Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
13 Ноябр, 2026   |   3 Жумадул сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:47
Қуёш
07:08
Пешин
12:12
Аср
15:24
Шом
17:09
Хуфтон
18:25
Bismillah
13 Ноябр, 2026, 3 Жумадул сони, 1448
Янгиликлар

24.10.2024   6464   1 min.
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Шавкат Мирзиёев The muslim 500 рейтингида дунёнинг энг нуфузли 50 нафар мусулмони қаторидан жой олди

13.11.2026   429   4 min.
Шавкат Мирзиёев The muslim 500 рейтингида дунёнинг энг нуфузли 50 нафар мусулмони қаторидан жой олди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «The Muslim 500 – The World's 500 Most Influential Muslims» халқаро нашрининг 2027 йилги рейтингида дунёнинг энг нуфузли 50 нафар мусулмони қаторига киритилди. Шунингдек, давлат раҳбарлари ва сиёсатчилар йўналишида ҳам алоҳида эътироф этилди.

Мазкур рўйхат Иордания пойтахти Амман шаҳрида фаолият юритувчи Қироллик ислом стратегик тадқиқотлар маркази (Royal Islamic Strategic Studies Centre – RISSC) томонидан ҳар йили тайёрланади. 2009 йилдан буён эълон қилиб келинаётган «The Muslim 500» нашри мусулмон дунёсига сиёсий, иқтисодий, диний, илмий, маданий ва ижтимоий жиҳатдан таъсир кўрсатаётган шахсларни қамраб олади, хабар бермоқда iccu.uz.

Нашрнинг 2027 йилги сонида Ўзбекистон Президенти фаолияти иқтисодий ислоҳотлар, халқаро ҳамкорлик, минтақавий дипломатия, таълим ва маданият, шунингдек, исломий меросни асраб-авайлаш ҳамда ривожлантириш йўналишлари бўйича ёритилган.

Хусусан, мамлакатда иқтисодиётни эркинлаштириш, валюта ислоҳотлари, хорижий инвестицияларни жалб этиш, ташқи савдо алоқаларини кенгайтириш, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва пахтачиликда тизимли мажбурий меҳнатга барҳам бериш борасида амалга оширилган ишлар қайд этилган.

Шунингдек, Марказий Осиё давлатлари билан яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, минтақавий савдо ва ҳамкорликни кенгайтириш, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги фаоллигини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатларга эътибор қаратилган.

ИСЛОМ ЦИВИЛИЗАЦИЯСИ МАРКАЗИ — БОЙ ТАРИХИЙ ВА МАЪНАВИЙ МЕРОСНИНГ ХАЛҚАРО ТАРҒИБОТИ

«The Muslim 500» нашрида Ўзбекистоннинг бой исломий ва маданий меросини асраб-авайлаш, уни илмий асосда ўрганиш ҳамда халқаро миқёсда тарғиб этиш борасидаги ташаббуслар алоҳида ўрин эгаллаган.

Жумладан, Имом Бухорий ва Имом Мотуридий ёдгорлик мажмуаларини барпо этиш ва ривожлантириш, Имом Бухорий, Имом Термизий ҳамда Имом Мотуридий номидаги халқаро илмий-тадқиқот марказлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, тарихий мадрасалар ва муқаддас қадамжоларни асрашга қаратилган ишлар эътироф этилган.

Бу борадаги муҳим лойиҳалардан бири — Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказидир.

Давлат раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган мазкур мажмуа халқимизнинг уч минг йиллик тарихини, буюк аждодларимизнинг илм-фан ва жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган улкан ҳиссасини, шунингдек, ислом оламининг бой илмий-маърифий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этишга хизмат қилади.

Марказ концепциясида ислом динининг асл инсонпарварлик моҳияти, маърифат, илм-фан, бағрикенглик ва эзгулик ғояларини замонавий ёндашувлар асосида намоён этиш устувор аҳамият касб этади. Бу ерда ноёб қўлёзмалар, тарихий ашёлар, буюк алломаларнинг илмий мероси ва турли даврларга оид маданий бойликлар ягона экспозиция доирасида жамланган.

Айниқса, марказнинг Қуръони карим залида сақланаётган Усмон мусҳафи каби ислом олами учун беқиёс маънавий аҳамиятга эга бўлган ноёб ёдгорликлар халқимизнинг жаҳон цивилизацияси тарихидаги ўрни ва масъулиятини янада яққол намоён этади.

Марказ бугун нафақат миллий тарих ва маънавий меросни ўрганиш маскани, балки халқаро илмий мулоқот, маданий дипломатия ва цивилизациялараро ҳамкорлик майдони сифатида ҳам фаолият юритмоқда. У орқали Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк мутафаккирлар мероси, уларнинг илм-фан, маърифат ва инсоният тараққиётига қўшган ҳиссаси жаҳон жамоатчилигига кенг таништирилмоқда.

«The Muslim 500» нашрида айнан шу каби ташаббусларнинг қайд этилиши Ўзбекистоннинг исломий меросни асраш, илмий-маърифий анъаналарни давом эттириш ва уларни халқаро миқёсда тарғиб қилишга қаратаётган эътиборини акс эттиради.

МАЪЛУМОТ ЎРНИДА

«The Muslim 500» нашрида дастлабки 50 нафар шахс алоҳида рейтинг асосида кўрсатилса, қолган 450 нафар иштирокчи фаолият йўналишлари бўйича гуруҳларга ажратилади. Унда сиёсат, илм-фан, дин, маданият, санъат, спорт, оммавий ахборот воситалари ва бошқа соҳалар вакиллари қамраб олинади.

Нашр муаллифлари таъкидлашича, рўйхатга киритилиш шахснинг қарашлари ёки фаолиятини қўллаб-қувватлашни эмас, балки унинг мусулмон дунёсига кўрсатаётган таъсирини акс эттиради.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари