тўлиқ рўёбга чиқмоқда.
Мустақиллик, энг аввало, бизга шону шарафимизни, муқаддас динимизни, она тилимизни, унутилаётган миллий қадриятларимизни қайтариб берди.
Истиқлол туфайли биз ўзлигимизни англадик, номи ҳамиша эъзозда бўлган ота-боболаримизнинг муносиб ворислари эканимизни бутун дунёга намоён этдик.
Ушбу ҳаяжонли дақиқаларда бугунги эркин ҳаёт учун жонини фидо қилган улуғ аждодларимиз, жадидлар хотирасига таъзим бажо келтирамиз.
Мана шу тарихий санада ўтган 35 йил давомида мустақиллигимизни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшган барча марҳум юртдошларимизнинг фидокорона меҳнати ва жасоратини яна бир бор эътироф этишни жоиз, деб биламиз.
Биринчи Президентимиз, атоқли давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг ёрқин хотирасини эҳтиром билан ёд этамиз.
Ҳурматли байрам иштирокчилари!
Мустақилликнинг буюк аҳамияти, аввало, инсон қадри ва эркин ҳаётида намоён бўлади. Шу боис, биз ислоҳотларни бошлаган биринчи кунларданоқ халқнинг қалбига қулоқ солдик, аҳолининг дардига дармон бўлишни мақсад қилдик. “Инсон қадри учун!” деган ғояни давлат сиёсатининг марказига олиб чиқдик. Биринчи галда “пахта қуллиги”, “мажбурий меҳнат ва болалар меҳнати”, “конвертация чеклови”, “прописка” каби одамларни йиллар давомида қийнаб келган муаммоларга барҳам бердик.
Энг асосийси, фуқароларимиз юрагидаги қўрқув ва ҳадик ўрнини ишонч ва хотиржамлик эгаллади. Ҳар бир инсон эркин ва фаровон яшайдиган жамият барпо этиш учун кейинги ўн йилда тинимсиз изландик, қаттиқ меҳнат қилдик.
Катта сиёсий ирода кўрсатиб, Ўзбекистонни дунёга кенг очдик. Хусусан, чегара муаммолари ҳал қилинди, қўшниларимиз билан дўстлик ва ҳамкорлик мустаҳкамланди. Валюта, солиқ, божхона ва инвестиция сиёсатида туб ўзгаришлар амалга оширилди. Натижада “Иқтисодий эркинлик индекси”даги ўрнимизни 80 поғона яхшилаб, “иқтисодиёти мўътадил эркин” давлатлар қаторидан жой олдик.
Илгари иқтисодиётимизга йилига 2-3 миллиард доллар хорижий инвестиция олиб келинган бўлса, ҳозирги пайтда 40-50 миллиард доллар чет эл сармояси жалб қилинмоқда. Юртимизга инвестициялар билан бирга илғор технологиялар, замонавий билим ва янги иқтисодий имкониятлар кириб келмоқда.
Биз уч йил олдин 2030 йилда ялпи ички маҳсулот ҳажмини 160 миллиард долларга етказишни режа қилган эдик. Глобал логистикадаги узилишлар, дунёдаги нотинч вазиятга қарамасдан, бу вазифани шу йилнинг ўзида ортиғи билан амалга оширамиз ва даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторига кирамиз.
Эътиборли жиҳати – биз бундай юксак натижаларга халқимизнинг фидокорона меҳнати, интеллектуал салоҳияти ҳамда миллат ва давлат бирдамлиги туфайли эришяпмиз. Ижобий ўзгаришларни ҳар бир инсон, ҳар бир оила ўз ҳаётида чуқур ҳис этяпти, десам, фикримга қўшиласиз, албатта.
Янги даврда замонавий уй-жойга эга бўлган 650 мингдан зиёд оиланинг қувончини сўз билан таърифлаб бўладими?
Минглаб маҳаллаларимизга Янги Ўзбекистон қиёфаси кириб бормоқда.
Камбағаллик масаласини очиқ тан олиб, уни кескин қисқартириш бўйича Янги Ўзбекистон тажрибасини яратдик. Эҳтиёжманд оилаларнинг даромади, касби, саломатлиги, фарзандларининг таълим олиши ва яшаш шароитини яхшилаш бўйича “маҳаллабай” ишлаш тизимини йўлга қўйдик.
Изчил саъй-ҳаракатларимиз туфайли бугунги кунда камбағаллик даражасини 2017 йилдаги 35 фоиздан 4 фоизга туширишга эришдик. Ушбу рақамлар замирида рўзғорига барака кириб, турмуш сифати яхшиланган 10 миллион инсоннинг қувончи ва шукроналик туйғулари мужассам.
Муҳтарам юртдошлар!
Дунё ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашимиз учун бизга билимли, келажак касбларини пухта эгаллаган, мустақил фикрига эга бўлган янги авлод мутахассислари керак. Шу боис, таълимга сифат ва мазмун олиб киряпмиз. Муаллимнинг обрў-эътиборини тиклаб, даромадини ошириб боряпмиз.
Ўтган ўн йилда, аҳолимиз 8 миллионга кўпайган шароитда ҳам боғча қамровини 78 фоизга етказдик. Мактабларда 1,5 миллион қўшимча ўқувчи ўрни яратилди. Президент, ижод ва ихтисослашган мактаблар ташкил этилгани фарзандларимизга етакчи хорижий таълим масканларидан кам бўлмаган даражада чуқур билим эгаллаш учун кенг имкониятлар эшигини очди.
Ёшларга хорижий тиллар ва касб-ҳунар ўрганишлари учун муносиб шароитлар яратдик.
Олийгоҳларда ўқиш учун қулай шароитларни кенгайтирганимиз ҳисобига ҳозирги кунда талабалар сони 1 миллион 600 минг нафарга етди. Қувонарлиси, ёшларда билим олишга иштиёқ кучайди. Ота-оналар учун фарзандини олий маълумотли қилиш фақат орзу эмас, эришса бўладиган мақсадга айланди.
Айниқса, талабаларнинг ярмидан кўпини хотин-қизлар ташкил этаётгани – Учинчи Ренессанснинг ўзига хос қиёфаси, десак, тўғри бўлади. Чунки, билимли қизлар – билимли оила, билимли авлод ва маърифатли жамият деганидир.
Биз таълим билан бир қаторда илм-фан, замонавий технология ва инновацияларни ҳам тараққиётимизнинг ҳал қилувчи омили, деб биламиз.
Шу билан бирга, IT, сунъий интеллект, креатив иқтисодиёт каби йўналишлар ривожига янги руҳ бериб, жуда катта ҳаракатни бошлаб юбордик. Бу орқали 10 миллион ёшларимизни рақамли индустрия ва келажак касбларига олиб кирамиз.
Истиқлол байрамимиз арафасида хитойлик ҳамкорларимиз билан “Самарқанд – 2028” сунъий йўлдошини фазога учирганимиз бизга алоҳида ғурур бағишлайди.
Менинг ниятим: Ўзбекистон технология соҳаларида жаҳонга илғор ташаббусларни таклиф қиладиган марказга айланиши зарур.
Ўзбек тили – рақамли дунёда илм ва технология яратиладиган тил бўлиши лозим.
Азиз ватандошлар!
Инсон қадри ҳақида сўз юритганда, аҳолимизнинг соғлиғи масаласига алоҳида эътибор қаратишимиз табиий. Сўнгги йилларда ушбу соҳага ажратилаётган маблағни 8 каррадан зиёд оширдик. Энг муҳими, сифатли тиббий хизмат олиш имконияти нафақат марказда, балки ҳудудларда ҳам яратилди.
Ўтган даврда юртимизда 652 та янги тиббиёт муассасаси барпо этилгани, хусусий секторга кенг имконият берилгани туфайли тиббий хизматлар ҳажми 3 карра ошди. Юқори малакали шифокорлар тайёрлашни йўлга қўйиб, уларга шароит яратганимиз
ўз натижасини беряпти. Илгари хорижда амалга оширилган 100 дан зиёд мураккаб диагностика ва даволаш усуллари бугун юртимизда ҳам мукаммал бажарилмоқда.
Умуман, аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлиги 1991 йилдаги 66,4 ёшдан 2025 йилда 75,4 ёшга етгани, гўдаклар ва оналар ўлими кўрсаткичи 4 баробар камайгани соҳадаги ислоҳотларимизнинг энг муҳим натижасидир.
Қадрли дўстлар!
Жонажон Ватанимиз азалдан улуғ мутафаккирлар, азиз авлиёлар, буюк алломалар юрти бўлиб келган. Биз мана шундай бебаҳо меросга муносиб равишда Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Бурҳониддин Марғиноний ёдгорлик мажмуалари каби бетакрор илмий-маърифий даргоҳларни барпо этдик.
Бу муҳташам ва табаррук масканлар бугун нафақат юртимиз ва ислом олами, балки бутун жаҳон аҳлининг ҳақли эътирофига сазовор бўлмоқда. Биз бундай бунёдкорлик ишларини жадал давом эттирамиз.
Ҳурматли байрам иштирокчилари!
Бизнинг энг катта бойлигимиз – эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучи бўлган Янги Ўзбекистон ёшларидир. Интилувчан ва тиришқоқ ўғил-қизларимизни қўллаб-қувватлаш, уларга кенг имкониятлар очиш учун ҳар йили 20-25 триллион сўм ажратилмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистондаги бизнес вакилларининг 35 фоизини ёш тадбиркорлар ташкил этяпти.
Токио ва Париж Олимпия ҳамда Паралимпия ўйинларида, дунё майдонларида ёш спортчиларимиз эришган тарихий ютуқлар халқимизга чексиз ифтихор бағишлади.
Футболчиларимиз илк бор жаҳон чемпионатида иштирок этиб, ўзбек спорти тарихида янги саҳифа очди. Улар бошлаган йўл албатта давомли ва зафарли бўлади, деб ишонамиз.
Яқин кунларда Самарқандда катта спорт анжумани – Жаҳон шахмат олимпиадаси бошланади. Ноябрь ойида эса машҳур гроссмейстеримиз Жавоҳир Синдоров жаҳон шахмат тожи учун курашга киришади.
Ушбу мусобақаларда шахматчи ўғил-қизларимга улкан зафарлар тилайман!
Халқаро фан олимпиадаларида, танлов ва фестивалларда юқори ўринларни эгаллаётган ёшларимизни – Янги Ўзбекистон юлдузлари, келажак бунёдкорлари, деб биламан!
Олдинга қараб интилишдан ва доимий изланишдан ҳеч қачон тўхтаманг, азиз фарзандларим!
Муҳтарам юртдошлар!
Бугун биз тарихнинг янада масъулиятли ва ҳал қилувчи палласида турибмиз. Мамлакатимиз тараққиётнинг мутлақо янги даврига қадам қўймоқда. Келгуси ўн йиллик – биз учун миллий юксалиш даври бўлади.
Буни фақат ва фақат халқимизнинг ақл-заковати, меҳнати ва бирдамлиги орқали ўзимиз бунёд этамиз. Шу мақсадда келгуси йилларда юртимизда инсон қадрини янада юксалтирадиган 7 та миллий дастурни амалга оширамиз.
Биринчи миллий дастур билим ва малакани келгуси тараққиётимизнинг асосий капиталига айлантиришдан иборат бўлади.
Болаларнинг 6 ёшли тайёрлов гуруҳларига қамровини қисқа муддатда 100 фоизга олиб чиқамиз. Хусусий боғча ташкил қилиш бўйича мавжуд имтиёзлар сақлаб қолинади.
Барча мактаблар халқаро баҳолаш дастурлари билан тўлиқ қамраб олинади.
Юртимиздаги техникумларда халқаро таълим стандартларини жорий этамиз. Уларда ёшларимизни юқори даромадли касбларга ўқитишни йўлга қўйиб, қамровни 1 миллионга етказамиз. Бир сўз билан айтганда, Янги Ўзбекистонда касб эгалламаган бирорта йигит-қиз қолмайди.
Биз келгуси йилларда камида 10 та университетимизни ТОП мингталикка киритишни катта марра сифатида белгилаймиз.
Иккинчи миллий дастур халқимизнинг соғлом бўлиши ва узоқ умр кўришини таъминлашга хизмат қилади.
Шу мақсадда аҳоли саломатлиги билан боғлиқ давлат харажатларини келгуси беш йилда ялпи ички маҳсулотга нисбатан 5 фоизга етказамиз.
Биз тиббиётда профилактикани кучайтириш орқали саломатликни асраш моделига ўтамиз. Давлат тиббий суғуртаси мамлакатнинг барча хонадонларига кириб боради.
Ихтисослашган тиббиётда рақобат муҳитини кучайтириш мақсадида дунёнинг энг нуфузли камида 5 та клиникасини олиб келамиз.
Юртимизни замонавий тиббиёт, фармацевтика, биотехнологиялар ва тиббий таълим тараққий этган масканга айлантирамиз.
Ҳурматли тадбир иштирокчилари!
Учинчи миллий дастур – иқтисодиётимизни юқори технология ва меҳнат унумдорлиги моделига ўтказиш.
Бунинг учун келгуси ўн йилда 450 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қиламиз. Иқтисодиётда юқори ўсиш суръатини сақлаган ҳолда, 2030 йилгача ялпи ички маҳсулот ҳажми 300 миллиард долларга етказилади, саноатда 2 миллионта юқори даромадли иш ўрни яратилади.
Ёшларимизнинг салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришда стартап, венчур ва сунъий интеллектни ривожлантириш устувор йўналишга айланади.
Шунингдек, кичик бизнес – ўрта бизнесга, ўрта корхоналар эса йирик компания ва корпорацияларга айланиши учун яхлит экотизимни йўлга қўямиз. Буларнинг ҳисобига келгуси ўн йилда жон бошига ялпи ички маҳсулот ҳажми 10 минг долларлик маррадан ошади.
Азиз дўстлар!
Глобал иқлим ўзгариши шароитида сув ва экология масалалари янада долзарб бўлиб бормоқда.
Шу боис, тўртинчи миллий дастур сув ва табиатга муносабатни тубдан ўзгартиришга қаратилади.
Келгуси беш йилда экин майдонларида сув тежайдиган технологиялар қамровини 100 фоизга олиб чиқамиз. Бу – умуммиллий маррага айланади.
Табиатга муносабат – халқнинг маданияти, давлатнинг масъулияти ва тараққиётнинг сифат кўрсаткичидир. Шунинг учун мамлакатимизда “Яшил макон” умуммиллий ҳаракатини янги сифат босқичига олиб чиқамиз. Мактаб, боғча, шифохона ва кўп қаватли уйлар атрофидаги яшил ҳудудлар жамиятнинг дахлсиз бойлиги сифатида муҳофаза қилинади. Яқин йилларда туман ва шаҳар марказларида яшиллик кўламини 30 фоизга етказамиз.
Қадрли юртдошлар!
Адолат қарор топган жойда иқтисодий ўсиш ҳам, ижтимоий ишонч ҳам юксалади.
Бу борада бешинчи миллий дастур – суд мустақиллигини кучайтириш ва қонун устуворлигини таъминлашни умумий қадриятга айлантиришдан иборат.
Бунинг учун ҳуқуқий тарбияни мактабдан бошлаб аниқ тизим асосида йўлга қўямиз. Фуқаролар ва тадбиркорларнинг қонуний кафолатларини кучайтириш бўйича ислоҳотларимизни қатъий давом эттирамиз. Кибержиноятчилик, гиёҳвандлик ва одам савдосининг олдини олиш бўйича чораларни янада кучайтирамиз.
“Яширин иқтисодиёт”, уюшган жиноятчилик, аёллар ва болалар ҳуқуқини камситишга қарши курашни янги босқичга кўтарамиз.
Азиз ватандошлар!
Одамларимизнинг кайфияти, оилаларнинг фаровонлиги, ёшларнинг орзу-истаги, тадбиркорларнинг ташаббускорлиги, энг аввало, маҳаллада намоён бўлади.
Шунинг учун олтинчи миллий дастур маҳаллани жамият тараққиётининг асосий буюртмачисига айлантиришга йўналтирилади.
Энди давлат дастурларини ишлаб чиқиш бўйича ёндашув буткул ўзгаради. Туман бюджети, инвестиция дастури ҳамда инфратузилма лойиҳалари маҳалла буюртмаси асосида ишлаб чиқилади. Бунда фуқароларнинг талаб ва эҳтиёжи, маҳалланинг фаровонлиги – энг асосий мезон сифатида белгиланади.
Ҳурматли байрам иштирокчилари!
Еттинчи миллий дастур – Ўзбекистоннинг тинчлик ва дўстлик диёри, бағрикенг ўлка сифатидаги нуфузини ҳар томонлама юксалтиришдан иборат.
Юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари, 16 та диний конфессия аъзолари бир оила фарзандларидек аҳил ва иноқ яшамоқда.
Бугунги нотинч замонда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик халқимизнинг олтин фонди, бебаҳо бойлигидир.
Бизнинг очиқ, прагматик ва тинчликпарвар сиёсатимиз узоқ муддатли тараққиётимизни таъминлашга қаратилган.
Марказий Осиёда аҳил қўшничилик, стратегик шериклик ва дўстлик алоқаларини кенгайтиришда тарихий ютуқларга эришилди.
Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Европа Иттифоқи, Америка, Осиё-Тинч океани минтақаси ва араб-мусулмон дунёси давлатлари билан муносабатларимиз янада мустаҳкамланди. Шарқий Европа, Африка ва Лотин Америкасида янги ҳамкорлик йўналишлари очилди.
Мамлакатимиз билан дипломатик муносабат ўрнатган давлатлар сони қарийб 170 тага етди.
Ўзбекистонни халқаро дипломатиянинг муҳим марказига айлантириш учун кўпқиррали, вазмин ва мувозанатли ташқи сиёсатни давом эттирамиз. Иқтисодий дипломатия ташқи сиёсатимизнинг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолади.
Мамлакатимиз 2027-2029 йилларда Қўшилмаслик ҳаракатига илк маротаба раислик қилади. Дунёдаги 120 дан ортиқ давлатни бирлаштирган ушбу глобал тузилма самарадорлигини оширишга қаратилган ташаббусларни фаол илгари сурамиз.
Ён қўшнимиз бўлган Афғонистон бўйича конструктив сиёсатимизни қатъий давом эттирамиз.
Фурсатдан фойдаланиб, бугунги тантанамизда иштирок этаётган дипломатик корпус вакилларига, хорижий оммавий ахборот воситалари ходимларига, АҚШ, Туркия ва Сингапурдан келган юқори мартабали меҳмонларимизга самарали ҳамкорлик учун алоҳида миннатдорлик билдираман.
Азиз ва муҳтарам ватандошларим!
Бир фикрни ишонч билан айтмоқчиман.
Биз бугун кечагидан кучлимиз. Насиб этса, эртага бундан ҳам кучли бўламиз.
Ўттиз беш йиллик мустақил тараққиёт йўлимиз бизга бир ҳақиқатни ўргатди: халқ ва давлат ягона мақсад йўлида бирлашиб, астойдил ҳаракат қилса, забт этиб бўлмайдиган марранинг ўзи йўқ.
Бундай буюк қудратга эга халқ ва давлатни енга оладиган кучнинг ўзи йўқ.
Биз ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва буюк келажагимизни биргаликда барпо этамиз!
Ишончим комил, матонатли, мард ва олижаноб халқимиз ўз олдига қўйган улуғ мақсадларга албатта етади.
Ватанимизнинг олтин даврини, янги буюк тарихини албатта барчамиз биргаликда яратамиз!
Бизга мустақиллик неъматини берган Парвардигоримизга чексиз шукроналар бўлсин!
Истиқлолимиз ижодкори ва ҳақиқий бунёдкори бўлган халқимизга шон-шарафлар бўлсин!
Сизларни, сизлар орқали бутун халқимизни бугунги улуғ байрам – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги билан яна бир бор табриклайман.
Юртимиз тинч, хонадонларимиз обод ва фаровон бўлсин!
Яшасин Ўзбекистон Республикаси!
Яшасин Ўзбекистон халқи!