Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
05 Ноябр, 2026   |   25 Жумадул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:38
Қуёш
06:59
Пешин
12:12
Аср
15:32
Шом
17:17
Хуфтон
18:32
Bismillah
05 Ноябр, 2026, 25 Жумадул аввал, 1448

Тонгги уйқунинг ризққа таъсири

28.11.2024   14792   7 min.
Тонгги уйқунинг ризққа таъсири

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Сохр ал-Ғомидий ривоят қилади: “Набий  соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳим, умматимнинг барвақт (қилган ишлари)да барака бергин!” деб дуо қилдилар. У зот қўшинни бирон жойга жўнатмоқчи бўлсалар, куннинг аввалида жўнатар эдилар”. Сохр тижоратчи киши эди. У ҳам тижорат карвонини куннинг аввалида жўнатар эди. Натижада унинг мол-дунёси кўпайиб, бойиб кетди (Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа, имом Аҳмад, имом Табароний, Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да ривоят қилган. Ибн Можа Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан қилган ривоятда: “Эй Аллоҳим, умматимнинг пайшанба кунги барвақт (қилган ишлар)ида барака бергин!” дейилган).

Ушбу ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан эрта тонгда мусулмонлар бажарган ишларнинг баракали бўлишини сўраб қилган дуолари ва бунинг тасдиғи ўлароқ ҳадис ровийсининг ҳаётидан ибратли воқеа ҳам келтирилмоқда.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳим, умматимнинг барвақт (қилган ишлари)да барака бергин!”, деб дуо қилдилар. У зот қўшинни бирон жойга жўнатмоқчи бўлсалар, куннинг аввалида жўнатар эдилар.

Яъни: Аллоҳим, менинг умматим ичидан эрта тонгда барвақт амал қилувчиларнинг амалларига, касб-кор қилувчиларнинг касбларига, илм талабида бўладиганларнинг илмларига барака бергин. Уларнинг ишлари ва амалларини серунум, ривожли ва давомли қилгин!

Мазкур дуо орқали, ўз навбатида у зот умматларини ҳар қандай ишни бажаришда барвақт ҳаракат қилиш, эрта тонгдан ризқ ёки илм талабида бўлишга тарғиб қилмоқдалар.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда тунни уйқу вақти, кунни эса тирикчилик олиб борадиган пайт қилиб қўйганини айтган. Шунга биноан, куннинг аввалидан ҳаракатда бўлиш яхши натижаларга сабаб бўлади.

Умматларини эрта туришга ва барвақт ҳаракатда бўлишга ундаган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган гапларига энг аввал ўзлари амал қилардилар. Агар у зот бирон ерга вазифа билан кичик бир гуруҳ ёки каттароқ қўшинни юбормоқчи бўлсалар, куннинг аввалида юборардилар.

“Сохр тижоратчи киши эди. У ҳам тижорат карвонини куннинг аввалида жўнатар эди. Натижада унинг мол-дунёси кўпайиб, бойиб кетди”.

Ушбу ҳадис ровийси Сохр ибн Вадоъа ал-Ғомидий тижорат билан шуғулланар экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига эргашиб, Сохр ҳам бирон ерга савдо карвони юбормоқчи бўлса, куннинг аввалида барвақт жўнатарди. Суннатга астойдил амал қилгани, қолаверса, эрта тонгда ризқ талабида бўлгани учун унинг савдосига барака кириб, ишлари олға силжий бошлади. Натижада Сохр розийаллоҳу анҳу бой-бадавлат кишилардан бирига айланди.

Оиша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қиладилар: “Ризқ талабида барвақт ҳаракат қилинглар! Зеро, эрталабдан ҳаракат қилиш барака ва муваффаққият(омили)дир” (Имом Табароний “Авсат”да ривоят қилган).

Ҳар биримиз эрта тонгдан ризқ талабида бўлишга ҳаракат қилишимиз керак. Чунки барвақт қилинган ҳаракат барака ва ютуқлар калитидир. Бунга ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ. Сабаби буни Набий  соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари айтиб турибдилар. Аввалги саҳиҳ ривоятда ҳам бу маъно таъкидланган эди.

Олдин айтиб ўтганимиздек, “ризқ” бир тарафдан моддий неъматларни, иккинчи тарафдан эса маънавий-руҳий неъматларни ҳам ўз ичига олади. Чунончи, ақл, илм, идрок, зеҳн ва шу кабилар ҳам инсонга бериладиган ризқдир. Шу сабаб ҳам, китобларимизда эрта тонгда илм талаб қилишга тарғиб қилинади ва уламолар ҳаётидан ибратли ҳолатлар мисол қилиб келтирилади. Эрта тонгда илм талаб қилишнинг фазилатли эканига сабаб шуки, ҳадисда айтилаётганидек, бу пайт баракалидир. Маълумки, уйқудан уйғонгач, инсон танасида тетиклик, миясида ҳам бардамлик кузатилади. Бундан ҳолатда ўқилган илм, ёд олинган оят ёки ҳадис хотирага мустаҳкам ўрнашади ва зеҳнга яхши сингийди. Хуллас, хоҳ дунёвий ҳожат бўлсин, хоҳ ухровий – зикр ва дуо каби ибодатлар бўлсин, агар улар эрта тонг адо этилса, Аллоҳ бундай ишларга барака ва ривож ато этади.

Амр ибн Усмон ибн Аффон отасидан ривоят қилади:Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Тонгги (уйқу) ризқни(нг келиши)ни тўсади” (Имом Аҳмад ва  Байҳақий ривояти. Ушбу ҳадиснинг санади заиф).

“Ризқни тўсади” жумласи “ризқнинг баракали бўлишини ман қилади” маъносини англатади. Зеро, тонг чоғида то қуёш чиққунча ухлаб ётувчи қанчадан-қанча одамлар борки, улар ризқдан бутунлай маҳрум бўлиб қолмайдилар. Балки уларнинг ризқида барака ва ишларида унумдорлик бўлмайди.

“Файзул-қодийр” китобида шундай дейилган: “Кимки кунини хайрли суратда бошласа, қолган қисми ҳам хайрли-баракали бўлади. Ишлари ўнгидан келади. Аллоҳ тарафидан ўша банданинг ризқига барака берилади. Ривоятларда келишича, қуёш чиққунча бўлган вақт оралиғида ризқлар тақсимланар экан. (Уйғоқ бўлиш билан) ризқ тақсимотида иштирок этмаган банда ундан маҳрум бўлган билан баробардир. Чунки, тонг отгач ҳам уйқудан уйғонмаган банда ўрнидан ланж ва дили хира бўлиб туради. Тирикчилиги ва касб-корида ҳам шижоат ва серғайратлилик йўқолиб, ишига ҳафсаласизлик билан ёндашади. Шу зайл ризқининг баракаси кетади”.

Али розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуёш чиқишидан олдинги уйқудан қайтарганлар” (Ибн Можа ривояти. Ҳадиснинг санади заиф).

“Қуёш чиқишидан олдинги уйқу” бу тонг пайтидаги уйқудир. Аввалги ҳадисда эрталабки уйқу ризқнинг баракасини кетказиши айтилган бўлса, бу ерда ўша вақтда ухлашдан қайтарилмоқда. Чунки тонг чоғи, яъни бомдод намозидан кейинги вақт зикр-тасбеҳ, таҳлил, истиғфор айтиш ёки ризқ талабида ҳаракат қилиш учун қулай фурсатдир.

Бағавийнинг “Шарҳус сунна” китобида: “Бизга хабар қилинишича, Ер бомдод намозидан кейин ухловчи олимдан шикоят қилиб, Аллоҳга мурожаат қилар экан”, дейилган.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизлари Фотима розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Мен тонг пайтида ухлаб ётганимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдимдан ўтиб қолдилар. У зот мени оёқлари билан қимирлатиб: “Эй қизалоғим, тур, Роббингнинг ризқ (тақсимлаш)ига гувоҳ бўл. Асло ғофиллардан бўлма! Зеро, Аллоҳ азза ва жалла тонгдан қуёш чиққунча бўлган пайт оралиғида одамлар ризқларини тақсимлайди”, дедилар (Байҳақий ривояти. Ҳадиснинг санади заиф).

Ушбу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тонг чоғидаги уйқудан қайтарганлари яна бир бор таъкидланмоқда. Хуллас, банда тонг пайтида уйғоқ ҳолда бўлиб, бирон манфаатли иш билан машғул бўлиши, дунё ва охират ободлиги учун интилиши лозим.

Одилхон қори Юнусхон ўғли

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ўзбекистон ва Ўмон: тарихий меросни асраш ва илмий ҳамкорлик сари

05.11.2026   27668   2 min.
Ўзбекистон ва Ўмон: тарихий меросни асраш ва илмий ҳамкорлик сари

2026 йил 3 ноябрь куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов бошчилигидаги делегация таркибида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров Ўмон Султонлигида амалий ташриф билан бўлди.

Ташрифда Ўзбекистон Республикасининг Ўмон Султонлигидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Абдусалом Хатамов, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов каби расмий ва илмий доиралар вакиллари иштирок этди.

Ташриф доирасида делегация Ўмон Султонлиги Миллий ҳужжатлар ва архивлар бошқармаси раиси доктор Ҳамад бин Муҳаммад ал-Зувайёний билан учрашди.

Мулоқот давомида архив ҳужжатларини реставрация қилиш, сақлаш, тизимлаштириш ва рақамлаштириш соҳасидаги замонавий технологиялар, илғор тажрибалар ҳамда илмий ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги тарихий, маданий ва ижтимоий алоқаларни чуқур ўрганишга қаратилган қўшма халқаро конференция ўтказиш ташаббуси илгари сурилди. Унда икки халқнинг муштарак тарихий илдизлари, диний-маънавий мероси, меъморчилик анъаналари ва тарихий нумизматика соҳасидаги алоқаларини илмий тадқиқ этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашувдан сўнг делегация аъзолари Миллий ҳужжатлар ва архивлар бошқармасининг ихтисослаштирилган бўлинмалари фаолияти билан танишдилар. Хусусан, тарихий ҳужжатларни зарарсизлантириш, реставрация қилиш ва узоқ муддат сақлашга мўлжалланган замонавий лабораториялар, махсус ускуналар ҳамда технологик жараёнлар намойиш этилди.

Айниқса, тарихий ҳужжатларга зарар етказувчи замбуруғлар, бактериялар ва ҳашаротларга қарши курашиш, архив материалларини биологик омиллардан ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар делегация аъзоларида катта қизиқиш уйғотди.

Мазкур ташриф Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги илмий-маърифий алоқаларни мустаҳкамлаш, бой тарихий меросни ўрганиш ва асраб-авайлаш, шунингдек, халқаро илмий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этади.

Эътиборлиси, мазкур ташриф ва учрашувлар тафсилоти Қатарнинг Доҳа шаҳрида инглиз тилида чоп этиладиган етакчи «The Peninsula» газетасида ҳам кенг ёритилди. Нашрда Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги илмий-маданий ҳамкорлик, қўлёзмаларни муҳофаза қилиш ва мутахассислар малакасини ошириш масалалари билан бир қаторда, Президент Шавкат Мирзиёевнинг тарихий-маданий меросни асраб-авайлаш ҳамда маърифий ташаббусларни ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлари алоҳида эътироф этилди.

Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуровнинг ушбу ташрифдаги иштироки институтнинг халқаро илмий-маданий ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, илмий тажриба алмашиш ва қўшма тадқиқотлар ривожига ҳисса қўшиш нуқтаи назаридан ҳам аҳамиятлидир.

Тошкент ислом институти матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари