Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳ таоло умматни бирлик, меҳр-оқибат ва биродарлик асосида яшашга буюрган. Бироқ тарих давомида мусулмонларнинг сафини бузиш, улар орасига адоват ва низо уруғини сочишга уринган кимсалар ҳамиша топилган. Шунинг учун ҳар бир мўмин фитнанинг хавфини англаб, унинг домига тушиб қолмаслик учун доимо ҳушёр бўлиши лозим.
Авс ва Хазраж воқеаси — фитнанинг аччиқ сабоғи
Мадина аҳлидан бўлган Авс ва Хазраж қабилалари Исломдан олдин узоқ йиллар давомида ўзаро адоват ва қирғинбарот жангларда яшар эдилар. Айниқса, “Буос” кунида содир бўлган қаттиқ жанг икки томоннинг қалбида оғир из қолдирган эди. Аллоҳ таоло уларни Ислом неъмати билан шарафлаб, қалбларини бирлаштирди. Кечаги душманлар бугун бир-бирининг жонидан азиз биродарларга айландилар. Аммо мусулмонларнинг бу аҳиллигини кўра олмаган баъзи душманлар улар орасига фитна солишни мақсад қилдилар.
Бир куни улар Авс ва Хазраж вакилларига “Буос” кунидаги воқеаларни, жангдаги қаҳрамонлик ва фахрланишга арзийдиган ҳолатларни эслата бошладилар. Аввалига оддий суҳбат бўлиб кўринган бу гаплар аста-секин баҳсга, баҳс эса жанжалга айланди. Ҳатто икки қабила яна қурол кўтариб, ўзаро жанг қилиш даражасигача етиб борди. Бу хабар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга етгач, у зот саҳобалари билан дарҳол уларнинг олдига бордилар ва шундай дедилар:
"Эй мусулмонлар жамоаси! Аллоҳдан қўрқмайсизларми?! Мен ҳали орангизда бўла туриб, сизлар жоҳилият даъволарига чақириласизларми?! Аллоҳ сизларни Исломга ҳидоят қилганидан, унинг сабабидан сизларни азиз қилганидан, жоҳилият ишларидан қутқарганидан ва қалбларингизни бир-бирига улфат қилганидан кейин яна шу ҳолатгами қайтмоқчисизлар?!".
Шунда улар ўзларига келиб, душман макрига алданганларини англадилар. Икки томон йиғлаб, бир-бирини қучоқлаб, кечирим сўрадилар ва фитна ўчоғи сўнди. Бу воқеа Ислом тарихида мусулмонларнинг душман фитналарига қанчалик тез алданиб қолишлари мумкинлигини, аммо Қуръон ва Суннатга қайтиш орқали ҳар қандай низони бартараф этиш мумкинлигини кўрсатиб беради.
Қуръоннинг бирликка чақируви
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Барчангиз Аллоҳнинг арқонига маҳкам ёпишингиз ва бўлиниб кетмангиз. Аллоҳнинг сизларга берган неъматини эслангиз: бир вақтлар бир-бирингизга душман эдингиз, У зот қалбларингизни улфат қилди ва Унинг неъмати билан биродарларга айландингиз» (Оли Имрон сураси, 103-оят).
Яна бир оятда: «Фитна қатлдан ҳам оғирроқдир» (Бақара сураси, 191-оят).
Ушбу оятлар мусулмонлар ўртасидаги бирликнинг нақадар улуғ неъмат эканини ва фитнанинг эса жамият учун ҳалокатли офат эканини кўрсатади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг огоҳлантиришлари
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Мўмин мўминнинг биродари. Унга зулм қилмайди ва уни душманга ташлаб қўймайди" (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Яна бир ҳадисда: "Бир-бирингизга ҳасад қилмангиз, бир-бирингиздан юз ўгирмангиз, бир-бирингизга адоват қилмангиз. Эй Аллоҳнинг бандалари! Биродар бўлингизлар" (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фитна ҳақида бундай дедилар: "Фитналар қоронғи тун парчалари каби келади" (Имом Муслим ривояти).
Бу ҳадис мўминни ҳар қандай шубҳали чақириқлар, адоват уруғини сочувчи гаплар ва мусулмонларни бўлишга қаратилган ҳаракатлардан эҳтиёт бўлишга чақиради.
Хулоса
Бугунги кунда ҳам турли ижтимоий тармоқлар, асоссиз хабарлар, ғийбат ва бўҳтонлар орқали мусулмонлар орасига фитна солишга уринишлар учраб туради. Шунинг учун ҳар бир мўмин эшитган ҳар бир хабарни текшириши, ҳиссиётга берилмаслиги ва уммат бирлигини сақлашни ўзининг муҳим вазифаси деб билиши керак.
Авс ва Хазраж воқеаси бизга бир ҳақиқатни ўргатади: мусулмоннинг ҳақиқий кучи унинг қуролида эмас, балки бирлигидадир. Қалблар бирлашган жойда Аллоҳнинг раҳмати бўлади, фитна ва адоват ҳукмрон бўлган жойда эса барака кўтарилади. Аллоҳ таоло барчамизни фитналарнинг ошкораси ва махфийсидан асрасин, қалбларимизни биродарлик ва муҳаббат билан мустаҳкамласин.
Жаъфархон СУФИЕВ,
ТИИ Модуль таълим тизими талабаси, Тўрақўрғон туман “Исҳоқхон тўра” жоме масжиди имом-хатиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Овқатланиш пайтида, айниқса, болаларга мултфилм қўйиб бериб овқат едириш овқат ҳазм қилиш тизими бузилишига, семиришга ва бола ривожланишининг секинлашишига олиб келади.
Ушбу одатнинг асосий зарарлари:
1. Тўйиш ва оч қолиш сигналларининг бузилиши: Мия бутунлай мултфилмга қаратилгани сабабли, ошқозондан келаётган “тўйдим” сигналини қабул қилмайди. Бу келажакда семириш ёки аксинча, сурункали вазн етишмовчилигига сабаб бўлади.
2. Овқатнинг таъмини ҳис қилмаслик: Бола нима еяётганини, унинг таъми ширин ёки шўрлигини, иссиқ ёки совуқлигини англамайди. Бунинг оқибатида унда соғлом овқатланиш маданияти шаклланмайди.
3. Чайнаш ва ютиш рефлексининг сустлашиши: Экранга тикилиб қолган бола овқатни яхши чайнамай ютади ёки оғзида узоқ вақт ушлаб туради. Бу эса тишларнинг чиришига ва ошқозон-ичак касалликларига (дам бўлиш, қабзият) йўл очади.
4. Неврологик ва диққат муаммолари: Тез алмашадиган кадрлар бола асаб тизимини толиқтиради. Натижада бола реал ҳаётда диққатини бир жойга жамлай олмайдиган, тез аччиқланадиган бўлиб қолади.
5. Иштаҳасизлик ва инжиқликнинг ортиши: Ота-оналар “телефон қўйсам кўп ейди” деб ўйлашади, лекин аслида бола фақат экран узатилаётгандагина овқатланадиган мажбурий одатни (рефлексни) орттириб олади. Телефон олиб қўйилса, умуман овқат емай инжиқлик қилади.
Ота-оналарга тавсия
1. Овқатланиш вақтида телефон, планшет ва телевизорни ўчиринг.
2. Оила аъзолари билан бир дастурхон атрофида овқатланишга ҳаракат қилинг.
3. Болангиз билан суҳбатлашинг ва уни мустақил овқатланишга рағбатлантиринг.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таомланиш пайтида бутунлай сукут сақламаганлар, балки саҳобалари билан гўзал ва фойдали суҳбатлар қуриб, биргаликда овқатланганлар. Шу боис, Ислом маданиятида овқат устида яхши гаплардан гапириш суннат амаллардан ҳисобланади.
Даврон НУРМУҲАММАД
Маълумотлар линки:
1. https://mylittlescholars.com.au/disadvantages-of-watching-tv-while-eating
2. https://www.jewelautismcentre.com/blog-detail/does-watching-mobile-while-eating-affect-a-childs-brain-development
3. https://yourkidstable.com/turn-off-tv
4. https://yebonutrition.com/2025/12/29/are-screens-at-mealtime-always-bad-for-kids
5. https://famedico.com/is-it-good-to-use-mobile-phones-or-tv-while-eating
6. https://www.parentcircle.com/should-children-be-allowed-screen-time-watching-tv-while-eating/article
7. www.mayoclinichealthsystem.org/hometown-health/speaking-of-health/children-and-screen-time