Савол: Ҳадисда “Ким Ашуро куни аҳли аёлига кенглик яратса, Аллоҳ унга йил бўйи кенглик яратади”, дейилганини ўқидим. Ҳадисдаги ушбу кенгликдан мурод нима?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Ҳақиқатда, ҳадиси шарифларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Кимки Ашуро кунида аҳли аёлига кенглик қилса, Аллоҳ унга йил давомида кенглик қилади", деб марҳамат қилганлар (Имом Табароний ривояти).
Уламолар мазкур ҳадислардаги кенгликни еб ичиш, кийим-кечак ва бошқа нарсаларда кенглик қилишни ирода қилинган деганлар. Яъни одамлар шу куни оила аъзоларига худди байрамлардаги каби, балки ундан ҳам яхшироқ мўл-кўлчилик қилиб берсалар, Аллоҳ таоло уларга йил давомида кенгчилик қилади, деб тушуниш мумкин. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг ташаббуслари билан хотин-қизларнинг маънавий-маърифий савиясини юксалтириш ва интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган хайрли лойиҳалар изчил давом этмоқда.
Шу мақсадда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлими ташаббуси ҳамда масъуллари бевосита иштирокида жойларда бош имом-хатибларнинг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчилари ва маҳалла отинойилари ўртасида «Заковат» интеллектуал беллашувлари ташкил этилмоқда.
Хусусан, мазкур билимлар баҳси Тошкент шаҳри, Хоразм ва Сурхондарё вилоятларида кўтаринки руҳда бўлиб ўтди:
Тошкент шаҳрида кечган баҳсларда отинойилар тарихий, адабий, мантиқий ва диний билимларини синовдан ўтказди. Якунда «Тасним» жамоаси 1-ўринни эгаллади, «Маърифат соҳибалари» 2-ўринга, «Оқилалар» жамоаси эса 3-ўринга муносиб кўрилди.
Хоразм вилоятида «Илм — зиё, тафаккур — камолот сари йўл!» шиори остида ўтган беллашувда ЎМИ Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлими бошлиғи Дилфуза Эгамова, диний соҳа вакиллари ҳамда ҳудуд отинойилари қатнашиб, билим ва тажриба алмашишди.
Сурхондарё вилоятида эса иштирокчилар ижтимоий-сиёсий, ақидавий-фиқҳий ва мантиқий саволларга жамоавий тарзда жавоб бериб, юқори тайёргарлик намойиш этди ҳамда республика босқичи йўлланмаларини қўлга киритди.
Мазкур интеллектуал тадбирлар жамиятда, хусусан, оилалар ва хотин-қизлар орасида маънавий соғлом муҳитни мустаҳкамлашда фидойилик кўрсатиб келаётган отинойиларнинг дунёқарашини янада кенгайтириш ва ўзаро ҳамжиҳатлигини кучайтиришга хизмат қилади.
Беллашувлар сўнгида ғолиб ва совриндорларга ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати