Қуёш ботади...
Гуллар сўлади...
Баҳорнинг охири куз билан тугайди.
Соғлиқ хасталикка юз тутади.
Ҳаёт ўлим билан ниҳояланади.
Империялар гуллаб-яшнайди ва завол топади.
Қитъаларни океан ютиб юборади.
Юлдузлар коинот бағрида портлаб, ғойиб бўлади.
Бизни ўраб турган бу ҳодисалар олами — алдамчи ва маккор дунёдир. У ёлғонлардек тусланиб, йўқлик ва фано сари ҳаракатланади... Гўёки сув устига чизилган расм ёки шамоллар учириб кетувчи қумдаги нақш кабидир.
Аллоҳ эса бу оламдан эмас... Балки У бу оламдан Мутаол (олий ва юксак)дир... Аллоҳнинг хасталаниши, қариши ёки ўлиши асло мумкин эмас. Уни бошқа нарсалар каби бир хомхаёл ёки ботил деб тасаввур қилиш ҳам тўғри эмас... У буларнинг барчасидан Юксакдир.
Олам — ботил (ўткинчи).
Аллоҳ — Ҳақ.
Олам — завол топгувчи.
Аллоҳ — Боқий.
Олам — ўзгарувчан.
Аллоҳ — Собит (ўзгармас).
Олам — замон ва макон чегараларининг маҳбусидир.
Аллоҳ эса замон ва макондан Юксакдир... У бирор маконда жойлашмайди, зеро Унинг ҳажми ҳам, маконий хусусиятлари ҳам йўқдир. У ҳақда «тепада» ёки «пастда», «ўнгда» ёки «чапда», «ичкарида» ёки «ташқарида» деб бўлмайди.
Шу боис, У бирор жисмга кирмайди, бирор бўшлиқни эгалламайди ва бирор сурат ёки шаклда гавдаланмайди.
У замондан Юксак бўлгани учун ҳам Унинг ёши йўқ, бошланиши ва ниҳояси йўқ, Унинг учун ўтмиш, ҳозир ва келажак мавжуд эмас... Балки У — Мутлақ Ҳозирликдир... Давомли лаҳза ва абадий давомийликдир... Ғайбда ҳам, шоҳидлик оламида ҳам доимий мавжуддир.
У ҳақда ўсяпти, ривожланяпти, каттаряпти, кенгаяпти, кучи ортяпти ёки мукаммаллашяпти деб бўлмайди... Чунки У — азалдан ва абадан Мукаммалдир.
У замон ва макондан пок бўлгани учун ҳаракат қилмайди ва кўчмайди... Балки У — мутлақ сукунатдадир... Самаддир... Унинг атрофидаги барча нарса эса изтироб ва ҳаракатдадир. «Самад» сўзининг маъноси ҳам мана шу — мутлақ собит ва барқарор демакдир. Шу сабабли ҳам У — изтироблар уммонидаги бошпана ва омонликдир. Кемалар ўз лангарларини сокин денгиз тубига ташлаб, ўз барқарорлигини ўша тубнинг собитлигидан олгани каби, қалб ҳам ўз лангарини Унга ташлайди... У — ҳузурига талпиниладиган, суяниладиган Самаддир.
Биз — кишандамиз (замон ва маконда).
Аллоҳ эса — мутлақликда (азал ва абадда), Унинг на бошланиши, на охири ва на чегараси бор.
У — Латифдир, интиҳосиз лутф Соҳибидир. Унинг жисми, моддаси, массаси ва вазни йўқ. «Латиф»нинг маъноси ҳам шу — мутлақ махфийлик (кўзга кўринмаслик).
«Латиф» — Уни чеклаб ёки тўсиб қўядиган ҳеч қандай жисм, вазн ва зичликка эга бўлмаган Зотдир... Шу боис У ҳар бир нарсанинг ичига кириб боради, ҳар бир нарса билан ҳар лаҳзада комил суратда, яширин ва сирли равишда бирга бўлади: «Кўзлар Уни идрок этолмас, У эса кўзларни идрок этар». У қаерда бўлсак ҳам биз билан биргадир, бизга ниҳоятда яқиндир, аммо биз Уни кўрмаймиз...
Худди инсон ўз кўзининг қорачиғини (воситасиз) кўра олмагани каби. У бизга шоҳ томиримиздан ҳам (вужудимиздаги қондан ҳам) яқинроқдир.
Ва У — Воҳид (Ягона)дир.
Сизга фойда берувчи ҳам Удир.
Сизга зарар берувчи ҳам Удир.
Чаёнга заҳарни жойлаган ҳам Удир.
Гулга ифорни бахш этган ҳам айни Унинг Ўзидир.
Бу ишларнинг барчасини қилувчи Зот — биргина асил Бажарувчидир.
У — Воҳиддир...
У — Аҳаддир...
«Аҳад» ва «Воҳид» маъно жиҳатидан фарқ қилади.
«Воҳид» деганда, иш-ҳаракатлар кўп ва турли-туман бўлса-да, уларни Бажарувчи битта эканини тушунамиз... Уни бажарувчиси доимо биттадир.
«Аҳадлик» эса ана шу Ягона Зотнинг сифатидир.
У — Аҳаддир.
Яъни, У бўлинмайди, парчаланмайди, Унинг бўлаги, қисми, зидди ёки тенгдоши бўлиши асло мумкин эмас... Унда кўплик, қарама-қаршилик ёки кўпайиш содир бўлмайди.
У парчаланиб кетмайди, таркиб топмайди, сочилиб кетмайди, бирлашмайди, қўшилмайди ва ажралмайди.
У Ўз зотида Аҳаддир, яъни Ўз-Ўзига қарши чиқмайди, қарама-қаршиликка учрамайди, зиддиятга киришмайди... Балки Унда қарама-қаршиликлар (Жаббор ва Раҳим, Муиз ва Музилл, Нофиъ ва Зорр) мутлақ бирликда учрашадики, у ерда ҳеч қандай зиддият, қарама-қаршилик ва уруш йўқдир... Мана шу боис Унинг исми Саломдир ва мутлақ сокин, ичида қарама-қаршиликлар бўлса-да, ҳеч қандай изтироб бўлмаган, ички урушлардан холи бўлган Самаддир...
Зеро, У — Саломдир.
Ва У — Ҳайй (Тирик)дир.
Яъни, Унга ҳаёт бахш этувчи бирор яратувчига эҳтиёж сезмасдан, Ўз-Ўзидан Тирикдир. У бошқага қарам бўлмаган мутлақ ҳаёт Соҳибидир. Бизнинг ноқис ҳаётимиз эса, аксинча, фақатгина Унинг мадади билангина мавжуддир.
У — Қаййумдир, ҳар бир нарсани тирик тутиб турувчи ва йўқликка ҳаёт бахш этувчи Зотдир.
Ҳар бир нарса Аллоҳ билан мавжуддир.
Фалакларидаги юлдузларни Аллоҳнинг қонунлари тутиб туради, демак улар У билан қоимдир. Дарахтлар ўз қаддини Унинг ва У берган нур, қуёш, сув ҳамда тупроқ мадади билан юксалтиради.
Биз ҳам ҳар куни У билан ва Унинг мадади билан оёққа турамиз.
Биз У билан кўрамиз ва У билан эшитамиз... Бизга ато этган қобилиятлари орқали... Бутун коинот ўз мавжудлигида Аллоҳнинг Қаййумлигига қарздордир... Зеро, У ҳар бир нарсанинг Қаййумидир...
Қиёмат куни бизни ўлимдан қайта тирилтирувчи ҳам Удир.
У бу дунёда заррадан тортиб то фалакларгача ҳар бир нарсани Ўз ғамхўрлиги билан тутиб турувчидир, шунинг учун ҳам У — Қаййумдир.
У — Самийъ (Эшитувчи)дир, ҳеч қандай рухсатсиз ва воситаларсиз мутлақ эшитувчидир... У Ўз зоти ила Самийъдир.
У — Басийр (Кўрувчи)дир, кўзсиз ва кўрув аъзоларисиз кўрувчидир... У Ўз зоти ила Басийрдир.
У — Мутакаллим (Сўзлагувчи)дир, ҳарфларсиз, сўзларсиз, тил ва лабларсиз сўзлагувчидир... У Ўз зоти ила Мутакаллимдир, бизга маъноларни етказади ва биз уларни Ўзи хоҳлаган тилда эшитамиз.
У — Аввалдир, замон ва олам яратилишидан олдин, ҳеч вақо йўқлигида ҳам мавжуд бўлган Зотдир.
У — Охирдир, замон тугаб, олам барҳам топганидан ва ҳар бир нарса Унга қайтганидан кейин ҳам мавжуд бўлгувчидир... Борлиқ фоний бўлгандан кейин ҳам У — Боқийдир... Ундан олдин ҳам, Ундан кейин ҳам ҳеч нарса йўқдир...
У — афъоллари (ишлари) билан Зоҳир (аён)дир.
Зоти билан эса Ботин (яширин)дир.
У Ўзи учун эмас, биз учун ўч олгувчи — Мунтақимдир.
У золимларга нисбатан Жаббор, такаббурларни хор қилгувчи Музилл, мутакаббирларга қарши Мутакаббир, макр қилувчиларга нисбатан Макр қилгувчидир. Кимнинг сифатлари мана шундай бўлса, демак, кибриё ва буюклик фақат Унгагина лойиқдир.
Кибриёлик фақат Унинг ҳаққидир.
Осмонлару ердаги кибриёлик Уникидир.
Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда айтади:
«Кибриёлик Менинг ридомдир, буюклик эса Менингизоримдир. Ким Менинг бу икки сифатимда Мен билан талашса, Уни яксон қиламан».
Агар буюкликнинг барча сабаблари Унда мукаммал бўлса, демак, У ҳақиқий Азим (Буюк) Зотдир.
Шундай бўлса-да, У Ўз суюкли бандаларига доимо Ўзини севдирувчи, уларга Ўз муҳаббати, карами, неъматлари ва меҳрини ёғдирувчидир, зеро У — Ҳаннон, Маннондир.
Унинг азоби ҳам Ўз раҳмати чашмасидандир... У — уйғотиш, огоҳлантириш ва дарс бериш учун азобловчи Раҳмондир... Ва У — хоҳлаган пайтида Ўз холис раҳматини инъом этувчи Раҳимдир... Унинг раҳмати доимо ғазабидан устундир... У пайғамбарлар, огоҳлантирувчилар, китоблар юборади ва ҳар бир назар солувчи учун осмонлару ерда Ўз оят-белгиларини равшан намойиш этади... Шундан кейингина ҳисоб-китоб, яъни Жазо куни — ғазабга лойиқ бўлганларга ғазаб қилинадиган кун бўлади... Зора, У — муҳлат берувчи, имконият инъом этувчи ва ажални узайтирувчи Сабурдир... Ва У — Ўзига қайтган, тавба қилган ҳар бир бандани кечирувчи Таввоб, Ғаффордир.
У — Восиъ (Кенг) Зотдир.
Илми кенг.
Мағфирати кенг.
Раҳмати кенг.
У ҳар бир нарсада Чексизлик ва Мутлақликдир.
Фаришталар Унга шундай дейдилар:
«Парвардигоро, Ўзинг раҳмат ва илм жиҳатидан барча нарсадан кенгдирсан. Бас, тавба қилган ва Сенинг йўлингга эргашганларни мағфират айла» (Ғофир сураси, 7-оят).
Фаришталар фақат Унинг ваҳйи, амри ва каломи билангина гапирадилар... Зеро, У — раҳмат ва меҳр чашмаси, мағфират ва тавбага илҳом берувчи Зотдир.
У Покдир, Зул-жалоли вал-икром (Улуғворлик ва карам Соҳиби)дир.
Ҳарфлар ва сўзлар ожиз қолади, жумлалар Унинг Олий мақомига етишдан узилади — У шундай бир Мақомдаки, у ерда «қаерда» деган тушунча йўқдир.
Шундай бир «ҳузур»даки, у ерда «ҳузурида» деган макон йўқдир.
У ерда ақллар ҳайратдан лол қолади.
Тиллар соков бўлади.
Қаламлар қурийди.
Ва саҳифалар кўтарилади.
Доктор Мустафо Маҳмуд - «Исломда Аллоҳ» мақоласидан.
Ислом цивилизациясининг буюклиги фақат тарихий обидалар ёки машҳур алломалар номида эмас. Унинг жаҳон тараққиётига қўшган энг муҳим ҳиссаси — билимларни жамлаш, танқидий таҳлил қилиш ва янги илмий кашфиётларга замин яратиш анъанасида намоён бўлади. Марказий Осиё эса бу интеллектуал юксалишнинг муҳим марказларидан бири бўлган. Ислом цивилизацияси маркази эса бугун ана шу ҳақиқатни бутун дунёга баралла бонг урмоқда.
Инсоният тарихида цивилизациялар кўпинча қудратли давлатлар, буюк ҳукмдорлар, улкан шаҳарлар ва ҳарбий ғалабалар орқали баҳоланади. Бироқ тарихий тажриба шуни кўрсатадики, цивилизациянинг ҳақиқий салоҳияти унинг инсон тафаккурини қай даражада ривожлантиргани, билим яратиш учун қандай шароитлар яратгани ва бу билимларни кейинги авлодларга етказа олгани билан ҳам белгиланади.
Бу нуқтаи назардан ислом цивилизацияси жаҳон тарихида алоҳида ўрин тутади. Уни фақат диний таълимотлар, сиёсий сулолалар ёки меъморий ёдгорликлар тарихи билан чеклаб бўлмайди. У математика, тиббиёт, астрономия, оптика, география, фалсафа ва бошқа кўплаб соҳаларда билимлар ривожига ҳисса қўшган кенг интеллектуал макон ҳам эди.
Ушбу мероснинг аҳамияти фақат ўтмиш билан чекланмайди. Хоразмийнинг математик асарларидан келиб чиққан атамалардан тортиб, Ибн Синонинг тиббий меросигача бўлган тарихий тажриба бугунги илм-фан, таълим ва технологиялар ривожи билан боғлиқ муҳим саволларни ўртага қўяди: жамиятни тараққиётга олиб чиқадиган билим муҳити қандай шаклланади ва уни қандай сақлаб қолиш мумкин?
Илмга муносабат — цивилизация тараққиётининг асоси
Ислом цивилизациясининг илмий салоҳиятини тушуниш учун, аввало, билимга бўлган муносабатни англаш зарур. Ўрта асрларда мусулмон дунёсининг турли ҳудудларида масжидлар, мадрасалар, кутубхоналар, илмий мажлислар ва шифохоналар билим олиш ҳамда тарқатиш жараёнида муҳим ўрин тутган.
Вақф тизими айрим ҳудудларда таълим муассасалари, кутубхоналар, олимлар ва талабаларни моддий қўллаб-қувватлаш имконини берган. Айрим шифохоналар эса беморларни даволаш билан бирга тиббий билимларни ўрганиш ва амалиётга татбиқ этиш марказлари вазифасини ҳам бажарган.
Бундай тажриба илм-фан тараққиётида олимларнинг истеъдодидан ташқари, илмий юксалиш учун билимга талаб, уни тарқатадиган муассасалар, ҳомийлик механизмлари ва турли авлод вакиллари ўртасидаги интеллектуал алмашинув ҳам зарур.
Шу маънода ислом цивилизациясининг муҳим хусусиятларидан бири билимни муайян шахснинг шахсий ютуғи даражасидан кенгроқ ижтимоий жараёнга айлантиришга хизмат қилган муҳитнинг шаклланганидир.
Бағдод: турли билим анъаналари туташган марказ
VIII–IX асрларда Аббосийлар халифалиги даврида Бағдоднинг йирик илмий ва маданий марказ сифатида юксалиши бу жараённинг муҳим босқичи бўлди. Бу ерда юнон, сурёний, форс ва ҳинд илмий меросига оид асарлар араб тилига таржима қилинди, улар ўрганилди ва янги тадқиқотлар учун асос бўлиб хизмат қилди.
«Байт ул-ҳикма» — Ҳикмат уйи номи Бағдоддаги илмий ва таржимонлик фаолияти билан боғлиқ тарихий анъананинг рамзларидан бирига айланган. Бироқ ўша даврдаги барча таржима ишлари фақат шу муассасада амалга оширилган, деб ҳисоблаш тарихий жараённинг мураккаблигини соддалаштирган бўлар эди. Билим алмашинуви турли шаҳарлар, кутубхоналар, олимлар ва ҳомийлик тармоқлари орқали кечган.
Бу жараённинг аҳамияти шундаки, қадимги билимлар шунчаки сақлаб қолинмади. Математика, тиббиёт, астрономия ва фалсафа соҳаларидаги ғоялар муҳокама қилинди, танқидий кўриб чиқилди ва янги натижалар билан бойитилди.
Бундай тажриба цивилизацион тараққиётнинг муҳим қонуниятларидан бирини кўрсатади: билимнинг ҳаракати бир маданиятдан бошқасига оддий кўчириш билан чекланмайди. У янги саволлар, янги эҳтиёжлар ва янги тадқиқот усуллари орқали ривожланади.
Хоразмий: алгебрадан алгоритмлар дунёсигача
Муҳаммад ибн Мусо Хоразмий номи жаҳон математикаси тарихида алоҳида ўрин тутади. Унинг IX асрда яратган алгебрага оид асари тенгламаларни тизимли ҳал қилиш усулларининг ривожланишига муҳим ҳисса қўшган.
Бугун «алгоритм» атамаси компьютер фанлари, дастурлаш ва сунъий интеллектнинг асосий тушунчаларидан бири ҳисобланади. Унинг номи Хоразмий номининг лотинча шакли орқали Европа тилларига кириб келган. «Алгебра» атамаси эса олим асари сарлавҳасидаги «ал-жабр» сўзидан келиб чиққан.
Бу боғлиқлик тарихий мероснинг замонавий аҳамиятини яққол кўрсатади. Албатта, бугунги компьютер алгоритмлари IX аср математикасининг оддий давоми эмас: улар асрлар давомида турли олимлар ва мактаблар яратган билимларга таянади. Бироқ муаммоларни тартибга солиш, амалларни изчил бажариш ва ечимларни тизимлаштириш анъанасида Хоразмий меросининг ўрни муҳимдир.
Ҳозирги рақамли иқтисодиёт ва сунъий интеллект даврида бу тарих бизга яна бир сабоқ беради: илмий меросдан самарали фойдаланиш учун уни фақат хотирлаш эмас, балки замонавий тадқиқот, таълим ва инновациялар билан боғлаш зарур.
Беруний ва Ибн Сино: кузатиш, таҳлил ва тизимлаштириш
Абу Райҳон Берунийнинг илмий фаолияти ўрта асрларда билим соҳалари ўртасидаги чегаралар бугунги каби қатъий бўлмаганини кўрсатади. У астрономия, география, минералогия, тарих ва бошқа йўналишларда изланишлар олиб борган.
Берунийнинг Ҳиндистон ҳақидаги асари бошқа халқнинг диний қарашлари, урф-одатлари, илм-фани ва маданиятини ўрганишга бағишлангани билан ҳам аҳамиятли. Унда кузатиш, таққослаш ва мавжуд маълумотларни таҳлил қилишга интилиш кўзга ташланади. Бу ёндашув маданиятлараро мулоқотда бошқа жамиятни ўз мезонлари билангина эмас, унинг ички мантиғини тушунишга ҳаракат қилиб ўрганиш муҳимлигини эслатади.
Абу Али ибн Сино эса тиббиёт ва фалсафа тарихида чуқур из қолдирган алломадир. Унинг «Тиб қонунлари» асари тиббий билимларни тизимлаштирган йирик манбалардан бири бўлиб, асрлар давомида Шарқда ва Европа тиббий таълимида муҳим ўрин тутган.
Ибн Сино меросининг аҳамияти мавжуд билимларни жамлаш ва таснифлаш, назарий қарашларни амалий тажриба билан боғлашга интилишда ҳам намоён бўлади. Замонавий тиббиёт, албатта, унинг давридаги билимлардан тубдан фарқ қилади. Шунга қарамай, илмий маълумотларни тизимлаштириш ва уларни танқидий қайта кўриб чиқиш зарурати бугун ҳам долзарб.
Ибн Ҳайсам: ҳақиқатни текшириш маданияти
Илм-фан тарихини фақат кашфиётлар ва натижалар орқали баҳолаш етарли эмас. Уларни қандай усуллар ёрдамида қўлга киритиш ҳам муҳим.
XI асрда яшаган Ибн Ҳайсам оптика соҳасидаги тадқиқотлари билан машҳур. У ёруғлик ва кўриш ҳодисаларини ўрганишда математик таҳлил, кузатиш ва тажрибага катта аҳамият берган. Унинг ишлари оптика тараққиётига, шунингдек, илмий муаммоларни далиллар орқали текшириш анъанасига муҳим ҳисса қўшган.
Ибн Ҳайсамнинг мероси илм-фаннинг асосий тамойилларидан бирини эслатади: фикрнинг қиймати фақат унинг муаллифи нуфузи билан эмас, балки далиллар билан қай даражада асослангани орқали ҳам белгиланади.
Бугун сохта ахборот, текширилмаган даъволар ва сунъий интеллект яратаётган материаллар кўпайиб бораётган бир шароитда бу тамойилнинг аҳамияти янада ортади. Далилга таяниш, манбаларни текшириш ва хулосаларни қайта кўриб чиқиш — нафақат олимлар, балки бутун жамият учун зарур интеллектуал кўникмалардир.
Ислом цивилизациясининг муҳим интеллектуал маркази
Бухоро, Самарқанд, Хоразм ва Фарғона каби ҳудудлар турли халқлар, савдо йўллари ва билим анъаналари туташган муҳим марказлар бўлган.
Хоразмий, Беруний ва Ибн Сино каби алломаларнинг илмий мероси бу ҳудудларнинг жаҳон интеллектуал тарихидаги ўрнини кўрсатади. Улар фаолият юритган даврларда илм-фан ягона марказда тўпланмаган, балки турли шаҳарлар ва минтақалар ўртасидаги алоқалар орқали ривожланган.
XV асрда Мирзо Улуғбек даврида Самарқанд астрономия ва математик тадқиқотларнинг муҳим марказларидан бирига айланди. Расадхонада олиб борилган кузатишлар ва «Зижи жадиди Кўрагоний» асари астрономик ҳисоб-китоблар тарихида муҳим ўрин тутади.
Улуғбек фаолияти Марказий Осиёдаги илмий анъаналар бир давр билан чекланиб қолмаганини кўрсатади. Турли асрлардаги интеллектуал марказлар, олимлар ва ҳомийлик муҳитлари минтақанинг илм-фан тарихидаги мавқеини шакллантирган.
Илм шаҳарларни ва жамиятни қандай ўзгартиради?
Илм-фан тараққиётини фақат китоблар ва қўлёзмалардан излаш тўлиқ тасаввур бермайди. Билимнинг ҳақиқий таъсири унинг кундалик ҳаётга, иқтисодиётга, инфратузилмага ва инсон саломатлигига татбиқ этилишида ҳам намоён бўлади.
Математика савдо ва ҳисоб-китоб усулларини такомиллаштиришга ёрдам беради. География ҳудудлар ҳақидаги билимларни кенгайтиради. Астрономия тақвимлар ва навигация учун зарур ҳисоб-китобларни ривожлантиради. Тиббиёт касалликларни тушуниш ва даволаш усулларини такомиллаштиради. Муҳандислик эса сув таъминоти, бинолар ва бошқа инфратузилма ечимларини яратишда муҳим аҳамият касб этади.
Тарихий шаҳарлардаги меъморий обидалар, сув иншоотлари ва бошқа муҳандислик ечимлари ўз давридаги билимлар, иқтисодий имкониятлар ва ижтимоий эҳтиёжларнинг ўзаро боғлиқлигини намоён этади.
Демак, илм-фан цивилизациянинг безаги эмас. У жамиятнинг амалий муаммоларини ҳал қилиш, ресурслардан самарали фойдаланиш ва тараққиёт учун янги имкониятлар яратиш воситасидир.
Нега илмий марказларнинг мавқеи ўзгарган?
Ислом цивилизациясидаги айрим илмий марказларнинг кейинги асрларда аввалги мавқеини йўқотиши тарихчилар ўртасида кенг муҳокама қилинадиган масалалардан биридир. Бу жараённи битта сабаб билан тушунтириб бўлмайди.
1258 йилда мўғул қўшинларининг Бағдодни эгаллаши Аббосийлар халифалигининг сиёсий марказига катта зарба берди. Бироқ бу воқеани бутун ислом цивилизациясида илм-фан бирданига тугади, деб талқин қилиш тарихий жараённи соддалаштириш бўлади.
Кейинги асрларда ҳам мусулмон дунёсининг турли ҳудудларида илмий, фалсафий, тиббий ва адабий фаолият давом этди. Усмонийлар, Сафавийлар ва Бобурийлар давлатлари даврида ҳам билим ишлаб чиқариш ва тарқатишнинг турли шакллари мавжуд бўлган.
Илмий марказларнинг ривожланишига сиёсий барқарорлик, иқтисодий имкониятлар, ҳомийлик тизимлари, таълим муассасалари, халқаро алоқалар ва технологиялар таъсир кўрсатган. Европа ва Осиёдаги илмий-технологик тараққиёт суръатларини тушуниш учун ҳам айнан шу омилларнинг тарихий ўзгаришини қиёсий ўрганиш зарур.
Шунинг учун ислом цивилизацияси тарихини «олтин аср ва ундан кейинги тўлиқ таназзул» шаклида тасвирлашдан кўра, унинг турли даврлардаги ютуқлари, муаммолари ва ўзгаришларини мураккаб тарихий жараён сифатида таҳлил қилиш тўғрироқдир.
Европа ва ислом цивилизацияси: билимлар қандай чегаралардан ўтган?
Жаҳон илм-фани тарихида цивилизациялар ўртасидаги алоқалар муҳим ўрин тутади. Юнон, ҳинд, форс ва бошқа анъаналарга оид билимлар мусулмон дунёсида таржима қилинган, ўрганилган ва ривожлантирилган. Кейинчалик араб тилидаги кўплаб илмий асарлар лотин тилига таржима қилиниб, Европа интеллектуал муҳитига етиб борган.
Бу алоқалар математика, тиббиёт, астрономия, оптика ва фалсафа соҳаларидаги билимларнинг тарқалишига таъсир кўрсатди. Бироқ Европа Ренессансини фақат ислом цивилизациясининг таъсири билан изоҳлаш ҳам тўғри эмас: Европанинг ички ижтимоий, иқтисодий ва интеллектуал жараёнлари ҳам муҳим аҳамият касб этган.
Тарихий манзаранинг муҳим жиҳати шундаки, билимлар кўпинча ягона маданий ёки сиёсий чегара доирасида қолиб кетмайди. Улар таржима, савдо, сафарлар, таълим ва илмий мулоқот орқали ҳаракатланади.
Ипак йўллари ҳам шу нуқтаи назардан аҳамиятли. Улар товарлар алмашинуви билан бирга ғоялар, технологиялар ва маданий тажрибалар тарқалишига шароит яратган. Цивилизациялар тарихини ўрганишда «қайси халқ устун бўлган?» деган саволдан ташқари, «билимлар қандай яратилган ва қандай тарқалган?» деган саволни ҳам қўйиш зарур.
Тарихий меросдан замонавий тараққиётга
Агар Хоразмий номи билан боғлиқ математик анъаналарни қадрласак, замонавий математика, информатика ва сунъий интеллект таълимини ривожлантиришга ҳам эътибор қаратишимиз керак. Агар Ибн Сино меросини улуғласак, тиббий тадқиқотлар, биотехнология ва сифатли тиббий таълим учун шароитларни кенгайтириш муҳим. Агар Берунийнинг изланишларига таянсак, турли маданиятларни ўрганиш, кузатиш ва далилларга асосланган таҳлилни рағбатлантириш зарур. Улуғбек мероси эса ёшларни астрономия, физика, математика ва муҳандисликка қизиқтириш аҳамиятини эслатади.
Шу нуқтаи назардан, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳам тарихий манбаларни ўрганиш, илмий тадқиқотлар, таълимий дастурлар, замонавий технологиялар ва халқаро илмий ҳамкорликни бирлаштириш орқали бундай маскан билимни жамиятга етказишда муҳим майдон ҳисобланади.
Марказнинг илмий-маърифий вазифаси тарихий меросни замонавий аудиторияга тушунарли тарзда тақдим этиш, ёшларда тадқиқотга қизиқиш уйғотиш ва миллий илмий анъаналарни жаҳон тараққиёти контекстида англашга кўмаклашиш билан белгиланади.
Хулоса
Ислом цивилизациясини илм ва тараққиёт тарихининг муҳим қисми сифатида баҳолаш учун етарли тарихий асослар мавжуд. Бироқ унинг жаҳон тараққиётига қўшган ҳиссасини фақат алоҳида ихтиролар ёки буюк олимлар рўйхати билан чеклаб бўлмайди.
Ушбу мероснинг муҳим жиҳатларидан бири турли билим анъаналарини бирлаштириш, уларни таржима қилиш, таҳлил этиш ва янги илмий натижаларга замин яратиш жараёнларида намоён бўлади. Марказий Осиё эса бу интеллектуал алоқаларнинг муҳим марказларидан бири сифатида жаҳон илм-фани тарихида ўз ўрнига эга.
Бугунги авлод учун Хоразмий, Беруний, Ибн Сино ва Улуғбек меросининг энг муҳим қисми фақат уларнинг номларини ёдда сақлаш эмас. Бу — савол бериш, далилларни текшириш, турли соҳалардаги билимларни бирлаштириш, мустақил фикрлаш ва янги ечимлар излаш қобилиятидир.
Ана шу тамойиллар замонавий таълим, илмий тадқиқотлар ва инновациялар билан уйғунлашгандагина тарихий мерос келажак тараққиётининг амалий манбаига айланади. Шунда «Ислом цивилизацияси — илм ва тараққиёт цивилизациясидир» деган ғоя фақат ўтмишга берилган баҳо эмас, балки бугунги ва келажак авлодлар учун ҳам мазмунга эга бўлган интеллектуал дастур сифатида намоён бўлади.
Абулфайз Сайидасқаров, iccu.uz
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати