Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
21 Октябр, 2026   |   10 Жумадул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:23
Қуёш
06:41
Пешин
12:13
Аср
15:51
Шом
17:37
Хуфтон
18:50
Bismillah
21 Октябр, 2026, 10 Жумадул аввал, 1448

Сиз бундай камбағал эмасмисиз?

24.02.2025   5333   3 min.
Сиз бундай камбағал эмасмисиз?

Кўпинча маблағсиз, эҳтиёжманд одамга “камбағал” деб қаралади. Аслини олганда ҳақиқий камбағал бу – нафсу ҳавонинг асири бўлган, қалбига иккиюзламачилик, зулм, ғурур каби разилликлар ўрнашиб олган кишидир. Қалби инсонни эъзозлаш каби туйғулардан бўшаб қолган кишидир. Қалбида иймон машъаласи сўнган киши ҳақиқий камбағал, фақир ва бечорадир.


Ливан ёзувчиси Михаил Нуайма бундай дейди:

Ҳар бир мунофиқ ёки ўғри ё фосиқ – фақирдир.
Ҳар бир адоватчи, серғазаб, гиначи – фақирдир.
Ҳар бир ҳасадгўй, чақимчи, иккиюзламачи – фақирдир.
Ҳар бир моли, чиройи, салтанати билан мақтанадиган – фақирдир.
Еяётган нони бировнинг пешона тери эвазига бўлган ҳар бир киши – фақирдир.
Ўзи обрўли бўлиш учун қўшнисини хор қилган ёки қорнини тўйғазиш учун уни оч қолдирган киши – фақирдир.
Нафсу ҳавосига эргашиб, ишининг бошию охири жаҳолат бўлган ҳар киши – фақирдир.
Энди айтинг-чи, шулар ҳақиқий камбағал эмасми?! Улар ҳуснихулқ бобида фақир эмасми?!

 

Ë Робб! Бизни ана шундай фақирлардан ва уларга ўхшаганлардан қилиб қўйма. Бизни ўзингга муҳтожлардан ва берганингга рози бўладиган беҳожатлардан қил. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат кунида менга энг яқин ўтирадиганингиз хулқи энг гўзал бўлганингиздир”[1], деганлар.

Мазкур фақирлар тавба қилиб ўзларини ислоҳ қилмас эканлар, Аллоҳнинг раҳматидан маҳрум бўлганлари учун кўз ёш тўкишлари аниқ. Бир он тафаккур қилиб кўринг-чи, сиз ҳам уларнинг бири эмасмисиз? Агар шундай бўлса, нафсингизни терганг ва қораланган сифатлардан халос бўлинг-у, Аллоҳга қайтинг! Агар бунинг акси  бўлса, сиз ҳусни хулқда, иймонда экансиз. Аллоҳнинг раҳматига  лойиқсиз, бунинг учун Аллоҳга ҳамд айтинг.

Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бойлик бу – молнинг кўп бўлиши эмас, балки ҳақиқий бойлик нафснинг тўқлигидир”[2], деганлар.

Улуғлардан бири айтади: “Камгина нарсаси бор фақир эмас, балки кўпни истайдиган ҳақиқий фақирдир”.

Бу борада шоир Мутанаббий ҳам бундай деган:

Кунларин сарфлар мол-дунё тўплаб,
Фақир бўлиб қолмай дея хавфсираб.

Бакр ибн Узайна ҳам бундай дейди:

Қанча бечора бор, чораси сабр,
Қанча фақирларнинг кўзлари тўқдир.
Яна не бойлар бор, дунёга асир,
Оч нафсдан ўзга ҳеч туйғуси йўқдир.

 

Ҳассон Шамсий Пошонинг “Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.

 


[1]  Имом Термизий ривояти.
[2]  Имом Бухорий ривояти.

 

 

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Миср матбуоти: Ўзбекистон билан туризм соҳасидаги ҳамкорлик янги босқичга олиб чиқилмоқда

21.10.2026   18940   2 min.
Миср матбуоти: Ўзбекистон билан туризм соҳасидаги ҳамкорлик янги босқичга олиб чиқилмоқда

Мисрнинг қатор етакчи ОАВда Ўзбекистон–Миср ўртасидаги туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, сайёҳлар алмашинувини ошириш ҳамда икки мамлакатнинг бой тарихий, маданий ва диний меросини халқаро миқёсда тарғиб қилишга бағишланган мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Жумладан, “Aldiplomasy”, “Eldameer”, “Al-Muntasaf”, “Almsaey”, “Altaqrernews”, “Albawabhnews” каби нашрларда туризм икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликнинг истиқболли йўналишларидан бири сифатида баҳоланиб, уни ривожлантиришга қаратилган қатор ташаббуслар илгари сурилган.

Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчиси Мансурбек Киличев Ўзбекистонда туризм инфратузилмасини модернизация қилиш, тарихий-маданий меросни асраб-авайлаш ва хорижий сайёҳлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларни таъкидлаган. Мисрлик сайёҳлар учун электрон виза имкониятининг жорий этилиши туризм, бизнес ва маданий алмашинувни ривожлантиришда муҳим қадам сифатида қайд этилган.

Мақолаларда Ўзбекистон ва Мисрнинг муштарак исломий меросидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилган. Қоҳирадаги Ал-Азҳар уш-Шарифни Ўзбекистондаги Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий мероси билан боғлаш орқали диний-маърифий туризмни ривожлантириш таклиф этилган.

Бу борада “Умра Плюс” дастурлари муҳим аҳамият касб этиб, зиёрат сафарларини тарихий шаҳарлар, меъморий обидалар ва маданий масканларга ташрифлар билан уйғунлаштириш имконини беради. Мисрлик сайёҳларни Самарқанд, Бухоро, Хива ва Тошкентга жалб этиш ҳамда икки мамлакат туроператорлари ўртасида қўшма сайёҳлик дастурларини ишлаб чиқиш истиқболлари ҳам кўрсатиб ўтилган.

Ўзбекистон Туризм қўмитаси раиси Исломиддин Сирожиддинов мамлакатнинг сайёҳлик салоҳиятини тақдим этиб, тоғли ҳудудлар, қишки курортлар, тарихий обидалар ва миллий маданият мисрлик сайёҳлар учун жозибадор йўналишлар эканини таъкидлаган.

Чимён, Амирсой, Чорвоқ, Зомин миллий боғи, Самарқанд ва Хива каби масканларни тарғиб қилиш, мисрлик туроператорлар ва журналистлар учун танишув сафарларини ташкил этиш ҳамда араб тилидаги тарғибот материалларини тайёрлаш таклиф этилган.

Мақолаларда келтирилишича, Ўзбекистон ўтган йили 11,7 миллион ташриф буюрувчини қабул қилган, жорий йилнинг биринчи ярмида эса сайёҳлар оқими 25 фоизга ўсган.

Миср томони вакиллари ҳам икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тажриба алмашиш, сайёҳлик йўналишларини ўзаро боғлаш ва хизматлар сифатини ошириш муҳимлигини қайд этган. Миср Туризм палаталари федерацияси раиси ўринбосари Носир Турки авиақатновларни ривожлантириш ва виза тартибларини соддалаштиришни қўшма туристик дастурлар муваффақиятининг асосий шартлари сифатида кўрсатган.

Халқаро “Умра Плюс” туризм уюшмаси раиси ўринбосари Ҳакан Шаҳин 2027 йилда Мисрга 100 мингдан 150 минг нафаргача ўзбек сайёҳини жалб этиш ҳамда 6–7 июнь кунлари Қоҳирада халқаро туризм кўргазмасини ташкил этиш режаларини маълум қилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари