Аллоҳ таоло инсонларни лойдан, фаришталарни нурдан, жинларни эса оловдан яратди. Аммо ҳайвонларни-чи, нимадан яратди?
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилган: “Аллоҳ ҳамма жониворни сувдан яратди. Бас, улардан баъзилари қорни билан юрадир, баъзилари икки оёқ билан юрадир ва баъзилари тўрт (оёқ) билан. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган нарсани яратур. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир” (Нур сураси, 45-оят).
Бошқа оятда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Куфр келтирганлар осмонлару ер битишган бўлганини, бас, уларни очганимизни ва сувдан ҳар бир тирик нарсани қилганимизни билмайдиларми? Иймон келтирмайдиларми?” (Анбиё сураси, 30-оят).
Демак, ер юзидаги қорни билан судралиб юрадиганлари ҳам, икки оёқда юрадиганлари хам, тўрт оёқда юрадиган чорва ҳайвонлари ҳам ва булардан бошқа бир қанча оёқда юрадиган хилма-хил ҳашаротлар ҳам сувдан яратилган. Аллоҳ таоло уларни турли суратларда, хилма-хил сифатлар билан пайдо қилган. Субҳаналлоҳ...
Қиёмат куни ушбу ҳайвонларнинг барчаси тупроққа айлантирилади. Буни дўзах азобидан қийналётган дўзахийлар кўриб: “Кошки эди, ҳайвонларга ўхшаб, тупроқ бўлиб кетсам”, деб орзу қилар эканлар. Лекин бу орзу ҳеч қачон ушалмайди.
Аллоҳ таоло ҳидоятида мустақим қилсин!
Даврон НУРМУҲАММАД
Мақолалар
Ҳар қандай кўнгилсизлик, бало ва мусибатлар аслида банда учун имтиҳон, синовдир. Шунинг учун дунёда бахтлилару бахтсизларни, бойлару йўқсилларни, соғлару беморларни, ориғу семизларни, новчаю паканаларни учратасиз.
Албатта, бундай хилма-хилликнинг замирида кўплаб ҳикматлар бор. Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилиб айтади: «Аллоҳ таоло “Алмийсоқ” кунида Одам зурриётларининг барчасини руҳлар ҳолида жамлаб, уларга сурат-шакл бериб, улардан аҳду паймон олди… Одам алайҳиссалом уларга назар солиб, бойини ҳам, фақирини ҳам, чиройлисини ҳам, хунук бўлганларини ҳам кўргач: “Эй Раббим! Бандаларингни ўзаро тенг, бир хил қилиб қўйсанг эди”, деди. Шунда Аллоҳ таоло: “Мен уларнинг шукр қилишларини яхши кўраман (яъни ҳар ким ўзидан ёмонроқ аҳволда бўлганларни кўриб, ўзининг ҳолига шукр қилади)”, деб марҳамат қилди».
Имом Ибн Можа келтирган юқоридаги ҳадисда ана шундай ҳолатда банда қандай йўл тутиши баён қилинмоқда.
“Ким бирор балога йўлиққан кишини кўрганида…” У бало дард-иллат, фақирлик, чорасизлик ёки бошқа ҳар қандай мусибат бўлиши мумкин.
“Кўриш”дан мурод назар солиш, у ҳақда эшитиш каби хабардор бўлишнинг ҳар қандай туридир.
“Уни мубтало қилган бу нарсалардан мени омон қилган ва мени Ўзи яратган кўплаб махлуқотларидан афзал қилиб қўйган Аллоҳга ҳамд бўлсин!” Яъни ушбу калималар би лан ўзига берилган неъматлар, офият ва омонликлар учун Аллоҳ таолога шукрона, ҳамд айтади… Албатта, буни мусибатзада киши эшитмайдиган қилиб, паст овозда, пинҳона айтиши керак. Акс ҳолда, унинг ярасига туз сепгандек бўлади.
“…деб (ихлос ила махфий) айтса, ўша бало унга ҳеч қачон етмайди”, яъни ана шу шукронаси, уни ўша балога йўлиқмаслигига сабаб бўлади. Чунки ҳеч ким бундай балога йўлиқмаслигидан кафолатланмаган. Зеро, Аллоҳ таоло бандани унинг қилган холис дуоси туфай ли асрайди ва унга раҳм қилади.
Шундай экан, банда ҳар доим Аллоҳнинг унга берган неъматларини эслаб юриши, бошқа бандаларнинг ҳолатига қараб ибрат олиши ва ўзидаги бор неъматларнинг барчаси фақатгина Аллоҳ таолодан эканини эътироф этиши лозим.
Азизбек ХОЛНАЗАРОВ
тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 15-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws