Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Усмон ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир кўзи ожиз (кўр) киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб, “Менга шифо беришини сўраб, Аллоҳга дуо қилинг” деди. Шунда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар хоҳласанг дуо қиламан ва агар хоҳласанг сабр қилгин ва мана шу сен учун яхшисидир”, дедилар. Кўзи ожиз киши эса “Дуо қила қолинг” деди. Шунда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга таҳорат олишликни ва таҳоратини гўзал қилишлигини сўнгра ушбу дуо билан дуо қилишликни буюрдилар:
اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْأَلُكَ، وَأَتَوَجَّهُ إِلَيْكَ بِنَبِيِّكَ مُحَمَّدٍ نَبِيِّ الرَّحْمَةِ، إِنِّي تَوَجَّهْتُ بِكَ إِلَى رَبِّي فِي حَاجَتِي هَذِهِ لِتُقْضَى لِيَ اللَّهُمَّ فَشَفِّعْهُ فِيَّ
Ўқилиши: Аллоҳумма инний асалука ва атаважжаҳу илайка бинабиййик Муҳаммад Набиййир-Роҳмаҳ, инний таважжаҳту бика илаа Роббий фий ҳаажатий ҳаазиҳи литуқзоо лия, Аллоҳумма фашаффиъҳу фийя.
Маъноси: Аллоҳим Сендан сўрайман ва Пайғамбаринг, оламларга раҳмат Пайғамбар бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Сенга юзланаман. Ё Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ мени бу ҳожатимни бажо келтириши учун мен Сиз билан ушбу ҳожатим борасида Роббимга юзландим. Аллоҳим У (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг мен борамдаги шафоатларини қабул этгин (Имом Термизий ривояти 3578-ҳадис).
Ушбу ҳадис бошқа муҳаддислар томонидан ҳам ривоят қилинган бўИиб, уни саҳиҳ дейишган. Хусусан Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ муснадида ушбу ҳадисни келтириб, унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳоратдан сўнг икки ракат намоз ўқишга ҳам буюрганларини ривоят қилган.
Имом Насоий роҳимаҳуллоҳ эса бу ҳадиснинг охирида “Бу дуодан сўнг Аллоҳ таоло унинг кўзини очди” деб айтган ва Имом Ибн Можа ва ибн Хузайма раҳимаҳумаллоҳ ҳам “У кўришни бошлади” деб зиёда қилишган.
Бу дунёда бирор-бир касаллик йўқ-ки, уни давоси бўлмаса, дардни яратган Зот шифосини ҳам Ўзи хоҳлаган кишисига ато этади. Аммо Аллоҳ таоло хоҳламаса на тиббиёт ва на даво дардга ёрдам бера олмайди.
Мираббос ЁРОВ,
Тошкент Ислом институти битирувчиси.