Болалар билан муомала қилиш услуби
Эрингизнинг ҳурматини жойга қўйинг!
Эркак кишининг оилада оила бошлиғи, ота сифатида ўз ўрни бўлмоғи лозим. Бунинг учун аёл киши турмуш ўртоғига нисбатан меҳр-муҳаббатли, айниқса, фарзандларининг олдида отанинг ҳурматини жойига қўймоғи керак. Солиҳа аёл ҳар қандай вақтда оталарининг буюк шахс эканини билдириб туради ва отани ҳурмат қилиш, уни яхши кўришда болаларига ўрнак бўлиб, амалий йўл кўрсатади. Фарзандларига отасининг гўзал хислатларини ўрнак сифатида айтиб беради. Онанинг фарзандига: “Мана шундай қилсанг отанг сендан хурсанд бўлади. Бундай қилмагин, дадангнинг жаҳллари чиқади. Дадангнинг сендан жаҳли чиқса, Аллоҳнинг ҳам ғазаби келади”, дея панд-насиҳатлар қилмоғи мақсадга мувофиқдир.
Арзимас бўлса ҳам ҳадялар беринг!
Фарзандингизга кичик бўлса-да, ҳадялар беринг. Байрам кунлари, бирор муваффақиятга эришганликлари муносабати билан, айниқса, ҳайит кунлари буни унутманг. Бу билан фарзандингизнинг сизга бўлган меҳр-муҳаббати, эътибори ортади, кайфияти кўтарилади, яхшиликлар сари интилади. Совғаларингиз ичида у қизиққан китоблар бўлса, ундан-да яхши.
Фарзандингизга қулоқ солинг!
Фарзандингиз боғчасида ёки мактабида нима бўлганини айтиб бериш учун олдингизга келса, унинг шаштини қайтарманг. Сўзларини диққат билан тингланг. У сиз билан ўзининг ҳис-туйғуларини бўлишмоқчи бўлади. Фарзандингизнинг муваффақиятларини рағбатлантиринг, агарда у имтиҳондан юқори баҳо олса, йилни аъло баҳоларга якунлаб, мақтов ёрлиғи билан тақдирланса, сиз ҳам фарзандингизни муносиб баҳоланг, ширин сўзларингиз билан уни янада илҳомлантиринг.
Фарзандларингиз билан ҳазиллашиб туринг!
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам болалар билан ҳазиллашар ва уларга меҳр кўрсатар эдилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам неваралари Ҳасайинни ўпдилар. У зотнинг олдиларида тамиймлик Ақро ибн Ҳобис ўтирган эди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Менинг ўнта болам бор, улардан биронтасини ҳам ўпмаган эканман”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Раҳм қилмаган кишига раҳм қилинмайди” [1], дедилар».
Набий алайҳиссалом болалар билан ҳазиллашар, уларнинг бошларини силар эдилар. Болалар эса у зотнинг тафтини, меҳрини ҳис қилишарди. Абдуллоҳ ибн Жаъфар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўллари билан менинг бошимни силадилар ва: “Аллоҳ, Жаъфарга боласи учун ўринбосар бўл” [2], дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам болаларнинг яноқларини силаганлари борасида “Саҳиҳи Муслим”да ривоят келтирилади. Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга намоз ўқидим, кейин у зот уйларига чиқиб кетдилар, мен ҳам бирга қўшилиб олдим, йўлда иккита ёш бола у зотнинг қаршиларидан чиқди, ҳар бирининг яноқларини алоҳида-алоҳида силаб қўйдилар”.
Муовийя розияллоҳу анҳу: “Кимнинг кичик ёшдаги фарзанди бўлса, фарзанди билан муносабатда ўзини болалардек тутсин”, деганлар.
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Муттафақун алайҳ.
[2] Имом Ҳоким ривояти.
Ҳалоллик ва ростгўйлик инсоннинг шахсий фазилатлари бўлиш билан бирга, оила мустаҳкамлиги, жамият тараққиёти ва ижтимоий муносабатларнинг барқарорлигини таъминлайдиган муҳим миллий, диний, маънавий-ахлоқий қадриятлардир. Инсонлар ўртасида ўзаро ишонч, адолат, ҳурмат ва ҳамжиҳатлик қарор топиши кўп жиҳатдан ҳар бир шахснинг ҳалоллик ва ростгўйлик тамойилларига қай даражада амал қилишига боғлиқ. Шу маънода, бу икки хислат нафақат шахсий хулқ-атвор меъёри, балки оила ва жамиятда соғлом маънавий муҳитни шакллантирувчи муҳим омил ҳисобланади.
Ислом динида ҳалоллик ва ростгўйликка инсон ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олувчи муҳим тамойиллар сифатида қаралади. Ҳалол ва ҳаромни фарқлаш, шубҳали ишлардан сақланиш, ўзгаларнинг ҳақ-ҳуқуқини поймол қилмаслик, ростгўй ва адолатли бўлиш инсоннинг нафақат шахсий камолоти, балки жамият олдидаги масъулиятини ҳам белгилайди.
Ҳалоллик ва ростгўйлик инсоннинг маънавий бойлигини, юксак ахлоқий фазилати ва комилликка интилишини намоён этувчи муҳим мезонлар ҳисобланади. Бундай инсон сўзи ва амалида ҳақиқатга содиқ бўлади, ҳар қандай вазиятда ҳам адолат ва виждонийлик тамойилларига риоя этишга ҳаракат қилади. Шу билан атрофдагиларнинг ишонч ва ҳурматини ҳам қозонади.
Қуръони карим оятлари ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўплаб ҳадиси шарифларида инсонларни ҳалоллик ва ростгўйликка даъват қилиш, ҳар доим ҳалол бўлишга ундаш, алдов ва ёлғон гувоҳлик беришдан қайтаришга алоҳида эътибор қаратилган.
Аллоҳ таоло Наҳл сурасининг 105-оятида бундай марҳамат қилган: «Ёлғон сўзларни фақат Аллоҳнинг оятларига имон келтирмайдиганларгина тўқийдилар. Айнан ўшаларнинг ўзлари ёлғончилардир».
Оятнинг нозил бўлиш сабаби Макка мушрикларининг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан турли асоссиз даъволарни илгари сургани, жумладан, у зотни ёлғончиликда айблаганидир.
Аслида, ёлғонни фақат имонсиз кишиларгина тўқийди. Чунки мўмин киши ёлғонни катта гуноҳ деб билади. Ёлғон сабабли қиёматда азобга қолишдан қўрқади. Шунинг учун ҳар қандай вазиятда ростгўй бўлишга интилади. Ҳатто ўз манфаатига зид бўлган ҳолатларда ҳам ҳақиқатни айтишни Афзал билади. Зеро, ҳақиқий имон инсонни фақат ибодатларга эмас, балки юксак ахлоқий фазилатларга ҳам ундайди.
Ислом таълимотида ҳалоллик ва тўғрисўзлик мақталган, ёлғон гапириш ва ҳақиқатни яшириш кескин қораланган. Жумладан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар.
Абдуллоҳ (ибн Масъуд) розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ростгўйликни ўзингизга лозим тутингиз (ростгўй бўлингиз)! Чунки ростгўйлик яхшиликка етаклайди, яхшилик эса жаннатга етаклайди. Киши доим рост гапирса, Аллоҳнинг ҳузурида «сиддиқ» (ўта ростгўй) деб ёзиб қўйилади. Ёлғондан сақланинг! Чунки ёлғон фожирликка (гуноҳ ва бузуқликка) етаклайди, фожирлик эса дўзахга етаклайди. Киши ёлғон гапираверса, Аллоҳнинг ҳузурида «каззоб» (ўта ёлғончи) деб ёзиб қўйилади», дедилар» (Имом Бухорий ривояти).
Нўмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганларини эшитдим: «Ҳалол ҳам аниқ, ҳаром ҳам аниқ. Уларнинг ўртасида шубҳали нарсалар бор. Кўп одамлар буни билмайди. Ким шубҳалардан сақланса, дини ва обрўйини пок сақлайди…» (Имом Бухорий ривояти).
Бу ўринда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларни эҳтиёткорлик ва покликка даъват этмоқдалар. Чунки ҳалоллик тамойилларига амал қилган инсон ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида, жумладан, сўзида, оилавий муносабатларида, таълим олишда, меҳнат фаолиятида ва жамиятдаги ўзаро муносабатларида адолат, поклик ва ростгўйликка интилади. Ўзгаларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳурмат қилади, бировнинг мол-мулки ёки меҳнатининг маҳсулига тажовуз қилмайди, алдов, хиёнат ва манфаатпарастликдан узоқ бўлишга интилади. Бундай фазилатлар инсоннинг шахсий обрў-эътиборини юксалтириш билан бирга, жамият аъзолари ўртасида ўзаро ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлайди.
Мухтасар қилиб айтганда, ҳалоллик ва ростгўйлик ижтимоий ҳаётнинг барқарорлигини, инсонлар ўртасидаги ишонч ва жамият тараққиётини таъминловчи муҳим маънавий-ахлоқий асосдир. Ислом таълимотидаги ҳалоллик, ростгўйлик, адолат ва омонатдорликка оид кўрсатмалар бу қадриятларнинг инсон ва жамият ҳаётидаги ўрни нақадар муҳим эканини кўрсатади. Ҳар бир инсон ўз ҳаёти ва фаолиятида ҳалоллик, ростгўйлик, адолат ва виждонлиликни устувор тамойилга айлантирса, жамиятда соғлом маънавий муҳитни шакллантириш имконияти ортади.
Йўлдошхон ИСАЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Манба: «Зарафшон» газетаси 2026 йил 19-сентабр, №82 (24.262)