Эринчоқлик, ялқовлик кишини яхши ишлар қилишдан қайтаради, ғайрат-шижоатини йўқотади, касб-кор билан шуғулланишдан қолдиради. Баъзи дангаса кишилар ғайрат қилиш ва ҳаракатни кучайтириш ўрнига оғир кунга тушиб қолганда қўлни қовуштириб, айбни тақдирга тўнкайди. Уйқудаги кишининг уйғоқ одамдан хабари бўлмайди. Дангасалик, танбаллик иллатлари қайси инсон ва халқда илдиз отса, уларнинг тараққиётига болта уради. Бора-бора улар фақир ва боқиманда бўлиб қоладилар. Умрини дангасалик билан ўтказган одамга ҳеч қачон муваффақият ёр бўлмайди.
Бўлса танбаллик кишининг пешаси,
Теккай оёғина хорлик тешаси!
Фаридуддин Аттор
Қайси кишида ожизлик, ношудлик ва дангасалик мужассам бўлса, у фақирликка юз тутади. Дангасалик ва ожизлик уруғини ерга қадаган одам алалоқибат қашшоқлик ҳосилини йиғиб олади. Инсон ҳар бир сониясидан тўғри фойдаланмоғи керак. Вақтни бекор ўтказиш аҳмоқликдир. Дангасалик, ишёқмаслик барча кулфатларнинг бошидир. Аслида камбағаллик айб эмас. Аммо у ялқовлик сабабидан келган бўлса, катта айбдир.
Доно одам ялқов кишилар билан улфат бўлмаслиги керак. Ҳакимлар айтадиларки, ялқовлар билан улфат бўлишдан қочиш зарур. Чунки улардан маслаҳат сўралса, улар ўзларининг ялқовлик нуқтаи назаридан маслаҳат берадилар. Улар бўладиган ишни ҳам ўзларининг қувват ва идроки тақозоси билан бўлмайдиганга чиқарадилар.
Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу: “Нафсингни фойдали нарсалар билан машғул қил, акс ҳолда уни зарарли нарсалар эгаллаб олади”, деб бежиз айтмаганлар.
Дангасалик, танбаллик ва бекорчиликка берилган нафс инсонни турли васвасаларга солиб, ҳар хил ёмон йўлларга бошлайди.
Умар розияллоҳу анҳу: “Мен одамнинг на дунё иши, на охират иши билан машғул бўлмасдан, бекорчи бўлиб юришини ёмон кўраман”, деган.
“Ҳалол касб-ҳунар – қут-барака келтирар” китобидан
Тил шунчаки муомала ва мулоқот воситаси эмас. У инсонга Аллоҳ табoрака ва таoлонинг ато этган энг улуғ илоҳий неъматларидан биридир. Қуръони каримда инсоннинг яратилиши ва унга баён, яъни сўзлаш, фикр, ифодалаш таълим берилганини алоҳида таъкидланади: «Ар-Роҳман. Қуръонни ўргатди. Инсонни яратди. Унга баённи ўргатди» («Ар-Роҳман» сураси, 1–4-оятлар).
Ислом ақидасига кўра, дунёдаги ранг-баранг тиллар ва лаҳжалар Аллоҳ таолонинг чексиз қудрати ва ҳикматини кўрсатувчи оят-далиллардир. Ер юзида турли миллат ва элатларнинг мавжудлиги, уларнинг ўз тилига эга экани тасодиф эмас, балки Илоҳий ироданинг гўзал ифодасидир. Бу ҳақда илоҳий каломда бундай марҳамат қилинади: «Ва Унинг оятларидан (қудрати далилларидан) осмонлар ва ернинг яратилиши ҳамда тилларингиз ва рангларингизнинг турлича бўлишидир...» («Рум» сураси, 22-оят).
Она тили ҳар бир халқнинг ўзлиги, маънавий қиёфаси ва руҳий дунёсини акс эттирувчи кўзгудир. Ҳар бир пайғамбар ўз қавмига тушунарли бўлиши учун айнан ўз халқининг тилида юборилган. Бу ҳақда ҳам Қуръони каримда бундай дейилади: «Биз ҳар бир пайғамбарни ўз қавми тили билан юбордик, токи уларга (илоҳий ҳукмларни) баён қилиб берсин» («Иброҳим» сураси, 4-оят).
Бу оятдан кўринадики, тил – динни, эзгуликни ва ҳақиқатни етказишнинг энг муҳим воситасидир. Тилни асраш ва уни ривожлантириш – Аллоҳ берган омонатни асраш билан тенгдир.
Ислом дини нафақат тилнинг келиб чиқиши ва қадрига, балки ундан фойдаланиш одобига ҳам жуда катта эътибор беради. Мусулмон кишининг тили фақат яхшилик ва эзгулик таратадиган восита бўлиши лозим. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар:
«Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, фақат хайрли (яхши) сўзларни сўзласин ёки сукут сақласин» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Она тилимиз бўлмиш ўзбек тили асрлар давомида Ислом маърифати, тасаввуф ҳикматлари ва юксак ахлоқ билан суғорилган. Алишер Навоий, Аҳмад Яссавий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби улуғ алломаларимиз бу тилни энг юксак мақомларга кўтарганлар. Навоий ҳазратлари таъкидлаганларидек: «Тилга эътиборсиз – элга эътиборсиз», ўз она тилини ҳурмат қилмайдиган, уни эъзозламайдиган кишилар элига, миллатига эътиборсиз бўладилар. Бундай кимсалар тил, миллат, ватан тушунчаларининг асл моҳиятини, қадр-қимматини ҳеч қачон англаб етолмайдилар. Шу ўринда Ислом нуқтаи назаридан тилни тоза сақлаш қандай одобларни талаб этиши масаласига тўхталиб ўтсак. Зеро, бу одоблар барчамиз учун жуда зарур, чунки уларнинг замирида она тилига ҳурмат-эътибор масаласи ётади. Бу одобларнинг асосийлари қуйидагилардир:
1. Сўзни поклаш, яъни тилни ёлғон, ғийбат, чақимчилик, сўкиниш ва беҳаё сўзлардан асраш.
2. Тил софлигини сақлаш – миллат тилини бегона, ахлоққа зид ва мазмунсиз иборалар билан бузмаслик.
3. Пайғамбар суннатига эргашиш: Набий алайҳиссалом сўзлаганда жуда аниқ, тушунарли ва ширинсўзлик билан, тингловчига озор бермай сўзлар эдилар.
Шуни унутмаслик керакки, миллий ўзликни англаш она тили ва келажак олдидаги масъулиятни ҳис қилишдан бошланади. Она тилини севиш, уни эъзозлаш ва кейинги авлодларга соф ҳолида етказиш – ҳар бир инсоннинг ватанпарварлик ва маънавий бурчидир. Ислом таълимотида Ватанни севиш ва унинг қадриятларини асраш иймоннинг гўзал кўринишларидан саналади. Тил эса Ватаннинг маънавий чегарасидир. Бу чегарани қўриқлаш Ватан сарҳадларини қўриқлаш каби муҳим ва шарафли ишдир.
Бизнинг ўзбек тилимиз – Имом Бухорий, Имом Термизий, Маҳмуд Замахшарий каби дунёга машҳур алломалар юртида шаклланган ва бойиган тилдир. Бу тилда қанчадан-қанча илмий ва диний асарлар битган, ҳикматлар айтилган. Агар биз ўз тилимизни унутсак ёки унга бепарво бўлсак, ўз миллий илдизларимиздан ва бой маънавий меросимиздан узилиб қоламиз. Тилни асраш, уни ёш авлодга пок, мукаммал ва гўзал кўринишда мерос қолдиришимиз учун қуйидаги ҳаракатларни қилишимиз зарур.
Оилада она тили муҳитини мустаҳкамлаш, яъни фарзандларимизга ёшлигидан она тилимизнинг нафосатини, бойлигини ва гўзаллигини сингдириш.
Илм ва маърифат тилига айлантириш, яъни замонавий фан, технология ва Ислом маърифатини она тилимизда кенг тарғиб қилиш ва асарлар таржима қилиш.
Сўз масъулиятини ҳис қилиш, яъни ҳар бир ёзилган ва айтилган сўз учун Парвардигор олдида жавобгар эканимизни унутмаслик.
Биз бугун шунга аҳамият бермоғимиз лозимки, тил байрами – бу шунчаки байрам санаси эмас, балки Аллоҳ таоло томонидан берилган буюк неъматдир. Унга шукроналик билдириш ва ўзликни англаш кунидир. Она тилимизни асраб-авайлаш, унинг софлиги ва жозибадорлигини сақлаш, тилимизда эзгу ва хайрли сўзларни сўзлаш ҳар биримизнинг инсоний ва диний бурчимиздир.
Аллоҳ таоло она тилимизнинг қадри ва мақомини ҳамиша баланд қилсин, юртимизни маърифат ва тинчлик нури билан мунаввар айласин!
Алишер домла Наимов,
Фарғона вилояти бош имом хатиб ўринбосари,
Уламолар кенгаши аъзоси.