Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
29 Сентябр, 2026   |   18 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:59
Қуёш
06:17
Пешин
12:13
Аср
16:22
Шом
18:13
Хуфтон
19:27
Bismillah
29 Сентябр, 2026, 18 Рабиъус сони, 1448
Мақолалар

Мўътадиллик - саодат

04.07.2025   17243   2 min.
Мўътадиллик - саодат

Ислом дини бирор шахс, гуруҳ, мол-дунёга нисбатан ва обрў-эътибор топиш учун қилинадиган ҳар қандай мутаассиблик ва фирқаларга бўлинишни қоралайди, тарафкашликни жоҳилият ҳолатига ўхшатади.

Мутаассибликнинг турли кўринишлари бор бўлиб, улар кишининг ўзи, мол-дунёси, фарзандлари, миллатини бошқалардан афзал билиб, бу йўлда ашаддий равишда курашиши демакдир. Мўътабар манбаларимизда ота-боболари ва ўзининг насаби билан фахрланиш туйғуси кишини дўзахга тортади деб таъкидланган.

Мутаассиблик турларидан бири бу диний мутаассибликдир. Диний мутаассиблик деганда, маълум бир динда асос бўлган, ушбу дин вакиллари амал қиладиган таълимот ва қоидаларга қарши чиқиш, диний тушунчаларни шариат кўрсатмаларига зид равишда ўзича талқин қилиб, бошқаларни унга эргашишга чорлаш назарда тутилади. Диний мутаассибликнинг энг катта хатарларидан бири бу, динлараро мулоқотга раҳна солишдир.

Динда мутаассибона ҳаракат, динда чуқур кетиш, ҳаддан ошиш, Қуръон ва Суннатда келган таълимотларга зид равишда ўз фикрига эргашишни қаттиқ қораланади. Динда ҳаддан ошиш деганда шариат белгилаб қўйган чегарадан чиқиб кетиш тушунилади. Бу иш ақидада бўлсин, сўз ёки амалда бўлсин, барибир. Бу борада Аллоҳ таоло Бақара сурасида  “Ушбулар Аллоҳнинг чегараларидир. Бас, улардан тажовуз қилманг. Ва ким Аллоҳнинг чегараларидан тажовуз қилса, бас, ўшалар, ана ўшалар, золимлардир”, деб марҳамат қилади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Динда ҳаддан ошишдан эҳтиёт бўлинглар. Чунки, сизлардан олдин ўтганларни динда ҳаддан ошишлик ҳалок қилгандир” деб уқтирганлар. 

Шундай экан, бугунги кундаги кўплаб муаммоларнинг илдизи мутаассиблик ва ҳаддан ошиш эканлигини ҳаммамиз чуқур англашимиз лозим. Хулоса ўрнида, бу каби муаммоларнинг ечими сифатида Фақиҳ доктор Ваҳба Мустафо Зуҳайлий жанобларининг ушбу сўзларини келтириш билан якунлаймиз: “Ислом мўътадил дин бўлиб ҳақиқатлардан бирортасида четга чиқишга ёки ҳаддан ошишга йўл қўймаслигини англатади. Исломда ва бошқа динларда динда ҳаддан ошиш ҳам, эътиқодда бир тарафлама ва ғайритабиий бўлиш ҳам, ҳаддан ташқари қаттиқ олиш ҳам, жуда бўш қўйиб юбориш ҳам йўқ…”. 

Аллоҳ таъоло барчамизни ҳақ йўлдан адаштирмасин.

Косонсой тумани "Содод" жоме масжиди имом-хатиби

Баҳодир Мирфайзиев

Манба: @Softalimotlar

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Академия ректори "Олий таълим аълочиси" кўкрак нишони билан тақдирланди

29.09.2026   2472   1 min.
Академия ректори

Пойтахтимиздаги INNO инновацион ўқув-ишлаб чиқариш технопаркида 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан соҳа фидойилари ҳамда «Олий таълим аълочиси» кўкрак нишони соҳибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.


Мазкур тадбирда ўз касбига садоқат билан хизмат қилаётган профессор-ўқитувчилар, тажрибали педагоглар, илм-фан тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган олимлар ҳамда тизимда фидокорона фаолият юритаётган бир гуруҳ ходимларга «Олий таълим аълочиси» кўкрак нишони тантанали тарзда топширилди.


Қувонарлиси, ушбу юксак эътирофга сазовор бўлганлар қаторида Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов ҳам муносиб кўрилиб, «Олий таълим аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирланди.


Мазкур мукофот билан устозни қизғин муборакбод этиб, Аллоҳ таолодан эл-юрт ва динимиз равнақи йўлидаги хайрли ишларида куч-қувват ҳамда улкан зафарлар тилаймиз. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари