Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ҳанафий мазҳаби ибодат, муомалот ва бошқа барча соҳаларда Қуръон ва Суннатдаги қоидаларнинг хулосаси экан. Буни қандай тушуниш керак? Масалан, бугунги кунда автомашина, самолёт ва поезддан фойдаланишнинг ҳукмини, акция муомалалари ва бошқа масалаларнинг ҳукмини мана шу қоидаларга солиб ўрганамиз. Лекин Қуръон ва Суннатда айнан машина ёки самолётнинг, акциядорликнинг ҳукми йўқ-ку? Унинг ҳукмини қаердан оламиз? Уларни Қуръон ва Суннат асосида ишлаб чиқилган қоида асосида оламиз. Бизга керакли масаланинг ҳукми ана шу қоидадан келиб чиқади. Хуллас, ҳанафий мазҳаби мана шу машаққатли вазифани бажарди. Сизу биз ўтириб, ўша қоидаларни ишлаб чиқишимизга, бугунги кундаги масалалар бўйича ҳукм излашимизга эҳтиёж қолмади, бунинг ўрнига мана шу мазҳаб «Марҳамат» деб, бу қоидаларни тақдим қилди. Аввалги авлодлар ўз давридаги масалаларни бу қоидаларга қандай солган бўлса, биз ҳам ейиш-ичишдан тортиб барча масалаларни шу қоидаларга солишимиз мумкин бўлди.
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Қуръони каримда райҳон зикр қилинган. Аллоҳ таоло айтади:
﴿وَالْحَبُّ ذُو الْعَصْفِ وَالرَّيْحَانُ﴾
“Яна (унда) сомонли донлар ва райҳон (ва бошқа гуллар) бор” (Раҳмон сураси, 12-оят).
﴿فَرَوْحٌ وَرَيْحَانٌ وَجَنَّةُ نَعِيمٍ﴾
“(унинг учун) роҳат, райҳон (бўйи) ва неъматлар жаннати бордир” (Воқеа сураси, 89-оят).
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимга райҳон таклиф қилинса, уни қайтармасин. Зеро кўтаришга енгил, ҳиди хушбўйдир”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Райҳоннинг хушбўй ҳиди кўнгилга хурсандчилик бағишлайди. Уни ҳидлаш ва уйга қўйиб қўйиш билан юқумли касалликлар даф бўлади. Баданга ишқаланса, терлашни, ортиқча рутубат ва нохуш ҳидларни кеткизади.
Қора райҳоннинг йирик баргли ва кўкиш ранглиси эритувчи хусусиятга эга. Шунингдек, у танадаги тиқилмаларни ҳам очади.
"Исломда саломатлик" китобидан
Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим ўғли