Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
17 Апрел, 2026   |   28 Шаввол, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:17
Қуёш
05:41
Пешин
12:28
Аср
17:07
Шом
19:09
Хуфтон
20:27
Bismillah
17 Апрел, 2026, 28 Шаввол, 1447
Мақолалар

Мушрикларни қатл қилишни ман қилиб ёзилган мактуб

14.12.2024   6331   2 min.
Мушрикларни қатл қилишни ман қилиб ёзилган мактуб

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Молик Куфа аҳлидан бўлган бир кишидан ривоят қилади:

«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўзи юборган бир лашкар омилига: «Менга етган хабарга кўра, сизлардан баъзи кишилар ажам кофирни қувар экан. У тоққа чиқиб беркинса, «наметарс» (қўрқма), дер экан. Лекин тутиб олгач, ўлдирар экан. Аллоҳга қасамки, менга ким ўшандоқ қилгани ҳақида хабар етса, албатта, унинг бўйнини чопаман», деб мактуб ёзди».

Қаранг-а, қандай олийжаноблик! Уруш вақти. Бир душман тоққа қочиб, яшириниб олди. Лекин уни қувиб борган мусулмоннинг ёлғон ваъда бериб, душманни ўлдиришга ҳаққи йўқ. Агар ёлғон ваъда бериб, бирор мушрикни ўлдирса, у ўз ҳукумати томонидан ўлим жазосига ҳукм қилинади.

Имом ал-Воқидий ва Ибн Асокир Абдуллоҳ ибн Абу Ҳадрад ал-Асламийдан ривоят қиладилар:

«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу билан Жобияга келдик. У аҳли зиммадан бир чолнинг таом тиланиб юрганини кўриб қолиб, унинг кимлигини сўради. «У аҳли зиммадан, ёши улғайиб, заиф­лашиб қолган», дейилди.

Умар унинг зиммасидаги жизяни бекор қилди. Кейин: «Ундан жизя олиб, заифлашган чоғида таом тилантириб қўйдингизми?!» деб, Байтулмолдан ўн дирҳам нафақа жорий қилди. Унинг оиласи бор эди».

Абу Убайд ва Ибн Занжавайҳ ривоят қиладилар:

«Умар розияллоҳу анҳу бир қари зиммий чолнинг масжид эшиги олдида тиланиб турганини кўриб қолди ва:

«Сенга нисбатан инсоф қилмабмиз. Ёшлигинг­да сендан жизя олибмиз. Катта бўлганингда сени зое қилибмиз», деди. Сўнгра Байтулмолдан унга етарли маош жорий қилди».

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 23-жузидан олинди

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Жисмоний машқларнинг қироли

16.04.2026   4807   1 min.
Жисмоний машқларнинг қироли

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Югуриш жисмоний машқларнинг қироли бўлиб, энг қадимий спорт турларидан бири ҳисобланади.

Манбаларда келтирилишича, саҳобалар ўзаро югуриш мусобақасини ўтказишар ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламбуни кузатиб турардилар. Ҳадиси шарифларда Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳу чопағон бўлганлари ва Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳудайбиядан Мадинага қайтаётганларида саҳобалар югуришда ўзаро мусобақалашишганда барчадан ўзиб кетганлари ривоят қилинган.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг мавлолари Заквон тез югириши билан машҳур бўлган. У киши Макка билан Мадина ўртасидаги – тақрибан 500 километр – йўлни бир кеча кундузда босиб ўтган.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳатто ўзлари ҳам аҳллари билан югуришда мусобақалашганлар. Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мен билан (югуришиб) мусобақалашган эдилар. Мен у зотдан ўзиб кетдим. Бироз вақтдан кейин гўштим ортганди, яъни, семириб қолгандим яна мусобақалашдик. У зот мендан ўзиб кетдилар. Шунда у зот: “Буниси униси билан тенг”, дедилар (Имом Насоий ривояти).

Мазкур ҳадис мусулмон киши ўз аҳллари билан ўзаро мусобақалашиши, маҳрам эркак ва аёллар номаҳрамлар кўзи тушмайдиган жойда жисмоний машқларни бажариши жоизлигига далилдир. Шунингдек, бу каби мусобақалар кишининг виқори, обрўси, фазилатига ҳеч қандай таъсир этмайди. Ҳамда мусобақалашувчиларнинг ўрталаридаги ёшнинг тафовути ўзаро беллашувга монелик қилмайди. Зеро, ҳадиси шарифда келтирилганидек, ўша пайтда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ёшлари элликдан ўтган, Оиша розияллоҳу анҳо эса ёш қиз бўлганлар.

Ҳар бир оилада айниқса, ёшлар ўртасида бу каби мусобақаларни ташкил этиш оилавий муҳитнинг мустаҳкамланиши ва жамиятда соғлом авлод тарбиясида муҳим аҳамиятга эга.


Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим ўғлининг
"Исломда саломатлик" китобидан олинди

Мақолалар