Йигирма бир ёшли мисрлик қория қиз Реҳаб Салоҳ аш-Шариф Қуръони Каримни бир ярим йил ичида тўлиқ ёд олиб, уч ой мобайнида мусҳафни тўлиқ ёзишга муваффақ бўлди. Бу ҳақда «Cairo 24» телеканали хабар берди.
Ҳозирда Реҳаб Салоҳ аш-Шариф Ал-Азҳар университетининг адабиёт факультетида учинчи босқич талабаси. У араб тили ва адабиётини ўрганиш билан банд. Реҳаб Салоҳ Қоҳиранинг «Cairo 24» телеканалига берган интервьюсида Қуръони Каримни Ал-Азҳар университетининг биринчи босқич талабаси бўлганидан сўнг ёд олишга киришган. Қарийб бир ярим йил аввал, у Аллоҳ таолонинг фазли ила Қуръони Каримни тўлиқ ёд олишга муваффақ бўлган. Кейин Қуръонни ёзишни бошлаган. Аллоҳнинг каломини уч ойда ёзиб ниҳоясига етказган.
Шу йил 23-24 апрель кунлари Самарқанддаги Ҳадис илми мактабида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари талабалари ўртасида “Баркамол авлод – 2026” республика мусобақаси ўтказилмоқда. Унда 14 та диний таълим муассасасидаги саралаш босқичларидан ўтиб келган жамоалар спортнинг миллий кураш, тош кўтариш, стол тенниси ва шахмат турлари бўйича ўзаро беллашди.
Бугун куннинг биринчи ярмида мусобақа иштирокчилари Самарқанддаги қадамжолар, хусусан, Гўри Амир мажмуаси, Регистон майдонидаги Тиллакори, Шердор ва Улуғбек мадрасаларини зиёрат қилиб, кўплаб фойдали маълумотларга эга бўлиш билан бирга элу юрт ҳақига хайрли дуолар қилинди.
Куннинг иккинчи ярмида бўлиб ўтган мусобақа очилиш маросимида Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул раҳбар ва ходимлари, диний таълим муассасалари раҳбарлари, иштирокчи жамоалар ва уларнинг мураббийлари қатнашди.
Тадбир аввалида сўзга чиққан Ҳадис илми мактаби ректори Барот Амонов меҳмонларни ташриф билан қутлади. Сўнг Диний идора раиси ўринбосари Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов барча иштирокчиларга Муфтий ҳазратларининг салом ва дуоларини етказиш баробарида юртимизда таълим-тарбия ва спортга қаратилаётган эътибор ҳақида сўзлаб, мусобақада қатнашаётган талаба-ёшларга муваффақият тилади.
Шундан сўнг қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди. Унда диний таълим муассасалари жамоаларининг беллашув тартиби ва навбатлари аниқлаб олинди. Шу асосда стол тенниси, шахмат ва миллий кураш йўналишлари бўйича саралаш ўйинлари ўтказилди. Юқори кайфият ва қизғин рақобат муҳитида ўтган беллашув якунида муносиб иштирокчилар финал йўлланмасини қўлга киритди.
Эслатиб ўтамиз, эртага, 24 апрель куни мусобақанинг ҳал қилувчи – финал босқичи бўлиб ўтади. Унда ғолиб ва совриндорлар аниқланиб, тақдирланади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати