Фарқад Сабахий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Амалларнинг барчаси тортилар экан, фақатгина банданинг Аллоҳга бўлган қўрқувидан чиққан кўз ёши бундан мустасно. Чунки уни ўлчайдиган ўлчовнинг ўзи йўқ, унинг баракаси сабабидан оловли денгизлар сўнади”.
Сиз қоронғу тун қаърида Аллоҳга муножот қилиб ёки Уни зикр қилган ҳолингизда тўккан ёшингизнинг азаматини кўринг!
Аллоҳдан қўрқиб кўзларингиздан оққан бу ёшларни кўрингки, улар жаҳаннам денгизларини-да ўчиришга қодир...
Қиёмат кунида оловли денгизларни-да сўндира оладиган бу кўз ёшларнинг инсонлар наздида қадри йўқ. Бироқ бу Аллоҳнинг ҳузурида буюк бир амалдир!
Муъзил ибн Муҳалҳил: «Менга маълум бўлдики, агар банда Аллоҳдан қўрқиб йиғласа, унинг кўкси нурга тўлади, кўз ёши сабабли унга яхшилик хабари берилади. Фаришталар бир-бирларидан: “Бу қанақа нур?”– дея сўрай бошлашади. Уларнинг бу сўровларига жавобан: “Бу кўз ёшнинг нуридан насибангиз”, деб айтилади», деди.
Биз оламлар Роббисига бўлган муҳаббатимиз ва шавқимизнинг ёшларини тўкаётган онимизда руҳимизни қуршаб оладиган бу туйғуни ҳеч ҳис қилганмизми?!
Ато ас-Суламий Аллоҳга бўлган қўрқувлари туфайли кўп йиғлар эдилар. Бир гал у кишига савол бериб: “Нимага бунча кўп йиғлайсиз?” – дея сўрашди. У зот: “Ахир бўйнимда ўлим арқони бўлса, қабр манзилим, қиёмат мавқифим, атрофимдаги хусуматчилар “ё жаннатга, ё дўзахга” деб турган бўлсалар, нечук йиғламайин?! – дедилар.
Боши берк кўчага кириб қолиб йўлдан адашганингизни ҳис қилсангиз ер ва самони яратган Зотга тазарруъ қилиб, ҳўнграб йиғласангиз, ёдингизда бўлсинки, Аллоҳ тавбангизни қабул қилиши, гарчи гуноҳларингиз булутлар қадар тошиб кетган бўлса-да, уларни мағфират қилиш учун сиз томонга интилади.
Аллоҳ таоло айтади: «Сиздан (эй Муҳаммад!) бандаларим Менинг ҳақимда сўрасалар, (айтинг) Мен уларга яқинман. Менга илтижо қилувчининг дуосини ижобат этурман...»[2].
Ҳассон Шамсий Пошонинг "Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар" номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Саҳиҳу Жомеъис сағир.
[2] Бақара сураси, 186-оят.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, профессор Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов Қозоғистондаги “Нур-Муборак” Миср ислом маданияти университети ташкил топганининг 25 йиллигига бағишланган “Қозоғистонда ислом цивилизацияси анъаналари: ўтмиши ва бугуни” мавзусидаги XXXII халқаро илмий-амалий анжуманда иштирок этди.
Миср ва Марказий Осиё давлатлари диний идоралари етакчилари, таниқли уламолар ҳамда соҳа мутахассислари қатнашган нуфузли тадбирда Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг анжуман қатнашчиларига йўллаган қутловини етказди.
Табрикда университетнинг чорак аср давомида соф маърифатни ёйиш, малакали кадрлар тайёрлаш ва қардош халқлар ўртасидаги илмий-маънавий ҳамкорликни ривожлантиришдаги ўрни юқори баҳоланди.
Сафар давомида мазкур олийгоҳда таълим олаётган ўзбекистонлик талабалар билан алоҳида учрашув ташкил этилди.
Самимий ва очиқ мулоқот руҳида ўтган суҳбатда ёшларнинг ўқиш шароитлари, илмий изланишлари тингланиб, соф диний билимларни чуқур эгаллаш ҳамда юрт равнақига камарбаста етук мутахассис бўлиб етишиш бўйича зарур тавсиялар берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати