Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
13 Сентябр, 2026   |   2 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:41
Қуёш
06:01
Пешин
12:19
Аср
16:45
Шом
18:40
Хуфтон
19:56
Bismillah
13 Сентябр, 2026, 2 Рабиъус сони, 1448

Зиёратчиларнинг илк гуруҳлари муборак сафарга кузатилди

04.05.2026   13525   3 min.
Зиёратчиларнинг илк гуруҳлари муборак сафарга кузатилди

Пойтахтимиздаги “Новза” масжидида “Ҳаж – 2026” мавсумининг илк зиёратчиларини кузатиш маросими бўлиб ўтди.


Юзида қувонч, тилида шукрона билан муқаддас заминга ошиқаётган ҳамюртларимиз зиёратларини эсон-омон адо этиб, юртимизга қайтишини сўраб, дуолар қилинди.


Яқинларини муборак сафарга кузатаётган юртдошларимизнинг ҳам нигоҳида ҳавас ва соғинч туйғулари балқийди: улар ҳам мана шундай саодатли кунлар ва Каъбатуллоҳ зиёрати ўзларига ҳам насиб этишини чин дилдан ният қилган бўлса, ажабмас.


Айтиш жоизки, Ўзбекистондаги 2026 йилги ҳаж мавсуми 2 майдан бошланди. 18 майга қадар ҳар куни мамлакатимизнинг 9 та ҳудуди – Тошкент, Наманган, Фарғона, Андижон, Самарқанд, Бухоро, Қарши, Термиз ва Урганч шаҳарларидаги аэропортлардан Саудия Арабистонининг Мадина шаҳрига тўғридан-тўғри авиақатновлар амалга оширилади.


– Юртимизда диний-маърифий соҳага қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли сўнгги йилларда мўмин-мусулмонлар исломнинг барча рукнлари, хусусан, ҳаж амалларини тўла-тўкис адо этиш бахтига ноил бўлмоқда, – дейди Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов. – Хусусан, бу йил ҳам ҳаж тадбирларини ташкил этиш бўйича кенг кўламли тайёргарлик ишлари амалга оширилди. Зиёратчилар тиббий кўрикдан ўтказилиб, менингит касаллигига қарши эмланди. Уларга расмий ҳаж визалари ва бошқа зарур ҳужжатлар расмийлаштириб берилди.


Муборак сафар қатнашчиларига гуруҳ раҳбарлари масъул қилиниб, сафар олди машғулотлари ўтказиляпти. Аёл зиёратчилар учун ҳам алоҳида аёл мутахассис ва шифокорлар  ажратилган. Шунингдек, ҳар бир зиёратчига “Ҳаж – буюк ибодатдир” қўлланмаси, сумка, нимча, термос, соябон, сим-карта, қувватлагич тақдим этилмоқда.


– Қувонч ва ҳаяжонимизнинг чеки йўқ, – дейди зиёратчилардан бири Наби Ваҳобов. – Яратганга беҳисоб шукрки, орзу-армонларимиз ушалмоқда. Ҳаж зиёратига йўлга чиқяпмиз. Биз учун яратилган қулайликлардан беҳад хурсандмиз. Буларнинг барчаси юртимизда “Инсон қадри учун, инсон бахти учун!” деган эзгу тамойилнинг амалий ифодаси. Насиб этса, зиёратимиз давомида Аллоҳдан юртимиздаги тинчлик-омонлик, тараққиёт ва фаровонликни бардавом этишини сўраб, дуолар қиламиз. 


Макка шаҳрида зиёратчиларнинг асосий қисми бир ҳудуддаги меҳмонхоналарга жойлаштирилади. Шуни ҳам эслатиш зарурки, юртдошларимиз бугунги мураккаб замонда Саудия Арабистони томонидан белгиланган янги қонун-қоидаларга қатъий амал қилиши, огоҳликни ошириши шарт.


Айни пайтда Саудия Арабистонида бўлиб турган “Ҳаж  – 2026” мавсуми ишчи гуруҳлари ҳамкор ташкилотлар билан бирга меҳмонхоналар, Мино ва Арофот водийларида зиёратчилар ибодатларини бекаму кўст адо этиши учун муносиб шароитлар тайёрлаш бўйича фаол иш олиб бормоқда.


Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг веб-сайти ва ижтимоий тармоқларида ҳаж амаллари ҳақидаги суҳбатлар, тавсиялар ва мақолалар тақдим этилмоқда.

 


“Халқ сўзи”

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Туркий давлатлар муфтийлари Боку шаҳрида жамланади

13.09.2026   6314   1 min.
Туркий давлатлар муфтийлари Боку шаҳрида жамланади

Жорий йилнинг 13–16 сентябрь кунлари Озарбойжон пойтахти Боку шаҳрида Туркий давлатлар муфтийлари кенгашининг навбатдаги VII йиғилиши ҳамда унинг доирасидаги бир қатор тадбирлар бўлиб ўтади.

Йиғинларда туркий дунёнинг етакчи дин пешволари – Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар, Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайхулислом Аллоҳшукур Пошшозода, Туркия Диёнат ишлари бошқармаси раиси Сафи Арпагуш, Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, бош муфтий Наврўзбай ҳожи Тағанули, Қирғизистон мусулмонлари диний назорати раиси, муфтий Абдулазиз қори Закиров, Туркманистон муфтийcи Раҳмон Қурбонмуродов кабилар бошчилигидаги туркий давлатлар уламоларидан иборат делегациялар иштирок этади.  

Мамлакатимиз делегацияси сафидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши, Фатво маркази, ҳудудий вакилликлар ҳамда олий диний таълим муассасаларидан вакиллар жой олган.

Тадбирлар доирасида уламолар мусулмон уммати учун муҳим бўлган шаръий масалалар, замонавий фатволар ва муштарак ташаббусларни муҳокама қилиб, якуний ҳужжатларни имзолайдилар. Шунингдек, илмий-амалий анжуман, икки томонлама музокаралар ҳамда табаррук қадамжолар зиёрати ҳам режалаштирилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари