بسم الله الرحمن الرحيم
الحَمْدُ لله ، وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى رَسُولِهِ محمد وَعَلَى آلِهِ وَأَصْحَابِهِ أَجْمَعِينَ
Абу Ҳанифа – буюк мужтаҳид имом!
Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таолонинг инояти билан Ислом дини Пайғамбаримиз алайҳиссаломга мукаммал нозил қилинди. Саҳобалар, улардан кейин тобеъин, таба тобеъинлар ва уламолар ушбу динни келажак авлодга етказишда катта фидокорлик кўрсатишди ва ҳозиргача кўрсатмоқдалар.
Хусусан, мазҳаб уламолари Имом Абу Ҳанифа, Имом Молик, Имом Шофеъий ва Имом Аҳмад раҳимаҳумуллоҳ Қуръони карим, ҳадиси шариф, уламолар ижмосидан чиқариб олган усул ва фиқҳга оид қоидалар билан динимизнинг Қиёматгача сақланиб қолишига ҳисса қўшдилар.
Маълумки, юртимиз Ислом нури билан мунаввар бўлган пайтлардан бери ватандошларимиз ҳанафий мазҳабига амал қилиб келишган. Ҳанафий мазҳабимизга Имом Аъзам Абу Ҳанифа ва шогирдлари Имом Абу Юсуф ҳамда Имом Муҳаммад раҳимаҳумуллоҳ асос солганлар.
Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ – Ислом тарихидаги буюк шахслардан бири. Мазҳаббошимиз сифатида у зотнинг ҳаётларини ўрганар эканмиз, Аллоҳ таолонинг инояти ва тавфиқи у зотга ёр бўлганини англаймиз. Ислом уммати нима сабабдан улуғ мужтаҳидларнинг йўлларини бир овоздан ҳақ деб билганларини тушуниб оламиз. Уларнинг илмий салоҳияти ва инсоний фазилатларига гувоҳ бўламиз.
Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 80 (мелодий 699) йилда Куфа шаҳрида халифа Абдулмалик ибн Марвон даврида туғилганлар. Бу даврда бир жамоа саҳобалар ҳаёт эдилар. Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ уларга эргашган тобеъинлардан бўлганлар. Чунки у зот Куфага ташриф буюрган саҳоба Анас ибн Молик ҳақида: “Анас разияллоҳу анҳуни кўрганман”, деганлари бизга ишончли ҳолда етиб келган.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом фақиҳлар ҳақида шундай деганлар:
مَنْ يُرِدْ اللَّهُ بِهِ خَيْرًا يُفَقِّهْهُ فِي الدِّينِ ﴾ (متفق عليه عن معاوية رضي الله عنه
яъни: “Кимга Аллоҳ яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди” (Муттафақун алайҳ). Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар:
اَلنَّاسُ فِي الفِقْهِ عِيَالٌ عَلَى أَبِي حَنِيْفَةَ
яъни: “Одамлар фиқҳ илмида Абу Ҳанифага қарам (муҳтож)дирлар”.
Машҳур муҳаддис ва муаррих Имом Заҳабий ривоят қиладилар:
قِيْلَ لِمَالِكٍ: هَلْ رَأَيْتَ أَبَا حَنِيْفَةَ؟ قَالَ: نَعَمْ، رَأَيْتُ رَجُلًا لَوْ كَلَّمَكَ فِي هَذِهِ السَّارِيَةِ أَنْ يَجْعَلَهَا ذَهَبًا، لَقَامَ بِحُجَّتِهِ
яъни: Имом Моликка: “Абу Ҳанифани кўрганмисиз?” дейилганда, у зот: “Ҳа, кўрганман, агар мана шу устунни тилла деб исботламоқчи бўлса, ҳужжат келтира оладиган киши эканини билдим”, – деганлар (“Сияру аъломун нубало” китоби).
Ахлоқ ва тақволари. Аллоҳ таоло олим бандаларини мақтаб, шундай дейди:
إِنَّمَا يَخْشَى اللَّهَ مِنْ عِبَادِهِ الْعُلَمَاءُ إِنَّ اللَّهَ عَزِيزٌ غَفُورٌ
яъни: “Бандалари орасида Аллоҳдан уламоларгина қўрқарлар. Ҳақиқатан, Аллоҳ қудратли ва мағфиратлидир” (Фотир сураси 28-оят).
Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ Аллоҳ таоло ҳаром қилган амаллардан жуда эҳтиёткор, ўта ақлли, сукути кўп, доим тафаккурда бўладиган киши эдилар. Сергап эмасдилар. Кам кулардилар. У кишидан бирор масала сўралса, жавоблари асосли бўларди. Динини эҳтиёт қилар, ҳар кимни яхшилик билан ёд қилардилар. Ўзгаларнинг айби билан эмас, ўзининг нафси билан машғул эдилар.
Заковатлари: У зот 20 ёшларидан кейин фиқҳ илмини ўрганишга қаттиқ киришдилар ва токи умрларини охиригача таълим олиш, таълим бериш, фатво бериш ва илм сафарларидан бўшамадилар. Умрларини диннинг асосларини мустаҳкамлаш, фиқҳий масалаларга жавоб топиш ва ботил фирқаларга раддиялар беришга бағишладилар.
Тарихий манбаларда келтирилишича, бир гуруҳ даҳрийлар ҳазрат Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳни олдиларига келиб, мунозара қилишмоқчи бўлишди. Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ: “Сизлардан бир масала сўрайман, кейин хоҳлаганингизни қиласиз”, – дедилар ва: “Бир кеманинг ичи тўла мол бўлса ва денгиз тўлқинли бўлса, кемачи бўлмаса, бу кема ўз-ўзидан нажот топиб, бирор тарафга кета оладими?” – деб сўрадилар. Даҳрийлар: “Мумкин эмас”, – деб жавоб беришди. Сўнгра Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ айтдилар: “Бу дунёнинг борлиги, унинг ўзгариб туриши, оламда жараён этаётган шунча ишлар бир Яратувчи ва бошқариб турувчисиз содир бўла оладими?!”. Шунда ҳамма даҳрийлар тавба қилиб, Аллоҳ таолонинг бир ва борлигига имон келтиришди.
Устоз ва шогирдлари. Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ жуда кўп олимларнинг илмидан фойдаланганлар. Ҳатто уларнинг сони 4000 мингга яқин бўлгани айтилади. Абу Жаъфар у зотдан: “Эй, Абу Ҳанифа, илмни кимлардан ўргандингиз”, – деб сўраганида: “Ҳаммоддан, у – Иброҳимдан, у эса – Умар ибн Хаттоб, Али ибн Абу Толиб, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумнинг шогирдларидан”, – деб жавоб берганлар. Демак Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳаблари бир қанча буюк саҳобаларнинг илм булоқларидан сув ичган.
Ҳазрати Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу Кўфага буюк саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳуни муаллим қилиб юбордилар. Ҳазрати Али разияллоҳу анҳу Куфага келганларида, у ерда фақиҳларнинг кўплигидан хурсанд бўлиб: “Аллоҳ Абдуллоҳни раҳмат қилсин, бу диёрни илмга тўлдирибди”, – деган эканлар. Ўз навбатида Ҳазрати Али разияллоҳу анҳу ҳам халифалик даврларида пойтахтни Куфага кўчирдилар. Кейинчалик бир ярим минг саҳобаларни бу шаҳарга жалб қилдилар. Мана шу шаҳарда туғилиб ўсган Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг устозлари силсиласи ҳам юқорида зикр қилинган саҳобаларга, хусусан Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳуга боғланади. Яъни Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ фиқҳ илмларини Ҳаммод ибн Абу Сулаймондан, у киши Иброҳим Нахаийдан, у киши Алқама ибн Қайсдан, у киши Ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан олганлар.
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ фиқҳга ружуъ қўйиб, ўша вақтнинг буюк машойихларидан дарс олдилар. Бу ҳақда ўзлари қуйидагиларни айтадилар: “Мен илм ва фиқҳнинг конида эдим. Унинг аҳли ила мажлис қурдим. Уларнинг фуқаҳоларидан бир фақиҳни лозим тутдим”. Ўша фақиҳ Ҳаммод ибн Абу Сулаймон раҳматуллоҳи алайҳ эдилар. У зот ўз замонасининг энг йирик олими фақиҳ, ўта зийрак, олижаноб бир шахс эдилар.
Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ 18 йил давомида Ҳаммод ибн Абу Сулаймондан фиқҳ илмини ўргандилар. Бу ҳақда Имомнинг ўзлари шундай дейдилар: “Мен Ҳаммодни лозим тутганим каби, бирор киши бошқани лозим тутганини билмадим. Кўп савол берувчи эдим. Ҳатто баъзида мендан зерикиб: “Эй, Абу Ҳанифа, қорним шишиб, юрагим сиқилиб кетди”, – дер эдилар”.
Макка ва Мадинага кўп маротаба қатнаб, у ерда илм мажлислари қуриш натижасида юзга яқин тобеъинлар билан кўришганлар. У зот айниқса, ана шу тобеъинлардан ҳадис ривоят қилар ва фиқҳ музокарасини олиб борар эдилар.
Абу Ҳанифа ҳадис илмида ҳам етук эдилар. Бу фанда У зотнинг энг машҳур устозларидан бири, тобеъин Ато ибн Абу Рабоҳ разияллоҳу анҳудирлар. Ибн Аббос разияллоҳу анҳунинг илмлари ўша кишида эди. Имом у зотдан ҳадис эшитар ва шу билан бирга “илм денгизи” деб номланган буюк саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳунинг фиқҳини таълим олар эдилар. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ўз устозларини ёд этиб: “Ҳаммод ибн Абу Сулаймондан кўра фақиҳроқ ва Ато ибн Абу Рабоҳдан кўра барча илмни жамловчироқ кишини кўрмадим”, – деган эдилар.
Китоблари. Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ даврларида китоб ёзиш кенг тарқалган эмас эди. Шу сабабли у зот кўп китоб ёзиб қолдирмаганлар. Балки одамларга ижтиҳод, фатво ва дарс бериш билан манфаат етказганлар. Таржимаи ҳол китобларда у кишига тегишли китоблар: “Фиқҳул акбар”, “Ал-Олим вал мутааллим”, “Ал-Васийя” ва “Рисолатун ила Усмон Баттий” саналади. У зотнинг шогирдлари дарслар давомидаги маълумотларни тўплаб китоб шаклига келтиришган. Дарсларда У зот томонидан айтилган ҳадиси шарифларни тўплаб, бир нечта ҳадислар жамланмаси “Муснади Абу Ҳанифа” номли китоблар тузилган.
У зот фиқҳ илмини оғзаки нақл қилишдан ёзма шаклга ўтказишда катта таъсир кўрсатган фақиҳларнинг биринчиларидир.
Ибодатлари. У зотнинг узоқ йиллар кечалари ибодат қилишлари, таҳажжудлари ва хуфтоннинг таҳорати билан бомдодни ўқишлари жуда кўпчиликдан бизга етиб келган. Абу Осим ан-Набил айтадилар:
كَانَ أَبُو حَنِيَفَةَ يُسَمَّى الْوَتَدَ؛ لِكَثْرَةِ صَلاَتِهِ
яъни: “У зот кўп намоз ўқиганларидан “қозиқ”, – деб аташарди”.
Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ Қуръони каримни тўлиқ ва мукаммал ёд олган эдилар. Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳдан Имом Аъзам раҳимаҳуллоҳ ҳар кеча намозда Қуръони каримни хатм қилганликлари ривоят қилинган.
Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ бир нечта шогирдларини ўзлари ҳомийлик қилиб тарбия қилганлар. Жумладан, катта шогирдларидан бири Имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ камбағал оиладан бўлиб, дарс ҳалқаларига ҳар доим қатнаша олмас эди. Бир куни Имом Абу Ҳанифа у кишини чақириб, бир халтачада пул бердилар. Ичида 100 дирҳам (42,5 г тиллага тўғри келади) бор эди. Абу Юсуфга: “Дарс ҳалқасини лозим тутинг. Пул тугаса менга билдиринг”, – дедилар. Шундан кейин Абу Юсуф дарсдан қолмадилар. Абу Юсуф у зотга пул тугаганини билдирмасдилар. Лекин пуллари тугар- тугамас Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ Абу Юсуфга маблағ берардилар. Имомнинг ўткир фаросати ва саховати сабабли Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ етук олим, мужтаҳид бўлиб етишди. Халифа Ҳорун ар-Рашид даврида қозиул қузот (энг катта қози) лавозимида ишлаб, ҳанафий мазҳабининг кенг ёйилишига сабаб бўлдилар.
Уламоларнинг мақтовлари. Расули акрам алайҳиссалом ҳадиси шарифда шундай марҳамат қиладилар:
وَالَّذِي نَفْسِي بِيَدِهِ لَو كَانَ الدَّيْنُ مُعَلَّقًا بِالثُّرَيَّا لَتَنَاوَلَهُ رَجُلٌ مِنْ فَارِسٍ
رواه الإمام البخاري عن أبي هريرة رضي الله عنه
яъни: “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, агар дин Сурайё юлдузига осилган бўлганда ҳам, форслардан бир киши уни олади” (Имом Бухорий ривоятлари).
Ушбу ҳадиси шариф борасида машҳур муҳаддис олим Аллома Суютий айтадилар: Бу ҳадисда Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳга ишора қилинган, чунки форсийлардан бирортаси Имом Аъзам раҳимаҳуллоҳнинг даражасига етмаган”, – деганлар (“Табйизус саҳифа” китоби).
Муҳаддислар султони, 100 мингдан ортиқ ҳадисларни ёд билган Яҳё ибн Маъин (158 ҳ.й.да туғилганлар) раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ҳадис борасида ишончли бўлиб, ёдлаган ҳадисинигина ривоят қилади, ёдламаганини айтмайди”.
Имом Яҳё ибн Маин машҳур муҳаддисларнинг устози ҳисобланадилар. У зотнинг илми ҳадисларни ва барча ровийларини тўла қамраб олганидан Имом Аҳмад: “Яҳё ибн Маъин билмаган ҳадис – ҳадис эмас”, – деганлар. Ҳадислар борасида шунча илмга эга бўлишларига қарамасдан, фиқҳда Имом Абу Ҳанифанинг мазҳабларида бўлганлар. Имом Бухорий, Имом Муслим ва Имом Аҳмад ибн Ҳанбалларнинг устози Яҳё ибн Маъиндек зотлар Имом Абу Ҳанифани мадҳ этиб, бошларига кўтарган экан, баъзи кишилар ушбу буюк Имомга таъна қилишдан уялсалар, яхши бўлар эди.
Яҳё ибн Маъин шундай дейдилар: “Мен қироатда – Ҳамзанинг қироатида, фиқҳда эса Абу Ҳанифанинг мазҳабидаман”.
Машҳур муҳаддис Имом Заҳабий шундай дейдилар: “Бу имомга фиқҳ ва унинг энг нозик жиҳатлари ҳам таслимдир, бунга шак-шубҳа йўқ!” “Фиқҳ борасида унга тўхталинган, одамлар бу борада унга боқимандадир”.
Ҳадис ровийларидан, Имом Моликнинг шогирди Яҳё Қаттон (120 ҳ.й.да туғилган) шундай дейдилар: “Абу Ҳанифа гапига кўра яхши саналган нарсани, албатта оламиз”.
Ҳатто мазҳабсизлар эътироф этган Ибн Таймия ҳам ўзини “Минҳожус суннаҳ” китобида Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ ҳақларида қуйидаги мақтов сўзни айтган:
أَنَّ أَبَا حَنِيفَةَ وَأَصْحَابِهِ مِمَّنْ لَهُ فِي الأُمَّةِ لِسَانُ صِدْقٍ مِنْ عُلَمَائِهَا
яъни: “Абу Ҳанифа ва у зотнинг шогирдлари уммат ичида чинакам мақтовга эга бўлган уламолардандир”.
Муҳтарам жамоа! Хулоса ўрнида айтиш жоизки, фиқҳий мазҳаб уламолари ҳар соҳада етук, ижтиҳод қилиш салоҳиятига эга бўлганлар ва бу ишга ниҳоятда масъулият билан ёндашганлар. Уларнинг бирорта сўзи далилсиз бўлмаган. Улар кучли асос – Қуръони карим ва суннатга суянганлари сабабли, ҳозиргача бутун дунё мусулмонлари бу фиқҳий мазҳабларга эргашиб келмоқдалар.
Лекин минг афсуски, баъзи бир тоифалар, мазҳабга эргашмаймиз, биз Қуръони карим ва суннатга эргашамиз, деган пуч даъво билан Ислом уммати ўртасига фитна солмоқдалар. Ваҳоланки, фиқҳий мазҳабларга эргашиш – айни Қуръони карим ва суннатга саҳобалар ҳамда тобеъинлар тушунгани каби эргашишдан бошқа нарса эмас! У даъво қилувчилар мужтаҳидлар ҳал қилган минглаб масалаларни Қуръон ва суннат асосида қайтадан кўриб чиқмоқчи бўлишди, лекин қисқа вақт ичида ўзаро жуда кўплаб ихтилофларга боришди. Бу уларнинг даъволари пуч экани, ўзлари эса ижтиҳод даражасига лойиқ эмаслигини кўрсатди.
Ҳозирда айрим мазҳабсизликка чақираётган тоифалар салафи солиҳлардан бўлган Имом Абу Ҳанифадек зотга эргашилса, маломат қилиб, ҳозирги кунда яшаётган ёки яқинда яшаб вафот этган қўштирноқ остидаги “шайх”ларининг йўлларига эргашиш зарурлигини айтадилар. Ваҳоланки, тўрт мазҳаб соҳиблари Расулуллоҳ алайҳиссалом мақтаган муборак замонларда яшаб, ижод қилганлар. Қолаверса, тўрт мазҳаб имомларининг илмлари ва тақволарига бутун уммат уламолари тасаннолар айтишган.
Мазҳабдан юз ўгириш салафи солиҳ йўлидан юз ўгириш бўлиб, шубҳасиз адашишга олиб боради. Шунинг учун ҳам аллома Муҳаммад Саид Рамазон Бутий: “Мазҳабсизлик – ислом шариатига таҳдид соладиган хатарли бидъатдир”, деганлар.
Машҳур аллома Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавий шундай дейдилар: “Ҳиндистон ва Мовароуннаҳр юртларида шофеийларни ҳам, ҳанбалийларни ҳам, моликийларни ҳам мазҳаби тарқалмаган, бошқа мазҳаб китоблари ҳам етиб келмаган. Шунинг учун ушбу диёрларда яшовчи, ижтиҳод даражасига етмаган кишиларга Абу Ҳанифа мазҳабига эргашиш вожиб бўлади”.
Юқоридаги етук уламолардан бошқа кўплаб алломаларнинг бу мавзудаги фатво ва хулосаларини келтириш мумкин. Демак, бизнинг юртимизда фақатгина Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳабига амал қилиш лозим экани маълум бўлмоқда. Ҳозирги кунда мўътадил, Қуръони карим ва суннати шарифга асосланган Ҳанафий мазҳабига дунё мусулмонларининг деярли ярми амал қилмоқда. Бу ҳанафий мазҳабига катта фазилат беради.
Имом Абу Ҳанифа ҳақларида алоҳида суҳбат қилишимиздан мақсад – ушбу зотни яхшироқ таниб, у зотга эргашайлик! Зеро, Аллоҳ таоло анбиёларнинг қиссаларини Қуръони каримда зикр қилиб, шундай буюрган:
أُولَٰئِكَ الَّذِينَ هَدَى اللَّهُ ۖ فَبِهُدَاهُمُ اقْتَدِهْ
яъни: “Айнан ўшалар Аллоҳ ҳидоятга бошлаган зотлардир. Бас, (Сиз ҳам) уларнинг йўлига иқтидо қилинг!” (Анъом сураси 90-оят).
Ислом уммати мужтаҳид уламоларга эргашиши билан Аллоҳ таоло ҳидоят қилган зотлар изидан юрган бўладилар.
Аллоҳ таоло мазҳаббошимиз Имом Абу Ҳанифадан Ўзи рози бўлсин! У зот қолдирган илмий меросдан тўлиқ фойдаланишга барчамизни муваффақ айласин! Омин!
Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “Оят ва ҳадисларда Қиёмат куни баёни” мавзусида бўлади, иншааллоҳ.
Инсоният цивилизацияси тарихида айрим даврлар борки, улар фақат муайян халқ ёки минтақанинг эмас, балки бутун жаҳон тараққиётининг йўналишини белгилаб берган. Ислом цивилизациясининг IX–XV асрлардаги юксалиш даври ана шундай тарихий босқичлардан бири ҳисобланади. Бу даврда илм-фаннинг турли соҳалари бир-биридан ажралмаган ҳолда. ўзаро уйғунликда ривожланди. Математика астрономия билан, тиббиёт фалсафа билан, география математика билан, тилшунослик тарих билан, диний илмлар эса мантиқ ва тафаккур маданияти билан мулоқот қилган. Бугун фанлараро тадқиқот, рақамли гуманитаристика, сунъий интеллект ва комплекс илмий ёндашувлар жаҳон илм-фанининг энг муҳим йўналишларига айланган бир пайтда, ўша тарихий тажриба янада қизиқарли аҳамият касб этмоқда.
Мазкур уйғунлик тасодифий эмас эди. У Қуръони каримда илмга берилган юксак қадр, тафаккурга даъват, инсонни борлиқни англашга чорловчи ғоялар билан мустаҳкамланган илмий дунёқараш маҳсули эди. Шу сабабли ўша давр олимларини бугунги замонавий тушунчалардаги қатъий «мутахассисликлар» доирасига жойлаштириш қийин.
Форобий фалсафа, мантиқ, сиёсат, ахлоқ ва мусиқа назарияси билан шуғулланган. Хоразмий математика ва астрономия соҳаларида ишлаган. Беруний астрономия, география, геодезия, минералогия, тарих ва этнографияга оид асарлар яратган. Ибн Сино тиббиёт билан бир қаторда фалсафа, мантиқ ва табиий фанлар ҳақида ҳам кенг тадқиқотлар олиб борган. Улуғбек эса давлат бошқаруви, таълим ва астрономик тадқиқотларни бирлаштирган илмий муҳитни шакллантирган. Бу мисолларнинг умумий жиҳати шундаки, билим соҳалари ўртасидаги чегаралар қатъий бўлмаган.
Бугун «интердисциплинар тадқиқот» деб аталадиган ёндашувнинг айрим тамойиллари айнан ана шу интеллектуал анъаналар билан ҳамоҳанг.
Шунингдек, ислом цивилизациясининг интеллектуал меросини фақат табиий ва аниқ фанлар билан чеклаш ҳам тўғри эмас. Чунки диний илмлар соҳасида ҳам манбаларни йиғиш, текшириш, таснифлаш ва баҳолашга қаратилган мураккаб илмий анъаналар шаклланган.
Имом Бухорийнинг ҳадис илмидаги мероси бунга яққол мисол бўла олади. Ҳадисларни саралашда ровийлар ҳақидаги маълумотлар, ривоят занжири ва бошқа мезонлар ўрганилган. Имом Мотуридий эса ақидавий масалаларни ақл ва нақл уйғунлиги асосида таҳлил қилган. Унинг мероси ислом интеллектуал анъанасида ақлий далиллаш ва диний билим ўртасидаги муносабат масаласида муҳим ўрин тутади.
Шу жиҳатдан Ислом цивилизацияси тарихини фақат диний ёки фақат илмий тарих сифатида эмас, кенг интеллектуал жараён сифатида кўриш мумкин.
Ўзбекистонда илгари сурилаётган Учинчи Ренессанс ғояси тарихий илмий меросни замонавий тараққиёт эҳтиёжлари билан боғлашга қаратилган.
Бу ёндашувнинг марказида илм-фан, таълим, инновация, маданият ва маънавиятни ўзаро боғлиқ тизим сифатида ривожлантириш ғояси туради.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳам ана шу концепциянинг муҳим амалий ифодаларидан биридир.
Марказнинг вазифаси фақат тарихий экспонатларни намойиш қилиш билан чекланмайди.
Унинг концепциясида ислом цивилизациясининг илм-фан, таълим, фалсафа, санъат, меъморчилик ва инсонпарварлик соҳаларидаги меросини комплекс равишда ўрганиш ва намойиш этиш ғояси мужассам.
Нафақат музей, балки интеллектуал платформа
Марказни анъанавий музей тушунчаси доирасидагина баҳолаш унинг концепциясини тўлиқ ифодаламайди. Замонавий музей фақат экспонат сақлайдиган жой эмас. У тадқиқот, таълим, рақамлаштириш ва халқаро илмий мулоқот марказига айланиши мумкин. Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази концепциясида ҳам ана шу ёндашув муҳим ўрин тутади.
Қадимий қўлёзма — шунчаки тарихий буюм эмас. У тил, тарих, матншунослик, кодикология, санъат, материалшунослик ва рақамли технологиялар нуқтаи назаридан тадқиқ қилиниши мумкин бўлган мураккаб манба. Археологик меросни ўрганишда эса геоинформацион тизимлар, рақамли моделлаштириш, 3D технологиялар ва бошқа замонавий усуллардан фойдаланиш имкониятлари кенгаймоқда. Шундай қилиб, маданий меросни ўрганишнинг ўзи фанлараро жараёнга айланмоқда.
Ўтмишни сунъий интеллект билан боғлаш
Технологиялар маданий меросни ўрганиш усулларини ҳам ўзгартирмоқда.
Қўлёзмаларни юқори сифатда рақамлаштириш, матнларни электрон базаларга киритиш, сунъий интеллект ёрдамида матнларни таҳлил қилиш, 3D моделлар яратиш ва виртуал муҳитларда тарихий объектларни қайта тиклаш имкониятлари илмий тадқиқотлар учун янги йўналишларни очмоқда.
Бу ерда муҳим нуқта бор. Технология тарихнинг ўрнини босмайди — у тарихни янги авлод учун тушунарли ва тадқиқот учун янада очиқ қилади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг концепцияси ҳам ўтмишдаги илмий меросни замонавий технологиялар билан боғлашга қаратилган.
Бу ёндашув тарихий билимни архив ва китоблар доирасидан чиқариб, халқаро тадқиқотчилар, талабалар ва кенг жамоатчилик учун очиқ интеллектуал ресурсга айлантириш имконини беради.
«Маърифат билан жаҳолатга қарши»
Ислом цивилизациясининг илмий меросини ўрганишнинг яна бир аҳамияти бор.
Глобал ахборот маконида дин, тарих ва маданият ҳақида турли хил, баъзан бир-бирига зид тасаввурлар юзага келганда тарихий меросни илмий асосда тушунтириш нафақат маданий, балки маърифий аҳамиятга ҳам эга.
Ислом цивилизацияси тарихини фақат диний маросимлар ёки сиёсий воқеалар орқали эмас, балки математика, тиббиёт, астрономия, фалсафа, география, меъморчилик ва бошқа соҳалардаги ютуқлар билан бирга ўрганиш унинг мураккаб ва кўп қиррали табиатини яхшироқ англаш имконини беради.
Шу маънода маърифат тарихий билимни замонавий ахборот муҳитидаги нотўғри талқинларга қарши муҳим воситага айлантириши мумкин.
Ўзбекистоннинг янги халқаро илмий платформаси
Ислом цивилизацияси бир мамлакат ёки бир халқнинг мероси эмас. У Марказий Осиё, Яқин Шарқ, Шимолий Африка, Жанубий Осиё ва бошқа ҳудудларни қамраб олган кенг тарихий ва интеллектуал маконни ифодалайди. Шу сабабли бу меросни ўрганиш ҳам халқаро ҳамкорликни талаб қилади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази олдидаги муҳим вазифалардан бири ҳам турли мамлакатларнинг олимлари, университетлари, музейлари ва илмий-тадқиқот марказлари ўртасида мулоқотни кучайтиришдан иборат.
Бу Ўзбекистоннинг ўз тарихий меросини дунёга танитиш билан бирга, мамлакатни глобал гуманитар тадқиқотларнинг фаол иштирокчиси сифатида намоён этишига хизмат қилиши мумкин.
Учинчи Ренессанснинг асосий кучи
Учинчи Ренессанс ҳақида гап кетганда, масала фақат янги бинолар қуриш ёки янги муассасалар ташкил этишдан иборат эмас. Асосий савол бошқа: Ўзбекистон ўзининг бой илмий меросини замонавий билим ва инновацияларга қандай айлантира олади? Бу саволнинг жавоби илм-фан, таълим, технология, маданият ва инсон капиталининг бир нуқтада бирлашишини талаб қилади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг аҳамияти ҳам шу нуқтада намоён бўлади. У тарихий меросни сақлаш билан бирга, уни тадқиқ қилиш, рақамлаштириш, халқаро илмий мулоқотга олиб чиқиш ва янги авлодга етказиш учун платформага айланиши кўзда тутилмоқда.
Шу маънода Марказни ўтмишга бағишланган иншоот эмас, келажакка йўналтирилган интеллектуал инвестиция сифатида баҳолаш мумкин.
Чунки цивилизациянинг ҳақиқий қиймати фақат унинг ўтмишда яратган мероси билан эмас, балки бу мерос янги авлод учун қандай янги билим ва ғояларга айланиши билан ҳам ўлчанади.
Хоразмийнинг ҳисоблаш усулларидан бугунги алгоритмларгача, Берунийнинг комплекс тадқиқотларидан замонавий фанлараро лойиҳаларгача, Улуғбек расадхонасидан рақамли астрономиягача бўлган йўл бир ҳақиқатни кўрсатади: илм тараққиёти чегаралар эмас, мулоқот ва ҳамкорлик орқали тезлашади.
Эҳтимол, Учинчи Ренессанснинг энг муҳим вазифаси ҳам ана шунда — аждодлар яратган билимларни шунчаки эслаш эмас, балки улардан янги билимлар яратиш учун фойдаланиш. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази эса ана шу ғоя атрофида шаклланаётган янги интеллектуал муҳитнинг муҳим платформаларидан биридир.
Муаллиф: Абулфайз Сайидасқаров, iccu.uz
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати