Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Сентябр, 2026   |   28 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:37
Қуёш
05:58
Пешин
12:20
Аср
16:49
Шом
18:45
Хуфтон
20:02
Bismillah
10 Сентябр, 2026, 28 Рабиъул аввал, 1448

Ҳалолликнинг қудрати

30.01.2026   32337   2 min.
Ҳалолликнинг қудрати

Бир сафар аэропортдан меҳмонхонага такси олдим. Машина тоза, ҳайдовчи хушмуомала эди. Ўзини Аҳмад деб таништириб, қўлимга карточка берди: “Вақтингиз хайрли ўтсин. Менинг вазифам – сизни манзилингизга энг тез, энг хавфсиз, энг кам харажат ва энг муҳими – ҳалол хизмат ила етказиш”.

Йўлда менга яна турли қулайликларни таклиф этди.

— Ҳамма мижозлар билан шундай илтифотлимисиз? – деган саволимга бироз тин олиб деди:

— Ростини айтсам, бу тарзда ишлашни икки йил олдин бошлаганман. Ундан олдин кўпчилик ҳайдовчилар қатори эдим. Вақти-вақти билан ҳақни ошириб юбориш, мижозга ёлғон гапириш, нолиш ва шикоят қилиш оддий ҳол эди. Машина ҳам, қалб ҳам тоза эмас эди.

— Кейин нима бўлди?

Бир куни машинам радиосидан “танлаш кучи” ҳақида эшитиб қолдим. Ҳаётимдаги кўп нарса танловимга боғлиқ экан. Ишимни юзаки, нолиб эмас, виждон билан, ҳалол бажарсам, мижозларим кўп, кўнглим хотиржам бўлади. Осон йўлни танласам — пул бўлиши мумкин, лекин барака бўлмайди. Шунда ўзимга сўз бердим: энди ишимни ҳалол қиламан. Йўлни айлантириб ҳақни оширмайман. Вақтни ўғирламайман. Мижозга у истагандай хизмат қиламан.

Натижасини Аллоҳ кўрсатди. Биринчи йилнинг ўзида даромадим икки баробар ортди. Бу йил эса тўрт баробарга етди. Энг муҳими, қалбим хотиржам. Энди мижозлар ўзлари менга қўнғироқ қилиб, олдиндан банд қилишади. Чунки одамлар ҳалол хизматни зумда англайди ва қадрлайди.

Бу сўзлар мени ўйга толдирди. Шунда англадим: ҳалоллик — катта шиор эмас, кундалик энг оддий одат ва қўйиладиган энг тўғри қадам экан. Айнан шу фазилат инсонга барака ва хотиржамлик олиб келар экан.

Абдулҳай ХУШВАҚТОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

 

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Башакшеҳирда имомлар юртдошларимизнинг ислом динига оид саволларига жавоб беришди

10.09.2026   7828   1 min.
Башакшеҳирда имомлар юртдошларимизнинг ислом динига оид саволларига жавоб беришди

Ўзбекистон Бош консулхонаси дипломатлари Истанбул шаҳрининг Башакшеҳир туманида ҳамюртларимизнинг мурожаатларини тинглаш ва уларнинг масалаларига амалий кўмак кўрсатиш мақсадида сайёр қабул ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Ташрифдан асосий мақсад ушбу ҳудудда яшаб, фаолият юритаётган ватандошларимизга зарур консуллик-ҳуқуқий маслаҳатлар бериш ва уларни қизиқтирган саволлар юзасидан амалий кўмак кўрсатишдан иборат бўлди.

Сафар давомида дипломатларга Ўзбекистон Мусулмонлари идораси вакиллари ҳам ҳамроҳлик қилди. Улар юртдошларимизнинг ислом динига оид саволларига жавоб берди ва турли тақиқланган ҳамда ақидавий жиҳатдан нотўғри йўналишдаги ташкилотларга алданиб қолмаслик учун зарур маслаҳатлар берди.

Ҳамюртларимизнинг Туркия ҳудудида қонуний яшашига оид масалалар, уларнинг ҳуқуқий ҳолати, ҳужжатлари ҳамда консуллик ёрдами кўрсатиш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.

Бош консулхона вакиллари зарур ҳолларда Ўзбекистон фуқароларига ҳужжатларни расмийлаштириш ҳамда ватанга қайтиш билан боғлиқ масалаларда амалий кўмак беришга тайёр эканини билдирди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари