Сершовқин шаҳарнинг кичик йўлкаси бўйлаб бир мўйсафид кетиб борарди. Юзлари ажинга тўла, қошлари ўсиқ бу одам кўзларини ерга тикканча оҳиста қадам ташларди.
Шошилиб, тез-тез кетиб бораётган йўловчилар, ўриндиқларда гап сотиб ўтирган бекорчилар, шунчаки сайр қилиб юрган ўткинчилар – ҳеч ким унга эътибор бермасди. Қария юра-юра телефон устахонаси олдида тўхтади.
– Болам, шуни бир кўриб берсанг. Ишламай қопти, шекилли.
Уста эски русумдаги абгор телефонга ажабсиниб қаради. “Ёшини яшаб, ошини ошаган” бу матоҳ тузатишга арзирмикан? Телефоннинг у ёқ-бу ёғини кўздан кечирган бўлди, қувват олишини текширди, қўнғироқ қилиб ҳам кўрди. Ҳаммаси жойида.
– Отахон, телефонингиз бузуқ эмас. Ишлаяпти. Мабодо синдириб қўймасангиз, сизга умрбод хизмат қилади бу! Эски телефонларнинг жони қаттиқ бўлади, – деди уста.
– Ишлаяпти, дегин... – Чолнинг кўзлари бирдан ёшланди. – Унда нега болаларим менга қўнғироқ қилишмаяпти?
Мўйсафиднинг кўзларидаги мунг ва изтиробга бардош беролмаган уста нигоҳини бошқа томонга олиб қочди.
Ориф ТОЛИБ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
“Ота – жаннат эшикларининг ўртасидир”.
Яъни: отанинг итоатида бўлиш ва унга оқ бўлмаслик инсонни жаннатнинг энг афзал, ўрта эшикларидан киришига сабаб бўлади. Буни Имом Ироқий зикр қилган.
Имом Байзовий раҳимаҳуллоҳ айтади: "Бу ерда “ўрта эшик” дегани - энг яхши ва энг юксак эшик демак. Маъноси шуки, жаннатга кириш учун энг яхши васила - отага итоат қилиш ва унинг ҳаққини адо этиш".
Бу ерда “ота” дегани жинс маъносида, яъни ота-онани ўз ичига олади. Агар ота ҳақида ҳукм шу бўлса, она ҳақидаги ҳукм бундан ҳам кучлироқ ва устунроқдир.
“У эшикни зое қилиш”.
Бу буйруқ феъли бўлиб, маъноси: уни асрашни тарк этиш, яъни отага итоатни йўқотиш.
“Ёки уни сақлаш”.
Яъни: доимий равишда уни қўлга киритишга, яъни отага яхшилик қилиш ва итоатда бўлишга ҳаракат қилиш, сенинг ихтиёрингда.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ