Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
08 Июл, 2025   |   13 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:15
Қуёш
04:58
Пешин
12:33
Аср
17:41
Шом
20:02
Хуфтон
21:37
Bismillah
08 Июл, 2025, 13 Муҳаррам, 1447

Ашуро рўзасининг фазилати

04.07.2025   4822   2 min.
Ашуро рўзасининг фазилати

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам асламлик бир кишига одамлар ичида «Ким бирон нарса еган бўлса, куннинг қолганида рўза тутсин, ким емаган бўлса, у ҳам рўза тутсин, чунки бугун Ашуро куни», деб жар солишга буюрдилар».

Икки Шайх ва Насаийлар ривоят қилишган.

Рубаййиъ бинт Муъаввиз ибн Афро розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ашуро куни эрталаб Мадина атрофидаги ансорларнинг қишлоқларига одам юбориб, «Ким рўза тутган ҳолда тонг оттирган бўлса, рўзасини тугал қилсин. Ким оғзи очиқ ҳолда тонг оттирган бўлса, кунининг қолганини (рўза билан) тугал қилсин», дедилар.

Шундан кейин биз унинг рўзасини тутадиган ва ёш болаларимизга ҳам Аллоҳ хоҳлаганича туттирадиган бўлдик. Масжидга бориб, уларга юнгдан ўйинчоқ қилиб берар эдик. Бирортаси овқат деб йиғласа, ифторгача унга ўшани берар эдик».

Муслим ривоят қилган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу кун – Ашуро кунининг ҳамда ушбу ой, яъни Рамазон ойининг рўзасидан ташқари бирор кунни бошқасидан афзал кўриб, рўза тутишга қасд қилганларини кўрмадим».

Икки Шайх ривоят қилган.

Изоҳ: Яъни, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон Ашуро куни келар экан, рўзасини тутсам, деб, интиқ бўлиб турар эканлар. Бошқа бирор куннинг рўзасини тутиш учун бунчалик интизор бўлиб кутмас эканлар.

Шунингдек, Рамазон ойини ҳам қачон келар экан, рўзасини тутсам, деб, интиқ бўлиб кутар эканлар. Бошқа бирор ойнинг рўзасини тутишни бунчалик интизор бўлиб кутмас эканлар. У кишининг умматлари, яъни бизлар ҳам шундай бўлишимиз лозим.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рамазондан кейинги энг афзал рўза Аллоҳнинг ойи муҳаррамдадир. Фарз намоздан кейинги энг афзал намоз тунги намоздир», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ашуро кунининг рўзаси ўзидан олдинги йилнинг гуноҳларига каффорат бўлади», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

Бошқа мақолалар

Етказиб бериш кечиккани сабабли қўшимча таом бериш

07.07.2025   2720   1 min.
Етказиб бериш кечиккани сабабли қўшимча таом бериш

Савол: Баъзи емакхонлар таом етказиб  беришни кечиктиргани учун буюртмадан ташқари қўшимча таом тақдим этар экан. Шу иш жоизми? Агар рекламада қўшимча бепул таом бериш эмас, балки етказиб берилган таомнинг пулини олмаслик айтилган бўлса, ҳукм қандай бўлади?


Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

1. Таомга буюртма бериш битими шариатдаги истисноъ, яъни буюртма асосида маълум маҳсулотни тайёрлаб бериш шартномасига тўғри келади. Агар саволдаги шарт фақат рекламада акс этиб, буюртма жараёнида алоҳида бундай шарт қўйилмаса, сотувчи тарафидан берилган бу ваъда жоиз ҳисобланади ва унга вафо қилиши керак бўлади.

Агар буюртма беришда етказиб бериш кечикиши сабабли қўшимча таом бериш шарти қўйилса, бу шартноманинг бир қисмига айланади. Битимдаги бундай шарт молиявий жарима саналади. Маҳсулот тайёрлаб бериш (истисноъ) битимида сотувчига нисбатан молиявий жарима қўллашга рухсат этилади.

Демак, қўшимча бепул таом бериш ваъда кўринишида бўлса ҳам, шартномада акс этган бўлса ҳам жоиз экан.

2. Етказиб бериш кечикса, буюртма қилинган таомнинг пулини олмаслик фақат рекламада акс этиб, буюртма жараёнида бундай шарт қўйилмаса, бу ҳам сотувчи тарафидан берилган ваъда бўлади ва жоиз ҳисобланади. Аммо буюртма бериш жараёнида юқоридаги шарт қўйилса, бу шартноманинг бир қисмига айланади. Шартномада эса буюртма суммасидан воз кечиш шартини қўйиш дуруст эмас.

Демак, буюртма қилинган таомнинг пулини олмаслик ваъда кўринишида бўлса жоиз, битимда шарт қилинса, жоиз эмас. Валлоҳу аълам.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази