Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
05 Ноябр, 2026   |   25 Жумадул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:38
Қуёш
06:59
Пешин
12:12
Аср
15:32
Шом
17:17
Хуфтон
18:32
Bismillah
05 Ноябр, 2026, 25 Жумадул аввал, 1448

Жума хутбасида дуо қилиш

29.11.2024   12808   1 min.
Жума хутбасида дуо қилиш

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам жумада хутба қилиб турганларида бир одам  ҳузурларига келиб: «Ё Аллоҳнинг Расули, чорвалар ҳалок бўлди, йўллар кесилди. Аллоҳга дуо қилинг!» – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилдилар».

Бошқа бир ривоятда:

«У зот қўлларини кўтариб: «Аллоҳим! Бизга нажот (ёмғири) бер! Бизга нажот (ёмғири) бер! Бизга нажот (ёмғири) бер!» – дедилар. Жумадан жумагача ёмғирда қолишди. Шунда ҳалиги одам келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, уйлар йиқилди. Йўллар қирқилди. Чорвалар ҳалок бўлди», – деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳим! Тоғлар ва адирлар устига, водийлар ичига ва дарахтлар ўсадиган жойларга», дедилар».

Бошқа бир ривоятда:

«Аллоҳим! Атрофимизга, бизнинг устимизга эмас!» – дедилар. Ўшанда (булутлар) Мадинадан худди кийим ечилгандек суғурилиб кетди. Унинг атрофига ёға бошлади. Унга бир қатра ҳам ёғмай қўйди. Мадинага назар солсам, худди гул билан ўралган тошдек бўлиб турган экан», дейилган.

Бешовларидан Термизий ривоят қилмаган.

“Жума ҳақидаги оят ва ҳадислар” китобидан 

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ўзбекистон ва Ўмон: тарихий меросни асраш ва илмий ҳамкорлик сари

05.11.2026   21422   2 min.
Ўзбекистон ва Ўмон: тарихий меросни асраш ва илмий ҳамкорлик сари

2026 йил 3 ноябрь куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов бошчилигидаги делегация таркибида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров Ўмон Султонлигида амалий ташриф билан бўлди.

Ташрифда Ўзбекистон Республикасининг Ўмон Султонлигидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Абдусалом Хатамов, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов каби расмий ва илмий доиралар вакиллари иштирок этди.

Ташриф доирасида делегация Ўмон Султонлиги Миллий ҳужжатлар ва архивлар бошқармаси раиси доктор Ҳамад бин Муҳаммад ал-Зувайёний билан учрашди.

Мулоқот давомида архив ҳужжатларини реставрация қилиш, сақлаш, тизимлаштириш ва рақамлаштириш соҳасидаги замонавий технологиялар, илғор тажрибалар ҳамда илмий ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги тарихий, маданий ва ижтимоий алоқаларни чуқур ўрганишга қаратилган қўшма халқаро конференция ўтказиш ташаббуси илгари сурилди. Унда икки халқнинг муштарак тарихий илдизлари, диний-маънавий мероси, меъморчилик анъаналари ва тарихий нумизматика соҳасидаги алоқаларини илмий тадқиқ этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашувдан сўнг делегация аъзолари Миллий ҳужжатлар ва архивлар бошқармасининг ихтисослаштирилган бўлинмалари фаолияти билан танишдилар. Хусусан, тарихий ҳужжатларни зарарсизлантириш, реставрация қилиш ва узоқ муддат сақлашга мўлжалланган замонавий лабораториялар, махсус ускуналар ҳамда технологик жараёнлар намойиш этилди.

Айниқса, тарихий ҳужжатларга зарар етказувчи замбуруғлар, бактериялар ва ҳашаротларга қарши курашиш, архив материалларини биологик омиллардан ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар делегация аъзоларида катта қизиқиш уйғотди.

Мазкур ташриф Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги илмий-маърифий алоқаларни мустаҳкамлаш, бой тарихий меросни ўрганиш ва асраб-авайлаш, шунингдек, халқаро илмий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этади.

Эътиборлиси, мазкур ташриф ва учрашувлар тафсилоти Қатарнинг Доҳа шаҳрида инглиз тилида чоп этиладиган етакчи «The Peninsula» газетасида ҳам кенг ёритилди. Нашрда Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги илмий-маданий ҳамкорлик, қўлёзмаларни муҳофаза қилиш ва мутахассислар малакасини ошириш масалалари билан бир қаторда, Президент Шавкат Мирзиёевнинг тарихий-маданий меросни асраб-авайлаш ҳамда маърифий ташаббусларни ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлари алоҳида эътироф этилди.

Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуровнинг ушбу ташрифдаги иштироки институтнинг халқаро илмий-маданий ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, илмий тажриба алмашиш ва қўшма тадқиқотлар ривожига ҳисса қўшиш нуқтаи назаридан ҳам аҳамиятлидир.

Тошкент ислом институти матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари