Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
21 Октябр, 2026   |   10 Жумадул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:23
Қуёш
06:41
Пешин
12:13
Аср
15:51
Шом
17:37
Хуфтон
18:50
Bismillah
21 Октябр, 2026, 10 Жумадул аввал, 1448

Бугунги кунда қандай муаммоларга учраяпмиз?

07.02.2025   11947   5 min.
Бугунги кунда қандай муаммоларга учраяпмиз?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бугунги кунда учраётган муаммоларимиз нималардан иборат эканига эътибор берайлик. Ислом инсонларнинг турмуш тарзига, ҳаётига, риоя қилиб яшайдиган дастурига айланиши учун нима қилиш керак? Исломий илмларни қандай қилиб ёйиш ҳақида ўйлаш керак, бунинг учун мумкин бўлган ҳамма имкониятни, воситаларни ишга солиш керак. Хўш, ҳозирги кунда Қуръон илмларини, тажвид илмларини оммага ёя оляпмизми?

Ҳа, алҳамдулиллаҳ. Биз бундан хурсандмиз, булар энг яхши, энг гўзал илмлар. Лекин ҳар бир мусулмон эркак ва аёлга фарзи айн бўлган илми ҳолни ҳам ёйишимиз шарт. Афсуски, бугунги кунда ундан анча узоқлашиб қолдик. Бундан бошқа илмларни билиш суннат, мустаҳаб ҳисобланади, яъни фарз эмас. Масалан, Урдунда ким динга амал қилмоқчи бўлса, бориб, тажвид ўрганади. Тажвидни ўргатадиган минглаб марказлар бор. Тўрт минг-беш минг атрофида. Лекин фиқҳни ўргатадиган марказлар деярли йўқ. Ҳолбуки, барча мазҳабларнинг иттифоқига кўра, тажвид илмини пухта эгаллаш фарз эмас, суннат, мустаҳаб амал саналади.

Мусулмонлар дуч келаётган муаммо айнан шунда: тўғри қироат қилиш учун тажвид илмларини ўрганади, лекин таҳорат, намоз, рўза фиқҳи, эр-хотинлик муносабатлари фиқҳи, савдо-сотиқ фиқҳи каби илмларни ўрганмайди, чунки энг муҳим илмларни, фарзи айннинг аҳамиятини унутиб қўйяпмиз. Мусулмонларнинг бугунги аҳволга тушиб қолишига сабаб Ислом илмларини, биз юқорида айтиб ўтган илми ҳолни ўрганмай қўйишларидир. Аҳволни ислоҳ қилиш учун бунга катта эътибор беришимиз, бу илмни мусулмонлар орасида ёйишимиз, уларнинг савиясини кўтаришимиз, бунинг учун қилинадиган ишларни чуқур ўйлашимиз керак.

«Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ фақатгина далилдан келиб чиқиб гапирганларига аниқ ишонамиз», деймиз. Ҳолбуки, мазҳабда у кишининг барча фикрларига ҳам суянавермаймиз. Бунинг сабаби нимада?

Бу саволга жавоб шундай: Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ фақат ва фақат далилдан келиб чиқиб гапирганлар. Агар бирор масалада далилсиз гапириб юборганларида, фосиқ бўлиб қолардилар. Лекин нима учун биз у кишининг кўплаб қавлларини қабул қилмаганмиз? Агар кимдир: «Абу Ҳанифанинг барча сўзлари далилларга суянган, деяпсизлар, унда нега «Абу Ҳанифанинг 100 дан 50 фоиз сўзларини қабул қилмаганмиз», дейсизлар?» деса, бу чигалликка шундай жавоб берамиз: «Аввало, Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг бирорта сўзини олмасак, бундан у кишида бу масалада далил бўлмаган, деган гап келиб чиқмайди. Бир масалага фиқҳий ҳукм беришда иккита босқич бўлади: танзир ва татбиқ босқичлари. Танзир – масаланинг назарий жиҳати бўлса, татбиқ уни амалда қўллаш демакдир.

Танзир босқичи шариатда бир масалага ҳукм бериш фақат ва фақат мутлақ ижтиҳод даражасига етган, ўзида мутлақ мужтаҳиднинг барча шартларини мужассам этган, мутлақ мужтаҳиднинг усулларини, яъни ҳукм олиш қоидаларини тўлиқ эгаллаган зотдангина қабул қилинади. Кимки бу шартларни тўла қамраб олмаган, ижтиҳод даражасига етмаган бўлса, унинг гапи эътиборга олинмайди. Шунинг учун ҳозирги кунда замондош одамларнинг Қуръон ва Суннатдан янги ҳукм истинбот қилишга тааллуқли гаплари умуман қийматга эга эмас, чунки улардан бирортаси мутлақ ижтиҳод даражасига чиқа олмаган.

Бу гап менинг даъвоим эмас! Умматнинг тарихига қарасак, биринчи, иккинчи ва учинчи асрларда сон-саноқсиз мутлақ мужтаҳидлар бўлган. Лекин уммат улардан тўрттасининг сўзини олиб, бошқалариникини қабул қилмаган. Албатта, бу умумий гап, тафсилотини кейинроқ айтиб ўтамиз.

Уммат мазкур кўплаб мутлақ мужтаҳидлар орасидан маълум зотларнинг сўзини қабул қилган. Юқорида таъкидлаганимиздек, умумий қилиб айтганда, улар тўрт киши. Уларнинг усуллари, яъни далил олиш қоидалари бошқаларникидан устунроқ, кучлироқ бўлган, улар энг олий ижтиҳод даражасида бўлишган. Уларнинг замонидаги бошқа мужтаҳидларнинг ижтиҳоди уларникидан қуйироқ бўлгани учун уммат уларни қабул қилмаган. Ушбу тўрт имомдан кейин, уламолар айтганидек, имом Табарий роҳимаҳуллоҳдан бошқа ҳеч ким мутлақ ижтиҳодни даъво қилмаган. Аммо Табарийнинг бу даъвосига ҳам рози бўлинмаган, яъни мутлақ мужтаҳидлик даъвоси рад этилган. Буни имом Лакнавий роҳимаҳуллоҳ айтганлар.

Демак, уламолардан фақат имом Табарийгина буни даъво қилганлар. Тўртинчи, бешинчи, олтинчи, еттинчи, саккизинчи асрларда бошқа даъвогарлар йўқ. Тўғри, қишлоқларда, тоғу тошларда туриб, илмсиз бўлса ҳам, нималарнидир даъво қиладиганлар топилган, лекин уларга ҳеч ким эътибор бермаган, сўзини қабул қилмаган. Шундай қилиб, мазкур тўрт мазҳабдан бошқа эътироф қилинадиган, мазҳаб сифатида танилган, амал қилиб келинаётган ва ҳукми юритиладиган мазҳаб йўқ.

«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ўзбек-лотин алифбосини такомиллаштиришга доир қонун президент томонидан имзоланди

21.10.2026   5209   1 min.
Ўзбек-лотин алифбосини такомиллаштиришга доир қонун президент томонидан имзоланди

Президент Шавкат Мирзиёев 21 октябр – Ўзбек тили кунида лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосидаги тўртта ҳарфни ўзгартириш ҳақидаги қонунни имзолади, хабар бермоқда kun.uz.

Қонун қуйидаги ўзгаришларни назарда тутади:

  • O‘ o‘ → Ö ö
  • G‘ g‘ → Ğ ğ
  • Sh sh → Ş ş
  • Ch ch → Ç ç
  • ng ҳарфи мустақил ҳарф сифатида алифбодан чиқарилади.

Тутуқ белгиси алифбода сақланиб қолди.

Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева бу ўзгаришни қуйидагича изоҳлади:

“Ниҳоят, узоқ йиллик тарихий хато тузатилди. Бугун Президентимиз лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини такомиллаштиришга оид қонунни имзоладилар.

Бу йиллар давомида баҳсларга сабаб бўлаётган ва охири кўринмаётган масала эди. 2023 йил 11 декабрда жадидлар меросига бағишланган конференциядаги нутқимда алифбони тузатиш ташаббусини илгари сурган ҳолда, мазкур баҳсларга нуқта қўйиш вақти келганини айтган эдим.

Албатта, ўзгаришлар осон кечмайди, кимлардадир эътироз ёки хавотир уйғотиши ҳам табиий. Лекин, ишонинг, ёзувимиздаги ноқулайликларга барҳам бериш ва тилимизнинг рақамли макондаги ўрнини мустаҳкамлаш учун бошқа йўл йўқ эди.

Энди ҳамма ҳужжатлар янгидан қилинадими? Йўқ, асло! Биз харажатларни энг минимал даражага тушириш йўлини танладик: амалдаги барча ҳужжатлар, миллий валюта ва қимматли қоғозлар ўз кучида қолади, дарслик, пешлавҳа ва кўрсаткичлар эса яроқлилик муддати тугагач, босқичма-босқич алмаштирилади.

Ушбу қонуннинг 21 октябр куни қабул қилинишида чуқур рамзий маъно бор. Тузатилган алифбомиз маърифатпарвар аждодларимиз орзуси, ёшларимиз саводхонлиги ва тилимиз мавқеини юксалтиришга хизмат қилишига ишонаман.

Барчангизни Ўзбек тили байрами куни билан табриклайман!”

Қонун расман эълон қилинганидан кейин 6 ой ўтиб кучга киради.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари