Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
29 Январ, 2025   |   29 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:16
Қуёш
07:37
Пешин
12:41
Аср
15:54
Шом
17:39
Хуфтон
18:55
Bismillah
29 Январ, 2025, 29 Ражаб, 1446
Янгиликлар

21.11.2024   923   1 min.
Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Бир гуноҳ мартабани кўтарса, бошқаси уни туширади

29.01.2025   1136   4 min.
Бир гуноҳ мартабани кўтарса, бошқаси уни туширади

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ибн Ато: “Банда бир гуноҳ қилади-ю, у сабаб жаннатга кириш бахтига мушарраф бўлади... Ва яна бир савоб ишни қилади-да, у туфайли жаҳаннамга тушади”, дедилар. Атрофидагилар: “Қандай қилиб бундай бўлиши мумкин?!”– дейишди. Ибн Ато бунга жавобан шундай дедилар: “Банда гуноҳ қилади-да, тинмай ўз гуноҳини ўйлаб юраверади, охир-оқибат унда ўзини паст олиш, синиқлик ва надомат пайдо бўлади, ана ўша бу банданинг нажотига сабаб бўлади. Бир яхшилик қилиб, ўша иши ҳеч кўз олдидан кетмайди. Ҳар гал уни тилга оларкан, бу унда ужб, кибр ва бошқаларга миннат қилиш каби туйғуларнинг уруғини қадайди, айни шу ҳол унинг ҳалокатига сабаб бўлади”.

Имом Моликдан ривоят қилинадики, у зот: “Ўзларинг худодек одамларнинг гуноҳларига қарайверманглар. Қулдек бўлиб ўз гуноҳларингизга эътиборли бўлинглар. Бошига бирон кўргилик тушганларга марҳаматли бўлинглар ва бошингиздаги офият учун Аллоҳга ҳамд айтинглар!” – деганлар.

“Бу дўзахий, бу жаннатий” дейишдан сақланинг. Осийларга манманлик қилманг, Аллоҳдан улар учун ҳидоят  ва тўғри йўлга тушишларини сўранг.

Бир фожир кимса Ҳарами шарифда бўлса-да, Аллоҳнинг чегарасидан чиқиб гуноҳ қиларди. Солиҳ кишилардан бири  доим унга Аллоҳни эслатиб: “Биродар, Аллоҳга тақво қил! Аллоҳдан қўрқ! Сен курраи заминдаги энг муборак жойда бўла туриб гуноҳи кабиралар, фаҳш ишларни қилишга қандай ботинасан?!” – дер эди. Шундай кунларнинг бирида солиҳ киши яна фожирни Аллоҳ томон чорлаб, унга насиҳат қилди. У бўлса бу гапларга эътибор ҳам қилмади, аксинча, унга ўта хунук тарзда жавоб қайтарди. Солиҳ киши эса таажжубланган ҳолда шошиб: “Бундай тарзда давом этаркансан, Аллоҳ сени кечирмайди”, деб юборди. Бу гап осийнинг бошига гурзи билан ургандай бўлди ва: “Аллоҳ мени кечирмайдими?! Аллоҳ мени кечирмайдими?! Йўқ, Аллоҳ, албатта, кечиради!..” – деди.

Орадан анча вақт ўтди. Воқеликка гувоҳ бўлган киши бундай дейди: “Вақт ўтиб унинг Танъимдан умрага эҳром боғлаганини кўрдик. У умра тавофини тугатмасидан туриб ҳушидан кетиб йиқилди ва Байтуллоҳнинг рукни ва Мақоми Иброҳим орасида жони узилди”.

Хабарларда келишича, Аллоҳ таоло Довуд алай­ҳиссаломга қуйидагича хитоб қилиб: “Эй Довуд! Гуноҳкорларга хушхабар беринг. Сиддиқларни огоҳлантиринг”, деди. Довуд алайҳиссалом ҳайрон бўлдилар. Аллоҳ таоло: “Менга ҳеч қандай гуноҳни кечириш оғир келмайди (Мен кечирмайдиган бирорта гуноҳ йўқ). Сиддиқларни огоҳ этингки, улар амаллари билан таажжубланмасинлар. Чунки мен бирор кишини ҳисобга тортсам, ҳалок бўлмай қолмайди”.

“Эй Довуд! Агар сен Мени яхши кўриш даъвосида бўлсанг, қалбингдан дунё муҳаббатини чиқариб юбор. Зеро, менга бўлган муҳаббат ва дунё ишқи бир қалбда жам бўлмагай”.

“Эй Довуд! Менга муҳаббат қилган киши одамлар ухлаётган чоғда ҳузуримда таҳажжуд ўқигани ҳолда ҳозир бўлади. Ғофиллар мени зикр қилишдан лоқайд бўлганлари пайт хилватда Мени зикр қилади. Одамлар ёдларидан чиқарганларида неъматимга шукр қилади...”

Роббига осий бўлаётган кишининг нафсу ҳавосини таг- туги билан суғуриб ташлаб, Мавлоси томонга қайтиш вақти келди...

Банда Аллоҳ унга берган инъомларни эсидан чиқардими?!

Тунда қоим бўлинг ва Роббингизга муножот қилганингиз ҳолда бундай денг: “Аллоҳим! Сен Ғофурсан, мен эса осийман. Сен Раҳимсан, мен бўлсам жиноятчи. Ҳузурингда итоат қилиб турганим ва хорлигимга раҳм қил!”.

Ҳассон Шамсий Пошонинг "Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар" номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.