#Янги_ўқув_йили
Бугун, 3 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ўрта махсус диний таълим муассасаларининг барча курслари ва олий диний таълим муассасаларининг 1-курс талабалари учун янги 2025-2026 ўқув йили бошланиши муносабати билан “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шиори остида байрам тадбирлари бўлиб ўтди.
Мазкур маросимларда Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, ҳудудий ҳокимлик масъуллари, диний таълим муассасалари раҳбарлари, бош имом-хатиблар, шунингдек, ўқитувчи ва талабалар иштирок этди.
Тадбирлар Қуръони карим тиловати, хайрли дуолар ва давлат мадҳияси билан бошланди.
Сўзга чиққан мутасаддилар барчани мустақиллигимизнинг 34 йиллиги ва янги ўқув йили бошланиши билан қутлади. Мамлакатимизда Юртбошимиз томонидан барча соҳаларда бўлгани сингари диний-маърифий соҳага алоҳида эътибор қаратилаётгани, хусусан, бунга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг “Олий Даражали Имом Бухорий” ордени ва бир гуруҳ уламолар “Имом Бухорий” ордени билан тақдирлангани ёрқин далил экани алоҳида таъкидланди. Шунингдек, ўтган йили магистратура босқичи очилиб, эндиликда доктарантурани ташкил этиш режалаштирилаётгани каби қатор янгиликлар айтиб ўтилди.
Шу билан бирга, диний таълим муассасалари фаолияти йилдан-йилга такомиллашаётгани, жумладан, ўқув дастурлари замон талабига қараб янгилаб борилаётгани, кириш имтиҳонлари электрон тест шаклида ўтказилиб, энг муносиб талабалар саралаб олинаётгани, муддарис ва талабаларга ҳар жиҳатдан шароитлар ҳозирланаётгани, ана шундай имкониятлардан унумли фойдаланиб, талабалар астойдил ўқиб-ўрганиб, яхши мутахассис бўлишга ҳаракат қилиши лозимлигига урғу қаратилди.
Тадбирлар давомида диний таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинган 1-босқич талабалари ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди.
Маросимлар якунида Ҳақ таолодан элу юртимиз тинчлиги ва фаровонлиги, мустақиллигимиз абадий бўлиши ҳамда янги ўқув йили хайрли ва манфаатли бўлишини сўраб хайрли дуолар қилинди.
Байрам тадбирларидан сўнг ўқув аудиторияларида “Мустақиллик дарслари” бошланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати