الحَمْدُ لله الَّذِي أَنْزَلَ عَلَى عَبْدِهِ الْكِتَابَ وَلَم يَجْعَلْ لَهُ عِوَجاً، وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى رَسُولِهِ وَعَلَى آلِهِ وَأَصْحَابِهِ أَجْمَعِينَ
“Қуръонни тадаббур қилмайдиларми?!”
Муҳтарам жамоат! Қуръони карим – Аллоҳ таолонинг энг улуғ мўъжизаси бўлиб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган сўнгги илоҳий китоб, мустаҳкам ақида асоси, ҳидоят манбаидир. Дунё ва охиратнинг барча яхшилик ва баракаси ушбу китобда мужассам. Унда шу умматнинг икки дунёсини гўзал қилишга хизмат қилувчи таълим бор. Қуръон – мисоли нурдир. Жаҳолат зулматини ёритиб, соҳибини ҳидоят йўлига бошлаб боради. Қуръонни ўқиш, тинглаш, яхши кўриш буларнинг ҳаммаси ибодат ҳисобланиб, ортидан битмас-туганмас савоблар келтиради. Аллоҳ таоло чин мўминларни васф этар экан, улар Ўзининг Китобини тиловат қилишларини биринчи бўлиб зикр қилиб, шундай марҳамат қилган:
إِنَّ الَّذِينَ يَتْلُونَ كِتَابَ اللَّهِ وَأَقَامُوا الصَّلَاةَ وَأَنْفَقُوا مِمَّا رَزَقْنَاهُمْ سِرًّا وَعَلَانِيَةً يَرْجُونَ
تِجَارَةً لَنْ تَبُورَ لِيُوَفِّيَهُمْ أُجُورَهُمْ وَيَزِيدَهُمْ مِنْ فَضْلِهِ إِنَّهُ غَفُورٌ شَكُورٌ
(سورة الفاطر 29-30)
яъни: “Аллоҳнинг Китобини тиловат қиладиган, намозни баркамол адо этадиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора эҳсон қиладиган зотлар сира касод бўлмайдиган тижоратдан (ажру савоб бўлишидан) умидвордир. Зеро, (Аллоҳ) уларнинг ажрларини комил қилиб берур ва Ўз фазлини уларга янада зиёда қилур. Албатта, У мағфиратли ва ўта шукр қилувчидир” (Фотир сураси 29-30 оятлар).
Қуръони карим тиловати – зикрларнинг энг афзалидир! Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръон тиловат қилишни кўплаб ҳадиси шарифларида тарғиб қилганлар. Жумладан, Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда бундай дейилади:
مَنْ قَرَأَ حَرْفًا مِنْ كِتَابِ اللَّهِ فَلَهُ بِهِ حَسَنَةٌ وَالْحَسَنَةُ بِعَشْرِ أَمْثَالِهَا لَا أَقُولُ "الم" حَرْفٌ
وَلَكِنْ أَلِفٌ حَرْفٌ وَلَامٌ حَرْفٌ وَمِيمٌ حَرْفٌ
(رواه الإمام الترمذي)
яъни: “Ким Аллоҳнинг Китобидан бир ҳарф ўқиса, шу бир ҳарф учун унга савоб ёзилади. Савоб эса ўн баробар кўпайтириб берилади. “Алиф лам мим”ни бир ҳарф демайман, балки “Алиф” – бир ҳарф, “Лам” – бир ҳарф, “Мим” – бир ҳарф” (Имом Термизий ривоятлари).
Мана шундай савоблар хазинасига эга бўлиш учун лоақал бир кунда бир марта бўлса ҳам Мусҳафга қараб, қурбимиз етганича ундан тиловат қилишга одатланишимиз керак. Абу Мусо Ашъарий разияллоҳу анҳу: “Мен ҳар куни Раббимнинг Китобига қарайман. Бирор кунни Мусҳафга қарамасдан ўтказиб юборишга Раббимдан уяламан”, – дер эканлар.
Абу Зарр разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Аллоҳга тақво қилинг!”, – деган васиятларига қаноатланмай: “Зиёда қилинг, ё Расулуллоҳ”, – деб сўрадилар. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръон тиловати ва Аллоҳ зикрини ўзингизга вазифа қилиб олинг, чунки бу сиз учун ер юзида – нур, осмонда эса – захирадир”, – деганлар.
Муҳтарам жамоат! Ким икки дунёнинг бахт-саодатига эришишни истаса, Қуръони каримни ўзига дастурул-амал қилиб олсин! Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
يَا أَيُّهَا النَّاسُ قَدْ جَاءَتْكُمْ مَوْعِظَةٌ مِنْ رَبِّكُمْ وَشِفَاءٌ لِمَا فِي الصُّدُورِ وَهُدًى وَرَحْمَةٌ لِلْمُؤْمِنِينَ
(سورة يونس 57)
яъни: “Эй, одамлар! Сизларга Раббингиздан ваъз (насиҳат), диллардаги нарса (иллатлар)га шифо ва мўминларга ҳидоят ва раҳмат келди” (Юнус сураси 57-оят).
Дарҳақиқат, тадаббур ила Қуръон ўқиш қалбларни ва барча борлиқни ислоҳ қилади, ундан турли хил шайтоний, шаҳвоний васвасаларни кетказади. Тадаббур – “бирор нарса ҳақида фикр юритмоқ, мулоҳаза қилмоқ” деганидир. Қуръони каримни қироат қилишда эса Қуръони каримдаги оятлар борасида фикр юритиб, улардаги Аллоҳ таолонинг ирода қилган мазмунларни англаш ва фаҳмлашга ҳаракат қилишдир.
Қуръони каримни биз инсонлар тадаббур қилишимиз, оятларидан эслатма олишимиз, уни ҳаётимизга татбиқ этишимиз учун нозил қилингандир. Бу ҳақда Ҳақ таоло шундай марҳамат қилади:
كِتَابٌ أَنْزَلْنَاهُ إِلَيْكَ مُبَارَكٌ لِيَدَّبَّرُوا آيَاتِهِ وَلِيَتَذَكَّرَ أُولُو الْأَلْبَابِ
(سورة ص 29)
яъни: “Бу шундай китобки, Биз уни Сизга оятларини тадаббур қилсинлар ва ақл эгалари эслатма олсинлар учун нозил қилганмиз” дейди (Сод сураси 29-оят).
Аллоҳнинг каломини алоҳида эътибор билан ўқишнинг ўзи улуғ амал бўлиб, инсон камолотидаги ўрни беқиёсдир. Буни ўтган салафи солиҳларимиз яхши англаб етганлар. Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Саҳобалар Қуръон Раббимизнинг бизга юборган мактуби, деб эътиқод қилишарди. Шундан келиб чиқиб, кечалари унинг оятларида фикр юритишар, кундузлари эса ҳаётларига татбиқ этишар эди”.
Бошқа бир оятда Қуръони каримни тиловат қилиб, унинг илоҳий манба эканини мулоҳаза қилиш зарур эканига алоҳида эътибор қаратади:
أَفَلَا يَتَدَبَّرُونَ الْقُرْآنَ وَلَوْ كَانَ مِنْ عِنْدِ غَيْرِ اللَّهِ لَوَجَدُوا فِيهِ اخْتِلَافًا كَثِيرًا
(سورة النساء 82)
яъни: “Қуръон (маънолари) ҳақида (чуқурроқ) фикр юритмайдиларми?! Агар (у) Аллоҳдан ўзганинг ҳузуридан (келган) бўлса эди, унда кўпгина қарама-қарши гапларни топган бўлур эдилар” (Нисо сураси 82-оят).
Мана ўн тўрт асрдирки, илоҳий мўжиза – Қуръони карим оятларида келтирилган маълумотларда бирорта хато жумла топилгани йўқ, топилмайди ҳам! Борлиқ, фалакиёт, ҳайвонот, наботот, илоҳиёт, тарих ва ижтимоий масалаларга доир оятларнинг нақадар тўғри ифода этилгани кун сайин ўз тасдиғини топиб келмоқда.
Муҳтарам жамоат! Саҳобаи киромлар ва ўтган улуғ уламоларнинг Қуръондан маърифат олиш, тиловат қилишдаги тутган йўлларида бизга улкан намуналар бор. Улар Каломуллоҳни юзаки тиловати билан чекланиб қолмай, ҳар бир ояти карима устида тафаккур қилишган. Шунинг учун ҳам Қуръони карим уларнинг руҳиятига, онгу шуурига қаттиқ таъсир қилган. Улар айнан мана шу хусусиятлари билан умматнинг пешвосига айланишган.
Машҳур тобеин қироат олими Абу Абдурраҳмон Ас-Суламий айтадилар: “Бизга Қуръонни таълим берган саҳобаларнинг айтишларича, одатда улар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан ўн оят ўргансалар, уни тўла англаб етмагунларича ва унга амал қилмагунларича кейинги ўн оятни таълим олмаган эканлар” (Имом Аҳмад ривоят қилган).
Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу айтадилар:
"تعَلَّمَ عُمَرُ بنُ الخطَّابِ رضيَ اللهُ عنهُ البَقَرَةَ في اثنَتَيْ عشْرَةَ سَنَةً، فلَمَّا خَتَمَهَا نَحَرَ جَزُوراً "
(رَوَاهُ الإمام البَيْهَقِيُّ فِي "شُعَبُ الإِيْمَانِ")
“Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу “Бақара” сурасини ўн икки йилда таълим олдилар. Ушбу сурани ўрганиб, хатм қилганларидан кейин бир туя сўйдилар” (Имом Байҳақий ривоятлари).
Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Сизларнинг биронтангиз Аллоҳни яхши кўриш ҳақида ўз нафсидан эмас, балки Қуръондан сўрасин. Агар Қуръонни яхши кўрса, Аллоҳ таолони ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайхи васалламни яхши кўрган бўлади. Агар Қуръонни ёмон кўрса, Аллоҳ ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни ёмон кўрган бўлади”.
Муҳаммад ибн Каъб разияллоҳу анҳу: “Кимга Қуръондан хабар етса, гўёки Аллоҳ унга гапирибди. Агар у шунга муяссар қилинса, Қуръон дарсларини оддий машғулот қилиб олмасдан, тадаббур қилиб, унинг ҳукмларига амал қилсин”, – деганлар.
Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу: “Менга “Бақара” ва “Оли Имрон”ни тажвид ва тадаббур билан ўқишим бутун Қуръонни эътиборсиз ўқишимдан севимлироқ”. “Иза зулзилат” ва “Ал-Қориа”ни тадаббур билан ўқишим “Бақара” ва “Оли Имрон”ни аҳамиятсиз ўқишимдан севимлидир”, – деганлар.
Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу Мадинаи мунаввара кўчаларини айланиб юриб, бир қорининг “Албатта, Парвардигорингизнинг азоби воқеъ бўлгувчидир. Унинг дафъ қилгувчиси йўқ” оятини ўқиганини эшитиб: “Каъбанинг Роббисига қасамки, бу – ҳақ қасамдир”, – дея деворга суяниб қолганлар ва бир ой касал бўлиб ётганлар.
Муҳтарам азизлар! Бугунги кунда Қуръони карим таржимаси ва тафсири юртимиз уламолари томонидан амалга оширилиб, халқимизга тақдим этилди. Шундай экан, барчамиз имкони борича ўқиётган оятларимизнинг маънолари таржимасини, тафсирини ўқишимиз, Аллоҳнинг муборак сўзларини ҳар биримиз, бизга айтилаётганини ҳис қилишимиз лозим.
Шу ўринда эслатиб ўтишимиз лозимки, Қуръони каримнинг маънолар таржимасини ўқиб олиб, ундан ўзича ҳукм чиқариш оддий инсонларнинг иши эмас. Балки бу мужтаҳид олимларнинг вазифаси саналади. Бунинг учун Қуръон ва ҳадис илмини, оятларнинг нозил бўлиш сабабларини, носих-мансух, мутлақ ва муқайяд, омм ва хос каби усулул-фиқҳ қоидаларини пухта билиши ва улардан ўз ўрнида фойдалана олиш кўникмасига эга бўлиши лозим. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Қуръонни ўз фикрича тафсир қилса, дўзахдан ўзига жой тайёрласин”, – деганлар (Имом Термизий ривоятлари).
Сизу биз каби илмда бу даражага етмаган оддий мусулмонларда бирор ояти кариманинг мазмуни борасида савол пайдо бўлса, дарров уламоларимизнинг ёзган тафсирларига мурожаат қилишимиз айни муддао ҳисобланади.
Аллоҳга шукрлар бўлсинки, истиқлол шарофати билан Қуръони Карим маъноларининг ўзбекча таржима ва тафсирлари кутубхоналаримизда зиёдаси билан мавжуд. Зеро, аждодларимиз бундай имкониятларни орзу қилишарди. Биргина мисол: Собиқ иттфоқ даврида, аниқроғи 1956 йили Қуръони каримнинг илк туркий (эски ўзбек тилидаги) таржимаси Саудия Арабистонидаги ватандошимиз Саййид Маҳмуд Тарозий (Олтинхон тўра) томонларидан таржима қилиниб, бизнинг ўлкага саноқли нусхалар олиб келинган. Ўша пайтда ушбу китобнинг нархи ўта қиммат (ўртача бир ҳўкизнинг нархида) бўлишига қарамасдан, илмга чанқоқ халқимиз уни олиб, кўзларига суртиб, мутолаа қилишган эди.
Ҳозирги кунда уламоларимиздан Шайх Алоуддин Мансур, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Шайх Абдулазиз Мансур, Шайх Усмонхон Темурхон ўғли (Аллоҳ ўтганларини раҳматига олсин) тафсир ва таржималари қайта-қайта нашр этилмоқда. Булардан ташқари, домла Мавлавий Ҳиндистоний, Маҳбубий-Марғилоний, Шамсиддин Бобохонларнинг таржималари ҳам нашр қилинган. Уларни олиб, Аллоҳ таолонинг оятларини чуқур мушоҳада билан ўқиб ўрганишимиз, фарзандларимиз ва оила аъзоларимиз билан биргаликда унга қўлимиздан келганча амал қилишимиз айни муддаодир.
Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таоло Қуръони каримни тилга енгил, ўқишга осон, ёд олинишни қулай, такрор қилишни эса ёқимли қилган. Ҳар қандай матн ёки шеърни ўқиган одам ундан малолланиши мумкин. Лекин Қуръонни ҳар қанча такрор ўқисангиз ҳам малолланмайсиз, зерикмайсиз. Ушбу хусусияти ҳам – Қуръони каримнинг мўжизаларидан биридир. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
وَلَقَدْ يَسَّرْنَا الْقُرْآنَ لِلذِّكْرِ فَهَلْ مِنْ مُدَّكِرٍ
(سورة القمر 17)
яъни: “Ҳақиқатан, Биз Қуръонни зикр (эслатма) учун осон қилиб қўйдик. Бас, эслатма олувчи борми?!” (Қамар сураси 17-оят).
Ҳар биримиз доимо ўзимизни ривожлантиришимиз, илмий даражамизни оширишга ҳаракат қилишимиз лозим. Бугун Қуръонни тартил-тажвид билан ўқувчи ҳофизи Қуръон бўлса, эртага унга амал қилувчи ҳомили Қуръон бўлишга интилиши керак. Зеро, динимиз мўмин-мусулмоннинг кечасидан кўра бугуни, бугунидан кўра эртаси яхши бўлишига буюради.
Қуръони каримни тиловат қилишда араб имлосида, тажвид қоидаларига риоя қилган ҳолда ўқиш лозим. Энг камида намозлик учун керак бўладиган қисқа сураларни тўғри ўқишни ўрганиб олиш керак. Шунинг учун ҳам уламоларимиз тажвид илмини ўрганиш фарзи айндир, дейишган. Аллоҳ таоло:
وَرَتِّلِ الْقُرْآنَ تَرْتِيلًا
(سورةُ الْمُزَّمِّل 4)
яъни: “...Қуръонни тартил билан (дона-дона қилиб) тиловат қилинг”, – деб буюрган (Муззаммил сураси 4-оят).
Зайд ибн Собит разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ Қуръонни нозил бўлганидек ўқилишини хуш кўради”, – деганлар (Имом Ибн Хузайма ривоятлари).
Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръонни маҳорат билан тиловат қилувчи қори мукаррам элчи фаришталар билан бир мақомдадир. Тили қийналиб тиловат қилувчига икки баробар кўп ажр бўлади”, деганлар (Имом Бухорий ривоятлари).
Аслида Қуръони карим тилларга осон қилиб қўйилган. Аммо баъзи ҳолларда маълум жумла ёки сўзлар талаффузи тилга оғирлик қилиши мумкин. Ана шундай ҳолларда мазкур ривоят ёдга олинса, бу йўлда чекилган ҳар бир машаққат чексиз роҳатга, ҳар бир қийинчилик беҳисоб савобга айланади.
Ҳозирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги барча олий ва ўрта махсус таълим муассасалари қошида Қуръон карим ва тажвидни ўргатувчи ўқув курслари фаолият олиб бормоқда. Шунингдек, Қуръони каримнинг Қозон босмасини нашр этиш ишлари ҳам режалаштирилмоқда. Қолаверса, тажвид илмини мустақил ўрганувчилар учун Диний идорамиз томонидан онлайн дарслар, махсус қўлланмалар ва уларнинг аудио-видео дарсликлари нашр этилган бўлиб, шулар асосида Қуръон ўқиш қоидаларини ўрганишингиз мақсадга мувофиқ.
Қуръон тиловатига оид айрим масалалар:
– Қуръон таҳоратли ҳолда ўқилади. Агар сув топилмаса, таяммум қилинади. Қуръонни ёддан ўқишда таҳорат бўлиши шарт қилинмаган.
Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг муборак Каломига ошиқлардан қилсин! Уни эртаю кеч тиловат қилиб, тадаббур қиладиган бандаларидан бўлишимизни насиб этсин! Охиратда Қуръони карим шафоатидан барчамизни насибадор айласин! Омин!
Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “Мазҳаббошимиз – Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг фиқҳ ва ҳадис илмларидаги мавқелари” мавзусида бўлади, иншааллоҳ.
Инсоният цивилизацияси тарихида айрим даврлар борки, улар фақат муайян халқ ёки минтақанинг эмас, балки бутун жаҳон тараққиётининг йўналишини белгилаб берган. Ислом цивилизациясининг IX–XV асрлардаги юксалиш даври ана шундай тарихий босқичлардан бири ҳисобланади. Бу даврда илм-фаннинг турли соҳалари бир-биридан ажралмаган ҳолда. ўзаро уйғунликда ривожланди. Математика астрономия билан, тиббиёт фалсафа билан, география математика билан, тилшунослик тарих билан, диний илмлар эса мантиқ ва тафаккур маданияти билан мулоқот қилган. Бугун фанлараро тадқиқот, рақамли гуманитаристика, сунъий интеллект ва комплекс илмий ёндашувлар жаҳон илм-фанининг энг муҳим йўналишларига айланган бир пайтда, ўша тарихий тажриба янада қизиқарли аҳамият касб этмоқда.
Мазкур уйғунлик тасодифий эмас эди. У Қуръони каримда илмга берилган юксак қадр, тафаккурга даъват, инсонни борлиқни англашга чорловчи ғоялар билан мустаҳкамланган илмий дунёқараш маҳсули эди. Шу сабабли ўша давр олимларини бугунги замонавий тушунчалардаги қатъий «мутахассисликлар» доирасига жойлаштириш қийин.
Форобий фалсафа, мантиқ, сиёсат, ахлоқ ва мусиқа назарияси билан шуғулланган. Хоразмий математика ва астрономия соҳаларида ишлаган. Беруний астрономия, география, геодезия, минералогия, тарих ва этнографияга оид асарлар яратган. Ибн Сино тиббиёт билан бир қаторда фалсафа, мантиқ ва табиий фанлар ҳақида ҳам кенг тадқиқотлар олиб борган. Улуғбек эса давлат бошқаруви, таълим ва астрономик тадқиқотларни бирлаштирган илмий муҳитни шакллантирган. Бу мисолларнинг умумий жиҳати шундаки, билим соҳалари ўртасидаги чегаралар қатъий бўлмаган.
Бугун «интердисциплинар тадқиқот» деб аталадиган ёндашувнинг айрим тамойиллари айнан ана шу интеллектуал анъаналар билан ҳамоҳанг.
Шунингдек, ислом цивилизациясининг интеллектуал меросини фақат табиий ва аниқ фанлар билан чеклаш ҳам тўғри эмас. Чунки диний илмлар соҳасида ҳам манбаларни йиғиш, текшириш, таснифлаш ва баҳолашга қаратилган мураккаб илмий анъаналар шаклланган.
Имом Бухорийнинг ҳадис илмидаги мероси бунга яққол мисол бўла олади. Ҳадисларни саралашда ровийлар ҳақидаги маълумотлар, ривоят занжири ва бошқа мезонлар ўрганилган. Имом Мотуридий эса ақидавий масалаларни ақл ва нақл уйғунлиги асосида таҳлил қилган. Унинг мероси ислом интеллектуал анъанасида ақлий далиллаш ва диний билим ўртасидаги муносабат масаласида муҳим ўрин тутади.
Шу жиҳатдан Ислом цивилизацияси тарихини фақат диний ёки фақат илмий тарих сифатида эмас, кенг интеллектуал жараён сифатида кўриш мумкин.
Ўзбекистонда илгари сурилаётган Учинчи Ренессанс ғояси тарихий илмий меросни замонавий тараққиёт эҳтиёжлари билан боғлашга қаратилган.
Бу ёндашувнинг марказида илм-фан, таълим, инновация, маданият ва маънавиятни ўзаро боғлиқ тизим сифатида ривожлантириш ғояси туради.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳам ана шу концепциянинг муҳим амалий ифодаларидан биридир.
Марказнинг вазифаси фақат тарихий экспонатларни намойиш қилиш билан чекланмайди.
Унинг концепциясида ислом цивилизациясининг илм-фан, таълим, фалсафа, санъат, меъморчилик ва инсонпарварлик соҳаларидаги меросини комплекс равишда ўрганиш ва намойиш этиш ғояси мужассам.
Нафақат музей, балки интеллектуал платформа
Марказни анъанавий музей тушунчаси доирасидагина баҳолаш унинг концепциясини тўлиқ ифодаламайди. Замонавий музей фақат экспонат сақлайдиган жой эмас. У тадқиқот, таълим, рақамлаштириш ва халқаро илмий мулоқот марказига айланиши мумкин. Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази концепциясида ҳам ана шу ёндашув муҳим ўрин тутади.
Қадимий қўлёзма — шунчаки тарихий буюм эмас. У тил, тарих, матншунослик, кодикология, санъат, материалшунослик ва рақамли технологиялар нуқтаи назаридан тадқиқ қилиниши мумкин бўлган мураккаб манба. Археологик меросни ўрганишда эса геоинформацион тизимлар, рақамли моделлаштириш, 3D технологиялар ва бошқа замонавий усуллардан фойдаланиш имкониятлари кенгаймоқда. Шундай қилиб, маданий меросни ўрганишнинг ўзи фанлараро жараёнга айланмоқда.
Ўтмишни сунъий интеллект билан боғлаш
Технологиялар маданий меросни ўрганиш усулларини ҳам ўзгартирмоқда.
Қўлёзмаларни юқори сифатда рақамлаштириш, матнларни электрон базаларга киритиш, сунъий интеллект ёрдамида матнларни таҳлил қилиш, 3D моделлар яратиш ва виртуал муҳитларда тарихий объектларни қайта тиклаш имкониятлари илмий тадқиқотлар учун янги йўналишларни очмоқда.
Бу ерда муҳим нуқта бор. Технология тарихнинг ўрнини босмайди — у тарихни янги авлод учун тушунарли ва тадқиқот учун янада очиқ қилади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг концепцияси ҳам ўтмишдаги илмий меросни замонавий технологиялар билан боғлашга қаратилган.
Бу ёндашув тарихий билимни архив ва китоблар доирасидан чиқариб, халқаро тадқиқотчилар, талабалар ва кенг жамоатчилик учун очиқ интеллектуал ресурсга айлантириш имконини беради.
«Маърифат билан жаҳолатга қарши»
Ислом цивилизациясининг илмий меросини ўрганишнинг яна бир аҳамияти бор.
Глобал ахборот маконида дин, тарих ва маданият ҳақида турли хил, баъзан бир-бирига зид тасаввурлар юзага келганда тарихий меросни илмий асосда тушунтириш нафақат маданий, балки маърифий аҳамиятга ҳам эга.
Ислом цивилизацияси тарихини фақат диний маросимлар ёки сиёсий воқеалар орқали эмас, балки математика, тиббиёт, астрономия, фалсафа, география, меъморчилик ва бошқа соҳалардаги ютуқлар билан бирга ўрганиш унинг мураккаб ва кўп қиррали табиатини яхшироқ англаш имконини беради.
Шу маънода маърифат тарихий билимни замонавий ахборот муҳитидаги нотўғри талқинларга қарши муҳим воситага айлантириши мумкин.
Ўзбекистоннинг янги халқаро илмий платформаси
Ислом цивилизацияси бир мамлакат ёки бир халқнинг мероси эмас. У Марказий Осиё, Яқин Шарқ, Шимолий Африка, Жанубий Осиё ва бошқа ҳудудларни қамраб олган кенг тарихий ва интеллектуал маконни ифодалайди. Шу сабабли бу меросни ўрганиш ҳам халқаро ҳамкорликни талаб қилади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази олдидаги муҳим вазифалардан бири ҳам турли мамлакатларнинг олимлари, университетлари, музейлари ва илмий-тадқиқот марказлари ўртасида мулоқотни кучайтиришдан иборат.
Бу Ўзбекистоннинг ўз тарихий меросини дунёга танитиш билан бирга, мамлакатни глобал гуманитар тадқиқотларнинг фаол иштирокчиси сифатида намоён этишига хизмат қилиши мумкин.
Учинчи Ренессанснинг асосий кучи
Учинчи Ренессанс ҳақида гап кетганда, масала фақат янги бинолар қуриш ёки янги муассасалар ташкил этишдан иборат эмас. Асосий савол бошқа: Ўзбекистон ўзининг бой илмий меросини замонавий билим ва инновацияларга қандай айлантира олади? Бу саволнинг жавоби илм-фан, таълим, технология, маданият ва инсон капиталининг бир нуқтада бирлашишини талаб қилади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг аҳамияти ҳам шу нуқтада намоён бўлади. У тарихий меросни сақлаш билан бирга, уни тадқиқ қилиш, рақамлаштириш, халқаро илмий мулоқотга олиб чиқиш ва янги авлодга етказиш учун платформага айланиши кўзда тутилмоқда.
Шу маънода Марказни ўтмишга бағишланган иншоот эмас, келажакка йўналтирилган интеллектуал инвестиция сифатида баҳолаш мумкин.
Чунки цивилизациянинг ҳақиқий қиймати фақат унинг ўтмишда яратган мероси билан эмас, балки бу мерос янги авлод учун қандай янги билим ва ғояларга айланиши билан ҳам ўлчанади.
Хоразмийнинг ҳисоблаш усулларидан бугунги алгоритмларгача, Берунийнинг комплекс тадқиқотларидан замонавий фанлараро лойиҳаларгача, Улуғбек расадхонасидан рақамли астрономиягача бўлган йўл бир ҳақиқатни кўрсатади: илм тараққиёти чегаралар эмас, мулоқот ва ҳамкорлик орқали тезлашади.
Эҳтимол, Учинчи Ренессанснинг энг муҳим вазифаси ҳам ана шунда — аждодлар яратган билимларни шунчаки эслаш эмас, балки улардан янги билимлар яратиш учун фойдаланиш. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази эса ана шу ғоя атрофида шаклланаётган янги интеллектуал муҳитнинг муҳим платформаларидан биридир.
Муаллиф: Абулфайз Сайидасқаров, iccu.uz
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати