Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
30 Декабр, 2024   |   30 Жумадул сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:23
Қуёш
07:49
Пешин
12:31
Аср
15:22
Шом
17:06
Хуфтон
18:26
Bismillah
30 Декабр, 2024, 30 Жумадул сони, 1446
Мақолалар

Юртимизда “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро анжуман ўтказилади

25.09.2024   2642   5 min.
Юртимизда “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро анжуман ўтказилади

Шундай сўзлар борки, қанча кўп айтилса ҳам, қайта-қайта такрорланаверса ҳам асло оҳори кетмайди. Ана шундай сўзлардан бири “тинчлик”дир. Бугунги мураккаб даврда, ахборот хуружлари кучайган, интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқлар, таъбири жоиз эса, “дарвозасиз шаҳар”га айланган бир пайтда мазкур сўз янада ёқимлироқ, янада жозбалироқ эшитилаверади қулоққа.
 

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юксак минбаридан туриб бежиз бот-бот тинчлик ҳақида гапирмайдилар. Хусусан, давлатимиз раҳбари 2023 йил 19 сентябрь куни БМТнинг 78-сессиясида: «Диёримиз жаҳон илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган, исломни илм-маърифат ва тинчлик дини сифатида намоён этган ал-Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Имом Бухорий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий сингари улуғ аллома ва мутафаккирлар ватани экани билан ҳақли равишда фахрланамиз», дея таъкидладилар ва шундай буюк олимларнинг бой меросини ўрганиш, исломнинг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш мақсадида 2024 йил Ўзбекистонда “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро конференция ўтказиш ташаббуси илгари сурдилар.


Ана шу эзгу ташаббус Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 19 августдаги «Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарорида ҳам ўз ифодасини топган бўлиб, унга кўра, 2024 йил октябрь ойида “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида юртимизда халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилади. Айни кунларда мазкур анжуманни юқори савияда ўтказиш бўйича катта тайёргарлик кўриляпти.


Ҳақиқатан, бугунги кунда тинчлик-осойишталикни таъминлаш, миллатлараро ҳамжиҳатлик ва диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлаш ҳар қачонгидан ҳам долзарб вазифадир. Зеро, тинчлик ва хотиржамлик – Аллоҳ таолонинг буюк неъмати. Барча эзгу ишлар рўёбга чиқиши айнан тинчлик ва осойишталикка бевосита боғлиқ.


Қуръони каримнинг юздан ортиқ оятларида тинчлик, эзгулик ва бағрикенгликка чақирилган. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:


﴿ يَهْدِي بِهِ اللَّهُ مَنِ اتَّبَعَ رِضْوَانَهُ سُبُلَ السَّلَامِ وَيُخْرِجُهُمْ مِنَ الظُّلُمَاتِ إِلَى النُّورِ

 بِإِذْنِهِ وَيَهْدِيهِمْ إِلَى صِرَاطٍ مُسْتَقِيمٍ 


«Аллоҳ ризосини топишга интилганларни Қуръон билан тинчлик ва саломатлик йўлларига йўллаб, Ўз изни билан уларни зулматлардан нурга чиқарур ва тўғри йўлга ҳидоят қилур» (Моида сураси, 16-оят).


Бошқа бир ояти каримада эса:

 ﴿ وَاللَّهُ يَدْعُو إِلَى دَارِ السَّلَامِ وَيَهْدِي مَنْ يَشَاءُ إِلَى صِرَاطٍ مُسْتَقِيمٍ ﴾


«Аллоҳ (одамларни) тинчлик диёри (жаннат)га чорлайди ва хоҳлаган кишини тўғри йўлга ҳидоят этади» (Юнус сураси, 25-оят), деб марҳамат қилинган.


“Тинчлик диёри”нинг арабчаси оятда “Дорус салом” дейилган. У турлича тафсир қилинган. Масалан, “ас-Салом” Аллоҳнинг номларидан бири, “дор” жаннат. Демак, унинг маъноси, “Аллоҳнинг жаннати” бўлади. “ас-Салом” саломатлик, тинчлик маъноларини ҳам билдиради. Ҳадиси шарифда: “Кўзим уйқуда, қалбим уйғоқ пайтида қулоғимга овоз келди. У бир хожа ҳовли қурди, дастурхон ёзди ва зиёфатга таклиф этиш учун жарчи юборди. Таклифни қабул этган киши келиб, дастурхон узра меҳмон бўлади. Хожа бу – Аллоҳ, ҳовли – Ислом, дастурхон – жаннат, жарчи – Муҳаммад”, – дейилган (Абу Лайс Самарқандий, “Баҳрул улум”).


Ҳар намозда “Ассаламу ъалайна ва ъала ибадиллаҳис-солиҳийн”, яъни “Бизга ва солиҳ бандаларга Аллоҳнинг саломи бўлсин!” деб такрор-такрор айтишимиз бизга вожиб қилинди. Ҳар гал ташаҳҳудни ўқиганимизда ўзимизга ва солиҳ бандаларга салом ва тичлик сўраймиз. Шунингдек, намоз (фарз намоз)ни тугатибоқ, ҳадиси шарифга мувофиқ, уч марта истиғфор айтгач, яна: “Аллоҳумма антас салам ва минкас салам...”, яъни: “Эй Аллоҳим! Сен Саломсан ва салом (тинчлик) ҳам Сендандир...” дея дуо қиламиз.


Тинчлик Ислом шиорларидандир. Дарвоқе, Маккаи мукаррамадаги Масжидул Ҳаромнинг эшикларидан ҳамда жаннат дарвозаларидан бири номи ҳам айнан “Салом”дир. Шундай экан, уруш, ҳарб, муҳораба, жангу жадал, ур-йиқит, тўс-тўполон... – буларнинг ҳеч бири “тинчлик” билан ўзакдош Ислом ила ёнма-ён ишлатилиши мутлақо мумкин эмас. 


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тинчлик тарафдори бўлганлар. Урушни жуда ёмон кўрганлар. Ҳатто “Ҳарб”, яъни уруш деб болаларга қўйилган исмларни ўзгартирганлар. Бунга Али розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадис далилдир. У киши айтади: «“Ҳасан туғилганида унга “Ҳарб” деб исм қўйдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салам келиб: “Менга ўғлимни кўрсатинглар. Унга қандай исм қўйдинглар?” дедилар. Мен: “Ҳарб” деб исм қўйдим”, дедим. У зот: (Йўқ, ундай бўлмайди) балки у Ҳасандир”, дедилар...» (Имом Аҳмад ривояти).


Бошқа нарсаларни-ку қўя турайлик, биргина урушни ифодалайдиган исмга шунча эътибор қаратилган экан, демак, Ислом ҳар доим тинчлик тарафдори бўлиб келган. Динимизнинг ана шу гўзал жиҳатларини ҳар доим, айниқса, шу йилнинг 15–16 октябрь кунлари Тошкент ва Хива шаҳарларида ўтказиладиган “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” халқаро анжуманда бутун дунёга намоён этишимиз керак. 


Зайниддин домла ЭШОНҚУЛОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Видеолар

Ўзини сарҳисоб қилиш – мусулмоннинг вазифасидир!

30.12.2025   4658   1 min.

Зайниддин домла Эшонқулов
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

ВИДЕО