Арофатга чиқишдан олдин ғусл қилиш суннатдир. Арофатда туриш ҳажнинг асосий рукни бўлиб, бу рукнсиз ҳаж бўлмайди. Арафа куни заволдан бошлаб, Арофатда туриш вақти киради. Макони, Арофат деб номланган машҳур жой. Арофат чегарасидан бошқа жойда турса, ҳажи ҳаж бўлмайди. Арофатда Арафа куни заволдан ҳайит куни тонгигача қай ҳолда турса ҳам, бир соат турса соқит бўлади. Бу ерда ҳам талбия айтиб туради. Арофатда ҳам дуога зўр бериш керак, айниқса Жабали раҳмат устиларига чиқиб дуо қилиш тавсия қилинган. Арофатда пешин ва аср намозлари бир азон ва икки иқомат билан қўшиб, қаср қилиб ўқилади, пешин вақтида. Ҳаж амири хутба ўқийди. Арофатда қуёш ботгунча туриш вожиб ҳисобланади.
Мишарий Харроз раҳимаҳуллоҳ айтадилар:
“Нолияпсанми?
Ҳовли-жойинг торлик қиляптими?
Ёки яшашинг ва турмушингдаги мушкулотлар кўпми?
Ёки уйингдаги эҳтиёжларинг тез тугаб қоляптими?
Ёки оиланг, рўзғорингда етишмовчилик бўляптими?
У ҳолда сенга Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўқиган қуйидаги дуоларини далолат қиламан. Уни тажриба қилиб кўриб, шахсий ҳаётимда ажиб таъсирини кўрганман: “Аллоҳуммағфирлий занбий, ва вассиъ лий фий дарий, ва барик лий фий ризқий!” (Роббим, гуноҳларимни кечир. Ҳовлимни кенг қил ва ризқимга барака бер).
Бунга риоя қиларкансан, тез орада уйингдаги ҳолатни ўзгаришини кўрасан, иншааллоҳ!”.