Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Сентябр, 2026   |   13 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:53
Қуёш
06:12
Пешин
12:15
Аср
16:30
Шом
18:21
Хуфтон
19:36
Bismillah
24 Сентябр, 2026, 13 Рабиъус сони, 1448

Шифо доридами?

11.11.2025   7665   4 min.
Шифо доридами?

Касалликни енгишда икки кучли таъсир – давога ишонч, тузалиш умиди...

Шифо доридами? Бу саволнинг жавобини пласебодан топиш мумкин. Пласебо луғатларда «беморни хотиржам қилиш учун бериладиган таъсирсиз модда» ёки «беморга фойдаси тегишидан кўра, уни мамнун қилиш учун ишлатиладиган модда», дея таърифланади. Янги кашф этилган дорининг қанчалик муваффақиятли эканини синаш учун пласеболардан фойдаланилади. Мисол учун, касалларнинг бир гуруҳига таъсир қилиши кутилаётган модда, бошқа бир гуруҳига эса ичида ҳеч қандай дори бўлмаган маза киритилган буёқли сув ёки таблеткалар берилади. Ана шу сохта дорининг номи «пласебо» дейилади. Пласебо бошқа ҳақиқий дори билан бир хил кўринишда ва бир хил ўралган шаклда бўлади. Натижада янги дорининг таъсири ўрганилиб, қанчалик фойдали экани исботланади.

Бош оғриғи, уйқусизлик, безовталаниш, ортиқча ваҳима, турли оғриқлар, қўрқув, сиқилиш (стресс), кўнгил айниши, бош айланиши каби кўпгина касалликларда пласебо билан анча яхши натижалар олингани эътиборга моликдир. Пласебо берилган 10 та бемордан 6 тасида бош оғриғи қолган бўлса, анальгетик (оғриқ қолдирувчи) дори ичган 10 та бемордан ҳам 6-7 тасида бу дарднинг йўқолгани инсонни ҳайратда қолдиради.

Шифокорлар уйқусизлик шикояти билан келган беморларга кўникиб қолиш (адаптация)га сабаб бўлгани учун ҳам уйқу дориси тавсия этишни тўғри деб билмайдилар. Унинг ўрнига берилган пласеболар билан ҳам, умуман олганда, дориларчалик яхши натижаларга эришилиши кузатилган, яъни тиббий жиҳатдан ҳеч қандай уйқу келтирадиган таъсирга эга бўлмаган моддадан ташкил топган таблеткалар беморни ухлатишга ярамоқда. Албатта, беморда дорилар уни ухлатишига қаноат ҳосил қилдирилган бўлса...

Тез ёрдамга баъзан қаттиқ сиқилиш, бош оғриғи, юрак санчиғи каби хуруж билан келган ва қандайдир уколдан кейин тузалиб кетгани ҳақида гапирувчи беморлар келади. Уларга ўша айтган дорилари номи остида «физиологик зардоб» деб аталувчи пласебони игна орқали киритганимизда дарҳақиқат, тузалиб кетгани ҳам кўп кузатилган ҳодисалардан. Демак, хуружни дори эмас, беморнинг ишончи бартараф этган.

Баъзи беморлар бир шифокор берган дори фойда бермагани, балки бошқа шифокор тавсия этган дори анча яхши таъсир қилганини айтишади. Бу икки дорини текширганимизда фақат номлари турлича бўлиб, уларнинг таркиби бир экани маълум бўлади.

Пласебонинг таъсири ҳақида қатор тадқиқотлар ўтказилган. Натижада эса кишининг тузалишга бўлган ишонч ҳамда шифо топиш умиди ва иродаси унинг касалликдан халос бўлишида катта аҳамиятга эга экани аниқланган.

Пласебонинг таъсир этишида шифокорга бўлган ишонч ва суянч ёки беморни парвариш қилаётган ҳамширадаги хатти-ҳаракатларнинг ҳам муҳим ўрни бор. Мисол учун, шифокорнинг етук мутахассис ёки илмий даражага эга бўлиши, беморни эринмасдан тинглаши ёхуд диққат билан текшириб, унга умид бериши соғайиш эҳтимолини анчагина орттиради. Беморга қараётган ҳамширанинг ўзи ҳам пласебонинг таъсирига ишонмаса, бемордаги шифо топиш эҳтимолининг пасайишига олиб келади. Пласебо таблеткаларининг ташқи кўриниши ҳам беморга таъсир қилишда катта аҳамиятга эга. Катта ёки миттигина хапдориларнинг ўртача катталикдагилардан кўра яхшироқ таъсир кўрсатиши, кизил, сариқ ва жигарранглари эса яшил ва кўк пласеболардан нисбатан устунроқ экани ҳам тажрибаларда ўз тасдиғини топган. Бундан ташқари, яна аччиқ таъмли ва ноанъанавий шаклда истеъмол қилиш ҳам (масалан, кунига 10 томчи эмас, балки 9 томчидан дея) пласебонинг таъсирини кучайтирар экан. Пласебони истеъмол қилгач, оғриқ ёки сиқилишларнинг йўқолиши қуруқ гап эмаслиги ҳам исботланган. Пласеболар ёки бошқа кўмакчи воситалар баданда етарлича таъсирларга сабаб бўлади. Пласебога ишонч баданда оғриқни енгиллаштирувчи маълум моддаларнинг (масалан, миядаги эндорфинлар каби) ишлаб чиқарилишига олиб келар экан.

Бугунги кунда баданимиздаги касалликларнинг 50-80 фоизи руҳиятимиз билан алоқадорлиги таъкидланаётганини ҳисобга олсак, пласеболарнинг бу кенг кўламдаги таъсирлари бизни ҳеч ҳам ажаблантирмайди. Пласебонинг шунчалик таъсирли бўлиши бизга шифонииг дориларда эмас, балки Аллоҳдан келишини кўрсатиб беради. Бу борада дори фақат сабаб, холос. Аллоҳ шифо беришни ирода қилса, бир қултум сув ҳам шифо келтираверади, Аллоҳ истамаса, нима қилсангиз ҳам касалга фойда бермайди.

Муҳаммад Айюб Усмон томонларидан нашрга тайёрланган
"Ҳидоят далиллари" китобидан

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Имом-хатиблар Ислом цивилизацияси марказини очиқ илмий платформа сифатида эътироф этдилар

24.09.2026   10205   3 min.
Имом-хатиблар Ислом цивилизацияси марказини очиқ илмий платформа сифатида эътироф этдилар

Жамиятда соғлом маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, аҳолини, айниқса, ёшларни ишончли манбаларга асосланган билим билан таъминлашда имом-хатибларнинг ўрни муҳим. Минбарда айтилган ҳар бир сўз илмий асос ва ишончли манбага таяниши учун эса диний соҳа вакилларининг мунтазам равишда билимларини бойитиб бориши талаб этилади. Ана шу мақсадда Наманган вилоятидан келган имом-хатиблар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрдилар, хабар бермоқда iccu.uz.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилган Марказ бугун уч минг йиллик тарихимизни намойиш этувчи музей сифатидагина эмас, балки кенг қамровли илмий-тадқиқот маскани сифатида ҳам фаолият юритмоқда. Бу ерда Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази иш олиб бормоқда. Шунингдек, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Шу кунга қадар илмий ва инновацион йўналишда 810 та лойиҳа амалга оширилиб, уларда 2 мингга яқин маҳаллий ва хорижий олимлар иштирок этган. Бу кўрсаткичлар Марказнинг илмий-тадқиқот салоҳиятини намоён этади.

Ташриф Марказ кутубхонасидан бошланди. Меҳмонлар бу ерда жамланган мумтоз манбалар, ислом тарихи, ақида, фиқҳ, ҳадис ва тафсир илмларига оид нашрлар, табиий ва аниқ фанлар тарихига оид тадқиқотлар ҳамда электрон ресурслар билан танишдилар. Тадқиқотчилар учун яратилган замонавий шароитлар ҳам уларда катта қизиқиш уйғотди.

Шундан сўнг имом-хатиблар Исломдан аввалги давр, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс ҳамда Янги Ўзбекистон даврига бағишланган экспозицияларни томоша қилдилар. Улар орқали юртимиз ҳудудида асрлар давомида шаклланган илмий, маънавий ва маданий мероснинг яхлит манзараси билан танишдилар.

Наманган вилояти Норин тумани бош имом-хатиби Зикрилло қори Умурзоқов экспозицияларда аждодларимизнинг илмий ва маънавий мероси турли йўналишларда яхлит ҳолда намоён этилганига алоҳида эътибор қаратди.

«Бу масканга қадам қўйган ҳар бир инсон Марказий Осиё халқлари, хусусан, ўзбек миллати тарих давомида қандай юксак марраларни эгаллаганини ўз кўзи билан кўради. Аждодларимиз нафақат математика, астрономия, тиббиёт каби дунёвий илмлар, балки диний-маърифий ва илмий йўналишларда ҳам бутун жаҳон тамаддунига беқиёс ҳисса қўшган. Бу ерда ана шу меросни кўриб, ўз тарихимиз билан ҳақли равишда фахрланиш туйғуси янада кучаяди», — деди у.

Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани «Исҳоқхон Тўра Ибрат» жоме масжиди имом-хатиби Жафархон Сўфиев эса Марказни мамлакатимизда диний-маърифий соҳага қаратилаётган эътиборнинг амалий натижаларидан бири сифатида қайд этди.

«Бугун юртимизда муқаддас динимизга, цивилизациялар тарихига ва умуман, умуминсоний меросга бўлган эътибор юксак даражага кўтарилди. Мана шундай улкан маскан бунёд этилгани бунинг ёрқин исботидир. Бу ерда ислом тарихи бошқа цивилизациялардан ажратилган ҳолда эмас, балки бутун инсоният тараққиётининг узвий қисми сифатида кўрсатилган. Бундай ёндашув ҳар бир ташриф буюрувчига тарихимизни кенгроқ англаш, бошқа халқлар маданиятини ҳурмат қилиш ва бағрикенгликни қадрлаш имконини беради», — деди у.

Ташриф якунида имом-хатиблар Марказда олган билим ва таассуротларини ўз ҳудудларидаги жамоатчиликка, айниқса, ёшларга етказиш муҳимлигини таъкидладилар. Илмий ресурслардан диний-маърифий фаолиятда кенг фойдаланиш, аждодларимиз меросини ишончли манбалар асосида тарғиб этиш ёш авлоднинг тарихий онги ва маънавий дунёқарашини бойитишга хизмат қилиши қайд этилди.

Зеро, тарихий ва илмий меросни чуқур ўрганиш, уни ишончли манбалар асосида кенг жамоатчиликка етказиш ҳамда янги авлодга муносиб тарзда мерос қолдириш Учинчи Ренессанс пойдеворини мустаҳкамлашнинг муҳим омилларидан биридир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари