Бир бой киши ҳеч ким билмаслиги учун қурбонлик қилинадиган қўйларни махфий равишда садақа қилишни хоҳлади. У ўз қўйларига фақат ўзи биладиган махсус белгилар қўйган эди. У хизматкорларидан бири орқали қўшни қишлоқдаги энг муҳтож, кўп фарзандли ва камбағал оилаларга биттадан семиз қўчқорларни юборди. Бу бой кишининг гўзал одати шундай эдики, у кўп садақа қиларди-ю, лекин буни хизматкорларидан бошқа ҳеч ким билмасди.
Бир куни бой киши бозорда юриб, тўсатдан кечагина қўшни қишлоққа садақа қилиб юборган қўчқорларидан бирини камбағал кишининг қўлида кўриб қолди. Бой киши жуда ҳайрон бўлиб, ичида деди: “Бу қўчқор менинг садақаларимдан-ку! Хизматкорим уни мана шу одамга берган бўлса, нега у буни сотяпти? Демак, бу одам муҳтож эмас экан, хизматкорим манзилда адашибди”.
Бой киши камбағалга яқинлашиб сўради:
— Бу баҳайбат қўчқорни ўзинг боққанмисан ёки бирор савдогардан сотиб олдингми?
Камбағал киши табассум билан жавоб берди:
— Аллоҳга қасамки, на униси ва на буниси. Бунинг ажойиб қиссаси бор. Кеча эшигим тақиллади, қарасам, бир нотаниш киши турибди. У менга: «Бу қўчқорни сизга хожам ҳадя қилди», деди-ю, хожасининг исмини айтмай кетди. Кўриб турганингиздек, бу қўчқор жуда катта. Менинг эса худди ўзимдек ўта муҳтож, серфарзанд бир қўшним бор. У ҳайит учун нафақат қўй, балки гўшт ёки товуқ сотиб олишга ҳам қурби етмайди. Шунинг учун бу қўчқорни сотиб, пулига иккита кичикроқ қўй олмоқчиман: бирини ўзимга, иккинчисини эса ўша муҳтож қўшнимга бераман.
Бу гапларни эшитган бой киши йиғлаб юборди ва деди:
— Барака топ, сенга хушхабар бўлсин! Роббимиз: “Сизлар суйган нарсаларингиздан инфоқ-эҳсон қилмагунингизча, ҳаргиз яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсиз” (Оли Имрон сураси) деб айтганида ҳақ эди. Сен ўзинг шу гўштга жуда муҳтож бўла туриб, эҳсон қиляпсан.
Қўшнининг ҳолидан хабардор бўлиш – мана шу ҳақиқий Исломдир! Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ёнидаги қўшниси оч ўтириб, ўзи тўқ ухлаган киши биздан эмас” деб айтганлар.
Бой киши сўзида давом этди:
— Эй биродар, мен бу катта қўчқорни сендан сотиб оламан. Мана пулини ол-да, бориб иккита қўй сотиб ол. Сен мендан ва менга ўхшаган бойлардан кўра сахийроқ экансан. Чунки бойлар боридан, кенгчиликдан инфоқ қиладилар, сен эса йўқчилик ва танглик ҳолида эҳсон қиляпсан.
Қани эди биз ҳам камбағалларнинг ҳолидан хабар олсак... Агар ҳар бир бой ўз қўшниларидан хабардор бўлганида эди, юртимизда бирорта ҳам камбағал қолмасди. Агар ҳар бир бой закотини чиқарганида эди, юртда бирорта муҳтож қолмасди.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ
Луқмоннинг фарзандига айтган насиҳатларидаги буюк ҳикматлар
Баъзи сўзлар борки, орадан қанча асрлар ўтмасин, ўз қимматини йўқотмайди. Чунки улар инсон қалбига йўл топади, уни яхшиликка чорлайди ва ҳаётда тўғри йўлни танлашга ундайди.
«Эй ўғилгинам...»
Луқмоннинг фарзандига айтган бу мурожаатида чуқур меҳр, самимият ва улкан ҳаёт ҳикмати мужассам. Унинг насиҳатлари нафақат бир фарзандга, балки ҳар бир инсонга тегишли бўлган ибратли ўгитлардир.
Луқмон фарзандига аввало энг муҳим ҳақиқатни эслатади:
«Эй ўғилгинам! Аллоҳга ҳеч нарсани шерик қилма. Албатта, ширк катта зулмдир».
Инсон ҳаётидаги энг муҳим пойдевор — тўғри эътиқод. Дунёдаги бойлик, мансаб, обрў ва барча неъматлар вақтинчалик. Аммо инсоннинг Аллоҳ билан бўлган муносабати унинг бутун ҳаётига таъсир қилади. Шунинг учун фарзанд тарбияси, аввало, унинг қалбига иймон ва Аллоҳга бўлган муҳаббатни сингдиришдан бошланади.
Шундан сўнг Луқмон:
«Эй ўғилгинам! Намозни тўкис адо эт...»
деб насиҳат қилади.
Намоз — инсоннинг Роббиси билан боғланишидир. У қалбни поклайди, инсонни яхшиликка ундайди ва ҳаётига тартиб бағишлайди. Фарзандга намозни ўргатиш — унга фақат бир ибодатни эмас, балки масъулият, поклик ва маънавий тартибни ҳам ўргатишдир.
Луқмон фарзандини яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтаришга ҳам чақиради. Чунки ҳақиқий эзгулик фақат ўзимиз учун эмас, атрофимиздагилар учун ҳам манфаатли бўлиши керак. Баъзан бир оғиз яхши сўз инсоннинг кўнглини кўтарса, бир самимий насиҳат унинг ҳаётини ўзгартириши мумкин.
Аммо яхшилик йўли доимо осон эмас. Шунинг учун Луқмон:
«Бошингга тушган мусибатларга сабр қил», дейди.
Инсон ҳаётида турли синовлар учрайди. Баъзида режаларимиз амалга ошмайди, баъзида кутилмаган қийинчиликларга дуч келамиз. Ана шундай пайтларда сабр инсонга куч беради. Сабр — таслим бўлиш эмас, балки қийинчиликка қарамай тўғри йўлда давом этишдир.
Луқмоннинг яна бир муҳим насиҳати — кибрдан сақланиш:
«Кишилардан кибр билан юз ўгирма ва ер юзида манманлик билан юрма».
Инсонга берилган бойлик, илм ёки мартаба уни бошқалардан устун қилиб қўймайди. Аксинча, инсон қанчалик кўп неъматга эга бўлса, шунчалик камтар бўлиши лозим. Чунки ҳақиқий улуғлик — ўзини бошқалардан баланд қўйишда эмас, балки инсонларга ҳурмат ва меҳр билан муносабатда бўлишдадир.
Насиҳатларда ҳатто инсоннинг юриши ва овозигача эътибор қаратилган:
«Юришингда ўртача бўл ва овозингни пасайтир. Албатта, овозларнинг энг ёқимсизи эшакларнинг овозидир». Бу бизга одобнинг катта ишлардагина эмас, балки кундалик одатларимизда ҳам намоён бўлишини кўрсатади. Вазминлик, мулойимлик, меъёр ва чиройли муомала инсонни безайди.
Бугун бизга ҳам керак бўлган насиҳатлар
Луқмоннинг фарзандига айтган ўгитлари асрлар олдин айтилган бўлса-да, бугунги кун учун ҳам ниҳоятда долзарб.
Бугун фарзандларимизга яхши касб эгаси бўлиш билан бирга, яхши инсон бўлишни ҳам ўргатишимиз керак. Уларнинг қалбига иймон, тилига яхши сўз, хулқига камтарлик, ҳаётига сабр ва меҳрни сингдиришимиз зарур.
Чунки фарзандга қолдириладиган энг қимматли мерос — мол-дунё эмас.
Энг буюк мерос — иймонли қалб, гўзал ахлоқ ва тўғри тарбиядир.
Шу боис Луқмоннинг:
«Эй ўғилгинам...» деб бошланган насиҳатлари ҳар биримиз учун ҳамон ўз аҳамиятини йўқотмаган. Уларни ўқишгина эмас, ҳаётимизга татбиқ этиш биз учун энг катта ибратдир.
Ҳумоюддин Ҳусниддин ўғли,
Масжидлар билан ишлаш бўлими
етакчи мутахассиси таржимаси