Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
11 Ноябр, 2026   |   1 Жумадул сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:45
Қуёш
07:06
Пешин
12:12
Аср
15:26
Шом
17:10
Хуфтон
18:26
Bismillah
11 Ноябр, 2026, 1 Жумадул сони, 1448

28.11.2022   387   1 min.
Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ажримдан кимлар кўп жабрланади?

11.11.2026   631   5 min.
Ажримдан кимлар кўп жабрланади?

Бир лаҳза тасаввур қилинг: кечагина кулгу ва шодликка тўлган хонадон бугун сукутга чўмган. Бир дастурхон атрофида йиғилган оила аъзолари икки томонга ажралган. Энг оғири эса, ота она келишмовчилигининг жабрини тортган бола бу ҳолатни англашга қийналади. Унинг қалбини жавобсиз саволлар қийнайди: «Нега оиламиз парчаланди? Нега энди отам ёки онам ҳар куни ёнимда эмас? Менинг айбим нима?»


Бугунги кунда ажрим масаласи нафақат ҳуқуқий ёки оилавий муаммо, балки миллатнинг маънавий келажагига дахлдор бўлган долзарб масалага айланмоқда. Чунки ҳар бир ажрим ортида бир неча тақдирнинг оғриғи ётади.


Инсон дунёга келиб илк бор меҳрни оилада кўради. Илк тарбияни оилада олади. Яхшилик ва ёмонлик ҳақидаги дастлабки тушунчалар ҳам шу муқаддас даргоҳда шаклланади.


Шу боис Исломда оила муқаддас қадрият сифатида улуғланган. Чунки оила инсоннинг нафақат яшаш манзили, балки маънавий камолот мактабидир.


Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни яратгач, жаннат неъматларини муҳайё қилди. Аммо инсон табиатининг комиллиги жуфтлик билан намоён бўлиши учун Ҳавво онамизни яратди. Бу воқеа инсоннинг ёлғиз эмас, балки оила бағрида баркамол бўлишини англатади.


Ҳаёт тажрибаси ҳам бу ҳақиқатни тасдиқлайди. Умр йўлдошидан айрилган кекса инсонларнинг: “Мен етимдай бўлиб қолдим”, деган сўзлари бежиз айтилмайди. Чунки инсон ҳаётида меҳр, ҳамдардлик ва руҳий таянчнинг энг яқин манбаи – оила. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: “Никоҳ менинг суннатимдир. Ким менинг суннатимдан юз ўгирса, у мендан эмас” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).


Ушбу ҳадис никоҳнинг мусулмон ҳаётидаги ўрнини яққол кўр сатади. Ислом инсонни ҳаёт масъулиятларидан қочишга эмас, балки ҳалол никоҳ қуриб, оила деган муқаддас омонатни елкасига олишга чақиради.


Чунки ҳақиқий тақво фақат ибодатларда эмас, балки инсоннинг ўз зиммасидаги ҳақ-ҳуқуқларни адо этишида ҳам намоён бўлади. Эрнинг хотин олдидаги бурчи, хотиннинг эр олдидаги масъулияти, ота-онанинг фарзанд тарбиясидаги вазифаси – буларнинг барчаси ибодатда ражасига кўтарилган амаллардир.


Одатда ажрим ҳақида сўз кетса, эрнинг ҳақлиги ёки хотиннинг ҳақлиги муҳокама қилинади. Ҳар ким ўз дардини айтади. Ҳар ким ўзини оқлашга ҳаракат қилади. Аммо кўп ҳолларда бир муҳим ҳақиқат эътибордан четда қолади. У фарзанд тақдиридир. Ота-она ўртасидаги келишмовчилик бир кунлик бўлиши мумкин, аммо унинг асорати бола қалбида йиллар давомида сақланиб қолади. Катталар қабул қилган қарорнинг юкини кўпинча фарзандлар кўтариб юради.


Шунинг учун ҳар қандай оилавий низода ота-она: “Мен нима ютаман ёки ютқазаман?” деган саволдан олдин, “Фарзандим нима йўқотади?” деган саволни бериши лозим. Баъзан бир оғиз ширин сўз, бироз сабр ёки кечирим бутун бир оилани жарликдан сақлаб қолиши мумкин. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир» (Рум сураси, 21-оят).


Эътибор қилинг, муҳаббат Аллоҳ таоло қалбларга жойлайдиган неъмат сифатида таърифланмоқда.


Демак, оилада меҳр-муҳаббат бўлиши керак, аммо уни сақлаб қолиш учун сабр, ҳурмат, вафо ва масъулият зарур.


Бугун ҳукуматимиз саъй-ҳаракати билан юртимизда янги уйлар қурилиб, янги маҳаллалар бунёд этилмоқда, иқтисодий имкони ятлар кенгаймоқда. Шунга мос равишда биз – фуқаролар ҳам қалблар ўртасидаги ришталарни асраб қолишимиз лозим. Чунки мустаҳкам давлат мустаҳкам оилалардан бошланади. Фарзанд тарбияси ҳақида қайғурган ҳар бир инсон, аввало, оила тинчлиги ҳақида қайғуриши керак. Чунки бахтли фарзанд тасодифан вояга етмайди – у меҳр, ҳурмат ва аҳил иноқлик ҳукм сурган оилада камол топади.


Оила шунчаки бир том остида яшаш эмас. Оила – меҳр мактаби. Оила – сабр дарси. Оила – тарбия мактаби.


Шунинг учун ҳам, азиз ёшлар, никоҳни енгил санамай лик, ажримни оддий қарор деб билмайлик. Чунки бир оиланинг сақланиб қолиши баъзан бир ин соннинг эмас, бутун бир авлод нинг бахтини сақлаб қолиши мумкин.


 Бугун ҳар биримиз ўзимизга: “Мен оилам мустаҳкамлиги учун нима қиляпман?” деган саволни беришимиз керак.


Агар ҳар бир эр ўз масъулия тини, ҳар бир хотин ўз бурчини, ҳар бир ота-она фарзандлари ҳақини чуқур англаса, оилаларда меҳр-мурувват, вафо-садоқат, барака, тотувлик кучайиб, ажримлар камаяди, фарзандлар бахтли ва миллатнинг маънавий пойдевори мустаҳкам бўлади.


Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 15-сонидан

http://hidoyatuz.taplink.ws

Кун мавзуси