Мамлакатимизда давлат ташрифи билан бўлиб турган Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан биргаликда Бухородаги тарихий обидаларни зиёрат қилмоқда.
Қадимий Бухоро азалдан ўзининг беназир тарихий, меъморий ва маданий бойликлари билан машҳур бўлиб, асрлар давомида фан, ислом илми ва маънавият марказларидан бири сифатида танилган. Ёши 2,5 минг йилдан ошган шаҳарнинг тарихий марказига 1993 йилда ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси объекти мақоми берилган.
Олий мартабали меҳмон дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилди.
Мажмуа ислом оламининг улуғ қадамжоларидан бири ҳисобланади. Мазкур зиёратгоҳ Нақшбандия тариқатининг асосчиси Баҳоуддин Нақшбанд дафн этилган жойда барпо этилган бўлиб, бугунги кунда мақбара, хонақоҳ, масжидлар, дахма ва сўфийлик тарихи музейини ўз ичига олади. Баҳоуддин Нақшбанд таълимотининг эзгу тамойили – “Дил ба ёру, даст ба кор” шиори инсонни меҳнатсеварлик ва руҳий покликка даъват этиши алоҳида таъкидланди.
Сўнг Сомонийлар мақбарасига ташриф буюрилди. Ушбу меъморий ёдгорлик Марказий Осиёда пишиқ ғиштдан бунёд этилган энг қадимий иншоотлардан бири ҳисобланади. У IX аср охири – X аср бошларида Сомонийлар давлати асосчиси ва биринчи ҳукмдори Исмоил Сомоний томонидан сулолавий мақбара сифатида қурилган.
Унинг меъморий қиёфасида нафақат ислом, балки исломдан аввалги давр анъаналари, жумладан, суғд маданиятига хос нақшлар ҳам ўз аксини топган. Таъкидланганидек, қуёш нурларининг тушишига қараб, мақбара нақшлари турлича жилоланади, бинонинг куб ва гумбаз шаклидаги композицияси эса Ер ва Осмон уйғунлигини рамзий ифода этади.
Қалинлиги қарийб икки метрга етадиган деворлар ҳамда юқори сифатли ғишт терими туфайли ушбу ноёб ёдгорлик бугунги кунгача яхши сақланиб қолган.
Мақбараларга зиёрат чоғида Қуръон тиловат қилиниб, ўтганларга раҳмат, юртимизга тинчлик ва фаровонлик тилаб, дуо қилинди.
President.uz
Бугун, 18 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Қорақалпоғистон Республикасига хизмат сафари давомида Нукус шаҳридаги “Имом эшон Муҳаммад” жоме масжидида жума намозини адо этдилар.
Муфтий ҳазратлари намоздан олдин жамоатга “Мурувватли бўлиш — олий фазилат!” мавзусида манфаатли маъруза қилиб бердилар.
Маърузада таъкидланганидек, мурувват — меҳр-шафқат, саховат ва муҳтожларга ёрдам бериш каби энг гўзал инсоний фазилатлардан саналади. Ўзини саховатли деб билган инсон ўз манфаатини ўзгалардан устун қўймаслиги, кексалар ҳолидан хабар олиши, йиқилганни суяш орқали қалбан хотиржамлик топади.
Шунингдек, бугунги тезкор замонда бир-биримизга бағрикенг бўлиш жамиятда тинчлик, барака ҳамда ҳамжиҳатликни барқарор қилиши, ушбу олий фазилатни ўзимизда шакллантириб, фарзандларимизга мерос қолдириш ҳар биримизнинг бурчимиз эканлиги алоҳида уқтирилди.
Файзли суҳбат якунида юртимизга тинчлик-омонлик ва хонадонларимизга барака тилаб хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати