1. Уйғонишга ишонч комил бўлса, Витр намозини кечанинг охирги қисмида ўқиш.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким кечанинг охирида тура олмасликдан қўрқса, унинг аввалида Витр ўқисин. Албатта, тунги намоз шоҳид бўлингандир. Ўша афзалдир”, дедилар (Имом Муслим, Имом Термизий ривояти).
2. Биринчи ракатда “Аъла”, иккинчи ракатда “Кафирун”, учинчи ракатда “Ихлос” сурасини зам қилиш.
Абдулазиз ибн Журайж розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Витр намозида қандай сураларни ўқишларини сўрадик”. У киши: «Биринчи ракатда “Саббиҳисма Роббикал аъла”ни, иккинчи ракатда, “Қул йаа айюҳал каафирун”ни, учинчи ракатда “Қул ҳуваллоҳу аҳад” ва “Муъаввазатайни”ни ўқир эдилар», дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).
3. Витр намозидан сўнг ушбу тасбеҳни айтиш:
“Субҳаанал маликил қуддус, субҳаанал маликил қуддус, субҳаанал маликил қуддус, Роббил малааикати вар-руҳ”
“Малик ва Қуддус сифатли Аллоҳ покдир”.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам салом берганларидан кейин “Субҳаанал маликил қуддус”ни уч марта айтар ва учинчисида овозларини кўтарар эдилар» (Имом Насоий, Имом Абу Довуд ривояти).
4. Ушбу дуони ўқиш:
Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам витрларининг охирида, салом берганларидан кейин:
“Аллоҳумма инни аъузу биризока мин сахотика ва бимуъафаика мин уқубатика ва аъузу бика минка. Ла уҳси санаан алайка анта кама аснайта ала нафсика”
“Аллоҳим, албатта, мен Сенинг розилигинг ила ғазабингдан, офиятинг ила уқубатингдан, паноҳ тиламайман. Сенга мақтовни санай олмайман. Сен Ўзинг Ўзингни қандоқ мақтасанг шундоқсан”, деб айтардилар (Имом Абу Довуд ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Зулқаъда нима дегани? Луғатда “маконга қайтадиган”, “жойланиб олинадиган” деган маънони англатади.
Зулқаъда – шаҳрул ҳаром.
Зулқаъда ойи тўрт ҳаром ойлардан бири бўлиб, бу ойда жанг ва урушлар ҳаром қилинган. (Тўрт ҳаром ойлар зулқаъда, зулҳижжа, муҳаррам ва ражаб). Жоҳилият даврида ҳам бу ойда уруш бошламасдилар. Ҳатто фарзанд ўз отасининг қотилини кўрганда ҳам бу ойнинг ҳурматидан унга бирор сўз айтмасди.
Зулқаъда – ҳижрий тақвимнинг ўн биринчи ойи. Бу ой шавволдан кейин ва зулҳижжадан олдин келади.
Қуръони каримда Зулқаъда ойи...
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳнинг китобида ойларнинг сони Аллоҳнинг ҳузурида осмонлару ерни яратган куни ўн икки ой қилиб белгиланган. Улардан тўрттаси (уруш қилиш) ҳаром (ойлар)дир. Мана шу тўғри диндир. У(ой)ларда ўзингизга зулм қилманг. Мушрикларга қарши жам бўлиб, улар сизга қарши жам бўлиб урушаётгандек, уруш қилинг. Ва билингки, албатта, Аллоҳ тақводорлар биландир” (Тавба сураси, 36-оят).
Ҳадиси шарифда Зулқаъда ойи...
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, замон Аллоҳ таоло осмонлар ва ерни яратган пайтдаги ҳолига қайтди. Бир йил ўн икки ойдир. Улардан тўрти ҳаром ойлардир. Учтаси бирин кетин: зулқаъда, зулҳижжа ва муҳаррам ҳамда (тўртинчиси) жумади (ас-соний) ва шаъбон орасидаги музарнинг ражаби (бу ойни ҳурмат қилганлари учун музар қабиласининг номи билан аталган)”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Бу ойда қандай амалларни бажариш лозим?
Аллоҳдан мағфират сўрашни, истиғфор айтишни кўпайтиринг.
Имкон қадар инфоқ, эҳсон садақа қилинг.
Ҳар куни Мулк сурасини ўқинг.
Инсонларга зулм қилманг.
Ғазабингизни ютишга одатланинг.
Зуҳо намозини ўқинг.
Кўпроқ Қуръон тиловат қилинг.
Нафл рўзаларни тутинг.
Даврон НУРМУҲАММАД