Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
30 Июл, 2026   |   16 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:41
Қуёш
05:11
Пешин
12:35
Аср
17:33
Шом
19:47
Хуфтон
21:14
Bismillah
30 Июл, 2026, 16 Сафар, 1448
Мақолалар

Фейк хабар тарқатиш ёлғонга шерикликдир

25.06.2025   13892   2 min.
Фейк хабар тарқатиш ёлғонга шерикликдир

Бугунги кунда ахборот тарқатиш имконияти ҳар бир инсонда мавжуд. Биргина сўз, алоқа қурилмаларидаги биргина ҳаракат бутун жамиятда шов-шув, ваҳима келтириб чиқариши мумкин. Англамай, ёки ўйинқароқлик билан, ёки мақсадли ёлғон ахборот тарқатиш ҳоллари кўп кузатилмоқда. Хусусан, дин ва эътиқод каби нозик масалаларда тарқатилаётган фейк хабарлар нафақат шахсий хатолик, балки жамиятга салбий таъсир ўтказувчи умумий масъулият ҳамдир.

Ёлғон гапириш оғир гуноҳлардан саналади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ростгўйликни маҳкам тутинглар. Зеро, ростгўйлик эзгуликка йўллайди, эзгулик эса жаннатга бошлайди. Киши рост гапириш ва ростгўйликка интилишда давом этаверади, натижада Аллоҳ ҳузурида ростгўй деб ёзилади. Ёлғончиликдан сақланинглар. Зеро, ёлғончилик гуноҳкорликка, фожирлик эса дўзахга бошлайди. Банда ёлғон гапириш ва ёлғончиликка интилишда давом этаверади, ниҳоят Аллоҳ ҳузурида ёлғончи деб ёзилади”, дедилар. (Имом Бухорий, Муслим, Термизий ривояти).

Шундай экан, ҳақиқатга тўғри келмайдиган ахборотни тарқатиш қатъий ман қилинган.

Фейк хабар тарқатишнинг кўплаб салбий оқибатлари бор:

  1. Жамиятда фитна келтириб чиқаради – нотўғри маълумот одамлар ўртасида ишончсизлик, гумон ва бўлинишларга сабаб бўлади;
  2. Диннинг мавқейини туширади – тўғри тушунчаларни бузиб кўрсатади, эътиқод қилувчиларни адаштиради;
  3. Расмий диний муассасаларга нисбатан иғво ва ишончсизликни келтириб чиқаради – фейк хабарлар баъзан таниқли расмий диний масъуллар номидан сохта фатво ва баёнотлар сифатида тарқатилади;
  4. Жиноятга олиб боради – баъзи ҳолларда фейк хабарлар одамларни тажовузкор ҳаракатларга ундайди.

Қуръони каримнинг Ҳужурот сураси 6-оятда шундай марҳамат қилинади:

“Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, билмай бир қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар”.

Фейк, ёлғон хабарлардан эҳтиёт бўлиш кераклигини Қуръони карим таъкидламоқда. Демак, ҳар қандай хабарни текшириш ва эҳтиёт билан ёндошиш керак.

Рост хабарни қандай ажратиш мумкин:

  • - Расмий ахборот манбаларига таяниш;
  • - Сарлавҳаси эмас, мазмунига эътибор бериш;
  • - Тарқатаётган шахс ёки саҳтфаларни текшириб кўриш;
  • - Мутахассисларга мурожаат қилиш.

Ҳар бир хабар – тарқатувчи учун ҳам, ундан фойдаланувчи учун ҳам масъулият. Алоқа воситалари ва ижтимой тармоқларга жойлаётган пост билан ё тўғриликни тарғиб қилиш, ёки одамларни чалғитиш мумкин.

Шундай экан, фейк ахборот тарқатиш оғир маънавий жиноятдир. Ҳар бир мусулмон бундай хатарли ҳолатдан ўзини ва бошқаларни сақлаши лозим.

Хоразм вилояти Шайх Қосим бобо

жоме масжиди имом-хатиби Шермуҳаммад Болтаев

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Бухорода имомлар ўртасида спорт мусобақаси ўтказилди

30.07.2026   2019   1 min.
Бухорода имомлар ўртасида спорт мусобақаси ўтказилди

Истиқлолимизнинг 35 йиллиги арафасида Бухоро вилоятидаги имом-хатиб ва ноиблар ўртасида стол тенниси бўйича вилоят турнири бўлиб ўтди.


Соғлом турмуш тарзини кенг оммалаштириш ва ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган баҳсларда дин пешволари ўзларининг жисмоний тетиклиги ва маҳоратларини намойиш этдилар. Муросасиз кечган беллашувлар якунига кўра, совринли ўринлар қуйидагича тақсимланди:


1-ўрин: Абдулло домла Авезов (Қоракўл тумани, «Бозорхўжа» масжиди);


2-ўрин: Абдувоҳид домла Акрамоев (Бухоро шаҳри, «Волидайи Абдулазизхон» масжиди);


3-ўрин: Саддам домла Бобоқулов (Пешку тумани, «Хўжа Пешку» масжиди).


Ғолиб ва совриндорларга Бухоро вилояти бош имом-хатиби ўринбосари Отабек домла Авезов томонидан эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.


Ислом динида тан саломатлиги ва жисмоний куч-қувватга алоҳида эътибор берилади. Бу каби спорт тадбирлари соҳа ходимлари ўртасида соғлом муҳит ва юқори кайфиятни таъминлашга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Бухоро вилояти вакиллиги

Матбуот хизмати

Бухорода имомлар ўртасида спорт мусобақаси ўтказилди Бухорода имомлар ўртасида спорт мусобақаси ўтказилди Бухорода имомлар ўртасида спорт мусобақаси ўтказилди
Ўзбекистон янгиликлари