Ўзбекистонда Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан нуфузли халқаро илмий конференция ўтказилади. 2026 йил 9–11 апрель кунлари бўлиб ўтиши режалаштирилган мазкур анжуман мамлакатимиз илмий-маърифий ҳаётидаги энг муҳим воқеалардан бири бўлиши кутилмоқда. Ислом цивилизацияси маркази Кенгайтирилган илмий кенгашининг навбатдаги йиғилишида ана шу халқаро анжуманни ўтказиш чора-тадбирлар режаси атрофлича муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 февралда қабул қилинган ПҚ-46-сон қарорига мувофиқ, жорий йилда Соҳибқирон таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш доирасида бир қатор устувор вазифалар белгиланган. Мазкур қарор ижроси доирасида “Амир Темур ва темурийлар тамаддунининг жаҳон тарихи ва маданиятидаги ўрни ва аҳамияти” мавзусида ўтказиладиган халқаро конференцияни юқори даражада ташкил этиш юзасидан кенг қамровли чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Ислом цивилизацияси маркази Кенгайтирилган илмий кенгашининг навбатдаги йиғилишида ана шу чора-тадбирлар режаси атрофлича муҳокама қилинди.
Марказ директори, Илмий кенгаш раиси Фирдавс Абдухолиқов раислигида ўтказилган йиғилишда Марказ илмий кенгаши аъзолари – Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов, Ўзбекистон тарихи давлат музейи директори Жаннат Исмоилова, Темурийлар тарихи давлат музейи директори Хуршид Файзиев ҳамда мутахассислар ва ишчи гуруҳ вакиллари иштирок этди.
Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов мазкур халқаро анжуманнинг аҳамиятига алоҳида тўхталиб, бу оддий илмий тадбир эмас, балки темурийлар даври цивилизациясини замонавий илмий ёндашувлар асосида қайта англаш ва жаҳон ҳамжамиятига кенг тақдим этишга хизмат қилувчи стратегик платформа сифатида баҳолади.
Мазкур халқаро анжуман бир қатор ҳамкор ташкилотлар, илмий даргоҳлар иштирокида ўтказилади. Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Фанлар академияси шулар жумласидандир.
Ўзбекистон ФА вице-президенти Баҳром Абдуҳалимовнинг таъкидлашича, Фанлар академияси мазкур халқаро конференцияни ташкил этишда барча илмий ва ташкилий ресурслар билан қўллаб-қувватлашга тайёр.
Конференция доирасида кенг кўламли маданий-маърифий тадбирлар ҳам ташкил этилиши режалаштирилган.
Жумладан:
• “Амир Темур ва темурийлар даври қўлёзмалари” кўргазмаси
• “Темурийлар нумизматик мероси” кўргазмаси
• Европа музейлари билан ҳамкорликда тайёрланган махсус экспозициялар
Шунингдек, “Тирик тарих” лойиҳаси доирасида:
• Амир Темур даврига оид кинолойиҳалар
• Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий ҳаётига бағишланган фильмлар намойиши ҳам режалаштирилган.
Анжуманда Европа, Осиё, Яқин Шарқ ва Шимолий Америка давлатларидан 100 нафардан ортиқ хорижий олимлар ва экспертлар иштирок этиши кутилмоқда.
Конференция доирасида хориждан олиб келинадиган темурийлар даврига оид нодир артефактларни вақтинчалик намойиш этиш, уларни сақлаш ва муҳофаза қилиш бўйича ҳам алоҳида ташкилий чоралар белгиланди.
Йиғилиш якунида таъкидланганидек, мазкур халқаро илмий конференция Амир Темур ва темурийлар даври меросини, замонавий илмий ёндашув асосида қайта таҳлил қилиш, уни жаҳон ҳамжамиятига кенг тақдим этиш йўлида муҳим илмий ва маданий воқеа бўлади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан «Қуръон тинчликка буюради» шиори остида Самарқанд шаҳридаги "Оби Раҳмат" жоме масжидида Қуръон мусобақаси ташкил этилди. Қуръони каримга бўлган муҳаббатни юксалтириш, қироат ва тажвид илмларини кенг тарғиб этиш ҳамда жамиятда тинчлик ва осойишталик ғояларини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи ушбу хайрли тадбирнинг саралаш босқичларидан ўтган иштирокчилар «Ҳифз» ва «Мужаввид» йўналишлари бўйича беллашди.
Ғолиб ва совриндорлар:
«Ҳифз» йўналиши:
1-ўрин: Асқар Турсунов (Самарқанд шаҳри, «Муҳаммадамин ота» масжиди имом-ноиби);
2-ўрин: Абдувакил Олимов (Ургут тумани, «Ғавсул Аъзам» масжиди имом-хатиби);
3-ўрин: Шавкат Маҳмудов (Нарпай тумани, «Сўфи Зийрак» масжиди имом-хатиби).
«Мужаввид» йўналиши:
1-ўрин: Зикрулло Матлабов (Самарқанд шаҳри, «Хўжа Абду Дарун» масжиди имом-ноиби);
2-ўрин: Бурхониддин Турсунов (Нуробод тумани, «Жом ота» масжиди имом-хатиби);
3-ўрин: Исомиддин Исаев (Пахтачи тумани, «Хўжа Зиёвуддин» масжиди имом-хатиби).
Қўшимча номинациялар:
«Энг таъсирчан тиловат»: Ўткир Абдуллаев (Пастдарғом тумани);
«Энг гўзал тиловат»: Сардорхон Собиров (Самарқанд тумани);
«Тажвид қоидаларига энг мукаммал риоя қилган иштирокчи»: Юсуфхон Низомов (Самарқанд шаҳри).
Тадбир якунида ғолибларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят вакиллигининг дипломлари ва «Вақф» фонди филиали томонидан қимматбаҳо совғалар топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати