Мадина шаҳрига эсон-омон етиб келган зиёратчиларимизнинг илк гуруҳларини “Ҳаж – 2026” ишчи гуруҳи раҳбари - Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов, мамлакатимизнинг Жидда шаҳридаги Бош консули Сирожиддин Шамсуддинов, “Ҳаж” ва “Умра” бўйича атташе Шуҳрат Амоний ва бошқа мутасаддилар томонидан тантанали кутиб олинди.
Шунингдек, ҳамюртларимиз муҳташам “Зам-зам Пуллман” меҳмонхонасига киришлари биланоқ илиқ қарши олиниб, зам-зам сувлари, хурмо, ширинликлар ва ҳадялар улашилиб, гуллар ила икром қилинди. Таъкидлаш жоизки, зиёратчиларимизни Мадина халқаро аэропортидан бошлаб маҳаллий мутасаддилар катта эҳтиром билан пешвоз чиққанлари зиёратчиларимизга юқори кайфият бағишлади.
Айни дамда зиёратчиларимиз ихлосу имон билан ибодатларни адо этиш, хусусан, Масжиду Набавий ва Равзаи муборакни зиёрат қилишга, яқинлари томонидан илтимос қилинган саломларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етказишга ошиқмоқдалар.
Аллоҳ таоло юртдошларимизнинг сафарларини муборак қилиб, ибодату дуоларини ижобат айласин, Равзаи шариф зиёратини барчамизга насиб этсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Жорий йилнинг 13–16 сентябрь кунлари Озарбойжон пойтахти Боку шаҳрида Туркий давлатлар муфтийлари кенгашининг навбатдаги VII йиғилиши ҳамда унинг доирасидаги бир қатор тадбирлар бўлиб ўтади.
Йиғинларда туркий дунёнинг етакчи дин пешволари – Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар, Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайхулислом Аллоҳшукур Пошшозода, Туркия Диёнат ишлари бошқармаси раиси Сафи Арпагуш, Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, бош муфтий Наврўзбай ҳожи Тағанули, Қирғизистон мусулмонлари диний назорати раиси, муфтий Абдулазиз қори Закиров, Туркманистон муфтийcи Раҳмон Қурбонмуродов кабилар бошчилигидаги туркий давлатлар уламоларидан иборат делегациялар иштирок этади.
Мамлакатимиз делегацияси сафидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши, Фатво маркази, ҳудудий вакилликлар ҳамда олий диний таълим муассасаларидан вакиллар жой олган.
Тадбирлар доирасида уламолар мусулмон уммати учун муҳим бўлган шаръий масалалар, замонавий фатволар ва муштарак ташаббусларни муҳокама қилиб, якуний ҳужжатларни имзолайдилар. Шунингдек, илмий-амалий анжуман, икки томонлама музокаралар ҳамда табаррук қадамжолар зиёрати ҳам режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати