Бугун Ўзбекистонда муҳтарам Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида диний ва маърифий соҳада, хусусан, ислом илмлари соҳасида жуда катта янгиликлар, яхшиликлар амалга оширилмоқда.
Бугунги мураккаб дунёда динийлик ва дунёвийлик мувозанатини ушлаш жуда ҳам мураккаб, бироқ мана шу қийинчиликни қандай чиройли тарзда енгиб ўтиш, амалга ошириш мумкинлигини Ўзбекистон мисолида яққол кўришимиз мумкин.
Албатта, бу сиёсатни юритиш осон эмас. Лекин мана шу мўътадил сиёсатни Ўзбекистон Президенти юритаётгани бу барчага ва барча давлатларга, албатта, ўрнак бўлади.
Қадим тарихий манбаларни тадқиқ қилиш, ундаги эзгу ғояларни нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон оммасига етказишда бу каби анжуманларнинг ўрни ниҳоятда катта ҳисобланади.
Проф. Али Муҳйиддин Қорадоғий
Бутунжаҳон мусулмон уламолари уюшмаси раиси, Доҳа динлараро мулоқот маркази раиси
Мисрдаги Ал-Азҳар халқаро академиясида 20 нафар ўзбекистонлик имом-хатиб учун ташкил этилган малака ошириш дастури якунланиб, иштирокчиларга махсус шаҳодатнома топшириш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” мухбири.
Икки ҳафта давом этган ўқув курсида диний соҳа вакиллари ўзларининг илмий-диний билимларини ошириш, Ал-Азҳарнинг бой илмий тажрибаси ва ўқитиш услубларини ўзлаштириш бўйича машғулотларда қатнашди.
Тадбирда сўзга чиққан академия раҳбари Ҳасан Сағир ушбу ўқув курслари Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари шайх Аҳмад Таййибнинг доимий эътиборида бўлганини алоҳида таъкидлади. Унинг қайд этишича, шайх Аҳмад Таййиб ўқув жараёнини жиддий кузатиб борган.
Сафар давомида ўзбекистонлик имомлар ушбу давлатдаги Катта уламолар кенгаши аъзоси доктор Ҳасан Шофеий билан ҳам кўришди. Учрашув чоғида илм-фан, диний маърифат ва уламолар масъулияти хусусида суҳбат бўлиб ўтди.
Имом-хатиблар Ал-Азҳар ҳамда Имом Ҳусайн масжидларига ташриф буюриб, у ерда сақланаётган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбат берилган табаррук ашёлар, жумладан, муборак қилич ва бошқа тарихий ёдгорликларни кўриш имконига эга бўлди.
Тадбир доирасида Ўзбекистон ва Ал-Азҳар ўртасидаги диний-маърифий ҳамкорлик, икки халқ ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, имом-хатибларнинг илмий салоҳиятини юксалтириш ҳамда ўзбекистонлик ёшларнинг ушбу нуфузли даргоҳда таълим олиш имкониятларини кенгайтириш бўйича келгуси чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати